Жасур 9-синфида ўқийди. Бўш
вақтларида спортнинг футбол тўгарагига қатнайди. Ферузада кўнгли бор. Синглиси
Мархабонинг дугонаси. Хар куни уларникига дарс тайерлашга чиқади. Хар куни у
билан учрашади. Хар куни у билан бирга мактабга боради. Синглиси иккисини
бегона болалардан химоя қилади. Уларнинг дарсдан чиқишини кутиб туриб уйгача
кузатиб келади. Қисқаси, Жасур Ферузани яҳши кўради. Кун кеч бўлиши билан,
эртани кутади, бирга мактабга боришни кутади. Лекин, Ферузага уни севишини айта
олмайди. Уялади. Хижолат бўлади. "Феруза мени ўз акасидек кўрса, мен унга
яҳши кўришимни айтсам қай ахволга тушади, бир умр мендан нафратланиб
қолмасмикан?" деган ўй, хаёл уни севишини айтишига йўл қўймайди.
"Вақти келганда айтарман" деб қўя қолади.
*****
Мактабдан келган Жасур,
ота-онасининг ўзаро сухбатини эшитиб қолди.
- Ота-онам анча қариб қолдилар.
Укам хизматга кетадиган бўлиб турибди. Катта ховлида ота-онамнинг ёлғиз ўзлари
қоладиган, шунга бир икки йилга қишлоққа кетиб яшашимиз керак.
- Майли-ю дадаси, болаларнинг
мактаби нима бўлади?
- Нима қишлоқда мактаб йўқ деб
ўйлайсанми?
- Йўқ ундай эмас, бу ерда болалар
учун ҳамма шароитлар бор, ўқишлари ҳам яҳши эдида.
- Хозир қишлоқ мактабларида ҳам
барча шароитлар етарли, билимига келсак у ерда ҳам малакали устозлар дарс
беришади, унутма мен ҳам ўша қишлоқ мактабида ўқигаман а!
- Хўп дадаси, сиз нима десангиз
шуда.
Жасур дадасининг бу гапидан
хайрон қолди. Аслида ўзи ҳам қишлоқни яҳши кўради, хар сафар у ерга борганида
шахарга қайтгиси келмай қолади, лекин Ферузачи? Уни энди кўрмасликни ўйлаб кўп
куйинди. Бир томондан қишлоқ болалари "мени қандай қабул қиларкан?"
деган ўй қийнайди.
Шахарлик олифтани хушламасов.
Майли кўрайликчи у ёғи қандай бўларкан?
*****
Мактаб директори синф рахбари
билан бирга дарсга кириш қўнғироғи чалинмасдан Сардорни синфга олиб кирди.
Ўқувчилар ўринларидан туриб
бараварига салом беришди.
- Ассалому алайкум устоз.
- Во алайкум ассалом болалар,
ҳаммаларинг яҳшимисизлар? Унда ўтириб олинглар, сизларни мактабимизнинг янги
ўқувчиси билан, яъни янги синфдошларинг билан таништираман. Исми Жасурбек,
шахардан яқиндагина кўчиб келди. Бу йил сизлар билан мактабни тамомлайди. Тез
орада танишиб, дўстлашиб олишларингга умид қиламан.
- Хой Дилшоджон сен Жасурбекни
ўзингга ўртоқ қилиб олгин-а! - деди мактаб директори орқа партада ўтирган бўйи дароз болага.
- Хўп бўлади устоз, - деди у бола
ҳам устозга жавобан, салгина бўғиқ овозда. Ёнидаги шайкаларини кулишидан Дилшод
ўтира туриб, паст овозда яна нималардир дегандек туйилди.
Жасур баланд бўйли, қош кўзи
қора, ўзи шахарлик бўлсада бақувватгина эди. Мойлаблари сабза урган бир қарашда
қизлар ёқтириб қоладиган ўспирин йигитча бўлганлиги учун синфдаги қизлар
Жасурни кўрибоқ, бир-бирларига қараб, ўзларига аро бериб қолишди. Болалар эса
унча хушламагандек кўриниб турар эди.
Жасур ўзига ўриндиқ излади.
Ҳаммаси банд, лекин охирги партадиги Дилшод якка ўзи ўтирганини кўрди унга яқин
бориб сўради.
- Салом Дилшод, ёнингга ўтирсам
бўладими?
- Йўқ бўлмайди, -деди Дилшод, -
бу жой бошқасига тегишли. Синфхонадагилар Дилшоднинг гапидан кулиб юборишди.
- Унда узр, деди-да яна
синфхонага қаради.
