четверг, 9 апреля 2015 г.

Olmalar

Олмалар.


Абдулла турмуш ўртоғи Нодирага қўнғироқ қилиб, тезда тараддудланиб, ташқарига чиқиб туришни тайинлади. Нодиранинг “Қаёққа кетамиз?” деган саволи бўғзида қолди. Шошилганча йўлда тушинтиришини айтиб, гўшакни илди.
Абдулла кўп куттирмади. Нодира машинанинг орқа ўриндиғига ўтирар экан, ўриндиқда турган иккита елим халта тўла турфа мева-чева ва бошқа бозорликларни кўриб ҳайрон бўлди.
- Дадаси, тинчликми? Бунча харажатлар билан қаёққа кетяпмиз?
- Тинчлик хотин, тинчлик. Онамнинг озроқ мазалари қочибди. Кеча кечки пайт касалхонага олиб боришибди, укам телефон қилганди.
- Аҳволлари яхши эканми ишқилиб?
- Ҳа яхши дейишяптику.

*****

Абдулланинг онаси мана саккиз йилдирки жигар хасталиги билан оғрийди. Даволатмаган, кўрсатмаган докторлари қолмади. Икки ўғил ва бир қизи тинмай онасининг атрофида парвона. Фарзандлари онаси учун бор будини сарфлашгада тайёр.
Эр-хотин шифохона йўлагидан шошилганча юриб борар экан, энг аввал Абдулланинг синглиси дуч келишди. Синглиси бечора тинмай кўз ёш қилаверганидан кўзлари қизариб кетган, гапирганида ҳоли йўқ эди.
- Тинчликми Саида, нега бунча йиғлайсан-а?
- Онамиз яна бетоб бўлибдиларда ахир, ака.
- Ўзлари яхши эканларми?
- Ҳа, ҳозир анча яхши.
- Унда нега йиғлайсан?
- Ҳа энди, юрагим сиқиляптида. Онажонимсиз бу ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайман-да.
- Ҳар хил беъмани гапларни қўсангчи. Биз бор эканмиз, онамизнинг касал бўлишига йўл қўймаймиз. Ўзи қайси палатада ётибдилар?
- Ўн тўртинчи палатада, чапдан тўртинчи эшик.
- Ҳа яхши.
Абдулла бир икки юмшоқ гаплар билан синглисининг кўнглини овутган киши бўлди-ю, ўзи ҳам ичидан узилди. Юраги қаттиқ сиқилди. "Ишқилиб онамга ҳеч нима қилмасинда ё Парвардигор" дея ўзича дуо қилдида,  синглиси кўрсатган палата томон юриб кетди.
- Ассалому алайкум онажон.
- Вой, келинглар болажонларим - онаси ўрнидан туриб уларга пешво чиқмоқчи бўлди.
- Ўзингизни уринтирмангизчи онажон. Бемалол ётаверинг. – Абдулла ўзи энгашиб кўришди.
Икки кишилик палатада онаси билан бирга унга тенгдош яна бир онахон ётарди. Келганларни кўриб у ҳам ўрнидан қўзғалмоқ бўлди. Онахоннинг турмоқчи бўлаётганини пайқаган Абдулла тараддудланиб қолди.
- Ассалому алайкум хола. Хижолат бўлиб, туриб ўтирманг. Биз бирровга.
Ўтириб дуо қилишди, соғлик-саломатлик тиланди. Бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўралди.
- Укам кўринмайдими онажон? – Абдулла аста сўради.
- Шу ерда эди. Менимча бош шифокорнинг олдига кириб кетган бўлса керак.
- Ҳа шунаками? Мен ҳам тез кирай унда, - дедида бош шифокорнинг ҳузурига ошиқди.
Ростдан ҳам укаси ўша ерда экан.
- Ассалому алайкум ўртоқ доктор, мумкинми?
- Келинг ука, кираверинг!
- Ассалому алайкум ака, келдингизми? - укаси Абдулла билан паст овозда саломлашди.
- Ҳа келдим. Нима гап доктор? Онамизнинг аҳволлари яхшими?
- Шукр, аҳволлари анча дуруст. Лекин жигарни тез-тез шифокорга кўрсатиб туриш керак. Вақтида керакли муолажалар олиб турилса, у қадар жиддий касаллик эмас бу.
- Ҳа унда яхши.
- Ҳозирча муолажа учун зарур бўлган дори-дармонлар рўйхатини укангизга ёзиб бердим. Шу дориларни ичиб, уколларни вақтида олсалар Худо хоҳласа бир ҳафтада кўрмагандай бўлиб кетадилар.
Шифокорнинг гаплари ака-укаларни хотиржам қилди. Кайфиятлари анча кўтарилган ҳолда ташқарига чиқдилар.
- Ука, қани дориларни рўйхатини менга бер-чи?
- Нима қиласиз уни? Рўйхат катта эмас, ўзим ҳозир ташқаридаги дорихонадан олиб келаман.
- Қўйсангчи, бер менга дедим.
- Доим шундай қиласиз ака. Бир сафар ўзим ҳам олиб берай ахир.
- Эҳ ука, укагинам-ей, сен мана неча йилдирки онамнинг кўнглига қарайсан. Нима ейман десалар олиб берасан. Аёлинг бўлса шириндан шакар овқатларни қилиб, атрофида гирди-капалак бўлса. Шунга яраша ҳеч йўқса дори-дармонларни мен олиб берай.
- Қизиқсизда ака, бу бизнинг вазифамизку. Нима олиб келган бўлсам, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам тенг баҳам кўрябмизку ахир. Келинг шу сафар ўзим олиб кела қолай дориларни.
- Бер дедим буёққа, - жаҳл қилиб, қошларини чимирди Абдулла. Акасининг важоҳатидан қўрқиб кетган укаси истамайгина дорилар рўйхатини узатди.

