Показаны сообщения с ярлыком ҳаёт. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком ҳаёт. Показать все сообщения

среда, 23 декабря 2015 г.

Кондуктор, балиқ, арча


- Ўғлим хали ёшсан, Насибага она керак. Яҳшилаб ўйлаб кўр! Нодира энди қайтмайди! Бир умр ҳам ота ҳам она бўлиб яшай олмайсан! Мен қариб қолдим, хар доим иссиқ совуғингдан хабар ололмайман, уйланишинг керак болам!
Онаҳон сўққабош бўлиб қолган ўғлидан хавотир олиб, яна уйланиш масаласида сўз очди.
- Онажон яна шу гапни бошладизми? Сизга айтгандимку ҳали уйланишга тайёр эмасман деб, - Акбарали онасинидан бу гапни кунда кун ора эшитаверганидан бироз эриш туйилаётганди. Чойини апил-тапил ичди-ю, ишга кеч қолаётганини айтиб, кўчага ошиқди.

***
Акбарали ва Нодира бир институтда ўқиди, ўқиш давомида аҳду паймон қилишди. Ўқишни битириб Акбарали Нодираникига совчи юборди. Икки томондан рози-ризолик олиб, никоҳ ўқитишди. Уч-тўрт йил фарзандли бўла олмадилар ва ниҳоят тўйларига беш йил деганда Нодира бўйида бўлди. Бу хабарни эшитган барча қариндош-уруғ хурсанд бўлишди. Акбарали ва Насиба ҳаммадан ҳам кўпроқ суйинишди. Ҳомиладорлик вақти Нодирада жуда оғир кечди. Ҳомила олти етти ойлик бўлганида шифкорлар жарроҳлик йўли билан олиб ташлашни таклиф қилишди. На илож бу таклифга ҳамма рози бўлди, лекин биргина Нодира ҳаммадан устун келди. "Мен албатта туғаман!" деб, туриб олди. Шифокорлар, "Чақалоқ жарроҳлик йўли билан дунёга келади, жарроҳлик амалиётида эса онадан айрилиб қолиш хавфи бор!" деб қайта-қайта таъкидлашса ҳам Нодира кўнмади.
- Майли менга нима қилса ҳам розиман, чақалоқни жонини сақлаб қолсаларинг бас! - деб, аҳдида қатъий туриб олди.
Ой куни яқинлашди. Нодиранинг барча яқинлари, айниқса Акбарали катта бир ҳадик билан тўлғоқ вақтини кута бошлади. Вақт келди. Нодира жарроҳлик столига ётқизилди.
Ташқарида барча яқинлари тинмай дуода бўлди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, жарроҳлик хонасининг эшиги очилиб, эшик ортидан бош жарроҳ кўринди. Шифокорни кўриши билан Акбарали ёнига югуриб борди:
- Ака Нодира яҳшими? - биринчи сўзи шу бўлди унинг.
- Табриклайман қизалоқли бўлдингиз! - деди шифокор,  бироз чарчоқ ва хоғин овозда.
- Ака Нодира яҳшими? - қизли бўлганлик хабарини деярли эшитмади ҳам.
- Бардам бўлинг ука! Қўлимиздан ҳеч нима келмади, онасини сақлаб қола олмадик...
Акбаралининг кўз олди қоронғулашиб, қўлларида қалтироқ турди, шифокорнинг сўнгги сўзлари эшитилмай қолди.
- Э Ҳудо!

Нодиранинг туҳфаси деб қизалоққа Насиба деб исм қўйишди.

***
Акбарали автобусга чиқиб ойнага яқин бўлган ўриндиққа ўтирди, нигоҳларини ойна орқали кўчага қадаб бироз ҳаёлга чўмди. Нодирани ёдга олди. У билан ўтқизган кунларини хотирлади. Хар куни мана шу йўлдан институтга бир автобусда қатнар эди. Нодира кейинги  бекатдан чиқар ва биргалашиб институтгача суҳбатлашиб кетар эдилар. Қайтишда эса, суҳбатларини давомлатиб яёв қайтишни ҳуш кўрардилар.
Ўша кунларни ёдга олиб, Акбаралининг киприклари намланди. "Қани энди вақт саккиз йил ортга сурилса-ю, кейинги бекатдан яна Нодирани автобусга чиқаётганини кўрсам, у билан худди талабалик давримиздагидек хазил-хузул қилиб гаплашиб кетсак" деб ҳаёл сурди.

- Кечирасиз! Ўғлимни ёнигизни олиб кета оласизми? Тиқилинчда одамларни оёғи остида қолиб кетяпти, - майин ва ширали бўлган бу овоз Акбаралини ҳаёлини бузди. Ойнадан кўзини олиб, чақирув бўлган томон юзланди. Қаршисида оппоқ юзли, кўзлари бироз синиққан, қўлида бир даста чек қоғоз кўтариб олган ёшгина жувон, болакайни елкасидан ушлаб олганча турарди.
- Хўп бемалол, қани келчи болакай!
- Раҳмат! - деб, ўғлига бироз жилмайган куйи, - Мен хозир-а ўғлим автобусни бир айланиб чиқай, келаман олдингга! – деганча, автобуснинг бошқа томонида кетаётган одамлар орасига сингиб кетди.
- Ассалому алайкум! - деди болакай. Жуда ҳам ёқимтойгина бўлгани учун Акбаралини эътиборини ўзига тортди ва  уни суҳбатга чорлади:
- Ваалайкум ассалом! Исминг нима ўғлим?
- Жаҳонгир, - деди болакай оғир вазминлик билан.
- Мактабга кетяпсанми? - деди Акбарали болакайнинг орқасига илиб олган сумкасига ишора қилиб.
- Ҳа, - деди болакай.
- Нечинчи синфда ўқийсан?
- 3- синфда.
- Баҳоларинг неччи? - қизиқиб яна саволга тутди Акбарали.
- 5 амаки.
- Ҳа яшавор! Ўғил бола дегани мана бундоқ бўлибди. Кондуктор аёл ойингмилар?
- Ҳа ойим, яқинда автобусга кондуктор бўлиб ишга кирдилар.
Бу вақтда автобус шахар марказидаги байромона усулда безатилган катта Арча ёнидан ўтаётган эди.
- Вой ана арча!- беҳосдан қичқириб юборди болакай.
- Амаки сизни ҳам болаларингиз борми? - энди савол бериш навбати болакайга етди.
- Ҳа бор! - деди Акбарали.
- Сиз ҳам уларни Янги йил арчасини айлантиришга олиб чиқасизми?
- Хозирча йўқ, чунки у ҳали жуда ҳам ёш.
- Ҳа шунақами, мени дадам хар йили олиб чиқардилар.
- Демак, даданг жуда яҳши эканларда!
- Ҳа улар, жуд-да ҳам яҳши! Ҳамманинг дадасидан ҳам яҳши!
Дадасини мақташидан қувониб, у хақида сўрамоқчи бўлди.
- Даданг ким бўлиб ишлайди?
- Дадам хозир ишламайди. У киши йўқ!
- Ие бу нима деганинг? Нега йўқ?
- Мен мактабга кирган йили бизларни ташлаб кетган. Мен уларни жуда соғинаман.  Ота-онаси ажрашиб кетган бўлса керакда деб ўйлаб, ноўрин савол бериб қўйганидан хижолат чекди. Болакайни кўнглини кўтариш учун, гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди.
- Кўп куйинма Жахонгир, даданг хали келади, яна сени Янги йил арчасига олиб чиқади.
- Йўқ энди улар келмайди, ойим айтганлар, дадангни соғинсанг осмонга қара улар ўша ерда сенга қараб турибди дейди.
Болакайни гапларини эшитиб, Акбаралини кўнгли бузилди. "Демак, дадаси худди менинг Нодирам сингари бу ёруғ оламни эрта тарк этган" деган таҳмин қила бошлади.



- Зерикмай ўтирибсизларми? Ўғлим сизга савол беравериб чарчатиб юбормадими? - боласини бегона одамга ташлаб кетганидан хижолат бўлиб, кела солиб узр сўрай кетди кондуктор аёл.
- Э йўқ аксинча, бу болакай жуда ақлли экан, мазза қилиб гаплашиб кетяпмиз.
Исмингиз нима?
- Зилола, - деди, уялибгина.
- Ҳа яҳши, мени исмим Акбарали  танишганимдан хурсандман, Зилола энди менга узр, бекатим яқинлашиб қолди, кейинги сафар Жаҳонгир билан суҳбатимизни яна давом эттирамиз, хозирча хайр ўғлим!- деди-да, ёқимтой болани бошидан силаб автобус эшиклари томон кетди.

***
Шу-шу улар тез-тез анашу автобусда учрашадиган, Жаҳонгирни ўз ўғли сингари кўриб, онасига ҳалал бермаслик учун уни ўзи билан тушадиган бекатигача олиб кетадиган бўлди.
Зилола ҳам чекларини янги чиққанларга тарқатиб бўлгач, Акбарали билан кетаётган ўғлини олдига борар, ўғли сабаб иккиси бироз суҳбатлашадиган бўлишди.
Акбаралини бир савол қийнар эди, турмуш ўртоғи нима сабабдан бу дунёни тарк этган бўлиши мумкин? Касалликми, автохалокатми ёки бошқа бир сабаб биланми? Жаҳонгирдан сўрамоқчи бўлди-ю, лекин ботина олмади, яна ярасини янгилаб, дадасини ёдига солиб қўйишни ўзига лозим топмади.
Зилолани ўзидан сўраб оламан деган фикрга келди.
Бу орада Зилолани бева эканлигини, ўғли билан қизлик уйида акаси ва унинг оиласи қаторида уч хонали квартирада бирга яшашлигини, акасининг топиш тутиши ҳам ўзига яраша эканлигини ва шу сабаб рўзғорга ёрдами тегиши учун кондукторлик қилаётганини Зилоланинг ўзидан сўраб билган эди.
- Зилола кўнгилга олимасангиз, бир саволим бор эди.
- Эримдан кейин "оғзини этак билан ёпиб бўлмайлиган айрим одамлардан" жуда кўп ситам кўрдим-ки, хозирда унча бунча гап сўзларга эътибор ҳам қилмайман, кўнглимга ҳам олмайман.
- Унда яҳши! Турмуш ўртоғингиз нима сабаб оламдан ўтганлар?
- У киши жуда кўп ишлар эдилар, бўш вақтлари жуда кам эди. Ўртоқлари билан ҳам чойхонага вақт топа олмасдилар. Байрам арафаси ишидан икки кунга жавоб бўлди, Акбаралини байрамга олиб чиқаман деб ваъда қилганди, ўртоқлари дам олишини қаердан эшитишди-ки, дарҳол у кишига телефон қилиб, анҳорга балиқ тутишга бориб, биргалашиб дам олиб келишни айтишди. Бу ёқда ўғлига ваъда бериб қўйган, у ёқда анчадан буён бирга хордиқ чиқара олмай юрган қадрдон ўртоқлари. Иккиланиб қолди. Ўшанда биргина сўз билан, "Ўғлингизга ваъда бергансиз дадаси" деб, олиб қолсам бўларди мен аҳмоқ, лекин индамадим, қаршилик кўрсатмадим ҳам, "бормасам бўлмайди, дам ҳам олиб келаман" деди-да, ўртоқлари билан шахар ташқарисига чиқиб кетишди.
- Хўш балиқ овида бирор кўнгилсизлик бўлдими?
- Афсус ўша куни икки оёқда хонадонимиздан чиқиб кетган инсонни кечга бориб шум хабари келди. Балиқ овига бориб, қармоқда балиқ тутишга тоқати етмай, қайсидир ўртоғининг гапи билан анҳор ёқаси бўйлаб ўтган кучланиши катта бўлган токдан сим улаб бир учини анҳорга ташлабдилар. Оз-моз кайфи ҳам бўлган экан. Кучли ток сабаб, анҳордаги балиқлар карахт ахволда сув юзасига чиқа бошлаган. Қайси ҳаёл билан бўлиб, бу киши ўзини сувга отган, натижада ток уриб, ўша жойнинг ўзида юраклари уришдан тўхтаган.
- Жуда ҳам аянчли воқеа, афсус, сизга сабр берсин синглим! - деб, Акбарали Зилолага ҳамдардлик билдирди.


