четверг, 16 апреля 2015 г.

Сафар баҳона, олган таассуротларим ва мулоҳазаларим хақида

Зиёрат

Ҳар йили баҳор фасли келиши билан, ўзимга яқин инсонлар ҳамроҳлигида юртимизнинг қадимий шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабзга ҳам зиёрат, ҳам саёҳат баҳонасида сафарга ошиқаман. Ушбу муқаддас заминларни зиёрат қилиш асносида узоқ йилларга татигулик, ҳатто бир умр ёддан кўтарилмайдиган ёрқин хотиралар билан уйга қайтаман.

Шўрва нима учун қилинади?

Шу йил апрель ойининг дастлабки жума куни тонг саҳарлаб, аниқроғи, соат бешларда Фарғона шаҳридан йўлга отландик. Ҳамроҳларим ўзимдан катта ёшдаги инсонлар бўлгани сабабли, машина бошқарувини ҳурмат-у эҳтиром ила каминага топширдилар. Уларни бирма-бир уйларидан олар эканман, ёшлари қирққа яқинлашиб қолганига қарамасдан, уларни кузатишга бирининг отаси, иккинчисининг онаси чиқиб, узундан-узоқ дуои фотиҳа қилаётганини кўриб ажабланиб қўяман.
Ҳабибулло исмли акамизнинг қўлидаги елим ҳалтасини олиб, машина юкхонасига жойлаш асносида ота ва ўғилнинг суҳбатига беихтиёр гувоҳ бўлиб қолдим:
- Ўғлим шапка(қалпоқ)ни ҳам олганмисан?
- Қизиқмисиз, дада? Ҳаво ўзи яхши-ку! Қалпоқ керак бўлмайди.
- Билиб бўлмайди-да бу ҳавони, ўғлим. Сен “хўп”, деб олиб кетавер.
- Хўп бўлади.
- Секинроқ юринг-а ўғлим, -  отахон менга ҳам кўрсатма бериб қўйди.
Ота-она қандайин ажиб бир зотларки, фарзандининг ўзи ота ёки она бўлса ҳам, унинг ғамини еяверса.
Келинг, кичик сарлавҳамиз ҳақида ҳам икки оғиз тўхталайлик. Мавзумиздан ажаблангандирсиз.
Биласизми, шўрва нима учун қилинади? Албатта гўшт ейиш учун-да. Ҳа тўғри, шўрванинг асоси гўштдан иборат бўлади. Болалигимда уйимизда шўрва қилсак, онам шўрванинг гўштини алоҳида идишда олиб келарди. Дадам бўлса, ўзининг шўрвасини ичишдан аввал идишдаги гўштни тақсимлаб, энг юмшоқ жойини синглимга, кейин укамга берарди. Шу тариқа бирма-бир ёшимизга қараб гўштни тақсимлаб, ўзига суяк жойини олиб қоларди. Ўша суякдаги оз-моз ёпишган гўштни ҳам пичоқ билан сидириб, бизга берарди. Ҳозир ҳам шундай. Баҳонаси ҳам тайин: "менга гўшт мумкин эмас, қон босимим бор".
Дадамнинг гўшт бўлакларини бизга илинишини кўриб, ота-онамиз бизларни сўнгги манзилга кетиш онларида ҳам ўйласалар керак дея, хаёл қилдим.
Фарзандим есин!
Фарзандим кийсин!
Фарзандим униб-ўссин!
Фарзандим яшасин, яшаганда ҳам яхши яшасин! – деб ҳеч ўзларини ўйламай, фарзандлари учун ёниб, куйиб яшар эканлар-да ҳар бир ота-она.
Ҳа айтганча, Ҳабибулло акамизнинг дадалари тайинлаб, ўзи билан олишига мажбур қилган шапкаси сафар давомида у кишига асқотди. Бу хақида кейинроқ айтиб ўтаман.

