Показаны сообщения с ярлыком суҳбат. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком суҳбат. Показать все сообщения

воскресенье, 26 апреля 2015 г.

"Муллажиринг" хақидаги мулохазаларим.

Блоггерлар танловида қўйилган “Муллажиринг” блогига билдирмоқчи бўлган комментим анчагина узун бўлиб кетганлиги учун ва бу узундан узоқ мулохазаларим билан айрим муштарийларни дилини ранжитиб қўймай деган мақсадда ўз блогимга жойлаб қўя қолдим.
Қуйидаги блогни ўқишдан аввал ушбу линк орқали “Муллажиринг” номли блогда қандай муаммо кўтарилганини билиб олишингиз мумкин: http://niyozov.blogspot.com/2015/04/blog-post_24.html
Аввало огохлантираман қуйида ёзганларимни, расмий маълумот тариқасида деб тушинилмасин! Булар шунчаки хаётий қарашларим холос.
   ****
Бир муддат божхона органларида ишлаганим ва хозирда савдо фаолияти билан шуғилланаётганим сабаб, айрим тажрибаларимга таяниб, блогни тўлдиришга харакат қилиб кўраман:
Яъни, "Нима учун бундай тафовут бўляпти? Унга барҳам бериш учун нима қилиш керак?" деган саволларга ўз ақлий доирамда маълумот бериб ўтаман.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг йиллик айланма маблағларини доимий равишда назорат қилиб туришлик учун давлат томонидан ўтган йилларда нақд пулсиз хисоб китобларни амалга оширишга катта урғу берилди. Пластик карталар фаолияти ҳам шулар жумласидандир. Бу хақида асосий блогда ҳам, мендан аълороқ қилиб айтиб ўтилган.
Пластик карталардан фойдаланиш ахоли учун бирмунча қийинчилик туғдираётган бўлсада, лекин давлатимиз манфаати учун ижобий натижалар кўрсатмоқда. Ўртадаги тафовут эса вақтинчалик, хозирда иқтисодиётимиз ривожланиш босқичида, буни
ҳаммамиз яхши биламиз, тез фурсатда бу тафовутлар ўз ўрнига келишга ҳам ишонамиз.
Шахсан мен ишонаман!

-          Хар бир чиқарилаётган қонун қоидалар ахоли манфаати учун хизмат қилиш керак эмасми, нима учун давлат манфаатдор бўлиши керак? - деган савол туғилиб қолиши мумкин.
Қилинаётган ишларнинг барчаси ахоли турмуш даражасини ошириш учун хизмат қилинмоқда.
Солиқлар ва давлат даромади натижасида шаклланган маълум маблағ эса, аниқ бир меъёрга асосланиб, бюджет ташкилотлар (боғча, мактаб, коллеж, ўқув юртлар, шифохона)га ва уларнинг қурилишларига, нафақахўрларга, шахар инфратузилмасини янгилашга ва яна кўплаб ахоли учун бепул хизмат кўрсатадиган жойларга сарфланади.
Содда қилиб айтганда, ўзимиздан олиб ўзимизга қайтарилади. Яъни, мендан олинган маблағ, онамга нафақа қилиб, ўқитувчи аёлимга маош сифатида қайтарилади.
Булар умимий тушинчалар эди.

Энди нақд пул билан нақд пулсиз хисоб китоб масаласига тўхталиб ўтсам. Буни ҳам жуда содда ва қулай бўлган, ўзим билган усулда тушинтириб ўтаман.

Савдо фаолитиятимдаги орттирган кичик тажрабамга таянган холда:
Мебел ишлаб чиқариш ва уни сотиш фаолияти билан шуғилланаман. Ўзим ишлаб чиқарган мебеллар билан бир қаторда бошқа ишлаб чиқарувчиларни маҳсулотларини ҳам шахардаги дўконлардан бирида сотаман. Хисоб рақам очиб фаолият юритадиган банким, менга маълум миқдорда хар ой истиқбол режа белгилаб беради. Масалан бир ойда  10 млн. Анашу белгилаб берилган миқдордаги сумманни банкка бир ой давомида топшириб боришим керак. Бу менинг бир ойлик айланма маблағимга асос бўлади. Ўша айланма маблағдан эса, хар ойда бешта хисоб рақамга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошираман. Солиқ турларини санаб ўтмайман.
Ўша маблағни қанча кам кўрсатсам, шунча солиқ кам ундирилади, қанча кўп бўлса шунча кўп солиқ ундирилади.
Ҳамма ҳам кўпроқ даромад олишни ўйлайди, кўпроқ даромад олиш учун имкон борича солиқлардан қочишга уринилади, бунинг жиноятлигини билиб турса ҳам. Нафс, виждондан жуда кўп холларда устун келади-да.
Бу холат имкон борича савдо пулини яшириш билан амалга оширилади.
Савдо пулини яширишнинг энг қулай усули нақд пул. Шунинг учун ҳам пластик карталар жорий қилинган. Харидор пластик карта билан савдо қилишлигини сотувчига билдирса, у имконсиз қолади, савдо терминалига уради ва натижада айланма маблағ сўзсиз хисоб рақамларда кўриниб қолади.
Нақд пулда эса, назорат касса аппаратига урмасдан, уни яшириш имкони мавжуд бўлади. Шунинг учун, тинимсиз равишда оммавий ахборот воситаларида таъкидланадики, “хар қандай савдо турини амалга ошираётганингизда, унинг чекини талаб қилинг!” деб. Сотувчи чек чиқариб қўлингизга тутқаздими, демак у маблағ айланма маблағга айланади. Махсус қопчага солиниб банкка равона бўлади. Яширишнинг имкони бўлмай қолади.
Харидор чек талаб қилмадими, уни бемалол бир четга олиб қўйса бўлади. 10 млн.лик айланма маблағни эса, имкон борича пластик карта билан таъминлайди.
Банкка нақд пул топширилмагандан кейин, улар қаердан нақд пул топиб берсин клентларига?