***

Акбаралани онаси бу гал ўғлини уйлантиришга кўндиришнинг янгича усулини топди. Хар доимгидек, ишдан келиб овқатланиш учун ўтирган ўғлига сўз қотди:
- Акбарали ўғлим, сенга ҳушхабарим бор!
- Хўш онажон, айтингчи қандай хушхабар экан?
- Насибаҳон гапира бошлади, - деди, тиззасида олиб ўтирган чақалоқни эркалатиб.
- Жуда яҳши бўлибди-да, қани гапирингчи қизим! Битта "дада" деб қўйингчи  асал қизим! - қизининг тили чиққанидан қувониб кетиб, кетма-кет гапиртиришга урина кетди Акбарали.
- Қани жон қизим, битта "дада" денгчи!
- А-я, а-я!
Онаҳон ҳам неварасини гапиришини ўзи эшитмаган эди, шунчаки ўғлининг кўнглини юмшатиб, уйланишга кўндирмоқчи эди.
Насибанинг тили "она" деб чиқди, у тўхтамай "ая" дея бошлади.
Акбаралидан ҳам кўра, унинг онасининг кўз ёшлари селдек оқа бошлади.
Онаҳон ёноқларига оқаётган кўз ёшларини артиб:
- Энди онасини қаердан топиб бераман ўғлим?- бу гал жиддий сўроққа тутди онахон Акбаралини.
Акбарали бир муддат жим бўлди, бир дақиқада минг хил хаёл ўта бошлади. Хар қанча уринмайлик болага ота, онани ўрнини, она эса отани ўрнини боса олмас экан-да!”
Ва ниҳоят Акбарали тилга кирди:
- Она, мен розиман!
- Шукр! Хайрият! Бўлмаса мен харакатимни бошлай а, айниб қолмасингдан бурун, бир иккита кўз остимга олиб қўйган қизлар бор.
- Шошманг онажон, кўз остингизга олганларингизни қўя туринг, қаерга совчиликка боришингизни мен биламан, - бироз онасидан хижолат тортганча.
- Биласан, вой ўғлим эй, айтчи қани ким экан у қиз?
- Яшайдиган манзилини билмайман-у, лекин қаерда ишлашини биламан! Хохласангиз, эртага мен билан бирга автобусга чиқинг, ўша ерда таништириб қўяман.
- Автобусда?!
- Ҳа шундай онажон!

****



Шундай қилиб, дўстимиз Кама Ноирнинг ажойиб танлови сабаб Жахонгир Янги йил куни дадаси билан Арча атрофида мазза қилиб айланадиган бўлди.

четверг, 2 июля 2015 г.

Чўққи ва альпинист


Балоғатга етган қиз бола бир чўққи мисолки, уни кўрган йигитлар альпинист каби ўша чўққига интилаверади.
Чўққини забт этиш эса, ўша қиздан севги изхор қабул қилиш, яъни "Мен ҳам сизни севаман!" деган жавоб билан якунланади.
Йигитларнинг қизларга бўлган севгиси альпинист каби чўққини забт этиш билан белгилар эканман, билингки қизларжон, альпинист ҳеч қачон битта чўққи билан кифояланиб қолмайди. Ўз хаёти давомида камдан-кам альпинист биргина чўққи билан кифояланади. Бирини забт этиб улгурдими, бошқасини ҳам забт этгиси келаверади. Чўққини забт этиш қанчалик осон амалга ошса, янгисини забт этишга бўлгган қизиқиш тобора ортиб бораверади.
Айрим альпинистлар бор, бир йўла икки ёки учта чўққини бирваракайига забт этишни кўзлайди. Якунда эса, танлаган чўққиларнинг бирортасини забт эта олмай тоғу-тошлар орасида аросатда қолиб кетади, изсиз йўқ бўлиб кетади.
Яна бир альпинистлар борки, чўққини забт этиш уларнинг оддий эрмаги хисобланади. Улар ўзини қийнаб чўққига тирмашиб чиқишни лозим топмайди, улар бой, хар қандай техникадан фойдалана олади ва ўша техникаси орқали чўққининг устига юқоридан қўниб қўя қолади. Чўққига қўнгач,  турли туман чиқиндилар ташлаб ўзидан қора из қолдиришга уринади. Афсуски, кўплаб баланд тоғлар унинг макр хийласига алданиб, номсиз нишонсиз, изсиз дунёда қолиб кетади.    
Шу ўринда ўз эркини баланд тоғларга қиёс қилаётганим, қизларжонга маслахат.
Ўз чўққингизни забт этишига йўл қўйманг!
Чўққига интилаётган вақтда унинг йиқилишини, қояларга чирмашиб чиқаётган вақтда қўлларини қадоқ бўлишини кўриб унга рахмингиз келмасин.  Ўз иродангизни баланд тоғлардек мағрур, қоя тошлардек мустахкам, қаддингизни ғоз, қадрингизни устун қилиб тураверинг!
Ўша альпинист (йигит)нинг бутун хаёти давомида йиқилиб, туртиниб чиққани фақат сизнинг чўққингиз бўлсин!
Сизни забт этиш шунчалик мушкул иш бўлсинки, қайтиб бошқа чўққига кўз олайтирмасин!


"Топганим, чиқа олганим, куч-қувватимни етгани мана шу чўққи бўла қолсин!" деган тушинча пайдо қилинг, унинг наздида!
Охир-оқибат ўша чўққида бир умр қолиб кетсин!


Иқбол Юсуф.

понедельник, 8 июня 2015 г.

Тушкунликнинг ажойиб ечими


Ишимдаги хафагарчилик!
Оиладаги тушунмовчилик!
Кундалик ташвишлар!
Қисқаси, хаёт синовларидан безиб, уларни ўйлаб ярим кечга қадар ухлай олмадим, тонгга яқин кўзим илинибди. Уйқу кам бўлганлиги сабаб, эрталаб базўр ўрнимдан турдим. Яна ўша ташвишлар, яна ўша муаммолар миямда чарх ура бошлади. Ойнага қарадим, юзимни синиқлигини кўрган одам "ухлаб дам олган киши" демайди. Ойнадаги ўз аксимга бир муддат тикилиб туриб, миямга келган фикрдан хурсанд бўлиб кетдим. Телефонимни ўчирдимда, ҳеч кимга ҳеч нима демасдан, (хатто аёлимга ҳам), тўғри қишлоққа жўнадим. Қишлоқ гузаридаги қассобхонадан бир кило қўй  гўштининг юмшоқ жойидан олиб, ёнига икки дона иссиқ нон ҳам олдим.  Шўрвани қозонга ташлаб, кечгача онажоним билан ёнбошлаганча мириқиб суҳбатлашдим. Чақалоқлик давримдан бошлаб то уйлангунимгача бўлган кунларни ёдга олдик. Уйга қайтиш олдидан ота-онамнинг узундан узун дуоларини олдим. Кеч тушгач яхши кайфият билан уйга қайтдим!
Эртасига  кўтаринки кайфият билан уйғондим. Кун бўйи йиғилиб ётган ишларимни ўзгача иштиёқ билан бажардим. Ҳамма муаммоларим бартараф қилингач, ичимда "доимо ота-оналаримиз соғ бўлишсин" деб ният қилдим.
Дунёдаги жамики ота-оналар, дунё тургунча туришсин!

Иқбол Юсуф.

среда, 13 мая 2015 г.

Ёлғончи

Ёлғончи...

1.
Куз охирлаб қолди. Хазон фасли бошланди.Ҳаммаёқ сарғиш рангга бўялгандек. Турналар ҳар йилгидан эртароқ қайтди. Қиш вақтлироқ келадиганга ўхшайди.
Айвонда ўтирган Соли отанинг аёли Ойниса хола билан суҳбати қовушмайди. Соли ота кўрган тушини мушохада қилиб, хаёли олислаб кетган. Кўрган тушини ҳам, ўйлаган ўйини ҳам аёлига айтишининг йўлини билмайди.
Отанинг тушига Афғондаги ўғли кирибди. Елкасида қопча кўтарганча кириб келаётган эмиш. Бу яхшиликка албатта. Аммо ўғли ўзларининг уйи қолиб, бошқа тарафга қараб кетаётган эмиш. Соли ота ана ўшани ўйлаб хаёли паришон. Ана шуни яхшиликка йўя олмай, кўнгли хуфтон.
- Бирон нима деб ўтиринг, - дейди чой узатаётган аёли, - Оғзингизга талқон солиб ўтиришни кимдан ўргандингиз?
- Хўш, хўш,- дейди Соли ота, - талқон солганим йўқ.
Барибир Соли ота бирон нима демайди. Яна тасбех ўгиради. Пичирлаб дуо ўқийди:
- Илоё, ўзинг сақлагин!
Соли отанинг кўнгли бекорга ғаш эмасди. Афғондаги уруш авжига чиққан кўринади. Афғон тарафлардан нохуш хабарлар келаётган эди. Нортўхтанинг ўғли бир қўлидан айрилиб келди, Қиличнинг ўғли оёқсиз. Амирқулнинг ўғлини темир тобутда олиб келишди. Юқори гузардан бирданига иккита йигитнинг ўлиги келди.
Баҳодир Соли ота билан Ойниса холанинг ёшлари қирқдан ошганда тилаб тилаб олган ўғли. Отанинг икки йилдирки, еганлари ичига тушмайди. Устига Баҳодиржондан ҳам хадеганда хат келавермайди. Икки йилда бор йўғи тўрттагина хат олишди. Охирги хати келганига ҳам беш ойдан ошди. Ота-она кундузлари тиконзор оралаб юришса, кечалари игнанинг устида ётгандек ухлашади. Соли ота ҳам, Оайниса хола ҳам ким Афғондан келса, энг аввал бориб, зиёрат қилади. Сўрайдиган саволлари ҳам бир хил:
- Мободо, Баҳодиржонимизни кўрмадингми?
Солижон ота ҳам, Ойниса хола ҳам фарзанди тобутда келганлар билан баб-баровар азадор бўлишади. Ногирон бўлиб қайтганлардан Соли ота тез-тез хабар олиб турарди. Айниқса, Боймирзанинг иккала кўзидан ҳам айрилиб келган ўғлини кўрганда, кўз ёшларини тия олмайди, урушни лаънатлайди.
Соли ота яна тасбеҳ ўгирди:
- Илоё боламнинг тўрт муччасини соғ қайтар!