*****

Абдулла ёзилгани бўйича дориларнинг ҳаммасини олиб, яна онаси ётган палатга қайтди. Онаси билан суҳбатлашиб ўтирганда, онасининг хонадоши Ойниса хола сўз қотиб қолди.
- Оқибатхон, фарзандларингиз бирам меҳрибонки, бири қўйиб, бири кўнглингизга қарайдия, кўз тегмасин. Менинг ҳам фарзандларим шундай, жуда меҳрибон. Тез-тез касалхонага ётганим сабаб хижолат бўлиб, бу сафар атай ўзим уларга индамадим. Сизнинг ўғлингиз каби менинг ҳам катта ўғлим алоҳида яшайди. Агар у эшитиб қолса-ку ёнимга жой солдириб, ётиб олади-да, - Ойниса хола ўғилларини мақтай кетди.
- Ҳа, нимасини айтасиз, фарзандларнинг борига шукр, мингдан минг розиман булардан.
Абдулла бироз онахонларнинг суҳбатини олдида, чарчаб қолмасинлар деган ниятда, уйга қайтиши кераклигини айтиб, хайрлашмоқчи бўлди. Абдулла яна келишини айтиб, йўлакка чиқиш учун эшик дастасини ушлаган вақтда, онасининг хонадоши Ойниса хола уни тўхтатди.
- Абдуллажон болам, сиздан бир илтимос. Телефонингиз орқали катта ўғлим Жасурбекка қўнғироқ қилиб кўрсангиз. Шу кунларда негадир олма егим келяпти. Агар вақти бўлса, касалхонага ташлаб кетсин, онангиз билан бир олмахўрлик қилайлик.
- Хўп бўладида холажон, - Абдулла чўнтагини пайпаслаб, телефонини машинасида қолдиргани эслади. - Эҳ аттанг, телефоним машинада қолибди-да, рақамларини айтинг, мана шу коғозга ёзиб олай, машинага чиқиб қўнғирок қиламан, - дея киссасидан кичкина ташриф коғози ва ручка олди.
Онахоннинг айтган рақамни ёзиб, улар билан хайрлашиб ташқарига чикди. Синглиси ҳам унга эргашди. Абдулла йулда кетгунча, синглисини уришиб кетди.
- Синглим, ҳадеб унақа йиғлайверма. Кўрдинг, онамиз соппа-соғ эканлар. Шифокор билан ҳам гаплашиб чиқдик, ҳар доимгидек бир ҳафтада тузалиб, уйга қайтар эканлар. Кейин яна бир нарса, сен кўргани келаман деб ўзингни кўп уринтирма. Ўзимиз ҳабар олиб турамиз. Сен болаларинга қара. Хўжайинингга мендан салом айтиб қўй.
Абдулла синглиси билан овора бўлиб, онасининг хонадоши Ойниса холанинг илтимосини унитиб қўйди. Кечки якин, хотини эслатиб қолди.
- Дадаси, Ойниса холани ўғлига телефон қилиб қўйдингизми?
- Ҳай эсим қурсин-а. Яхши эслатдинг. Ҳозир телефон қиламан, бояги қоғозни киссамдан олиб келчи.
- Хўп, ҳозир.
Абдулла ёзилган рақам бўйича қўнғирок қилди. Бир икки чақирувдан кейин гўшакдан эркак кишининг овози келди.
- Аъло, ассалому алайкум.
- Ваалайкум ассалом, эшитаман. Ким бу?
- Узр, сиз Жасур акамисиз?
- Ҳа шундай, сиз кимсиз?
- Мен онангизнинг касалхонадаги хонадоши Оқибатхон аянинг катта ўғли Абдулла бўламан.
- Тушунмадим, яна қанақа касалхона?
- Узр, хабарингиз йўқмиди? Онангиз касалхонада эканлар. – Абдулла Жасурнинг онасининг бетоблигидан бехабар эканлигидан ҳайрон бўлди
- Хўш, нима қилибди шунга, тинчликми?
