Халқимизнинг “Бахил бўлма, бўл
ахил”, “Бахилнинг боғи кўкармас” деган нақлини эшитмаган одамнинг ўзи бўлмаса
керак. Машойихларимиз билиб гапирган экан-да. Бугунги воқеа сабаб бу сўзларнинг
қанчалар ҳақиқатга яқинлигига яна бир бор иқрор бўлдим.
Бир қўшним бор. Айнан ўша
мақолларда айтилганидай ўта бахил инсон. Ундай инсон билан қўшни бўлишни
душманимга ҳам раво кўрмайман очиғи. Маҳаллада эркаклар шахмат ўйнаб ўтиришган
бўлса ҳам, уларга қўшилай демайди. Атай нарироққа бориб олади-да, бир нарсалар
ғўлдир-ғўрдир қилиб, жавраниб ўтиради.
Куни кеча уйга келаётсам, сизга
таниш бўлишга улгурган ўша машхур киши доимий жойида, ўтган-кетганларга гап
сотиб турган экан. Саломлашиб қўяй дея машинадан тушиб, ёнига бордим. Тузукроқ
сўрашмасимиздан ичи гапга тўлиб турган эканми, одатий дийдойисини бошлаб қолди:
- Келяпсанми укам? Нима бало,
отангни юртидан қувилганмисан дейман? Бундай келай ҳам демайсан.
- Ҳа акам. Кўрмайсизми? Шунақа
бўлиб қолдида.
Бунақа гапларга кўникиб кетганим
учунми, ортиқча эьтибор қилмадим. Ҳазилга йўйиб, бош ирғиб қўя қолдим. Сухбат
билан бўлиб, кўзим биздан сал нарироқда турадиган қўшнимизга тушиб қолди.
Яқинда мактабни тамомлаган Бегзоджон акасининг машинасини кўчага олиб чиқиб,
катта иштиёқ билан юваётган экан. Афсуски, менгина эмас, ўша “довруғи достон”
қўшнимиз ҳам уни пайқашга улгурган экан. Доимий аччиқ-аччиқ гапларини айтишга
янги қурбон топила қолганига қувониб, беўхшов илжайди.
- Ҳа Бегзод, акангни машинасини
ювяпсанми? Ювмасанг машинасига чикармай қўядида-а? Яша! Яхшилаб, тоза қилиб
ювгин.
Қўшнимнинг гапи Бегзодга ёқмагани
кўриниб турибди. Бир чиройли машина юваетган бола, қовоғини уйганча, ҳеч нима
демасдан, шоша-пиша, чала-чулпа юва кетди.
Сал ўтмай, нариги маҳаллада
яшайдиган Озод ака келиб қолди. У киши маҳалладаги тўй-маросимларга одам
чақирадиган "жарчи"миз. Хизматига арзимаган ўн-ўн беш минг сўм ҳак
олади холос. Маҳалламиз бошида турадиган бир ёши катта отахон олти кун олдин
оламдан ўтган эди. Озод ака уларнинг яқинларидан марҳум отахоннинг худойилари қачон
экан, одамларни қачонга чақирай дея маслахат олгани кетаётган экан. Озод ака
қўшнимга навбатдаги қурбон бўлмаса-да дея ичим ғалати бўлиб турганди. Афсуски
тахминим тўғри чиқиб, қурмағур тилга кириб кетса бўладими?
- Ҳа Озод. Шошилиб юришингдан яна
"лева" чиқиб қолдими дейман? Оёғи куйган товуқдай питтиллаб қолибсан.
– яна ўша беўхшов илжайиш.
- Йўғе ака. Наримон отаникига
қачонга одам айтишни сўраб, маслахат олгани кетаётгандим. Қизиқсиз-а? Пул учун
қилармидим бу ишларни?
- Ўзингни билмаганга олма ука.
Содда муғомбирлигингни ҳаммамиз биламизку. Арзимаган пул учун ҳеч нарсадан тап
тортмайсан сен.
- Агар мен пул учун кетаётган
бўлсам, унда сиз қилинг шу ишни ака. Менга керакмас. - Озод ака жахл билан
ортига бурилиб, оқсоқлана-оқсоқлана уйи томон кета бошлади.
Қўшним ҳозиргина қилган ишларидан
ғурурланиб, “кўриб қўй дегандай” менга илжаяди. Қўли билан пешонасидаги терни
айтган киши бўлдида, ҳалигача олдида турганим ёдига тушиб қолди шекилли,
эринибгина сўз бошлади:
- Ҳа, укам Иқболжоней. Эркак
дегани шунақа бўлиши керак-да. – кўзини қисиб, юзига тушаётган қуёшга норози
қараб олади. – Эркак ўз номи билан – эркак. Кўчада ҳам, уйда ҳам гапини ўтказа
оладиган, бир сўзли бўлмоғи керак...
Қўшним гапини тугата олмади. Сал
нарида, ҳовлидан бошини чиқариб, бир нарсалар дея қичқираётган кичик ўғлининг
овози хаёлни бўлди.
- Дада тезда уйга кирар экансиз,
ойим чақиряпти.
- Оббо, менда нима иши бор экан?
- Кечаги ювган кирларингизни
дордан олиб, эртага мактабга киядиган қилиб,
дазмоллаб қўяр экансиз. Ойим бугун ҳам дугоналариникига, келин йўқлагани
кетарканлар...
Қараб турсам қўшним негадир
қизариб кетди. Бирор кор-ҳол бўлдими дея қўрқиб ҳам кетдим. Шошганимдан “Сизга
нима бўлди” дея сўрашга улгурмадим ҳам. Ҳозиргина “донолик” қилаётган киши
бирданига писиб қолдида, “ўчир овозингни, зумраша” дея уйи томон югуриб кетди.
Қотиб-қотиб кулдим. Сал нарироқда
ҳалигача машина ювиш баробарида, бизнинг суҳбатимизга гувоҳ бўлиб турган Бегзод
ҳам кулгимга жўр бўлди.
Иқбол ЮСУФ
20.05.2014й
Комментариев нет:
Отправить комментарий