Божхоначи бўлган вақтимдаги билимимга таянган холда:

Савдо фаолияти билан шуғилланаётган жисмоний ва юридик шахсларга нақд пул нима учун керак?
Шуни биламизки,  асосий маблағ (даромаднинг, нафақанинг, маошнинг 70 фоиз)и харид учун сарфланади.

Вазирлар Маҳкамаси  “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида” 2002 йил 6 майда қарор қабул қилган.
Ҳа сизу-биз билган, омма орасида “54 товар” номи билан ўта машхур бўлиб кетган мазкур қарор чиқиши билан, ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, чет элда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликларни Ўзбекистон худудига олиб кириш қаттиқ назорат остига олинди. Навбатдаги яна бир қарор билан учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликлари қўшни давлатдан импорт қилинса жуда катта миқдорда божхона тўловлари амалга ошириш белгилаб қўйилди. (50 доллорлик қийматдан юқорисига албатта).
Соддароқ тушинтирадиган бўлсам, Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулот қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қўшни давлатлардан 50 доллорлик имтиёздан ошиғини олиб кириш қийматига икки баробар миқдорда тўлов ундирилиши талаб қилинди. Давлатимизнинг бу қарорларни чиқаришидан бирдан-бир мақсади, ички ишлаб чиқарувчини иқтисодий томондан химоя қилиш асносида тузилган дастлабки қадамлари бўлган. Ички ишлаб чиқарувчиларнинг қўллаб қувватлашдан мақсад эса, бошқа давлатларга иқтисодий қарам бўлиб қолишдан химоя қилиш бўлган.
Йиллар ўтиб, бу қарорлар ўз мевасини бера бошлади. Хозирги кунда бозорларимизда харид қилаётган маҳсулотларимизнинг деярли ярми ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Айрим товарлар эса, чет эл товаларлари билан бемалол рақобатлаша олади ҳам.
Масалан ўзимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, мебел, қурилиш материаллари, айрим трикотаж маҳсулотлари шулар жумласидандир.
Лекин, айрим қонунбузарлар, ўз нафсини ўйлайдиган нопок шахсар томонидан, кучли назорат ўрнатилишига қарамасдан, давлат божхона чегарасини ноқонуний равишда бузиб, турли хил яширин йўллар билан бозоримизни учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар бойликлари билан таъминлаб келаётганлиги ачинарли холатдир. Хар холда бу каби қонунбузилишлар аввалги йилларга нисбатан хозирги кунда давлат органларининг саъйи харакатлари билан борган сари камайиб бормоқда.
Энди яна асосий масалага ўтсак:
Нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китоб ўртасидаги тафовут масаласига.
Битта маҳсулотни мисол қилиб олсак, масалан эркаклар пойафзали.
Мен шу пойафзални сотиш билан шуғилланмоқчиман. Бозорга бораман, қонуний йўл билан давлатимиз худудига кирган, барча хужжатлари жойида, декларацияси бор, тўловлар тўланиб, давлат томонидан Ўзбекистон худудига сотишга руҳсат этилган пойафзал турибди. Нархи 100000 атрофида, нарироқда яширин равишда худди ўша пойафзални ноқонуний  йўл билан олиб ўтилгани турибди, унинг нархи бирмунча арзон. Нафсим устун келади, 100000 га олган туфлини 120000 сотишим мумкин, ундан 20000 даромад оламан, унисини эса 70000 га оламан ва уни 120000 сотаман, даромадим 50000. Мен ноқонуний олиб ўтилганини танлайман.
Хўп мен ундай йўл тутмадим дейлик, “йўқ мен қонуний ишлайман, менга ноқонуний йўл билан ўтгани эмас, қонунийси керак”, деб 100000 лигини олиб келдим дейлик, лекин мени шеригимчи, у ҳам шундай қилармикан? Йўқ қилмайди. Мени инқирозга йўл тутишим учун у 90000 сотади. Нима қилибди, шундоғам 20000 даромад кўряпти-ку! Мен инқирозга учрасам, мени харидорларим ҳам ундан оладиган бўлади. Бу холат мени қониқтирмайди, рақобатчимни қилаёттганини қилишим керак, акс холда инқирозга учрашим турган гап.
- Нақд пул билан нақд пулсиз хисоб китобнинг бу ишларга нима алоқаси бор? -деб савол берарсиз балки...
Шуни билингки, ноқонуний йўл билан олиб ўтилган товарлар фақат нақд пул савдоси билан амалга оширилади. Уларда на хисоб рақам бор ва на назорат касса машинаси.
Ана шунинг учун, дўкондаги сотувчи нақд пулни кирим қилмай, уни яширишга уринади.
Худди шу мисолни улгуржи савдо билан шуғилланаётган йирик тадбиркорлар мисолида ҳам келтирса бўлади. Бир марта декларация қилиб, ўша декларация билан ўн марта ноқонуний импортни амалга ошириб олади.
Шунинг учун ҳам нақд пул зарур. Зарур нарса ҳамиша ноёб саналади.