- Тинчлик, тинчлик. Хуллас онангиз бетоб бўлиб қолибдилар, жигар серрози дейишди чамамда.
- Ҳа, бунақа касалликлари борлигидан хабарим бор, нима эди?
- Йўқ, шунга, - Абдулла бироз тутилди, - ҳали онамизни кўргани борганимда, сизнинг рақамингизни бериб, “Ўғлимга айтинг, шу кунларла олма егим келяпти” дегандилар. Шуни айтмоқчи бўлиб қўнғироқ қилгандим.
- Олма? Уфф шу онамдан тинчлик йўғ-ей, энди олма егилари келиб қолибдими? - Абдулла Жасурнинг онаси ҳақида айтаётган гаплари эшитиб ўзини тутиб туролмади, асабийлашиб ўтириб қолди. – Ука, сизнинг ишингиз бўлмасин. Онам ўзи шунақалар. Ўттиз йилдан бери шу эркаликларини кўтариб келамиз.
- Ундай деманг ака...
- Онамизнинг дийдиёларини эшитавериб, пишиб кетганмиз-да. Ҳеч қиси йўқ, бир-икки кун кўрпа-тўшак қилиб ётадиларда, кейин яна ўзларига келиб қоладилар. Насиб қилса кўргани ўтарман, раҳмат сизга хабар берганингиз учун. - Жасур гапни чала қилганча гўшакни илиб қўйди.
Абдулла нафратини яшира олмади.
- Эссиз онахон. Бу ўғил тушмагур биттагина олмани эркакликка йўйдия, номард.
- Ҳа дадаси тинчликми? Авзоингиз бузиқ?
- Эй хотин, бу дунёда ҳар хил одамлар бўлар эканда. Ўз онасини оддий эхтиёжлари ҳам малол келадиган ўғилларни кўриб ичим узилади-да.
Кечаси билан Абдулланинг кўзига уйқу келмади. “Шундай номард ўғиллар ҳам бўладими ҳеч замонда, бундайларни ер кўтариб юрганига ҳайронман.”
Эртанги кун ҳам шу хаёллар билан ўтди. Тушликкача аранг чидади. Онасини кўриб келиш баҳонасида, бозорга тушиб, сара олмалардан олди. "Юмшоққина ейдида" деб ёнига икки кило мандарин ҳам қўшиб қўйди.
- Арзимаган уч-тўр сўм харажат кимни ўлдирибди. Оналар учун миллонлар сарфласак оз. Ўғли олиб бермаса, мана мен олиб бераман. Фақат қандай қилиб берсам экан, ҳа айтганча, - йўл-йўлакай ўзига-ўзи гапириб кетаётган Абдулла миясига келган ажойиб фикрдан қувониб кетди. - Жасур акамнинг бироз ишлари чиқиб қолибди, эрталаб менга қўнғироқ қилиб, мана шу нарсаларни олиб бориб беришимни илтимос қилди, бўшаши билан ўзи ҳам келар экан дейман.
Абдулла энг аввало шифокор ҳузурига кирди ва онасининг аҳволи ҳакида суриштирди. Шифокордан онасининг анча яхшилигини эшитиб кўнгли хотиржам бўлди. Шифокор ҳузуридан чиқиб онасининг хонаси томон юрди.
- Ассалому алайкум онажон, - дедида ёнидаги кроват бўшлигидан ҳайрон бўлди.
- Ваалайкум ассалом. Келдингми болам, келақол, ўтир.
- Онажон Ойниса хола қанилар?
- Бугун тонгда у кишига жавоб беришди. Уйидагилари келиб, олиб кетишди.
- Ҳа унда яхши. Тузалиблар-да демак?
- Билмасам, очиғи дабдурустдан жавоб беришганига ўзим ҳам тушунмай қолдим.
- Яхши бўлиб қолгандирларда, - Абдулла, кечаги ўғлининг гапларини онасига айтгиси ҳам келмади.
Она-бола ярим соатча суҳбатлашиб ўтирдилар. Абдулла энди кетиши, ишига бориши кераклигини айтиб, онаси билан хайрлашди.