2.
Соли отанинг хаёлларини почтачи йигит Нодирнинг овози бўлди:
- Соли ота, хов ота уйдамисизлар?
- Кел, Нодиржон, - ўрнидан қўзғалди Соли ота.
- Уйда бўлмай, қаерда бўлар эдик, ўғлим?
- Қўзғалманг, ўтираверинг! - Нодир велосипедини деворга суяб қўйиб, Соли ота билан қўл олишди.
- Ассалому алайкум ота, яхши ўтирибсизларми, соғ-омонмисизлар? Ойниса хола сиз ҳам яхшимисиз?
- Келинг, болам, - саломлашди Ойниса хола, - келинг тўрга ўтинг!
Нодир чиқиб Соли отанинг ёнига ўтиргач, Ойниса хола узатган чойни олиб, бир хўплаганча, пиёлани дастурхонга қўйди.
- Соли ота топингчи сизларга нима олиб келдим?
- Нимаям олиб келардинг, пенсиямизни олиб келгандирсан-да?
- Умуман топа олмадингиз, бу гал бошқа нарса олиб келдим, - сумкасидан битта хат чиқариб, худди ёш болалардек уни юқорилатиб ўйнатди.
- Ўғилларингдан хат олиб келдим. Фақат суюнчи берсаларинг, кейин бераман.
- Баходиржондан?  -Соли отанинг ишонгиси келмади.
- Суюнчи сиздан айлансин а, боламдан хат келибдими? Баходиржонимдан а?- ўрнидан туриб кетди Ойниса хола. Ичкаридан битта атлас белбоғ олиб чиқди.
- Мана Нодиржон болам, Баходиржонни сепига солган эдим. Суюнчига манашу қийиқни олинг! Яҳши кунларга буюрсин, болам!
Нодир қийиқни олиб, хатни Ойниса холанинг қўлига тутқазди.
- Болажонимдан келибди-я, Баходиримжонимдан келибди-я, - кўз ёшлари юваётган Ойниса хола хатни ўпиб юзларига суртди.
- Э бўлди е! - Соли отанинг сабри тугади, - хатнинг ҳам ҳамма ёғини хўл қилиб юбординг-ку! Нодиржон холангнинг қўлидан хатни ол, ўғлим, ўзинг ўқиб бер!
Нодир хатни олиб, ўқитувчисига жавоб бераётган ўқувчидек дона-дона қилиб ўқишни бошлади:
"Салом хат. Ассалому алайкум дадажон! Ассалому алайкум онажон!“
- Ваалайкум ассалом болам, - алик олди Ойниса хола. Хатни бўлгани учун аёлига бир хўмрайиб қўйди, Соли ота.
"Яҳши ўтирибсизларми? Соғлиқларингиз яхшими? Қишлоғимиз тинчми? Эгамқул амакиникидагилар ҳам яхши юришибдими? Мен яҳшиман. Мендан хавотир олманглар. Ҳа айтганча, сизларга бир янгилигим бор. Хизматимиз якунлаб қолди. Декабрнинг бошларида қайтаман. Худо хоҳласа. Доим соғ омон бўлинглар. Тез орада уйда бўламан деб ўғлингиз Баходиржон".
Бундай пайтда аёллар нима қилса, Ойниса хола ҳам шундай қилди. Соли отанинг ҳам юзидан севинч ёшлари думалади.
Соли ота узундан узоқ дуо қилди ва Нодир почтачини кўчагача кузатиб қўйиб, ховлига қайтди.
- Отаси, Худойимга  шукур, ўғлимиз қайтяпти экан, энди тўй қиламиз. Эртагаёқ оғилдаги новвосни бозорга олиб чиқинг! Назиранинг бошини боғлаб қўйганимизга ҳам икки йилдан ошди. Баходиржон келиши билан тўйни бошлаб юборамиз.
- Хўп, онаси, хўп, сен айтгандек қиламиз, - деди Солижон ота, аммо ўғлидан хат олиб ҳам негадир кўнглидаги ғашлик тарқамади....

3.
Назира Эгамқул амакининг қизи. Баҳодир армияга чақирилмасдан олдин фотиҳа қилиб қўйишганди. Дарров тушириб олишмоқчи эди-ку, лекин Баҳодирни кутилмаганда харбийга чақириб қолишди. Афғонга кетишини ҳам олдиндан яширмай айтишди.
- Сизни ёмон кўраман, - деди Назира у билан хайрлашгани борган Баҳодирга, - Сиз ёлғончисиз!
- Вой жинни қиз нега ёмон кўрасан а?
- Нима? Қани айт-чи, сени нима деб алдадим?
- Хеч қачон сени ташлаб кетмайман дегандиз-ку!
- Ҳа, ҳозир ҳам айтаман, сени хеч қачон ташлаб кетмайман!
- Ана, яна ёлғон гапиряпсиз, ташлаб кетяпсиз-ку!
- Хизматга бориш йигит кишининг бурчи, "Ватаним чорлади, мен "Лаббай!" деб жавоб бердим. Икки йил тез ўтиб кетади. Келишим билан тўй қиламиз.
- Сиз оддий хизматга эмас, урушга кетяпсиз-ку!
- Сен қўрқма, "қирқ йил қирғин келса ажали етган ўлади" дейишади. Азизам, мен сени дея ўлмайман, урушдан ҳам соғ омон қайтаман. Хали сен билан узоқ ва бахтли хаёт кечирамиз...

4.
Соли ота новвосни яҳши пулга сотиб, бозордан қайтди.
- Келдингизми отаси? - ўғлини келишини эшитгандан бери, кўчанинг бошида йўл пойлаб ўтирадиган одат чиқарган Ойниса хола эрини гузар бошида кутиб олди.
- Халиям кўчадамисан онаси? Юр уйга, тўй харажатларининг  маслахатини қиламиз!
Чол кампир айвонда ўтирганча, тўй харажатларининг маслахатини қила бошлашди.
Ташқаридан эса юк машинасининг овози эшитилди. У Соли отанинг дарвозаси олдига келиб тўхтади. Дарвозадан бегона одамнинг чақирган овози эшитилди:
- Уйда ким бор?
- Хозир, хозир, - Соли ота дарвоза томон шошилди. Ташқарида икки нафар зобит хомуш қиёфада турар эди.
- Соли отанинг хонадоними бу?
- Ха шундай, - ичи шувиллаб кетди Соли отанинг, - Менман Соли ота. Келинглар уйга киринглар!
- Баҳодир Сулаймоновнинг отасиз-а, шундайми?- деди, зобитларнинг каттаси.
- Шундай, - деди ичида, "Ишқилиб ўйлаган нарсам бўлмасин-да" деб хаёл қилди Соли ота.
- Ёшингиз улуғ инсон экансиз, ҳамма нарсани тушинасиз деган умиддаман, - деди халиги зобит.
- Ишқилиб тинчликми? - овози титради Соли отанинг.
- Ота бардам бўлинг, ўғлингиз Баҳодир Сулаймонов душманлар билан бўлган аёвсиз жангда қахрамонларча халок бўлди.
- Нима? Эй Оллох! - "оҳ" тортиб юборди Соли ота.
- Ота сизларга сабр берсин, машинада тобутини олиб келдик. Мана бу пулни қўмондонлик берди, маъракаларига ишлатарсизлар.
Соли ота, пулларга эътибор ҳам бермади. Бир хил сўзни такрорлаб фарёд ураверди:
- Онасига нима дейман энди? У бечора бу хабарни кўтара олмайди. Ўғлим! Бола-а-ам!
Ойниса хола эрининг ташқаридаги фарёдини эшитибоқ, хушидан кетди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилди. Йиғи сиғи овози осмонга ёйилди.
Тез ёрдам машинаси келиб, шифокор Ойниса холани ўзига келтирди.
- Вой бола-а-ам! Сен ўлгинча мен ўлсам бўлмасмиди? Болажоним! Энди нима қила-а-ман!
Она тинмай йиғларди. Хўнграб хўнграб, гапириб гапириб йиғлар эди. Хеч кимнинг гапига қулоқ солмас, хеч кимнилг гапига кирмас эди. Соли ота эса, бир четда мук тушиб жимгина ўтирар, на бировга гапирар на йиғлар эди.
- Эй, Худо, бу қандай фожеа? Бундан кўра жонимни олгин художон!
Бирдан Ойниса хола ўрнидан сапчиб турди ва ўзини ховлида турган темир тобутга отди:
- Йўқ бу менинг болам эмас, бу менинг Баходирим эмас одамлар! Менинг ўғлим ўлган эмас! Баҳодорим ўлмайди!
Қўни қўшнилар Ойниса холани тинчлантирмоқчи бўлиб, уни нарироққа олиб кетмоқчи бўлдилар, лекин она тобутни қучоқлаганча қўйиб юбормас эди.
- Қани, очиб кўрсатинглар ўғлимни, бу лаънати темир тобутларингни!
- Мумкин эмас! Бунга ҳеч кимнинг хаққи йўқ! Тобут очилса, биз қамалиб кетамиз!
Ойниса хола хар қанча уринмасин, тобутни олиб келган зобитлар уни очишмади.
Тўй учун сотилган молнинг пуллари Баходирнинг маъракаларига сарфланди. Ойниса хола аввал оёқдан қолди. Йиғлайвериб кейин тилдан қолди.
Соли ота одам ови бўлиб қолган, хеч ким билан гаплашмас эди.
Эгамқул амакиникидагилар ҳам аза тутишди. Назира ҳам кўк кийди. У ҳам айтиб айтиб йиғлади:
- "Хеч қачон ташлаб кетмайман" дегандингиз, "хали сен билан узоқ ва бахтли яшаймиз" дегандингиз, мен билан бир кун ҳам яшай олмадингиз-ку?

5.