Шуни билингки, истеъмолчиларни импорт товарларга ва шунинг билан бирга давлатимизда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг бутловчи хом ашёлари чет элдан келтирилаверса, уларга талаб бўлаверса, нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китобда тафовут бўлаверади.
Савдогарларнинг юз фоизи қонуний йўл билан ишлашга ўтсагина, нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китоб ўртасидаги тафовут йўқолади. Унинг учун яна озгина вақт керак.
Тадбиркорларнинг юз фоиз қонуний ишлаши учун, харид қилинаётган товар маҳсулотлари тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқаришга эришиш керак.
Ёки бўлмаса, четдан импорт қилиб кириладиган товарларга нисбатан тўловларни енгиллатиш керак. Буниси мантиққа тўғри келмайди. Божхона тўловларини оширилиши, аввал айтганимдек, ички ишлаб ичқарувчини химоя қилиш билан узвий боғланган. Айни дамда пластик ва нақд пул ўртасидаги тафовутдан кўра, ички ишлаб чиқарувчиларимизни ривожланиши муҳимроқ. 30 млн.лик Ўзбекистон ахлолисини фаровон турмуш тарзини шакллантириш учун, уларга етарлича иш ўринлари яратиб бериш зарур бўлади. Иш ўринларини яратиш эса, юртимиздаги тадбиркорларга кенгроқ имконият яратиб бериш билан амалга оширилади.

P/S: Қайсидир сотувчи сизга нақд пулга тушириб бераман деб айтса, агар сиз нақд пулга олмоқчи бўлсангиз, унда ўша сотувчидан харидингиз рўйхати туширилган чекни талаб қилинг! 

четверг, 16 апреля 2015 г.

Сафар баҳона, олган таассуротларим ва мулоҳазаларим хақида

Зиёрат

Ҳар йили баҳор фасли келиши билан, ўзимга яқин инсонлар ҳамроҳлигида юртимизнинг қадимий шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабзга ҳам зиёрат, ҳам саёҳат баҳонасида сафарга ошиқаман. Ушбу муқаддас заминларни зиёрат қилиш асносида узоқ йилларга татигулик, ҳатто бир умр ёддан кўтарилмайдиган ёрқин хотиралар билан уйга қайтаман.

Шўрва нима учун қилинади?

Шу йил апрель ойининг дастлабки жума куни тонг саҳарлаб, аниқроғи, соат бешларда Фарғона шаҳридан йўлга отландик. Ҳамроҳларим ўзимдан катта ёшдаги инсонлар бўлгани сабабли, машина бошқарувини ҳурмат-у эҳтиром ила каминага топширдилар. Уларни бирма-бир уйларидан олар эканман, ёшлари қирққа яқинлашиб қолганига қарамасдан, уларни кузатишга бирининг отаси, иккинчисининг онаси чиқиб, узундан-узоқ дуои фотиҳа қилаётганини кўриб ажабланиб қўяман.
Ҳабибулло исмли акамизнинг қўлидаги елим ҳалтасини олиб, машина юкхонасига жойлаш асносида ота ва ўғилнинг суҳбатига беихтиёр гувоҳ бўлиб қолдим:
- Ўғлим шапка(қалпоқ)ни ҳам олганмисан?
- Қизиқмисиз, дада? Ҳаво ўзи яхши-ку! Қалпоқ керак бўлмайди.
- Билиб бўлмайди-да бу ҳавони, ўғлим. Сен “хўп”, деб олиб кетавер.
- Хўп бўлади.
- Секинроқ юринг-а ўғлим, -  отахон менга ҳам кўрсатма бериб қўйди.
Ота-она қандайин ажиб бир зотларки, фарзандининг ўзи ота ёки она бўлса ҳам, унинг ғамини еяверса.
Келинг, кичик сарлавҳамиз ҳақида ҳам икки оғиз тўхталайлик. Мавзумиздан ажаблангандирсиз.
Биласизми, шўрва нима учун қилинади? Албатта гўшт ейиш учун-да. Ҳа тўғри, шўрванинг асоси гўштдан иборат бўлади. Болалигимда уйимизда шўрва қилсак, онам шўрванинг гўштини алоҳида идишда олиб келарди. Дадам бўлса, ўзининг шўрвасини ичишдан аввал идишдаги гўштни тақсимлаб, энг юмшоқ жойини синглимга, кейин укамга берарди. Шу тариқа бирма-бир ёшимизга қараб гўштни тақсимлаб, ўзига суяк жойини олиб қоларди. Ўша суякдаги оз-моз ёпишган гўштни ҳам пичоқ билан сидириб, бизга берарди. Ҳозир ҳам шундай. Баҳонаси ҳам тайин: "менга гўшт мумкин эмас, қон босимим бор".
Дадамнинг гўшт бўлакларини бизга илинишини кўриб, ота-онамиз бизларни сўнгги манзилга кетиш онларида ҳам ўйласалар керак дея, хаёл қилдим.
Фарзандим есин!
Фарзандим кийсин!
Фарзандим униб-ўссин!
Фарзандим яшасин, яшаганда ҳам яхши яшасин! – деб ҳеч ўзларини ўйламай, фарзандлари учун ёниб, куйиб яшар эканлар-да ҳар бир ота-она.
Ҳа айтганча, Ҳабибулло акамизнинг дадалари тайинлаб, ўзи билан олишига мажбур қилган шапкаси сафар давомида у кишига асқотди. Бу хақида кейинроқ айтиб ўтаман.

