воскресенье, 26 апреля 2015 г.

"Муллажиринг" хақидаги мулохазаларим.

Блоггерлар танловида қўйилган “Муллажиринг” блогига билдирмоқчи бўлган комментим анчагина узун бўлиб кетганлиги учун ва бу узундан узоқ мулохазаларим билан айрим муштарийларни дилини ранжитиб қўймай деган мақсадда ўз блогимга жойлаб қўя қолдим.
Қуйидаги блогни ўқишдан аввал ушбу линк орқали “Муллажиринг” номли блогда қандай муаммо кўтарилганини билиб олишингиз мумкин: http://niyozov.blogspot.com/2015/04/blog-post_24.html
Аввало огохлантираман қуйида ёзганларимни, расмий маълумот тариқасида деб тушинилмасин! Булар шунчаки хаётий қарашларим холос.
   ****
Бир муддат божхона органларида ишлаганим ва хозирда савдо фаолияти билан шуғилланаётганим сабаб, айрим тажрибаларимга таяниб, блогни тўлдиришга харакат қилиб кўраман:
Яъни, "Нима учун бундай тафовут бўляпти? Унга барҳам бериш учун нима қилиш керак?" деган саволларга ўз ақлий доирамда маълумот бериб ўтаман.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг йиллик айланма маблағларини доимий равишда назорат қилиб туришлик учун давлат томонидан ўтган йилларда нақд пулсиз хисоб китобларни амалга оширишга катта урғу берилди. Пластик карталар фаолияти ҳам шулар жумласидандир. Бу хақида асосий блогда ҳам, мендан аълороқ қилиб айтиб ўтилган.
Пластик карталардан фойдаланиш ахоли учун бирмунча қийинчилик туғдираётган бўлсада, лекин давлатимиз манфаати учун ижобий натижалар кўрсатмоқда. Ўртадаги тафовут эса вақтинчалик, хозирда иқтисодиётимиз ривожланиш босқичида, буни
ҳаммамиз яхши биламиз, тез фурсатда бу тафовутлар ўз ўрнига келишга ҳам ишонамиз.
Шахсан мен ишонаман!

-          Хар бир чиқарилаётган қонун қоидалар ахоли манфаати учун хизмат қилиш керак эмасми, нима учун давлат манфаатдор бўлиши керак? - деган савол туғилиб қолиши мумкин.
Қилинаётган ишларнинг барчаси ахоли турмуш даражасини ошириш учун хизмат қилинмоқда.
Солиқлар ва давлат даромади натижасида шаклланган маълум маблағ эса, аниқ бир меъёрга асосланиб, бюджет ташкилотлар (боғча, мактаб, коллеж, ўқув юртлар, шифохона)га ва уларнинг қурилишларига, нафақахўрларга, шахар инфратузилмасини янгилашга ва яна кўплаб ахоли учун бепул хизмат кўрсатадиган жойларга сарфланади.
Содда қилиб айтганда, ўзимиздан олиб ўзимизга қайтарилади. Яъни, мендан олинган маблағ, онамга нафақа қилиб, ўқитувчи аёлимга маош сифатида қайтарилади.
Булар умимий тушинчалар эди.

Энди нақд пул билан нақд пулсиз хисоб китоб масаласига тўхталиб ўтсам. Буни ҳам жуда содда ва қулай бўлган, ўзим билган усулда тушинтириб ўтаман.