Қирқ кун қишлоқ мотам тутди. Қирқ кун қишлоқда тўй, ўйин кулгу бўлмади. Ёш яланг бемаврид кўчага чиқмади. Болалар кўчада копток тепмади. Маҳалладаги аёлларнинг бари кўк кийди.
Эртага маъракаларининг сўнгиси, қирқ.
Соли ота айвонда ўй суриб ўтирар, тун ярмидан ўтган бўлса-да, унинг уйқуси келмас эди. Асли ҳам кам уйқу бўлган Соли ота, бошига тушган кулфатдан умуман ухламай, тунни ўтказа олмай, қийналар эди.
Тун сокин осмонда юлдузлар жимирлайди. Кечалари хаво совиб қолган, аммо Соли ота ичкарига кирмайди, ичкарига кирса хаво етмаётгандек, биров уни буғаётгандек бўлаверади. Шунинг учун айвонда ўтираверади. Аллақаерда бойўғлининг хунук сайрагани эшитилди. Соли ота бойўғлининг сайрашини ёқтирмайди. Яхшиликка сайрамайди дейди.
- Овозинг ўчсин!
Шу пайт очиқ турган дарвозадан махалла оқсоқоли Абдухолиқ аканинг ўғли Рустамжон кириб келди.
- Ассалому алайкум Соли ота.
- Ваалайкум ассалом, кел ўғлим, - савол назари билан қаради Соли ота.
- Ота, сизни дадам йўқлаётган эди.
- Нега дадангни ўзи чиқиб қўя қолмади болам? - кўчага чиқишни хохламайгина сўради Соли ота, -Менда нима иши бор экан?
- Билмасам, эртанги маъраканинг маслахати бўлса керак-да, майли, ота мен кетдим.
- Хўп бир пас туриб кираман, -деб, кузатди Соли ота хушламай.
Соли ота "Маҳаллақўм нега чақирди экан?" деб, бироз ўйланиб турди-ю, уникига қараб йўлга тушди.
Оқсақолнинг дарвозаси очиқ экан, томоқ қириб ичкарига кирди.
- Раис уйдамисан?
- Келинг Соли ака, кираверинг, -пешвоз чиқди оқсақол,- Ассалому алайкум, ака, бардаммисиз?
- Шукур юрибмиз, тирикларнинг ичида ўликка ўхшаб, - қўл узатди Соли ота.
- Манабу ёққа ўтинг!- оқсоқол Соли отани тўрга ўтқазди, - Қани, дуо қилинг!
- Тинчлик бўлсин! Юрт урушни кўрмасин! Урушнинг оти ўчсин!
Оқсақол Соли отага бир пиёла чой узатди.
- Мени овора қилмай ўзинг уйга чиқсанг бўлмасмиди, раис? -ўпкаланди Соли ота, - Катталигингни кўрсатгинг келдими?
- Уйга чақиришимнинг бир боиси борда, Соли ака, - деди оқсақол, - Шунга яраша иш бор.
- Хўш, нима экан?
- Соли ака, узр аввало, сиздан бир нарса сўраб олсам майлими?
- Майли, сўра, ука.
- Соли ака, биласиз, ўғлингиз Баходиржонни мен ҳам ўз укамдек яхши кўрар эдим. Ўзи ажойиб бола эди. Агар мўжиза рўй бериб, мабодода урушда ўлмаган бўлса, тушиняпсизми, Баҳодиржон тирик бўлса, нима қилган бўлар эдингиз?
- Астағфируллоҳ, тавба қилдим, бу нима деганинг Абдухолиқ,- этагини қоқиб ўрнидан туриб кетди Соли ота, -Устимдан кулгани чақирганмидинг?
Оқсақол, Соли отани зўрға жойига қайтариб ўтқизди.
- Йўқ ундай эмас, шундай ўзим сўрадим-да, Соли ака айтинг-чи, нима қилган бўлар эдингиз?
- Ўлган одам қайтиб келмайди, Абдухолиқ, бу гапларни қўй энди. Бўладиган гапдан гапир!
- Мен ўлган одам қайтиб келса демадим, Соли ака, мен мабодо тирик бўлса дедим.
- Агар шундай бўлса, - Соли ота бир нафас тўхтаб қолди. Хаёлидан "Қанийди. Қани, ростдан шундай бўлсайди", деган фикр ўтди. "Нима қилар эдим", бирданига Абдухолиқнинг қўлларини маҳкам чангаллади:
- "Нима қилар эдингиз?" дейсанми, Абдухолиқ? Эртанги берадиган қирқ ошини тўй ошига айлантирган бўлар эдим, пойингга тиз чўкиб қуллуқ қилган бўлар эдим.
- Ака, менга тиз чўкиб, қуллуқ қилишингиз шарт эмас, битта тўн кийсам бўлди.
- Битта тўннинг зўри сендан айлансин, оқсақол!
- Баходиржон ўлмаган экан, Соли ака! Баходиржон тирик! Харбийлар адашган экан. Баҳодиржон ўлмаган экан, эшитяпсизми, у тирик!
Соли ота бирданига бундай хабарни эшитганидан, мияси ғувиллаб қолди:
- Нималар деяпсан? Ўғлим тирик! Сал тушинтириброқ гапир, Абдухолиқ! Юрагимнинг мазаси йўқ, ука!
- Ҳа ака, ўғлингиз тирик!!! Баходиржон чиқа қол, отангга ўзинг тушинтирмасанг, мен тушинтира олмадим, укам!
Ичкаридан десантчилар харбий кийимини кийим олган Баходир жилмайиб чиқиб келди.
Ота бола қучоқлашиб анча вақт унсиз туришди. Соли отанинг иссиқ кўз ёшлари Баҳодирнинг кўксини куйдирди.
Ойниса хола бу хушхабарни эшитиб, яна хушидан кетди. Аммо бу гал, "Тез ёрдами"сиз ўзига келди.

6.
Баходир хизматни тўлиқ адо этиб, уйга қайтди. Йўл узоқлик қилиб, қишлоғига ярим кечада етиб борди. Бу махалда қишлоқ одамлари уйқуга кетган бўлади. Бир-икки тункезар ўспирин болаларни айтмаганда, кўчада ҳеч ким юрмайди бу пайтда.Баҳодир киракаш хайдовчига хизмат хаққини бериб, гузар бошида машинадан тушди. Ўз уйи томон кетиб борар экан, шу тарафдан келаётган Абдухолиқ аканинг ўғли Рустамга кўзи тушди.
- Рустамжон сенмисан?
- Ҳа менман, ўзингиз кимсиз?- сўради уни бирданига танимаган Рустам қўрқа писа.
- И-е ука катта йигит бўлиб кетибсан-ку! Баҳодир акангман танимадингми? - деди Рустамга яқин келиб қолган Баҳодир.
Рустам ой шуласида Баҳодорнинг юзига қаради, бирдан рангги ўзгарди.
- Эй худо, арвоҳ!
- Рустам вахимада уйларига қараб қочди.
- И-е нега арвоҳ дейсан, мен Баходир акангман ука! Хой тўхта, нега менда қочасан?, - елкасидаги халтасини ерга қўйиб, Рустамнинг ортидан чопди Баҳодир.
- Яқинлашма, йўқол, қоч! - баттар тез югурди Рустам, аксига олиб дарвоза ичкаридан беркитилган экан.
- Дада эшикни очинг, - бақирди Рустам. Мени арвоҳ қувди!
Баҳодир бу вақтда етиб келиб, Рустамнинг қўлидан тутди.
- Ахир мен Баходир акангман-ку, танимаяпсанми? Нега хадеб арвоҳ дейсан?
- Яқинлашманг, - Рустам ўзини боса олмасди. - Сиз ўлгансиз, эртага қирқ ошингиз берилади. Тегманг менга!
- Нима дединг? Яна қайтар-чи! Сиз, ўлгансиз дедингми? Соғмисан, ука, мана, мен тирикман-ку? Кўрмаяпсанми?
- Ака, жон ака, мени қўрқитманг, сиз ростдан ўлгансиз, - юлқинди Рустам, - Мени қўйиб юборинг!
- Қани, дадангнинг олдига кирайлик-чи, уйларингда гаплашамиз, - деб, Баҳодир дарвозани тақиллатди.
- Даданг уйдами ишқилиб?

7.

Соли ота хурсандчилигидан махалладаги хар бир болага биттадан копток олиб берди. Уларга истаганча хохлаган ёққа тепишни буюрди.
Ота ўзи айтганидек эл-юртга тўй берди. Хушхабардан бехабар бўлган, қирқ оши учун узоқдан келган, қариндош уруғ тўй ошини еб кетишди.
Тўй тўйга уланди.
Келин билан куевни гўшангага кузатиб қўйишди.
- Назира, ҳали ҳам мени севасанми?- сўради Баҳодир чимилдиқ ичида ичидаги келинчакдан.
Назиранинг йиғи аралаш сўзлари эшитилди:
- Севмайман, сиз ёлғончисиз.


Иқбол Юсуф.

четверг, 23 апреля 2015 г.

Нормат ва Қумрининг хаёти, ватсапдаги статуслар талқинида

Ватсапдаги статус сифатида берилган шаблонларни бирин кетин кўриб чиқиб, қизиқ холатга гувох бўлдим. Ушбу стс.лардан айрим одамлар фойдаланишса, қандай маъно англатишини хазиломус хақиқат тарзда изохлашга уриндим.
Масалан Эшматнинг ўғли Нормат ва уни севган қизи Қумри, ватсапдаги  ушбу шаблонлардан нима мақсадда фойдаланишаркан кўрамиз.

1. "В школе". Норматни номидан:
Хозир мактаб ховлисидаман, Катта синф ўқувчиларининг дарсини тугашини кутиб турибман. Дарс тугаши билан битта қизни "ўрайман".

2. "Доступен". Қумри номидан:
Мактабда мендан бошқа ҳамма қизларни йигити бор, менда эса йўқ, йигитлар мени йигитим йўқ, бемалол севги изхор қилишларинг мумкин, "Я доступен".

3. "В кино". Нормат номидан.
Дарс тугади, қизларга разм солдим, ҳаммасини йигити бор экан, лекин яхшилаб эътибор берсам Қумрининг йигити йўққа ўхшайди, тезда ёнига бориб, кинога таклиф қилдим. Зўрға турган шекилли, таклифимга дарров рози бўла қолди. Хозир кинодамиз.

4. "В кино". Қумри номидан.
Ва ниҳоят!!! Ўша кун келди. Биз кинодамиз...
Икки севишган турмуш қуришди, аввалига чиройли хаёт кечиришди, вақт ўтиши билан хаётидаги бир хиллик жонига тегди, Нормат Қумрига сездирмай бегона аёл билан танишди,  Қумри эса, интернетга муккасидан кетди.
Шу сабаб, яна ватсапдаги статуслар ўзгара бошлади.