Самарқанддан Бухорагача


Сафаримизнинг биринчи куни режа бўйича Самарқандда тўхтамоғимиз керак эди. Кечга яқин шаҳарга кириб бордик. Аввалдан қўнғироқлашиб, тайин қилинган меҳмонхонага жойлашдик. Юкларимизни жойлаб улгурмасимиздан ҳамроҳларимиздан бири меҳмонхона ходимидан вай-фай тармоғи мавжудлиги ҳақида сўраб, унга уланиш учун зарур бўлган махфий рақамларини ҳам билишга улгурди.
Ҳайронман? Дабдурустдан вай-фай нима учун керак бўлиб қолди? Атай зиёрат учун олти юз чақирим масофа босиб келганмиз. Шаҳар гўзалликларидан баҳраманд бўлиш ўрнига, кийимларини ҳам алиштирмай, кечки овқатгада харакат қилмай, қўлларига телефонини олиб, телеграммдаги куни билан турфа хил гуруҳлардан келган видео ва фото лавҳани томоша қилиш билан оворалар. Баъзида, секин ишлаётганидан нолиб ҳам қўйишади. Кўчага чиқса, текин вай-файдан маҳрум бўлиши мумкин-да.
Бу ҳол кўпчилик учун одатга айланиб бораётганлиги ачинарли холат!
Ноутбукимни очишим билан ҳамроҳларимдан бири келиб:
- Ука, бунингда яхши нарсалар борми? – деб, савол бериб қолди.
- Сиз ўйлаган нарса эмас-ку, ўзим учун яхши нарсалар бор, - деб жавоб қилдим.
- Нима масалан?
- Сизларга бир сиримни очай. Савдодан ташқари онда-сонда қалам тебратиб тураман. Бир иккита қораламаларим матбуотда ҳам босилиб чиққан. Ана ўша ёзганларим шу ноутбукда сақланади.
- Ие, шундайми?
Шунчаки ҳайрон бўлдилар холос. Қайтиб қизиқишмади ҳам.
Ҳамроҳларимнинг аксарияти савдо соҳасида фаолият олиб боришади. Ўзим ҳам тижорат билан шуғулланганлигим учун ҳаммамиз ҳамкасблармиз десак ҳам бўлади. Фақат мен Фарғона шаҳрида, улар эса Фарғона вилоятидаги бошқа туманларда фаолият юритади. Улар билан ойда бир марта бўладиган ўзаро йиғинларимизда учрашиб турамиз. Шу сабаб, улар менинг савдодан ташқари ҳаваскорона ижод билан ҳам машғул бўлиб туришимдан бехабарлар.
Ҳеч қайси бирларидан ёзганларимнинг бирортасини очиб кўрсатиш, ўқиб кўриш ҳақида таклиф бўлмади. Негадир, андак ачиниш ҳиссини туйдим. Телеграммдаги маза-бемаза видеороликлар қизиқ-ку, лекин озгина бўлса ҳам маънавиятга фойдаси тегадиган мақола ўқишлик қизиқ эмас экан улар учун.
Насиб бўлса, уларга телеграммдан кўра, қилаётган ишларим фойдалироқ эканлигини кўрсатиб қўяман, дея ўзимга-ўзим сўз бериб қўйдим. ))).
 ****



