Ҳаётни оқ қоғоз шаклида
тасвирладим. Яшаш тарзимни эса ўзимга ёққан ранг, яъни ям-яшил ранг билан
белгилаб, ўша оқ қоғозни яшил ранг билан бир текисда бўяб чиқдим. Бу менинг
яшаш тарзимнинг ранглардаги акси эди.
Тайёр бўлган суратни уйимнинг
тўрига илиб қўйдим. Ушбу портрет бир хил рангда, ям-яшил бўлиб жилоланса-да,
ортиқча қийинчиликларсиз, шунчаки бўяш орқали чизилганлиги ҳамда бир тусдагина
бўлганлиги сабаб, бошқа портретлардан кўра зерикарлироқ бўлиб кўринарди. Унга
бошқача рангларда жило бера олмадим. Чунки , бу суратда менинг ўша кунлардаги
яшаш тарзимнинг яққол тасвири номоён этилган эди-да.
Иш, уй, оила, яна иш, яна уй, яна
ўша оила, ўша фарзандлар, ўша ёстиқдош ... Хар куни бир хил холат, ўзгариш йўқ.
Бир маромда ўтаётган кунларимнинг
портретдаги чизигиси эди бу сурат.
Деворда осиғлиқ хаёт портретимга
тикилиб турар эканман, бир икки ўзим билган танишларимнинг яшаш тарзи
тасвирланган шахсий портрети қандай кўринишда бўлишини тасаввур қилиб кўрдим.
Яшил ранг устида бошқа ранглар уйғунлашганини ва бу бошқа ранглар уларнинг хаёт
портретларига ўзгача руҳ олиб кирганини кўрдим.
Менда ҳам ўз портретимга бошқа
рангларни қўшимча қилиш ва зерикарли портретни қизиқарлироқ, жозибалироқ
кўринишга олиб келиш истаги пайдо бўлди. Шу билан бирга, ўз хаётимга ҳам
ўзгартириш киритиш хақида ўйлаб қолдим.
Кўчага чиқдим. Айрим ўртоқларим
таърифлаганидек, бегона аёлларга тузоқ қўйдим. Бир зумда натижа берди. Бегона
хушсурат аёл билан танишдим. Мана нихоят, "кўплар қатори" мен ҳам
хиёнат қилдим.
Уйга қайтгач, қилган ишимдан
мамнун қиёфада, қўлимга мўйқалам олиб, хаёт тарзим тасвирланган портретимнинг
бир бурчагига қизил ранг билан бир дона гулнинг чизиб, қайтиб жойига илиб
қўйдим. Портретим жонланди, қизиқарлироқ, кўримлироқ, жозибалироқ кўрина
бошлади. Бу холатдан завқ ола бошладим. Хурсанд бўлдим , кўнглим ёришди.
"Шундай қилсам бўлар экан-ку!" дея, ўйлаб қолдим. "Нега аввалроқ
бу хақида ўйлаб кўрмаган эканман?" дея, ажабланиб ҳам қўйдим.
Кунлар аввалгиларидан
қизиқарлироқ, маънилироқ ўта бошлади. Дунёда хушсурат-у, хушқилиқ аёллар кўп
эканлигига амин бўлдим. Гўзаллар билан қанчалик кўп танишганим сари,
портретимда ҳам хар турдаги гуллар тасвири кўпайиб борарди. У аввалгидан кўра
анча мазмунли, чиройли ва кўрган одамнинг хавасини келтирадиган кўринишга келди
. Портретим сингари ўз яшаш тарзим ҳам ўзгара бошлади, хаётга бошқача назар
билан қарайдиган бўлиб қолдим, бу холатдан эса мамнун эдим. Хаёлимда ўтаётган
кунларим мазмунли бўлаётгандек кўринаётганди ...
Портретимда гуллар сони ортгани
сари, остидаги хақиқий тасвир, бир зайлда яшаган давримдаги хаётим портрети,
оилам, рўзғорим, яшаш тарзим рамзи бўлган яшил ранг, гуллар остида қолиб,
йўқола бошлаган эди. Бунга аҳамият ҳам бермадим. Бора-бора портретимга гул
чизиш учун бўш жой қолмади. Бу вақтга келиб, ҳаётим портрети бўлмиш девордаги
суратда яшил рангдан ном-нишон қолмаган эди. Сурат турли туман, сариқ, бинафша,
қизил, оқ, пушти гуллар билан тўлиб бўлган.
Орадан йиллар ўтиб, портретимдаги
гуллар мени зериктира бошлади. Бир куни яшил рангдан бошқа ранг бўлмаган
суратни, хаётимнинг асл портретини соғина бошладим.
Турфа ранглардаги гулларни
ўчириб, портретни яна ўзим хоҳлаган, ўзим севган яшил рангим билан бўяб
чиқмоқчи бўлдим. Гуллар устидан яшил ранг суртдим. Аммо яшил ранг портретдаги
турли-туман ранглар билан қоришиб, ғалати, тушиниб бўлмайдиган беўхшов ранг
ҳосил қилди. Бунақанги рангга термулиб, кўнглим бадтар ғаш бўлди.
Мен ўзимнинг яшил рангимни кўргим
келган, айнан ўшани соғинган эдим-да.
Портретдаги ҳамма тасвирларни,
ўзим чаплаган барча бўёқларни бутунлай ўчириб, уларнинг остида қолиб кетган
дастлабки яшил рангимни қидириб топмоқчи бўлдим. Қўлимга ўчирғич олиб,
портретдаги рангларни бирин кетин ўчира бошладим. Аввал устидан ўзим охирги
маротаба суртган беўхшов яшил ранг ўчди. Кейин турфа хил ранглардаги гуллар ўча
бошлади ...
Ниҳоят, ҳаётим портретига йиллар
давомида тушган турфа рангдаги жамики гуллар ўчиб, уларнинг остидан мен
қўмсаган яшил ранг кўрина бошлаганда ... Портрет тасвирланган оқ қоғоз емирилиб,
адо-и тамом бўлди. Аввал бир-икки ерида тешик ҳосил бўлиб, охирида бу
хилвираган қоғоз бутунлай титилиб кетди ...
Ҳеч ким, хатто ўзим ҳам
қараганимда ҳеч қандай завқ уйғотмайдиган, аксинча, дилимда нохушлик
уйғотадиган яроқсиз ҳолга келган портретни оловга ташладим.
Бир умр чизган суратим икки-уч
сонияда ёниб, кулга айланди. Хаёт аталмиш портретимдан ном-нишон ҳам қолмади
...
******
Ҳамма нарсанинг ёрқин томонини
кўришга ҳаракат
қил!
Комментариев нет:
Отправить комментарий