5. "В работе". Нормат номидан:
Иккита аёлга бир хил шароит яратиб бериш қийин экан, уйдагисини амалласам, кўчадагиси тинч қўймайди, уларнинг дарди пул, тинимсиз ишлашимга тўғри келяпти, хозир ҳам ишдаман.

6. "Низкий уровень заряда". Қумри номидан:
Эрталабдан то кечгача, кечқурундан то тонггача нет.даман, ватсап, телеграмм, одно, ҳаммасига бирма-бир кираман, виртуал оламдаги дўстларим билан суҳбатлашаман, эримнинг менга нисбатан камситишларини, шу йўл билан енгишга, аламларимни унутишга харакат қиламан, шу сабабдан телефоним заряди чидаш бермайди, хозир ҳам тугай деб қолди.

7. "В спортзале". Яна Қумри номидан:
Эримнинг менга қилаётган нохақликлари, камситилишларимни, дугоналарим ўзимга боғлашди. Гўёки, мен айбдор эканман. Умуман ўзимга эътибор бермай қўйганмишман. Тўғри иккинчи фарзандимни туққанимдан сўнг, анча вазним ортиб кетди, бирор ташкилотда ишламагандан кейин, атир упа ҳам қилинмас экан, уларнинг гапида жон борга ўхшайди. Эримга сездирмай спортзалга қатнаяпман, ўзгармоқчиман. Хозир ҳам спортзалдаман.

8. "Не могу говорить, только Watsapp". Норматни номидан:
Холмат Қумри билан кечки дастурхон атрофида овқатланаётганда, телефонига қўнғироқ бўлиб қолди. Шошилганча қўлига олиб қараса, кўчадаги "ёр"ларидан бири экан. Қизилни босиб қўйди ва зудлик билан, статусни ўзгартирди.
Телефон қилма, ёнимда хотим бор, хозир уйдаман, бирор гапинг бўлса фақат ватсап орқали гаплашишимиз мумкин!

9. "На совещании". Қумри номидан:
Мажлисга кетяпман. Суд мажлисига, ажрашишга қарор қилдим. Бундай хўрликларга чидай олмайман!

10. "На совещании". Нормат номидан:
Суд мажлисига кетяпман. Хотиним сезиб қолди, ажрашамиз деб қўймаяпти, қисқаси иккита хотинни эплай олмадим. Хаётим барбод бўлди!

11. Сплю. Нормат номидан:
Ухлаяпман, тўғрироғи ухлашга харакат қиляпман. Ёлғизман. Ёлғизлик азоб эканлигини шу кунгача хис қилмагандим. Кўзимни юмсам, фарзандим, ширингина оилам кўзимга кўриняпти. Эссиз, эссиз, вақтида оиламни қадрига етмаган эканман.

12. "Только экстреные вызовы". Яна Нормат номидан.
Ватсапдаги сўнгги статус!
Ким бўлсангиз ҳам фақат зарур бўлсамгина қўнғироқ қилинг, сиз хақингизда ўйлашни ҳам истамайман, айни дамда ўз оиламни қайта тиклаш хақида бош қотирмоқдаман! Бўлар бўлмасга безовта қилманг!

 P/S: Келинг дўстим, интернетни йиғиштиринг, хақиқий хаёт аслида гўзал. Ундан бахра олинг, оилангизни қадрига етинг!


четверг, 16 апреля 2015 г.

Сафар баҳона, олган таассуротларим ва мулоҳазаларим хақида

Зиёрат

Ҳар йили баҳор фасли келиши билан, ўзимга яқин инсонлар ҳамроҳлигида юртимизнинг қадимий шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабзга ҳам зиёрат, ҳам саёҳат баҳонасида сафарга ошиқаман. Ушбу муқаддас заминларни зиёрат қилиш асносида узоқ йилларга татигулик, ҳатто бир умр ёддан кўтарилмайдиган ёрқин хотиралар билан уйга қайтаман.

Шўрва нима учун қилинади?

Шу йил апрель ойининг дастлабки жума куни тонг саҳарлаб, аниқроғи, соат бешларда Фарғона шаҳридан йўлга отландик. Ҳамроҳларим ўзимдан катта ёшдаги инсонлар бўлгани сабабли, машина бошқарувини ҳурмат-у эҳтиром ила каминага топширдилар. Уларни бирма-бир уйларидан олар эканман, ёшлари қирққа яқинлашиб қолганига қарамасдан, уларни кузатишга бирининг отаси, иккинчисининг онаси чиқиб, узундан-узоқ дуои фотиҳа қилаётганини кўриб ажабланиб қўяман.
Ҳабибулло исмли акамизнинг қўлидаги елим ҳалтасини олиб, машина юкхонасига жойлаш асносида ота ва ўғилнинг суҳбатига беихтиёр гувоҳ бўлиб қолдим:
- Ўғлим шапка(қалпоқ)ни ҳам олганмисан?
- Қизиқмисиз, дада? Ҳаво ўзи яхши-ку! Қалпоқ керак бўлмайди.
- Билиб бўлмайди-да бу ҳавони, ўғлим. Сен “хўп”, деб олиб кетавер.
- Хўп бўлади.
- Секинроқ юринг-а ўғлим, -  отахон менга ҳам кўрсатма бериб қўйди.
Ота-она қандайин ажиб бир зотларки, фарзандининг ўзи ота ёки она бўлса ҳам, унинг ғамини еяверса.
Келинг, кичик сарлавҳамиз ҳақида ҳам икки оғиз тўхталайлик. Мавзумиздан ажаблангандирсиз.
Биласизми, шўрва нима учун қилинади? Албатта гўшт ейиш учун-да. Ҳа тўғри, шўрванинг асоси гўштдан иборат бўлади. Болалигимда уйимизда шўрва қилсак, онам шўрванинг гўштини алоҳида идишда олиб келарди. Дадам бўлса, ўзининг шўрвасини ичишдан аввал идишдаги гўштни тақсимлаб, энг юмшоқ жойини синглимга, кейин укамга берарди. Шу тариқа бирма-бир ёшимизга қараб гўштни тақсимлаб, ўзига суяк жойини олиб қоларди. Ўша суякдаги оз-моз ёпишган гўштни ҳам пичоқ билан сидириб, бизга берарди. Ҳозир ҳам шундай. Баҳонаси ҳам тайин: "менга гўшт мумкин эмас, қон босимим бор".
Дадамнинг гўшт бўлакларини бизга илинишини кўриб, ота-онамиз бизларни сўнгги манзилга кетиш онларида ҳам ўйласалар керак дея, хаёл қилдим.
Фарзандим есин!
Фарзандим кийсин!
Фарзандим униб-ўссин!
Фарзандим яшасин, яшаганда ҳам яхши яшасин! – деб ҳеч ўзларини ўйламай, фарзандлари учун ёниб, куйиб яшар эканлар-да ҳар бир ота-она.
Ҳа айтганча, Ҳабибулло акамизнинг дадалари тайинлаб, ўзи билан олишига мажбур қилган шапкаси сафар давомида у кишига асқотди. Бу хақида кейинроқ айтиб ўтаман.

Самарқанддан Бухорагача


Сафаримизнинг биринчи куни режа бўйича Самарқандда тўхтамоғимиз керак эди. Кечга яқин шаҳарга кириб бордик. Аввалдан қўнғироқлашиб, тайин қилинган меҳмонхонага жойлашдик. Юкларимизни жойлаб улгурмасимиздан ҳамроҳларимиздан бири меҳмонхона ходимидан вай-фай тармоғи мавжудлиги ҳақида сўраб, унга уланиш учун зарур бўлган махфий рақамларини ҳам билишга улгурди.
Ҳайронман? Дабдурустдан вай-фай нима учун керак бўлиб қолди? Атай зиёрат учун олти юз чақирим масофа босиб келганмиз. Шаҳар гўзалликларидан баҳраманд бўлиш ўрнига, кийимларини ҳам алиштирмай, кечки овқатгада харакат қилмай, қўлларига телефонини олиб, телеграммдаги куни билан турфа хил гуруҳлардан келган видео ва фото лавҳани томоша қилиш билан оворалар. Баъзида, секин ишлаётганидан нолиб ҳам қўйишади. Кўчага чиқса, текин вай-файдан маҳрум бўлиши мумкин-да.
Бу ҳол кўпчилик учун одатга айланиб бораётганлиги ачинарли холат!
Ноутбукимни очишим билан ҳамроҳларимдан бири келиб:
- Ука, бунингда яхши нарсалар борми? – деб, савол бериб қолди.
- Сиз ўйлаган нарса эмас-ку, ўзим учун яхши нарсалар бор, - деб жавоб қилдим.
- Нима масалан?
- Сизларга бир сиримни очай. Савдодан ташқари онда-сонда қалам тебратиб тураман. Бир иккита қораламаларим матбуотда ҳам босилиб чиққан. Ана ўша ёзганларим шу ноутбукда сақланади.
- Ие, шундайми?
Шунчаки ҳайрон бўлдилар холос. Қайтиб қизиқишмади ҳам.
Ҳамроҳларимнинг аксарияти савдо соҳасида фаолият олиб боришади. Ўзим ҳам тижорат билан шуғулланганлигим учун ҳаммамиз ҳамкасблармиз десак ҳам бўлади. Фақат мен Фарғона шаҳрида, улар эса Фарғона вилоятидаги бошқа туманларда фаолият юритади. Улар билан ойда бир марта бўладиган ўзаро йиғинларимизда учрашиб турамиз. Шу сабаб, улар менинг савдодан ташқари ҳаваскорона ижод билан ҳам машғул бўлиб туришимдан бехабарлар.
Ҳеч қайси бирларидан ёзганларимнинг бирортасини очиб кўрсатиш, ўқиб кўриш ҳақида таклиф бўлмади. Негадир, андак ачиниш ҳиссини туйдим. Телеграммдаги маза-бемаза видеороликлар қизиқ-ку, лекин озгина бўлса ҳам маънавиятга фойдаси тегадиган мақола ўқишлик қизиқ эмас экан улар учун.
Насиб бўлса, уларга телеграммдан кўра, қилаётган ишларим фойдалироқ эканлигини кўрсатиб қўяман, дея ўзимга-ўзим сўз бериб қўйдим. ))).
 ****