Самарқанддан сўнг Бухорога йўл олдик. Бухоро шаҳрига яқин қолганда нафас ростлаб олиш мақсадида йўл четидаги кичик дўконлардан бирининг ёнига тўхтадик. Сотувчи қирқдан ошган, ҳушмуомала аёл экан. Чанқоқни босиш учун ичимлик олдик, соя-салқиндаги тапчанда бир муддат ҳордиқ чиқариш учун жойлашдик.
Бизни боядан бери кузатиб турган сотувчи опа шевамиздан бу ерлик эмаслигимизни сезди шекилли, қизиқиб, саволга тутди:
- Меҳмонмисизлар?
- Ҳа, - жавоб қилди шеригим.
- Қаердан келяпсизлар? – яна сўрайди қизиқувчи опамиз.
- Фарғона вилоятидан.
- Водийликмисизлар? Водийликларнинг ҳаммаси яхши бўладилар-да. Ширинсўз, очиқкўнгил, меҳмондўст, дину диёнатли инсонлар, - бирданига мақтаб юборди сотувчи аёл.
- Раҳмат опа, раҳмат, - дедик, мақтовларга миннатдорчилик билдириш мақсадида.
- Бу ерликлар, сизлар каби эмаслар. Қўпол, муомаласи йўқ, иззат-икромни ҳам билишмайди.
- Адашяпсиз опа. – дедим қатъий оҳангда. Шерикларим важоҳатимдан ҳайрон бўлишди.
- Опа, ўзингиз туғилиб ўсган, нон-тузини еган, тирикчилик қилаётган юртингизни, Ватанингизни ёмонламанг! Шукур қилинг, шундай гўзал шаҳарда яшаётганингизга. Сизнинг шаҳрингизни ва бу ерда ҳоки пойлари қўйилган улуғ зотларни зиёрат қилиш учун минглаб чақирим йўл босиб келяпмиз. Бир йилда қанчадан-қанча сиз таърифини келтираётган биз каби водийликлар ташриф буюради. Водийликлар-ку майли, сизнинг юртингизни тамоша қилиш учун Европа, Осиё, қўйинки, бутун ер юзидан сайёҳлар ташриф буюради. Бундай Оллоҳнинг назари тушган юртда туғилганингиздан кўксингиз ифтиҳорга тўлиб юрса арзийди!
- Ҳа, ҳа тўғри гапингиз, - уялиб қолди сотувчи аёл.

Шаҳрисабз – яшил шаҳар

Мана шу шаҳар ҳақида икки оғиз сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Бир кунлик Бухоро саёҳатидан сўнг, тўғри Шахрисабзга йўл олдик. У ерга етиб борганимизда соат миллари кечки 20:00 дан ошаётган эди. Ҳаммаёқ чанг, қоронғу. Кўчада одамлар ҳам кўринмайди. Соҳибқирон Амир Темур туғилган шаҳар, дунёга машҳур Оқсарой барпо қилинган шаҳар шундай кўринишда эканми, дея таажжубланишимизни бир-биримиздан яширмай, бу ерда тўхтамай ўтиб кетишликка тараддудланиб ҳам қолдик. Вақт алламаҳал бўлгани учунгина шу ерда қолишга келишдик. Бир амаллаб меҳмонхона ҳам топиб, жойлашдик.
“Қандай жойга келиб қолдик, Бухордан тўғри Самарқандга ўтиб кетиб қўя қолсак бўлмасмиди?” деган афсусланиш оҳангидаги фикрлар ҳам бўлди орамизда.
Тонг отиб, қуёш ўзининг заррин нурлари билан атрофни ёритишни бошлаганида эса, меҳмонхона ойналари орқали шаҳарнинг биз тунда кўролмаган асл қиёфаси, асл гўзаллиги намоён бўла бошлади.
“Шаҳрисабз юлдузи” деб номланган меҳмонхонамиз шундоққина Оқсаройнинг ёнгинасида жойлашган экан. Шаҳарда жуда кенг кўламли ободончилик, катта-катта қурилиш ишлари олиб бориляпти-ки кўрган одамнинг ҳаваси келади. Ҳар қадамда шаҳрисабзликлар жавлон уриб хизмат қилишмоқда. Шериклар билан мастлаҳатлашиб, ободонлаштириш ишлари бўлаётган бўлса ҳам, Оқсаройни айланиб, зиёрат қилиб кетишга қарор қилдик.
Етти аср аввал қурилган Оқсарой биносининг ҳашаматига бевосита ўзимиз гувоҳ бўлиб, тарихда яшаган ота-боболаримиз қанчалар қудратли бўлганлигига яна бир бора амин бўлдик. Девор остига келиб, бинонинг устки қисмига қараб кўрсангиз, дўппингиз ерга тушадиган даражада баланд. Етмиш метр баландликка эга бўлган бу осмонўпар бино 7 аср аввал қурилганига шубҳаланиб ҳам қоласиз.
Шу атрофда биз каби ўз таассуротларини ичига сиғдиролмай, тарихимизни ўзининг суратга олиш қурилмаларига муҳрлаётган чет эллик дўстларимизга қарата “Менинг бобом, бизнинг ота-боболаримиз мана шундай қудратли бўлганлар”, дея мақтангим келди.
Оқсарой билан Кўк гумбаз ораси деярли бир чақирим масофа экан. Шунча катта ҳудудда жадал суратларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан Шаҳрисабз икки йил муддат ичида “Яшил шаҳар”га айланиши асосий мақсад қилиб қўйилибди. Унинг натижасини амалда кўраётиб, бараварига “Икки йилдан сўнг яна келамиз-а”,  деган фикрга келдик.