Самарқанддан Бухорагача


Сафаримизнинг биринчи куни режа бўйича Самарқандда тўхтамоғимиз керак эди. Кечга яқин шаҳарга кириб бордик. Аввалдан қўнғироқлашиб, тайин қилинган меҳмонхонага жойлашдик. Юкларимизни жойлаб улгурмасимиздан ҳамроҳларимиздан бири меҳмонхона ходимидан вай-фай тармоғи мавжудлиги ҳақида сўраб, унга уланиш учун зарур бўлган махфий рақамларини ҳам билишга улгурди.
Ҳайронман? Дабдурустдан вай-фай нима учун керак бўлиб қолди? Атай зиёрат учун олти юз чақирим масофа босиб келганмиз. Шаҳар гўзалликларидан баҳраманд бўлиш ўрнига, кийимларини ҳам алиштирмай, кечки овқатгада харакат қилмай, қўлларига телефонини олиб, телеграммдаги куни билан турфа хил гуруҳлардан келган видео ва фото лавҳани томоша қилиш билан оворалар. Баъзида, секин ишлаётганидан нолиб ҳам қўйишади. Кўчага чиқса, текин вай-файдан маҳрум бўлиши мумкин-да.
Бу ҳол кўпчилик учун одатга айланиб бораётганлиги ачинарли холат!
Ноутбукимни очишим билан ҳамроҳларимдан бири келиб:
- Ука, бунингда яхши нарсалар борми? – деб, савол бериб қолди.
- Сиз ўйлаган нарса эмас-ку, ўзим учун яхши нарсалар бор, - деб жавоб қилдим.
- Нима масалан?
- Сизларга бир сиримни очай. Савдодан ташқари онда-сонда қалам тебратиб тураман. Бир иккита қораламаларим матбуотда ҳам босилиб чиққан. Ана ўша ёзганларим шу ноутбукда сақланади.
- Ие, шундайми?
Шунчаки ҳайрон бўлдилар холос. Қайтиб қизиқишмади ҳам.
Ҳамроҳларимнинг аксарияти савдо соҳасида фаолият олиб боришади. Ўзим ҳам тижорат билан шуғулланганлигим учун ҳаммамиз ҳамкасблармиз десак ҳам бўлади. Фақат мен Фарғона шаҳрида, улар эса Фарғона вилоятидаги бошқа туманларда фаолият юритади. Улар билан ойда бир марта бўладиган ўзаро йиғинларимизда учрашиб турамиз. Шу сабаб, улар менинг савдодан ташқари ҳаваскорона ижод билан ҳам машғул бўлиб туришимдан бехабарлар.
Ҳеч қайси бирларидан ёзганларимнинг бирортасини очиб кўрсатиш, ўқиб кўриш ҳақида таклиф бўлмади. Негадир, андак ачиниш ҳиссини туйдим. Телеграммдаги маза-бемаза видеороликлар қизиқ-ку, лекин озгина бўлса ҳам маънавиятга фойдаси тегадиган мақола ўқишлик қизиқ эмас экан улар учун.
Насиб бўлса, уларга телеграммдан кўра, қилаётган ишларим фойдалироқ эканлигини кўрсатиб қўяман, дея ўзимга-ўзим сўз бериб қўйдим. ))).
 ****



Самарқанддан сўнг Бухорога йўл олдик. Бухоро шаҳрига яқин қолганда нафас ростлаб олиш мақсадида йўл четидаги кичик дўконлардан бирининг ёнига тўхтадик. Сотувчи қирқдан ошган, ҳушмуомала аёл экан. Чанқоқни босиш учун ичимлик олдик, соя-салқиндаги тапчанда бир муддат ҳордиқ чиқариш учун жойлашдик.
Бизни боядан бери кузатиб турган сотувчи опа шевамиздан бу ерлик эмаслигимизни сезди шекилли, қизиқиб, саволга тутди:
- Меҳмонмисизлар?
- Ҳа, - жавоб қилди шеригим.
- Қаердан келяпсизлар? – яна сўрайди қизиқувчи опамиз.
- Фарғона вилоятидан.
- Водийликмисизлар? Водийликларнинг ҳаммаси яхши бўладилар-да. Ширинсўз, очиқкўнгил, меҳмондўст, дину диёнатли инсонлар, - бирданига мақтаб юборди сотувчи аёл.
- Раҳмат опа, раҳмат, - дедик, мақтовларга миннатдорчилик билдириш мақсадида.
- Бу ерликлар, сизлар каби эмаслар. Қўпол, муомаласи йўқ, иззат-икромни ҳам билишмайди.
- Адашяпсиз опа. – дедим қатъий оҳангда. Шерикларим важоҳатимдан ҳайрон бўлишди.
- Опа, ўзингиз туғилиб ўсган, нон-тузини еган, тирикчилик қилаётган юртингизни, Ватанингизни ёмонламанг! Шукур қилинг, шундай гўзал шаҳарда яшаётганингизга. Сизнинг шаҳрингизни ва бу ерда ҳоки пойлари қўйилган улуғ зотларни зиёрат қилиш учун минглаб чақирим йўл босиб келяпмиз. Бир йилда қанчадан-қанча сиз таърифини келтираётган биз каби водийликлар ташриф буюради. Водийликлар-ку майли, сизнинг юртингизни тамоша қилиш учун Европа, Осиё, қўйинки, бутун ер юзидан сайёҳлар ташриф буюради. Бундай Оллоҳнинг назари тушган юртда туғилганингиздан кўксингиз ифтиҳорга тўлиб юрса арзийди!
- Ҳа, ҳа тўғри гапингиз, - уялиб қолди сотувчи аёл.