Самарқанддан сўнг Бухорога йўл олдик. Бухоро шаҳрига яқин қолганда нафас ростлаб олиш мақсадида йўл четидаги кичик дўконлардан бирининг ёнига тўхтадик. Сотувчи қирқдан ошган, ҳушмуомала аёл экан. Чанқоқни босиш учун ичимлик олдик, соя-салқиндаги тапчанда бир муддат ҳордиқ чиқариш учун жойлашдик.
Бизни боядан бери кузатиб турган сотувчи опа шевамиздан бу ерлик эмаслигимизни сезди шекилли, қизиқиб, саволга тутди:
- Меҳмонмисизлар?
- Ҳа, - жавоб қилди шеригим.
- Қаердан келяпсизлар? – яна сўрайди қизиқувчи опамиз.
- Фарғона вилоятидан.
- Водийликмисизлар? Водийликларнинг ҳаммаси яхши бўладилар-да. Ширинсўз, очиқкўнгил, меҳмондўст, дину диёнатли инсонлар, - бирданига мақтаб юборди сотувчи аёл.
- Раҳмат опа, раҳмат, - дедик, мақтовларга миннатдорчилик билдириш мақсадида.
- Бу ерликлар, сизлар каби эмаслар. Қўпол, муомаласи йўқ, иззат-икромни ҳам билишмайди.
- Адашяпсиз опа. – дедим қатъий оҳангда. Шерикларим важоҳатимдан ҳайрон бўлишди.
- Опа, ўзингиз туғилиб ўсган, нон-тузини еган, тирикчилик қилаётган юртингизни, Ватанингизни ёмонламанг! Шукур қилинг, шундай гўзал шаҳарда яшаётганингизга. Сизнинг шаҳрингизни ва бу ерда ҳоки пойлари қўйилган улуғ зотларни зиёрат қилиш учун минглаб чақирим йўл босиб келяпмиз. Бир йилда қанчадан-қанча сиз таърифини келтираётган биз каби водийликлар ташриф буюради. Водийликлар-ку майли, сизнинг юртингизни тамоша қилиш учун Европа, Осиё, қўйинки, бутун ер юзидан сайёҳлар ташриф буюради. Бундай Оллоҳнинг назари тушган юртда туғилганингиздан кўксингиз ифтиҳорга тўлиб юрса арзийди!
- Ҳа, ҳа тўғри гапингиз, - уялиб қолди сотувчи аёл.

Шаҳрисабз – яшил шаҳар

Мана шу шаҳар ҳақида икки оғиз сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Бир кунлик Бухоро саёҳатидан сўнг, тўғри Шахрисабзга йўл олдик. У ерга етиб борганимизда соат миллари кечки 20:00 дан ошаётган эди. Ҳаммаёқ чанг, қоронғу. Кўчада одамлар ҳам кўринмайди. Соҳибқирон Амир Темур туғилган шаҳар, дунёга машҳур Оқсарой барпо қилинган шаҳар шундай кўринишда эканми, дея таажжубланишимизни бир-биримиздан яширмай, бу ерда тўхтамай ўтиб кетишликка тараддудланиб ҳам қолдик. Вақт алламаҳал бўлгани учунгина шу ерда қолишга келишдик. Бир амаллаб меҳмонхона ҳам топиб, жойлашдик.
“Қандай жойга келиб қолдик, Бухордан тўғри Самарқандга ўтиб кетиб қўя қолсак бўлмасмиди?” деган афсусланиш оҳангидаги фикрлар ҳам бўлди орамизда.
Тонг отиб, қуёш ўзининг заррин нурлари билан атрофни ёритишни бошлаганида эса, меҳмонхона ойналари орқали шаҳарнинг биз тунда кўролмаган асл қиёфаси, асл гўзаллиги намоён бўла бошлади.
“Шаҳрисабз юлдузи” деб номланган меҳмонхонамиз шундоққина Оқсаройнинг ёнгинасида жойлашган экан. Шаҳарда жуда кенг кўламли ободончилик, катта-катта қурилиш ишлари олиб бориляпти-ки кўрган одамнинг ҳаваси келади. Ҳар қадамда шаҳрисабзликлар жавлон уриб хизмат қилишмоқда. Шериклар билан мастлаҳатлашиб, ободонлаштириш ишлари бўлаётган бўлса ҳам, Оқсаройни айланиб, зиёрат қилиб кетишга қарор қилдик.
Етти аср аввал қурилган Оқсарой биносининг ҳашаматига бевосита ўзимиз гувоҳ бўлиб, тарихда яшаган ота-боболаримиз қанчалар қудратли бўлганлигига яна бир бора амин бўлдик. Девор остига келиб, бинонинг устки қисмига қараб кўрсангиз, дўппингиз ерга тушадиган даражада баланд. Етмиш метр баландликка эга бўлган бу осмонўпар бино 7 аср аввал қурилганига шубҳаланиб ҳам қоласиз.
Шу атрофда биз каби ўз таассуротларини ичига сиғдиролмай, тарихимизни ўзининг суратга олиш қурилмаларига муҳрлаётган чет эллик дўстларимизга қарата “Менинг бобом, бизнинг ота-боболаримиз мана шундай қудратли бўлганлар”, дея мақтангим келди.
Оқсарой билан Кўк гумбаз ораси деярли бир чақирим масофа экан. Шунча катта ҳудудда жадал суратларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан Шаҳрисабз икки йил муддат ичида “Яшил шаҳар”га айланиши асосий мақсад қилиб қўйилибди. Унинг натижасини амалда кўраётиб, бараварига “Икки йилдан сўнг яна келамиз-а”,  деган фикрга келдик.

Хотиржамлик ва соғинч

Сафарга чиққанимизга ҳам тўрт кундан ошиб қолди. Бу орада уйдагилар билан тез-тез қўнғироқлашиб турдик.
“Ҳа, онажон, биз яхшимиз. Бугун Ал-Бухорийни зиёрат қилдик”.
“Онаси, яхши ўтирибсизларми? Болалар соғ-омонми? Худо хоҳласа, эртага йўлга чиқамиз”.
“Қизим, ойингни айтганини қилиб, дастёр бўлиб ўтирибсанми?”
Ҳамроҳларимнинг барчаси яқинлари билан қўнғироқлашади. Ўзининг зиёратидан тортиб, уйдагиларнинг ҳолидан хабар олмоққа ҳам ошиқади.
Ана шундай дамларда шерикларимдан бири Худога шукр, юртимиз тинч, оиламиз хотиржам, шу сабабдан ҳам биз бемалол сайр-у саёҳат қилиб юрибмиз-да, деб қолди.
Дарҳақиқат, юртимиз тинч бўлмаса, оилавий хотиржамлик бўлмаса, биз бошқа вилоятларда, оиламиздан минглаб чақирим узоқларда шунчалар бемалол жаҳонгашталик қилиб юрармидик?
Ҳамроҳимнинг гапига тўлиқ қўшиламан. Ҳозирда айрим давлатлардаги сиёсий вазиятлар, хунрезликлар, мақсадсиз урушлар бўлаётган бир вақтда, одилона сиёсат билан иш юритаётган юртимиз фақат ва фақат олға қадамлар билан олдинга интилмоқда. Фаровон турмуш тарзини шакллантиришда самарали ишлар олиб борилмоқда. Қилинаётган ишларни кўриб, кўксимизда ифтихор туйғуси жўш уради.

*****
Блог бошида бир масала юзасидан “кейинроқ айтаман деб ўтиб кетган эдим.
Юқорида номи келтирилган аканинг дадалари таъкидлагандек, шапка (қалпоқ) барибир керак бўлди.
Қаерда, дейсизми? Унда эшитинг!

Шаҳрисабздан Самарқандга қайтаётганимизда Китобнинг довонидан ошадиган бўлдик. Тоғнинг чўққисига чиқиб, тоғ хавосидан баҳраманд бўлиш, табиатнинг чиройли манзарасини фотоаппаратларимизга муҳрлаб олиш учун ярим соатдан кўпроқ муддатга тўхтадик. Аксига олиб, пиёда сайр этаётганимизда шаррос ёмғир қуйиб юборса бўладими. Ана ўшанда Ҳабибубулло акам ҳаммамизга кўз-кўз қилгандек, бамайлихотир сумкасидан шапкасини олиб, бошига кийиб олди.
Ана ота-оналар нимани ҳис қилади!
Уларнинг борига шукр. Умрлари узоқ бўлсин!

Хулоса ўрнида
Бир ҳафтага яқин зиёратим давомида фикру хаёлим доимо блогерлар танловида бўлди. Ҳар бир блогни катта қизиқиш билан ўқиб, кузатиб бордим. Ҳакамларнинг қўяётган баҳоси-ю, уларнинг блог мазмунига билдирган фикрлари менда катта қизиқиш уйғотди.
Блогерлар танлови ва ҳакамларимиздан бирининг эътирози сабаб, ўзимнинг шахсий блогимни очдим. Одноноклассники сайтига жойлаб борган аввалги ҳикоя ва шахсий мулоҳазаларимдан ўндан бирини жойлаб ҳам қўйдим.
Қизиққанлар учун марҳамат!
Демоқчиманки, юртимизда мана шу каби танловлар тез-тез ўтказилиб турилса, бугунги кундаги ёшларимиз учун фойдали ислоҳотлар учун ажойиб дебоча ва биз каби ҳаваскор қаламкашлар учун ўзни синамоқликда катта бир майдон бўлар эди.
Ушбу узундан-узун ёзғуларим билан саёҳат ва зиёратга аталган мақола(блог)нинг ниҳояси етиб келганини расман эълон қиламан.
Сабр билан охиригача ўқиб чиққанларга ташаккурларим!


Иқбол Юсуф

среда, 8 апреля 2015 г.

