четверг, 9 апреля 2015 г.

Севги

Ялпизой ҳамда Янтоқвойнинг муҳаббатлари хақида.   

Кимсасиз чўли биёбонда, иссиқдан жавдираб, сувсизликдан бехол бўлиб, ўсишдан ҳам тўхтаб қолган янтоқвойнинг бир куни қуриб, чақир тиконга айланиб кетган шохларига бахт куши қаердандир учиб келиб кўнибди.
Буни курган янтоқвой, ўзида йуқ хурсанд бўлиб, тиконларини силкиллатиб, қушга караб,
- Эй бахт қуши қани менга айтчи, қачон мен ҳам бошка ўт-ўланлар каби боғу-роғларда кўкараман? Қачон мен ҳам тиконсиз, юмшоққина, ям-яшил баргларга бурканаман?
- Сен шундай қилишимни хохлайсанми, - дебди бахт қуши.
- Ҳа албатта хохлайман, сенинг кулингдан келадими?-  сўрабди янтоқвой.
- Албатта келади, сабр қил ўзинг айтган кунлар ҳам келади, -деб учиб кетибди.
****
       Орадан кўп вақт ўтмабди. Бахтига ўша сахродан инсонлар ўзлари учун уйлар қура бошлабди. Уйлар қуриб битгазилгач, узоқдан катта ариқ қазиб келибди. Сахрони боғ роғларга айлантира бошлабди. Ариқлардан тўлиб тошиб зилол сувлар оқиб келибди. Ариқ четларидан эса, ялпизу райхонлар ўсиб чиқа бошлабди. Табийки, янтоқвойнинг ҳам ёнгинасидан бир туп ялпизой ўсиб чиқибди. Янтоқвой у ўсимликни кўриб, хайрон қолибди. Дунёда шундай чиройли ва хушбўй ўсимлик борлигидан хайрату лол қолибди.Бундай гўзал ўсимлик борлигини авваллари хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ялпизойни бир кўришдаёқ севиб қолибди. Ялпизой кундан кунга ўсиб униб борар, ундан таралаётган хушбўй ифор эса бутун оламга таралар эди. Сахрода елғиз ўзи яшаб ўрганиб қолган янтоқвой, ўзини худди жаннатга тушиб колгандай хис қилибди. Унинг хушбўй ифорига маст бўлганча кунларини ўтқазибди. Унинг бутун ўй хаёли Ялпизойда бўлиб қолибди.
- Нима қилиб унга севги изхоримни баён қилсам бўларкан? - деб, Янтоқвой жуда кўп ўйлабди.
- Ям-яшил отқулоғу ва яна бошқа ўт-ўланлар турганда, мен каби чақир тиконга бурканган Янтоқвойга ҳам ошиқ бўлармиди, - деб куйинибди.
Ана шундай кунларнинг бирида, узоқдан шамол орқали, зар печакнинг бир новдаси учиб келиб, Ялпизойга ёпишиб қолибди. У кундан кунга ўса бошлабди ва Ялпизойни ўраб, сиқа бошлабди.
Янтоқвой бу холатни кўриб чидаб тура олмабди.
- Хой зар печак, нега кучсиз ўсимликни сиқаяпсан?
- Сени ишинг нима? - дебди зарпечак.
- Мен уни севаман, севганимни қуриб битишини ҳеч ҳам хохламайман! - дебди қатъий оҳангда Янтоқвой.
- Мен ҳам яшашим керакку! - дебди шунда зарпечак.
- Унда кел, мени танамга ўт, майли мана менда, новдаларимда яша деб, - бир новдасини у томон чўзибди.
Зарпечак Ялпизойдан секин аста сирғалиб, Янтоқвой томон ўтибди. Бундай жасоратини кўрган Ялпизой Янтоқвойни ҳам севиб қолибди. Кундан кунга зарпечак Янтоқвойни ўраб чирмаб қурита бошлабди.
- Хаётимда бир лахза бўлсада севги деган туйғуни хис қила олдимку, энди қуриб битсам ҳам майли, - дебди ичида Янтоқвой.
Бу холатни нарироқдан кузатиб турган Ялпизой жуда жуда ачинибди, лекин жуда кеч эди, қўлидан уни қутқариш учун ҳеч нима келмас эди.
*****
Кунларнинг бирида, Янтоқвой, янги қишлоқ болаларини ўзлари томон келаётганини кўриб қолибди. Улар ариқ бўйидаги ялпизларни бирин кетин узиб, елим халталарига солаётган эди. Юрагига ғул ғула туша бошлабди.
- Хозир мени Ялпизойимни ҳам узиб кетиши мумкинку! Энди нима қиламан а, нима қилсам бўларкан а? - қаттиқ қайғура бошлабди Янтоқвой.
Нимадир қилиб Ялпизойини қуткариб колмаса, бутун умр ўзини кечираолмаслигини тушуниб етибди ва томиридан узилиб, майин шабода билан биргаликда Ялпизойини ёнига думалаб борибдида, уни ўз шохлари билан маҳкам ўраб олибди. Шу махал Янтоқвойнинг жони ҳам узилибди.
Ялпиз узиш учун келган болалар эса, янтоқнинг тиконлари орасидан ялпизни узиб олишга ботина олмабди, унга тегмай қайтиб кетибди.
Бечора Ялпизойини асраб қолиш учун ўзини ўлимга маҳкум қилибди.
Ялпизой эса, химоячисидан айрилиб қолганига йиғлай йиғлай ўзи ҳам қуриб битибди.
*****
Орадан ойлар ўтибди, ойлар кетидан йиллар ўтибди. Ва нихоят яна бахор келибди. Гуллар очилибди, ариқ четида яна ям-яшил ўтлар ниш ура бошлабди.
Ўша ўт-ўланлар билан бирга, ёнма-ён равишда яна Янтоқвой ҳамда Ялпизойлар ҳам бу ёруғ оламга бўй чўзиб чиқибди. Улар бир-бирлари билан қайта учрашганидан, уларни яна ёнма-ён қилиб ўстирганидан Яратганга шукроналар айтибди.
Янтоқвой, Ялпизойга уни бир умр химоя қилишга ваъда берибдида, бутун вужуди билан Ялпизойни ўраб чирмаб ўса бошлабди.
Келгуси йили эса, атрофидан бир қанча ялпизой-у, янтоқвойчалар ўсиб чиқибди.

Севги деган туйғу ўсимликлар орасида бўладими, хайвонлар ўртасида бўладими, инсонлар орасидами фарқи йўқ, бу энг гўзал туйғу бўлиб қолаверади.

Иқбол Юсуф


Комментариев нет:

Отправить комментарий