Савдо фаолитиятимдаги орттирган кичик тажрабамга таянган холда:
Мебел ишлаб чиқариш ва уни сотиш фаолияти билан шуғилланаман. Ўзим ишлаб чиқарган мебеллар билан бир қаторда бошқа ишлаб чиқарувчиларни маҳсулотларини ҳам шахардаги дўконлардан бирида сотаман. Хисоб рақам очиб фаолият юритадиган банким, менга маълум миқдорда хар ой истиқбол режа белгилаб беради. Масалан бир ойда  10 млн. Анашу белгилаб берилган миқдордаги сумманни банкка бир ой давомида топшириб боришим керак. Бу менинг бир ойлик айланма маблағимга асос бўлади. Ўша айланма маблағдан эса, хар ойда бешта хисоб рақамга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошираман. Солиқ турларини санаб ўтмайман.
Ўша маблағни қанча кам кўрсатсам, шунча солиқ кам ундирилади, қанча кўп бўлса шунча кўп солиқ ундирилади.
Ҳамма ҳам кўпроқ даромад олишни ўйлайди, кўпроқ даромад олиш учун имкон борича солиқлардан қочишга уринилади, бунинг жиноятлигини билиб турса ҳам. Нафс, виждондан жуда кўп холларда устун келади-да.
Бу холат имкон борича савдо пулини яшириш билан амалга оширилади.
Савдо пулини яширишнинг энг қулай усули нақд пул. Шунинг учун ҳам пластик карталар жорий қилинган. Харидор пластик карта билан савдо қилишлигини сотувчига билдирса, у имконсиз қолади, савдо терминалига уради ва натижада айланма маблағ сўзсиз хисоб рақамларда кўриниб қолади.
Нақд пулда эса, назорат касса аппаратига урмасдан, уни яшириш имкони мавжуд бўлади. Шунинг учун, тинимсиз равишда оммавий ахборот воситаларида таъкидланадики, “хар қандай савдо турини амалга ошираётганингизда, унинг чекини талаб қилинг!” деб. Сотувчи чек чиқариб қўлингизга тутқаздими, демак у маблағ айланма маблағга айланади. Махсус қопчага солиниб банкка равона бўлади. Яширишнинг имкони бўлмай қолади.
Харидор чек талаб қилмадими, уни бемалол бир четга олиб қўйса бўлади. 10 млн.лик айланма маблағни эса, имкон борича пластик карта билан таъминлайди.
Банкка нақд пул топширилмагандан кейин, улар қаердан нақд пул топиб берсин клентларига?

Божхоначи бўлган вақтимдаги билимимга таянган холда:

Савдо фаолияти билан шуғилланаётган жисмоний ва юридик шахсларга нақд пул нима учун керак?
Шуни биламизки,  асосий маблағ (даромаднинг, нафақанинг, маошнинг 70 фоиз)и харид учун сарфланади.