Шаҳрисабз – яшил шаҳар

Мана шу шаҳар ҳақида икки оғиз сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Бир кунлик Бухоро саёҳатидан сўнг, тўғри Шахрисабзга йўл олдик. У ерга етиб борганимизда соат миллари кечки 20:00 дан ошаётган эди. Ҳаммаёқ чанг, қоронғу. Кўчада одамлар ҳам кўринмайди. Соҳибқирон Амир Темур туғилган шаҳар, дунёга машҳур Оқсарой барпо қилинган шаҳар шундай кўринишда эканми, дея таажжубланишимизни бир-биримиздан яширмай, бу ерда тўхтамай ўтиб кетишликка тараддудланиб ҳам қолдик. Вақт алламаҳал бўлгани учунгина шу ерда қолишга келишдик. Бир амаллаб меҳмонхона ҳам топиб, жойлашдик.
“Қандай жойга келиб қолдик, Бухордан тўғри Самарқандга ўтиб кетиб қўя қолсак бўлмасмиди?” деган афсусланиш оҳангидаги фикрлар ҳам бўлди орамизда.
Тонг отиб, қуёш ўзининг заррин нурлари билан атрофни ёритишни бошлаганида эса, меҳмонхона ойналари орқали шаҳарнинг биз тунда кўролмаган асл қиёфаси, асл гўзаллиги намоён бўла бошлади.
“Шаҳрисабз юлдузи” деб номланган меҳмонхонамиз шундоққина Оқсаройнинг ёнгинасида жойлашган экан. Шаҳарда жуда кенг кўламли ободончилик, катта-катта қурилиш ишлари олиб бориляпти-ки кўрган одамнинг ҳаваси келади. Ҳар қадамда шаҳрисабзликлар жавлон уриб хизмат қилишмоқда. Шериклар билан мастлаҳатлашиб, ободонлаштириш ишлари бўлаётган бўлса ҳам, Оқсаройни айланиб, зиёрат қилиб кетишга қарор қилдик.
Етти аср аввал қурилган Оқсарой биносининг ҳашаматига бевосита ўзимиз гувоҳ бўлиб, тарихда яшаган ота-боболаримиз қанчалар қудратли бўлганлигига яна бир бора амин бўлдик. Девор остига келиб, бинонинг устки қисмига қараб кўрсангиз, дўппингиз ерга тушадиган даражада баланд. Етмиш метр баландликка эга бўлган бу осмонўпар бино 7 аср аввал қурилганига шубҳаланиб ҳам қоласиз.
Шу атрофда биз каби ўз таассуротларини ичига сиғдиролмай, тарихимизни ўзининг суратга олиш қурилмаларига муҳрлаётган чет эллик дўстларимизга қарата “Менинг бобом, бизнинг ота-боболаримиз мана шундай қудратли бўлганлар”, дея мақтангим келди.
Оқсарой билан Кўк гумбаз ораси деярли бир чақирим масофа экан. Шунча катта ҳудудда жадал суратларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан Шаҳрисабз икки йил муддат ичида “Яшил шаҳар”га айланиши асосий мақсад қилиб қўйилибди. Унинг натижасини амалда кўраётиб, бараварига “Икки йилдан сўнг яна келамиз-а”,  деган фикрга келдик.

Хотиржамлик ва соғинч

Сафарга чиққанимизга ҳам тўрт кундан ошиб қолди. Бу орада уйдагилар билан тез-тез қўнғироқлашиб турдик.
“Ҳа, онажон, биз яхшимиз. Бугун Ал-Бухорийни зиёрат қилдик”.
“Онаси, яхши ўтирибсизларми? Болалар соғ-омонми? Худо хоҳласа, эртага йўлга чиқамиз”.
“Қизим, ойингни айтганини қилиб, дастёр бўлиб ўтирибсанми?”
Ҳамроҳларимнинг барчаси яқинлари билан қўнғироқлашади. Ўзининг зиёратидан тортиб, уйдагиларнинг ҳолидан хабар олмоққа ҳам ошиқади.
Ана шундай дамларда шерикларимдан бири Худога шукр, юртимиз тинч, оиламиз хотиржам, шу сабабдан ҳам биз бемалол сайр-у саёҳат қилиб юрибмиз-да, деб қолди.
Дарҳақиқат, юртимиз тинч бўлмаса, оилавий хотиржамлик бўлмаса, биз бошқа вилоятларда, оиламиздан минглаб чақирим узоқларда шунчалар бемалол жаҳонгашталик қилиб юрармидик?
Ҳамроҳимнинг гапига тўлиқ қўшиламан. Ҳозирда айрим давлатлардаги сиёсий вазиятлар, хунрезликлар, мақсадсиз урушлар бўлаётган бир вақтда, одилона сиёсат билан иш юритаётган юртимиз фақат ва фақат олға қадамлар билан олдинга интилмоқда. Фаровон турмуш тарзини шакллантиришда самарали ишлар олиб борилмоқда. Қилинаётган ишларни кўриб, кўксимизда ифтихор туйғуси жўш уради.