Жасур

Жасур 9-синфида ўқийди. Бўш вақтларида спортнинг футбол тўгарагига қатнайди. Ферузада кўнгли бор. Синглиси Мархабонинг дугонаси. Хар куни уларникига дарс тайерлашга чиқади. Хар куни у билан учрашади. Хар куни у билан бирга мактабга боради. Синглиси иккисини бегона болалардан химоя қилади. Уларнинг дарсдан чиқишини кутиб туриб уйгача кузатиб келади. Қисқаси, Жасур Ферузани яҳши кўради. Кун кеч бўлиши билан, эртани кутади, бирга мактабга боришни кутади. Лекин, Ферузага уни севишини айта олмайди. Уялади. Хижолат бўлади. "Феруза мени ўз акасидек кўрса, мен унга яҳши кўришимни айтсам қай ахволга тушади, бир умр мендан нафратланиб қолмасмикан?" деган ўй, хаёл уни севишини айтишига йўл қўймайди. "Вақти келганда айтарман" деб қўя қолади.
*****
Мактабдан келган Жасур, ота-онасининг ўзаро сухбатини эшитиб қолди.
- Ота-онам анча қариб қолдилар. Укам хизматга кетадиган бўлиб турибди. Катта ховлида ота-онамнинг ёлғиз ўзлари қоладиган, шунга бир икки йилга қишлоққа кетиб яшашимиз керак.
- Майли-ю дадаси, болаларнинг мактаби нима бўлади?
- Нима қишлоқда мактаб йўқ деб ўйлайсанми?
- Йўқ ундай эмас, бу ерда болалар учун ҳамма шароитлар бор, ўқишлари ҳам яҳши эдида.
- Хозир қишлоқ мактабларида ҳам барча шароитлар етарли, билимига келсак у ерда ҳам малакали устозлар дарс беришади, унутма мен ҳам ўша қишлоқ мактабида ўқигаман а!
- Хўп дадаси, сиз нима десангиз шуда.
Жасур дадасининг бу гапидан хайрон қолди. Аслида ўзи ҳам қишлоқни яҳши кўради, хар сафар у ерга борганида шахарга қайтгиси келмай қолади, лекин Ферузачи? Уни энди кўрмасликни ўйлаб кўп куйинди. Бир томондан қишлоқ болалари "мени қандай қабул қиларкан?" деган ўй қийнайди.
Шахарлик олифтани хушламасов. Майли кўрайликчи у ёғи қандай бўларкан?
*****
Мактаб директори синф рахбари билан бирга дарсга кириш қўнғироғи чалинмасдан Сардорни синфга олиб кирди.
Ўқувчилар ўринларидан туриб бараварига салом беришди.
- Ассалому алайкум устоз.
- Во алайкум ассалом болалар, ҳаммаларинг яҳшимисизлар? Унда ўтириб олинглар, сизларни мактабимизнинг янги ўқувчиси билан, яъни янги синфдошларинг билан таништираман. Исми Жасурбек, шахардан яқиндагина кўчиб келди. Бу йил сизлар билан мактабни тамомлайди. Тез орада танишиб, дўстлашиб олишларингга умид қиламан. 
- Хой Дилшоджон сен Жасурбекни ўзингга ўртоқ қилиб олгин-а! - деди мактаб директори  орқа партада ўтирган бўйи дароз болага.
- Хўп бўлади устоз, - деди у бола ҳам устозга жавобан, салгина бўғиқ овозда. Ёнидаги шайкаларини кулишидан Дилшод ўтира туриб, паст овозда яна нималардир дегандек туйилди.
Жасур баланд бўйли, қош кўзи қора, ўзи шахарлик бўлсада бақувватгина эди. Мойлаблари сабза урган бир қарашда қизлар ёқтириб қоладиган ўспирин йигитча бўлганлиги учун синфдаги қизлар Жасурни кўрибоқ, бир-бирларига қараб, ўзларига аро бериб қолишди. Болалар эса унча хушламагандек кўриниб турар эди.
Жасур ўзига ўриндиқ излади. Ҳаммаси банд, лекин охирги партадиги Дилшод якка ўзи ўтирганини кўрди унга яқин бориб сўради.
- Салом Дилшод, ёнингга ўтирсам бўладими?
- Йўқ бўлмайди, -деди Дилшод, - бу жой бошқасига тегишли. Синфхонадагилар Дилшоднинг гапидан кулиб юборишди.
- Унда узр, деди-да яна синфхонага қаради.
Ҳамма билан тез тил топишиб кетадиган Азиз, Жасурнинг жой қидираётганини кўриб, ўзининг ёнидаги бўш стулга чорлади.
- Келақол Жасур, мана бу ер бўш.
Жасур унинг олдига бориб ўтирди.
- Салом исмим Азиз.
- Мени исмим Жасур, раҳмат сенга, - деди Азизга жой бергани учун мулозамат кўрсатиб.
Шу пайт киришга қўнғироқ чалинди, дарс бошланди. Математика дарси.
Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб кетди, Жасурга аҳамият ҳам бермай қўйди биров.
Жасур дарсда фаол қатнашди. Масалалар ечишда хатто синфнинг аълочи ўқивчиси Зохидани ҳам ортда қолдирди. Кимдир "билими юқори экан" деди, яна кимдир аламидан куйиб ёнди.
Танаффусда Азиз ҳамма синфдошларни бирма-бир таништириб чиқди.
Ҳамма синфда бўлгани каби Дилшод ўша синфни биринчи зўри экан. Жасур унинг ўзини тутишидан, гап-сўзларидан синфдошларига берадиган буйруқларидан пайқади. У синфда яна бир қиз, яъни Асал ўқир эди. Қош кўзлари ўзига ярашган, сочлари қўнғироқ, оппоқина қиз эди. Унга ҳамма синфдош болалар яҳши муомала қилади. Уни ҳамма ўғил болалар ёқтиради, улар орасида Дилшод ҳам. Дилшоддан қўрқиб бошқа ўғил болалар Асал билан гаплашганда эҳтиёт бўлиб гаплашар эди. Дилшод анчадан буён Асалга хатлар ёзиб учрашувга таклиф қилсада, хали хануз унга рад жавобини беришдан чарчамас эди. "Мен бунақа нарсаларга хали ёшлик қиламан" деб бахона қилиб қўя қолар эди.
*****
- Салом мен Асалман, - деди дабдурустдан Асал Жасурнинг ёнига келиб.
- Салом мен Жасур. Танишганимдан хурсандман.
- Бизни мактаб сизга ёқдими? - сўради Асал.
- Ҳа яҳши, - деди секингина.
- Болалар билан танишиб олдингизми?
- Танишдик, ҳаммалари яҳши болалар экан, - деди озгина ёлғон ишлатиб.
Асал билан Жасурни суҳбатлашаётганини кўрган Дилшодни ғазаби қўзиди. Ўрнидан туриб Жасурнинг елкасига туртиб ўтиб кетди. Жасур эса хайрон.
- Вой майли, кейин гаплашармиз, - деганча Асал нари кетди. Дилшод яна бир балони бошламасин деган хаёл билан.
Дарс тугаб ҳамма уйга кетаётган маҳал Дилшод Жасурни тўхтатиб қолди.
- Хой шахарлик олифта, орқага ўтгин сенда гапим бор.
- Тинчликми Жасур?  Нима гапинг бор, шу ерда айтиб қўя қол гапингни?
- Сенга  ташқарига чиқ деяпман, намунча қуёнюрак бўлмасанг.
- Нималар деяпсан, юр ташқарига.
Иккалови мактаб ховлисига чиқишди ва Дилшод панароқ ерни кўрсатиб ўзи йўл бошлади. Уларни кузатиб чиққан синфдош болалар ҳам ортларидан боришди.
Дилшод пана жойга ўтиб тўхтади ва Жасурга қараб, қўлини бигиз қилганча,
- Сен олифта нималар қиляпсан яқинда келиб?
- Нима қилибман, тушинтириброқ гапир оғайни.
- Ўзингча ақллилик қиласан, Асалга яна бир марта яқин йўлаганингни кўрсам шармандангни чиқариб, иккинчи қаватдан улоқтираман.
- Бу нима деганинг сал оғзингга қараб гапир Дилшод, - деди Жасур ҳам жахл қилиб.
- Нимаааа, сен шунчалик зўрмисан, мана бўлмаса, - деганча Жасурга қарата Дилшод мушт отди, аввалдан шундай бўлишини сезиб турган Жасур, қўлини эпчиллик билан ушлаб орқасига қайирди.
Катта жанжал бўлиб кетиши мумкинлигини билган томошабинлар, тезда уларни ажратишди.
- Қўйиб юбор ҳамманг, хозир мен уни келган жойига қайтариб юбораман, - деб хархаша қилди Дилшод.
- Юр кетдик ўртоқ, бунга аҳамият берма, - деганча Азиз Жасурни етаклаб олиб кетди. Шу шу улар бир-бирларига душман назари билан қарайдиган бўлиб қолишди.
Асал эса Жасурни атрофида гирди капалак.
- Жасур дафтарингизни ёзиб берайми?
- Жасур онам билан кеча кўк сомса қилган эдик, шундан олиб келгандим берайми?
- Жасур математикани яҳши билар экансиз, менга ҳам дарс тайёрлашда ёрдам қилмайсизми?
Жасур Асалнинг баъзи бир гапларига жавоб қилар баъзиларига эса йўқ.
Унинг ўй хаёлида фақат ўзининг Ферузаси. " Феруз хозир нима билан банд экан? Бир ўзи мактабга қатнаётгандир, унга ҳеч ким гап отмаяптимикан?" Хар хил ўй хавотирлар билан банд.
****
Азиз синфхонага югуриб кириб келди.
- Эшитдиларингми? Келаси хафта футбол бўйича мактаб биринчилиги бошланар экан.
- Зўрку, қаердан эшитдинг? - сўради Дилшод.
- Хозиргина жисмоний тарбия ўқитувчисидан эшитдим. Синф ўқувчиларидан команда ташкил қилиб тезда рўйхатни домлага олиб кирарканмиз.
Дилшод команда туза бошлади. Аввалига рўйхатга Жасурнинг фамилиясини киритмади. Ўртоқларининг фикри билан уни ҳам қўшди. Лекин, уни захирада қолдиришни режа қилди.
Жасур Дилшоднинг қилган ишларидан дили ранжиган бўлсада, лекин синфини обрўси учун қачондир керак бўлиб қолишини ўйлаб хар бир ўйинни қолдирмай бир четда туриб кузатиб борди.
Битирувчи синф бўлганлиги учун уларни синфни хар бир бахсда ғалаба қозона бошлади. Финал онлари яқин келгани сари ўйинлар бир-биридан завқли, бир-биридан муросасиз ўтиб борар, стадион атрофидаги томошабинлар сони ҳам ортиб борарди. Ўйнаётган синф болаларининг синфдош қизларидан тортиб уларнинг синф рахбарларигача ўйинларни катта қизиқиш билан кузата бошлади. Дилшод учун ҳам Асални кўнглини забт эта олишнинг қулай пайти эди. У ўзини ўйинларда кўрсатиши лозим эди. Кўрсата олди ҳам, йиқилса ҳам чарчаб толиқса ҳам ўйнайверди, голлар ураверди. Натижада уларнинг синфи чорак финалга йўл олди. Синфдошлар ўзларида йўқ хурсанд, ғалаба сабаб хеч бирида чарчоқ аломатлари сезилмас эди. Жасур ўзининг махоратига таяниб уларга кўрсатмалар бериб борди. Табийки, бу Дилшодга хуш келмас эди.
Чорак финал ўйинига старт берилди. Ўйин қизигандан қизиди, хали у томон хужум қилса, хали бу томон хужум қилар эди. Икки рақиб команда ҳам ютқазгиси йўқ эди. Ўйиннинг саксонинчи дақиқасига келганда рақиб команда химоясида ўйнаётган бир бола, Дилшоднинг командасида хужумда ўйнаётган боланинг оёғига тепиб йиқитди. Зарб қаттиқ бўлганлиги сабаб, у оёғидан лат еди ва бошқа ўйинни давом эттира олмаслиги маълум бўлди.
- Дилшод Жасурни киритайлик, - деди синфдошлардан бири.
Жасур бир муддат ўйланиб қолди, кейин бир қарорга келди, хозир Асални ундан қизғонишдан кўра ўйин мухимроқ эди. Мактаб биринчилигида ғолиб бўлиш, синфини номини мактабда улуғлаш орзуси эди уни.
- Майли ўйинга қўшилсин, - деди.
Жасур сафга қўшилиб, кетма-кет хужумлар уюштира бошлади. Ўйиннинг 89 дақиқасига келганда Дилшод ва Жасур бир-бирига кетма-кет қисқа пастларни бериб, рақиб ўйинчиларини алдаб ўтиб, дарвозага яқин келди. Жасур ўзи ҳам уриши мумкин бўлган голни Дилшодга қолдирди. Дилшод бир зарб билан тўпни дарвозага йўллади. Гол. Гол бўлиши билан ўйин тугаганини билдирувчи хуштак чалинди. Ҳамма Дилшод томон отилди, уни қучоқлаб, урган ғалаба голи билан қутлади. Уни кўтариб осмонга отди. Хатто Асал ҳам келиб Дилшодни қутлади ва секингина унга учрашувга чиқишини айтиб кетди. Буларнинг ҳаммасига Жасур сабабчи эди. У Жасурни излади. Жасур бир четда, кулиб турар эди. Дилшод унинг ёнига югуриб бордида, хеч нима демасдан қучоқлаб олди. Фақатгина бир сўзни такрорлар эди...
- Раҳмат ўртоқ, раҳмат сенга...
Икки ўртоқ, кечга қадар мириқиб суҳбатлашишди. Яқиндан танишишди. Дилшод Асал масаласида қилган нохақликлари учун кечирим сўради.
- Ўртоқ ростан Асални яҳши кўрмасмидинг? - сўради Дилшод гап орасида бироз хадик билан.
- Қизиқсанда Дилшод, неча марта айтаман ахир, мен Асални севмайман, мени ўзимни севган қизим бор.
- Нима нима? Севган қизинг бор, вой айёр эй, хали севганим ҳам бор дегин, - Жасурнинг гапидан қувониб кетди Дилшод, яна хайрон ҳам бўлди.
- Ҳа шунақа.
- Ким у Жасур? Мен танийманми?
- Йўқ сен танимийсан, у шахарда яшайди.
- Ҳа шунақами? -кўнгли таскин топди Дилшоднинг, - у қандай қиз, менга гапириб бер ўртоқ.
Жасур Феруза хақида гапира кетди. Икки ўртоқ шу кўйи сухбатлашиб кунни кеч қилди.
- Жасур мен эртага шахарга бориб келишим керак, бироз кеч қолиб келаман устозга ўзинг бир бахона қилиб турарсан.
- Хўп майли, тинчликми ишқилиб? Финал ўйинига етиб келасанми?
- Ҳа етиб келаман.
- Эсингда бўлсин, эртага бизни энг қийин ва масъулиятли ўйин кутиб турибди а!
- Ҳа биламан, мен бу кунларни анчадан бери кутаман, ўтказиб юбормайман албатта.
*****