Хотиржамлик ва соғинч

Сафарга чиққанимизга ҳам тўрт кундан ошиб қолди. Бу орада уйдагилар билан тез-тез қўнғироқлашиб турдик.
“Ҳа, онажон, биз яхшимиз. Бугун Ал-Бухорийни зиёрат қилдик”.
“Онаси, яхши ўтирибсизларми? Болалар соғ-омонми? Худо хоҳласа, эртага йўлга чиқамиз”.
“Қизим, ойингни айтганини қилиб, дастёр бўлиб ўтирибсанми?”
Ҳамроҳларимнинг барчаси яқинлари билан қўнғироқлашади. Ўзининг зиёратидан тортиб, уйдагиларнинг ҳолидан хабар олмоққа ҳам ошиқади.
Ана шундай дамларда шерикларимдан бири Худога шукр, юртимиз тинч, оиламиз хотиржам, шу сабабдан ҳам биз бемалол сайр-у саёҳат қилиб юрибмиз-да, деб қолди.
Дарҳақиқат, юртимиз тинч бўлмаса, оилавий хотиржамлик бўлмаса, биз бошқа вилоятларда, оиламиздан минглаб чақирим узоқларда шунчалар бемалол жаҳонгашталик қилиб юрармидик?
Ҳамроҳимнинг гапига тўлиқ қўшиламан. Ҳозирда айрим давлатлардаги сиёсий вазиятлар, хунрезликлар, мақсадсиз урушлар бўлаётган бир вақтда, одилона сиёсат билан иш юритаётган юртимиз фақат ва фақат олға қадамлар билан олдинга интилмоқда. Фаровон турмуш тарзини шакллантиришда самарали ишлар олиб борилмоқда. Қилинаётган ишларни кўриб, кўксимизда ифтихор туйғуси жўш уради.

*****
Блог бошида бир масала юзасидан “кейинроқ айтаман деб ўтиб кетган эдим.
Юқорида номи келтирилган аканинг дадалари таъкидлагандек, шапка (қалпоқ) барибир керак бўлди.
Қаерда, дейсизми? Унда эшитинг!

Шаҳрисабздан Самарқандга қайтаётганимизда Китобнинг довонидан ошадиган бўлдик. Тоғнинг чўққисига чиқиб, тоғ хавосидан баҳраманд бўлиш, табиатнинг чиройли манзарасини фотоаппаратларимизга муҳрлаб олиш учун ярим соатдан кўпроқ муддатга тўхтадик. Аксига олиб, пиёда сайр этаётганимизда шаррос ёмғир қуйиб юборса бўладими. Ана ўшанда Ҳабибубулло акам ҳаммамизга кўз-кўз қилгандек, бамайлихотир сумкасидан шапкасини олиб, бошига кийиб олди.
Ана ота-оналар нимани ҳис қилади!
Уларнинг борига шукр. Умрлари узоқ бўлсин!

Хулоса ўрнида
Бир ҳафтага яқин зиёратим давомида фикру хаёлим доимо блогерлар танловида бўлди. Ҳар бир блогни катта қизиқиш билан ўқиб, кузатиб бордим. Ҳакамларнинг қўяётган баҳоси-ю, уларнинг блог мазмунига билдирган фикрлари менда катта қизиқиш уйғотди.
Блогерлар танлови ва ҳакамларимиздан бирининг эътирози сабаб, ўзимнинг шахсий блогимни очдим. Одноноклассники сайтига жойлаб борган аввалги ҳикоя ва шахсий мулоҳазаларимдан ўндан бирини жойлаб ҳам қўйдим.
Қизиққанлар учун марҳамат!
Демоқчиманки, юртимизда мана шу каби танловлар тез-тез ўтказилиб турилса, бугунги кундаги ёшларимиз учун фойдали ислоҳотлар учун ажойиб дебоча ва биз каби ҳаваскор қаламкашлар учун ўзни синамоқликда катта бир майдон бўлар эди.
Ушбу узундан-узун ёзғуларим билан саёҳат ва зиёратга аталган мақола(блог)нинг ниҳояси етиб келганини расман эълон қиламан.
Сабр билан охиригача ўқиб чиққанларга ташаккурларим!


Иқбол Юсуф

среда, 8 апреля 2015 г.

Ишимдаги хафагарчилик!