*****
Блог бошида бир масала юзасидан “кейинроқ айтаман деб ўтиб кетган эдим.
Юқорида номи келтирилган аканинг дадалари таъкидлагандек, шапка (қалпоқ) барибир керак бўлди.
Қаерда, дейсизми? Унда эшитинг!

Шаҳрисабздан Самарқандга қайтаётганимизда Китобнинг довонидан ошадиган бўлдик. Тоғнинг чўққисига чиқиб, тоғ хавосидан баҳраманд бўлиш, табиатнинг чиройли манзарасини фотоаппаратларимизга муҳрлаб олиш учун ярим соатдан кўпроқ муддатга тўхтадик. Аксига олиб, пиёда сайр этаётганимизда шаррос ёмғир қуйиб юборса бўладими. Ана ўшанда Ҳабибубулло акам ҳаммамизга кўз-кўз қилгандек, бамайлихотир сумкасидан шапкасини олиб, бошига кийиб олди.
Ана ота-оналар нимани ҳис қилади!
Уларнинг борига шукр. Умрлари узоқ бўлсин!

Хулоса ўрнида
Бир ҳафтага яқин зиёратим давомида фикру хаёлим доимо блогерлар танловида бўлди. Ҳар бир блогни катта қизиқиш билан ўқиб, кузатиб бордим. Ҳакамларнинг қўяётган баҳоси-ю, уларнинг блог мазмунига билдирган фикрлари менда катта қизиқиш уйғотди.
Блогерлар танлови ва ҳакамларимиздан бирининг эътирози сабаб, ўзимнинг шахсий блогимни очдим. Одноноклассники сайтига жойлаб борган аввалги ҳикоя ва шахсий мулоҳазаларимдан ўндан бирини жойлаб ҳам қўйдим.
Қизиққанлар учун марҳамат!
Демоқчиманки, юртимизда мана шу каби танловлар тез-тез ўтказилиб турилса, бугунги кундаги ёшларимиз учун фойдали ислоҳотлар учун ажойиб дебоча ва биз каби ҳаваскор қаламкашлар учун ўзни синамоқликда катта бир майдон бўлар эди.
Ушбу узундан-узун ёзғуларим билан саёҳат ва зиёратга аталган мақола(блог)нинг ниҳояси етиб келганини расман эълон қиламан.
Сабр билан охиригача ўқиб чиққанларга ташаккурларим!


Иқбол Юсуф

2 комментария:

  1. Иҳм-иҳм.
    Мақола, блог, турфа майда сарлавҳалардан иборат каттагина фикрлар жамланмаси, қисқаси нима деб атасакда, ўқиётган кишининг бир тарафдан ифтихор ҳисларини жилолайдиган, бошқа тарафдан давр муаммоларини тахлил қилмоққа ундайдиган ажойиб ёзғурмиш бўлибди.
    Ажойиб? Ҳа, ажойиб.
    Зўр? Ҳа, зўр.
    Лекин, шунчаки мақтовдан ҳам, жуда узун, андак саёз каби кишининг ғашини қитиқловчи асоссиз танқидлардан ҳам тийилмоқ мақсадга мувофиқ, назаримда.
    Ёзганларингиз жуда самимий. Шуниси муҳим.
    Керакли мавзулар. Керакли муаоммолар (!). Ажойиб юмор-у ва яна бир қатор жиддийликларга йўғрилган нафис ижод намунаси. (Андак ошириб юборган бўлсам, хафа бўлиш йўқ)

    Қисқаси манга ёқди.
    Каминанинг кўнгли ҳам сафарга чиқмоқликни беихтиёр тусаб қолди ва ушбу орқали сизнида бу сафарга ҳамроҳ бўлмоқликни миллионлаб (муболағасиз бўлмайдида) мухлислар олдида таклиф қилиб қоламан.

    Мавзуни яхши танлабсиз. Мотивация дуруст. Кичик сарлавҳалар каттароқ мавзуларга дебоча бўлаётгани кўриниб турибди.
    Омад тилайман.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Раҳмат Баҳромжон дўстим, нима демоқчи бўлганимни хис қилиб ўз мулохазаларингиз ва фикрларингиз билан ўртоқлашганингиз учун ташаккур!
      Шу билан бирга қачондир, блог юбилейини қилганимда, биринчи изох қолдирган инсон сифатида ушбу блогим тарихида ҳам қолдингиз.

      Удалить