Эртаси куни финал ўйини улар ўйлаганидан ҳам кўра қийинроқ ўтди. Икки ўртоқ бошқаларидан кўра кўпроқ елиб югурди. Хар жабхада рақибларидан устун келди. Уларни шиддатини, ғалабага бўлган иштиеқини кўрган томошабинлар бақириб чақириб қўллаб турди. Натижада финал ўйинида рақиб командани йирик хисобда мағлуб этди.
Ҳамма хурсанд, уларни мактаб директори ғалаба билан қутлади. Совға саломлар улашди. Хар бир команда аъзосини ушлаб кўтариб отишди. Дилшод ва Асал ҳам бир-бирларини қутлашар, хурсанд бўлишар эди. Жасур уларни кўриб хомуш тортди. Бир четга бориб ўтирди. "Қани мен ҳам ўз мактабимда бўлсам, қани мени ҳам ғалаба билан Феруза қутласа".
Шундай ўй хаеллар билан ўтирган вақтда орқасидан кимдир,
- Ассалому алайкум Жасур ака, - деб чақирди.
Жасурнинг қулоғига таниш овоз, ёқимли овоз, хар кун хар дақиқа эшитишни хохлаган овоз эшитилди.
Сакраб ўрнидан туриб овоз томон қайрилди. Қайрилди-ю, анчадан бери кўрмаган, кўришнида хохлаган Ферузаси турар эди. У карахт эди.
- Тушимми ўнгимми? Сиз.... Сиз бу ерни қаердан топдингиз?
- Хов анави бола билан ёнида турган қиз олиб келди мени бу ёққа, - деб, Феруза қўли билан нарироқда турган Дилшод билан Асални кўрсатди.
- Ҳа айёр эй, эрталаб шахарда ишим бор деганда шуни назрда тутганмикан?- деб ичида дўсти Дилшоддан мамнун бўлди.
****

Мактабда 25 май куни битирув кечаси ташкил қилинди. Ўша куни Жасур синфдошларини 1 июн болалар кунини шахарда нишонлашни таклиф қилди ва у ерда синфдошларни ҳаммасини меҳмон қилишга ваъда берди.

Иқбол Юсуф.

21.05.2014 й.

Донолар “доно”си.

Халқимизнинг “Бахил бўлма, бўл ахил”, “Бахилнинг боғи кўкармас” деган нақлини эшитмаган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Машойихларимиз билиб гапирган экан-да. Бугунги воқеа сабаб бу сўзларнинг қанчалар ҳақиқатга яқинлигига яна бир бор иқрор бўлдим.
Бир қўшним бор. Айнан ўша мақолларда айтилганидай ўта бахил инсон. Ундай инсон билан қўшни бўлишни душманимга ҳам раво кўрмайман очиғи. Маҳаллада эркаклар шахмат ўйнаб ўтиришган бўлса ҳам, уларга қўшилай демайди. Атай нарироққа бориб олади-да, бир нарсалар ғўлдир-ғўрдир қилиб, жавраниб ўтиради.

Куни кеча уйга келаётсам, сизга таниш бўлишга улгурган ўша машхур киши доимий жойида, ўтган-кетганларга гап сотиб турган экан. Саломлашиб қўяй дея машинадан тушиб, ёнига бордим. Тузукроқ сўрашмасимиздан ичи гапга тўлиб турган эканми, одатий дийдойисини бошлаб қолди:
- Келяпсанми укам? Нима бало, отангни юртидан қувилганмисан дейман? Бундай келай ҳам демайсан.
- Ҳа акам. Кўрмайсизми? Шунақа бўлиб қолдида.
Бунақа гапларга кўникиб кетганим учунми, ортиқча эьтибор қилмадим. Ҳазилга йўйиб, бош ирғиб қўя қолдим. Сухбат билан бўлиб, кўзим биздан сал нарироқда турадиган қўшнимизга тушиб қолди. Яқинда мактабни тамомлаган Бегзоджон акасининг машинасини кўчага олиб чиқиб, катта иштиёқ билан юваётган экан. Афсуски, менгина эмас, ўша “довруғи достон” қўшнимиз ҳам уни пайқашга улгурган экан. Доимий аччиқ-аччиқ гапларини айтишга янги қурбон топила қолганига қувониб, беўхшов илжайди.
- Ҳа Бегзод, акангни машинасини ювяпсанми? Ювмасанг машинасига чикармай қўядида-а? Яша! Яхшилаб, тоза қилиб ювгин.
Қўшнимнинг гапи Бегзодга ёқмагани кўриниб турибди. Бир чиройли машина юваетган бола, қовоғини уйганча, ҳеч нима демасдан, шоша-пиша, чала-чулпа юва кетди.

Сал ўтмай, нариги маҳаллада яшайдиган Озод ака келиб қолди. У киши маҳалладаги тўй-маросимларга одам чақирадиган "жарчи"миз. Хизматига арзимаган ўн-ўн беш минг сўм ҳак олади холос. Маҳалламиз бошида турадиган бир ёши катта отахон олти кун олдин оламдан ўтган эди. Озод ака уларнинг яқинларидан марҳум отахоннинг худойилари қачон экан, одамларни қачонга чақирай дея маслахат олгани кетаётган экан. Озод ака қўшнимга навбатдаги қурбон бўлмаса-да дея ичим ғалати бўлиб турганди. Афсуски тахминим тўғри чиқиб, қурмағур тилга кириб кетса бўладими?
- Ҳа Озод. Шошилиб юришингдан яна "лева" чиқиб қолдими дейман? Оёғи куйган товуқдай питтиллаб қолибсан. – яна ўша беўхшов илжайиш.
- Йўғе ака. Наримон отаникига қачонга одам айтишни сўраб, маслахат олгани кетаётгандим. Қизиқсиз-а? Пул учун қилармидим бу ишларни?
- Ўзингни билмаганга олма ука. Содда муғомбирлигингни ҳаммамиз биламизку. Арзимаган пул учун ҳеч нарсадан тап тортмайсан сен.
- Агар мен пул учун кетаётган бўлсам, унда сиз қилинг шу ишни ака. Менга керакмас. - Озод ака жахл билан ортига бурилиб, оқсоқлана-оқсоқлана уйи томон кета бошлади.

Қўшним ҳозиргина қилган ишларидан ғурурланиб, “кўриб қўй дегандай” менга илжаяди. Қўли билан пешонасидаги терни айтган киши бўлдида, ҳалигача олдида турганим ёдига тушиб қолди шекилли, эринибгина сўз бошлади:
- Ҳа, укам Иқболжоней. Эркак дегани шунақа бўлиши керак-да. – кўзини қисиб, юзига тушаётган қуёшга норози қараб олади. – Эркак ўз номи билан – эркак. Кўчада ҳам, уйда ҳам гапини ўтказа оладиган, бир сўзли бўлмоғи керак...
Қўшним гапини тугата олмади. Сал нарида, ҳовлидан бошини чиқариб, бир нарсалар дея қичқираётган кичик ўғлининг овози хаёлни бўлди.
- Дада тезда уйга кирар экансиз, ойим чақиряпти.
- Оббо, менда нима иши бор экан?
- Кечаги ювган кирларингизни дордан олиб, эртага мактабга киядиган қилиб,  дазмоллаб қўяр экансиз. Ойим бугун ҳам дугоналариникига, келин йўқлагани кетарканлар...

Қараб турсам қўшним негадир қизариб кетди. Бирор кор-ҳол бўлдими дея қўрқиб ҳам кетдим. Шошганимдан “Сизга нима бўлди” дея сўрашга улгурмадим ҳам. Ҳозиргина “донолик” қилаётган киши бирданига писиб қолдида, “ўчир овозингни, зумраша” дея уйи томон югуриб кетди.
Қотиб-қотиб кулдим. Сал нарироқда ҳалигача машина ювиш баробарида, бизнинг суҳбатимизга гувоҳ бўлиб турган Бегзод ҳам кулгимга жўр бўлди.

Иқбол ЮСУФ

20.05.2014й