Оиладаги тушунмовчилик!
Кундалик ташвишлар!
Қисқаси, хаёт синовларидан безиб, уларни ўйлаб ярим кечга қадар ухлай олмадим, тонгга яқин кўзим илинибди. Уйқу кам бўлганлиги сабаб, эрталаб базўр ўрнимдан турдим. Яна ўша ташвишлар, яна ўша муаммолар миямда чарх ура бошлади. Ойнага қарадим, юзимни синиқлигини кўрган одам "ухлаб дам олган киши" демайди. Ойнадаги ўз аксимга бир муддат тикилиб туриб, миямга келган фикрдан хурсанд бўлиб кетдим. Телефонимни ўчирдимда, ҳеч кимга ҳеч нима демасдан, (хатто аёлимга ҳам), тўғри қишлоққа жўнадим. Қишлоқ гузаридаги қассобхонадан бир кило қўй  гўштининг юмшоқ жойидан олиб, ёнига икки дона иссиқ нон ҳам олдим.  Шўрвани қозонга ташлаб, кечгача онажоним билан ёнбошлаганча мириқиб суҳбатлашдим. Чақалоқлик давримдан бошлаб то уйлангунимгача бўлган кунларни ёдга олдик. Уйга қайтиш олдидан ота-онамнинг узундан узун дуоларини олдим. Кеч тушгач ҳуш кайфият билан уйга қайтдим!
Эртасига ҳуш кайфият билан уйғондим. Кун бўйи йиғилиб ётган ишларимни ўзгача иштиёқ билан бажардим. Ҳамма муаммоларим бартараф қилингач, ичимда "доимо ота-оналаримиз соғ бўлишсин" деб ният қилдим.

Дунёдаги жамики ота-оналар, дунё тургунча туришсин!

Зина бўйлаб

Зина бўйлаб юқорига кўтарилаётганингда, сендан ортда қолаётган инсонларга паст назар билан қарама!
Қайтаётганингда биринчи навбатда ўша инсонларга дуч келасан!
****
Тез-тез бўлмасада, кези келганда аёлингни ширин сўзлар билан сийлаб тур, токи бошқа бировдан эшитмасидан аввал!
***
Жанозларда қатнашиб тур, тобутинг ерда қолиб кетмасин!
***
Бугун гўшт димлаб, эртага қўй ёғига ош дамлаб, бир қўйни сўйиб, айвонга осиб гўштини майдалаб еб ўтирганингда, бир коса овқат билан қўшнингни ёки бир яқинингни йўқлаб қўй, охиратда Оллох сени ҳам йўқласин!
***
"Мен бойман ҳеч нарсадан камим йўқ" деб хатто пули кўпайиб кетган вақтларда сўм ўрнига доллар ишлатаётганда, пули камроқ дўстига мақтаниб, унга паст назар билан қараб, қаттиқ қаттиқ гаплар гапирганини кўрдим, "Мен зўрман, мен бақувватман, ҳамма мендан қўрқиши керак" деб, ўзидан кучсизларни бурнини қонатганни, елкасини ерга ишқаганини кўрдим.
Ва яна ўша бойни бир кунда барча мол мулкидан ажраб, пулга мухтож бўлиб қолганини, кучлини эса автохалокатга учраб, майиб мажрух бўлиб бир тўшакка михланиб қолганида мурувватга мухтож бўлиб қолганини ҳам кўрдим.
***
Онангни оёғини майли ўпма, агар ундан хазар қилсанг, ҳеч бўлмаса ўша оёқларини уқалаб қўй, чунки сен ўпишдан хазар қилаётган ўша онанг туғилганингдан то эсингни таниган кунгача сени ахлатингни тозалаган инсон бўлади!
***
Фарзандларингни қўлига даста даста пул тутқазиш ўрнига унга меҳр бер, илм ўргат, тарбияли қил!
Токи вақти соати етиб оламдан ўтганингда майитинг қариялар уйидан чиқмасин!
***
Кимнидир устидан кулиб масхара қилишдан аввал атрофингга бир қараб кўрчи, балки сени устингдан ҳам куладиганлар бордир!

Бир мухаббат тарихи.