*****

Онасининг тузалиб бораётганини билиб, кайфияти анча кўтарилган бўлсада, негадир кўнгил ғашлиги кетмади. Шифохона остонасида бир зум туриб қолди. “Ойниса хола тузалиб қолдимикан? Жуда олма егиси келганди бечорани, кечаги ўғлининг гапидан кейин, уйга борганда ҳам сўраган нарсаларини олиб беришига кўзим етмайди. Ўзим олиб борсаммикан, баҳонада соғлиқларидан ҳам хабар олиб келаман” - деди ўзига ўзи Абдулла.
Соатига каради. Учдан ўтиб қолибди. Кун ҳам кеч бўлиш арафасида. Ишхонасига қўнғирок қилиб, бугун бора олмаслигини айтиб, касалхона ҳамширасидан Ойниса холанинг манзилини олдида, ўша ёққа жўнади.
Ойниса хола яшайдиган уўча жуда тор бўлганлиги боис, қўшни маҳаллага машинасини қўйиб, у ёғига пиёда боришни лозим топди.
Абдуллақилаётган ишининг қанчалик катта савоблигини ўйлаб, кунгли тўлиб, икки қўлидаги елим халталарда мева-чевалар билан маҳаллада пиёда кетиб борар эди. Ойниса холанинг кўчасига бурилар экан, ғалати холатни гувохи бўлиб, тўхтаб қолди.
Айнан кўрсатилган манзилдаги хонадон ташқарисида тумонат одам йиғилган, ҳаммаси қора тўн кийиб олган эди. Абдулланинг этлари сесканиб кетди. Улар томон якинлашиб борар экан, қулоғига чалинган эркак кишининг мунгли додлашидан ичини кемираётган шубҳалар чин бўлиб чиққанини англади.
“Онажонимдан айрилиб қолдим, эҳ онажоним-а… Битта олманинг тенгини қилмаган мен ўғлингизни кечиринг, мен нотовонни кечиринг, онам-а...”
Йиғи овози бутун маҳаллани эгаллаган эди.

Абдулланинг қўлидаги елим халталар тушиб кетди. Халталардаги олмалар кимгадир  ризқ бўла олмаганидан афсус чекаётгандай ҳар томон думалаб кетдилар...

Икбол ЮСУФ
01.03.2014 й

Комментариев нет:

Отправить комментарий