Вазирлар Маҳкамаси  “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида” 2002 йил 6 майда қарор қабул қилган.
Ҳа сизу-биз билган, омма орасида “54 товар” номи билан ўта машхур бўлиб кетган мазкур қарор чиқиши билан, ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, чет элда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликларни Ўзбекистон худудига олиб кириш қаттиқ назорат остига олинди. Навбатдаги яна бир қарор билан учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликлари қўшни давлатдан импорт қилинса жуда катта миқдорда божхона тўловлари амалга ошириш белгилаб қўйилди. (50 доллорлик қийматдан юқорисига албатта).
Соддароқ тушинтирадиган бўлсам, Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулот қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қўшни давлатлардан 50 доллорлик имтиёздан ошиғини олиб кириш қийматига икки баробар миқдорда тўлов ундирилиши талаб қилинди. Давлатимизнинг бу қарорларни чиқаришидан бирдан-бир мақсади, ички ишлаб чиқарувчини иқтисодий томондан химоя қилиш асносида тузилган дастлабки қадамлари бўлган. Ички ишлаб чиқарувчиларнинг қўллаб қувватлашдан мақсад эса, бошқа давлатларга иқтисодий қарам бўлиб қолишдан химоя қилиш бўлган.
Йиллар ўтиб, бу қарорлар ўз мевасини бера бошлади. Хозирги кунда бозорларимизда харид қилаётган маҳсулотларимизнинг деярли ярми ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Айрим товарлар эса, чет эл товаларлари билан бемалол рақобатлаша олади ҳам.
Масалан ўзимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, мебел, қурилиш материаллари, айрим трикотаж маҳсулотлари шулар жумласидандир.
Лекин, айрим қонунбузарлар, ўз нафсини ўйлайдиган нопок шахсар томонидан, кучли назорат ўрнатилишига қарамасдан, давлат божхона чегарасини ноқонуний равишда бузиб, турли хил яширин йўллар билан бозоримизни учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар бойликлари билан таъминлаб келаётганлиги ачинарли холатдир. Хар холда бу каби қонунбузилишлар аввалги йилларга нисбатан хозирги кунда давлат органларининг саъйи харакатлари билан борган сари камайиб бормоқда.
Энди яна асосий масалага ўтсак:
Нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китоб ўртасидаги тафовут масаласига.
Битта маҳсулотни мисол қилиб олсак, масалан эркаклар пойафзали.
Мен шу пойафзални сотиш билан шуғилланмоқчиман. Бозорга бораман, қонуний йўл билан давлатимиз худудига кирган, барча хужжатлари жойида, декларацияси бор, тўловлар тўланиб, давлат томонидан Ўзбекистон худудига сотишга руҳсат этилган пойафзал турибди. Нархи 100000 атрофида, нарироқда яширин равишда худди ўша пойафзални ноқонуний  йўл билан олиб ўтилгани турибди, унинг нархи бирмунча арзон. Нафсим устун келади, 100000 га олган туфлини 120000 сотишим мумкин, ундан 20000 даромад оламан, унисини эса 70000 га оламан ва уни 120000 сотаман, даромадим 50000. Мен ноқонуний олиб ўтилганини танлайман.
Хўп мен ундай йўл тутмадим дейлик, “йўқ мен қонуний ишлайман, менга ноқонуний йўл билан ўтгани эмас, қонунийси керак”, деб 100000 лигини олиб келдим дейлик, лекин мени шеригимчи, у ҳам шундай қилармикан? Йўқ қилмайди. Мени инқирозга йўл тутишим учун у 90000 сотади. Нима қилибди, шундоғам 20000 даромад кўряпти-ку! Мен инқирозга учрасам, мени харидорларим ҳам ундан оладиган бўлади. Бу холат мени қониқтирмайди, рақобатчимни қилаёттганини қилишим керак, акс холда инқирозга учрашим турган гап.
- Нақд пул билан нақд пулсиз хисоб китобнинг бу ишларга нима алоқаси бор? -деб савол берарсиз балки...
Шуни билингки, ноқонуний йўл билан олиб ўтилган товарлар фақат нақд пул савдоси билан амалга оширилади. Уларда на хисоб рақам бор ва на назорат касса машинаси.
Ана шунинг учун, дўкондаги сотувчи нақд пулни кирим қилмай, уни яширишга уринади.
Худди шу мисолни улгуржи савдо билан шуғилланаётган йирик тадбиркорлар мисолида ҳам келтирса бўлади. Бир марта декларация қилиб, ўша декларация билан ўн марта ноқонуний импортни амалга ошириб олади.
Шунинг учун ҳам нақд пул зарур. Зарур нарса ҳамиша ноёб саналади.

Шуни билингки, истеъмолчиларни импорт товарларга ва шунинг билан бирга давлатимизда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг бутловчи хом ашёлари чет элдан келтирилаверса, уларга талаб бўлаверса, нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китобда тафовут бўлаверади.
Савдогарларнинг юз фоизи қонуний йўл билан ишлашга ўтсагина, нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китоб ўртасидаги тафовут йўқолади. Унинг учун яна озгина вақт керак.
Тадбиркорларнинг юз фоиз қонуний ишлаши учун, харид қилинаётган товар маҳсулотлари тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқаришга эришиш керак.
Ёки бўлмаса, четдан импорт қилиб кириладиган товарларга нисбатан тўловларни енгиллатиш керак. Буниси мантиққа тўғри келмайди. Божхона тўловларини оширилиши, аввал айтганимдек, ички ишлаб ичқарувчини химоя қилиш билан узвий боғланган. Айни дамда пластик ва нақд пул ўртасидаги тафовутдан кўра, ички ишлаб чиқарувчиларимизни ривожланиши муҳимроқ. 30 млн.лик Ўзбекистон ахлолисини фаровон турмуш тарзини шакллантириш учун, уларга етарлича иш ўринлари яратиб бериш зарур бўлади. Иш ўринларини яратиш эса, юртимиздаги тадбиркорларга кенгроқ имконият яратиб бериш билан амалга оширилади.

P/S: Қайсидир сотувчи сизга нақд пулга тушириб бераман деб айтса, агар сиз нақд пулга олмоқчи бўлсангиз, унда ўша сотувчидан харидингиз рўйхати туширилган чекни талаб қилинг! 

Комментариев нет:

Отправить комментарий