Касалхонадиги суҳбат:
- Мен жуда жуда истаган эдим, - деди аёл базўр эрининг юзига қараб.
- Нимани истаган эдинг, айт гўзалим! - деди эр, аёлининг синиқиб кетган юзларини кафтлари билан силаб.
- Мен сиз билан ўғлимизни, ўзимиз орзу қилганча биргаликда катта қилиб, уни камолини кўришни истаган эдим. Бахтли бўлиб бирга яшашни истаган эдим.
- Ҳали ҳам бахтлимиз, ҳа бахтли бўламиз, биргалашиб ўғлимизни катта қиламиз. Бир зумда нотўғри хаёлга борма жоним!
- Шундай дейсизку, лекин кўнглим сезмоқда ахволим жуда оғир.
- Асло!!! - Қичқириб юборди эри, - бу сўзни оғзингга олма,сен албатта соғайиб кетасан, биз бахтли бўламиз.
- Дадаси ўзингизни алдаманг, жуда яҳши билиб турибсиз, касалим кундан кунга оғирлашмоқда, менимча умид йўқ!
- Эй Худо! Нега умид йўқ дейсан? Ахир сен каби беморларнинг қанчаси соғайиб кетган. Яҳши ният қил, албатта соғаясан.
- Билмадим жоним, билмадим. Кўзим етмаяпти.
- Яҳши ният қил, ҳали ҳаммаси яҳши бўлади, - аёлининг ахволи ёмонлигини сезсада, унга далда бўлиб, кўнглини кўтармоқчи бўлди.
- Дадаси сиздан илтимос, менга сўз беринг!
- Қандай сўз?
- Мени диққат билан тингланг ва менга ваъда беринг, ана ўшанда мен хотиржам ўламан, қабримда тинч ётаман.
- Бўлди бас қил, - аёлининг оғзини кафтлари билан ёпишга уринди, - илтимос жоним ўлим номини тилингга олма, илтимос хаётим.
- Сўзларларимни бўлманг жоним, гапларимни тингланг, мен бу оламни тарк этсам, ўғлимиз жуда ёш унга она мехри ва яҳши парвариш керак. Ўғлимиз учун бир иш қилишингиз керак!
- Нима десанг дегин, лекин ўламан дема, сенсиз мен ҳам яшай олмайман. Сенсиз бу дунё менга ҳам қоронғу! Нима десанг қиламан айт жоним, лекин ўламан дема!
- Менга сўз беринг, илтимос сиздан!
- Сен яшайсан.
- Хўп мен яшайман, лекин хозир сиз менга ваъда беринг, айтганларингни бажараман деб сўз беринг!
- Сўз бераман.
- Мендан кейин уйланишга ваъда беринг, ўғлимизга менга ўхшаган она олиб келишга ваъда беринг!
- Ахир қандай қилиб, мен сендан бошқасини сева олмайманку!
- Севманг, аммо мажбурсиз, ўғлимиз келажаги учун мажбурсиз.
- Яҳши ваъда бераман, бўлди энди бу хақда бошқа гапирма!
Эрининг ваъдасидан кўнгли тўлган аёл, секингина ўрнидан қўзғала бошлади.
- Қўлларимдан ушланг!
- Умрим охиригача шу қўлларингдан тутаман!
- Мени бағрингизга босинг!
- Хўп жоним, сен уринма!
Аёл эрининг бағрида ўзини эркин хис қилди. Бир зумга бетоблигини унутди. Қулоқларига шивирлади.
- Мен сизни севаман!
- Мен ҳам севаман жоним!
- Энди армоним йўқ!
- Нималар деяпсан? Бу орада аёл кўзларини юмди. Эрнинг бағрида, севгилисининг, аёлининг жонсиз танаси қолди.
Аёли ёруғ оламни эрта тарк этди.
"Дод" деди эр.
*****
Қирқ беш йил ўтиб эр, аёлининг қабри ёнига келди.
- Қара мен шунча йил яшадим. Яна қанча йил яшайман билмайман. Доим сенга берган ваъдам учун яшадим. Сўзимни устидан чиқдим. Ўғлимизга яҳши қарадим, меҳрибон ота бўлдим. Ўғлимизни ўқитдим. Уни уйлантирдим. Неварали бўлдим. Қиз неварамга сени исмингни қўйдим. Қуйиб қўйгандек сенга ўхшайди. Сени исминг билан уни чақираман. Сен қайтиб келгандексан. Унинг кўзлари, юзлари сени доим менга эслатиб туради. У 16 ёшга тўлди. Жуда ақлли қиз бўлган, умри сеникига ўхшамасин илойим. Бир ваъдамни бажара олмадим. Сен айтгандек бошқа аёлга уйлана олмадим. Мени кечир. Сендан бошқа аёл билан яшай олмас эдим. Сенсиз бу хаётда жуда қийналдим. Сени бу хаётда бахтли қила олмаганимдан қийналдим. Рухинг ором топиши учун харакат қилдим. Ўғлимизга ҳам ота ҳам она бўлдим. Биламан сени рухинг доим ёнимда бўлган, сен ҳаммасини кўриб тургансан ва бундан хурсанд бўлгансан.
Энди сени ёнингга борадиган кунни кутиб яшамоқдаман.
Аёлининг қабридан тупроқ олиб юзларига суртди. Тўйиб тўйиб йиғлади.
- Мен сени жуда жуда соғиндим. Мен сени доим севиб келганман, сен билан ўтган бахтли кунларимизни хеч қачон унутмадим, хар сафар сени севаман деганимда "алдаяпсиз" дер эдинг, йўқ мен алдамаганман, севишимга Оллох гувох, қара ахволимга сенсиз холим хароблашиб бормоқда. Яқин орада сен билан учрашаман.
*****
Ўғли дадисини тушликдан сўнг қабристондан топди. Қирқ беш йил аввал оламдан ўтган онасининг қабри ёнидан топди. Бу вақтда дадасининг жони узилган эди.


Иқбол Юсуф хамда Зухро синглимизнинг Озарбайжон тилидан таржимаси.
29.06.2014 й.