Ҳамма билан тез тил топишиб
кетадиган Азиз, Жасурнинг жой қидираётганини кўриб, ўзининг ёнидаги бўш стулга
чорлади.
- Келақол Жасур, мана бу ер бўш.
Жасур унинг олдига бориб ўтирди.
- Салом исмим Азиз.
- Мени исмим Жасур, раҳмат сенга,
- деди Азизга жой бергани учун мулозамат кўрсатиб.
Шу пайт киришга қўнғироқ чалинди,
дарс бошланди. Математика дарси.
Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб
кетди, Жасурга аҳамият ҳам бермай қўйди биров.
Жасур дарсда фаол қатнашди.
Масалалар ечишда хатто синфнинг аълочи ўқивчиси Зохидани ҳам ортда қолдирди.
Кимдир "билими юқори экан" деди, яна кимдир аламидан куйиб ёнди.
Танаффусда Азиз ҳамма
синфдошларни бирма-бир таништириб чиқди.
Ҳамма синфда бўлгани каби Дилшод
ўша синфни биринчи зўри экан. Жасур унинг ўзини тутишидан, гап-сўзларидан
синфдошларига берадиган буйруқларидан пайқади. У синфда яна бир қиз, яъни Асал
ўқир эди. Қош кўзлари ўзига ярашган, сочлари қўнғироқ, оппоқина қиз эди. Унга
ҳамма синфдош болалар яҳши муомала қилади. Уни ҳамма ўғил болалар ёқтиради,
улар орасида Дилшод ҳам. Дилшоддан қўрқиб бошқа ўғил болалар Асал билан
гаплашганда эҳтиёт бўлиб гаплашар эди. Дилшод анчадан буён Асалга хатлар ёзиб
учрашувга таклиф қилсада, хали хануз унга рад жавобини беришдан чарчамас эди.
"Мен бунақа нарсаларга хали ёшлик қиламан" деб бахона қилиб қўя қолар
эди.
*****
- Салом мен Асалман, - деди
дабдурустдан Асал Жасурнинг ёнига келиб.
- Салом мен Жасур. Танишганимдан
хурсандман.
- Бизни мактаб сизга ёқдими? -
сўради Асал.
- Ҳа яҳши, - деди секингина.
- Болалар билан танишиб
олдингизми?
- Танишдик, ҳаммалари яҳши
болалар экан, - деди озгина ёлғон ишлатиб.
Асал билан Жасурни
суҳбатлашаётганини кўрган Дилшодни ғазаби қўзиди. Ўрнидан туриб Жасурнинг
елкасига туртиб ўтиб кетди. Жасур эса хайрон.
- Вой майли, кейин гаплашармиз, -
деганча Асал нари кетди. Дилшод яна бир балони бошламасин деган хаёл билан.
Дарс тугаб ҳамма уйга кетаётган
маҳал Дилшод Жасурни тўхтатиб қолди.
- Хой шахарлик олифта, орқага
ўтгин сенда гапим бор.
- Тинчликми Жасур? Нима гапинг бор, шу ерда айтиб қўя қол
гапингни?
- Сенга ташқарига чиқ деяпман, намунча қуёнюрак
бўлмасанг.
- Нималар деяпсан, юр ташқарига.
Иккалови мактаб ховлисига чиқишди
ва Дилшод панароқ ерни кўрсатиб ўзи йўл бошлади. Уларни кузатиб чиққан синфдош
болалар ҳам ортларидан боришди.
Дилшод пана жойга ўтиб тўхтади ва
Жасурга қараб, қўлини бигиз қилганча,
- Сен олифта нималар қиляпсан
яқинда келиб?
- Нима қилибман, тушинтириброқ
гапир оғайни.
- Ўзингча ақллилик қиласан,
Асалга яна бир марта яқин йўлаганингни кўрсам шармандангни чиқариб, иккинчи
қаватдан улоқтираман.
- Бу нима деганинг сал оғзингга
қараб гапир Дилшод, - деди Жасур ҳам жахл қилиб.
- Нимаааа, сен шунчалик зўрмисан,
мана бўлмаса, - деганча Жасурга қарата Дилшод мушт отди, аввалдан шундай
бўлишини сезиб турган Жасур, қўлини эпчиллик билан ушлаб орқасига қайирди.
Катта жанжал бўлиб кетиши
мумкинлигини билган томошабинлар, тезда уларни ажратишди.
- Қўйиб юбор ҳамманг, хозир мен
уни келган жойига қайтариб юбораман, - деб хархаша қилди Дилшод.
- Юр кетдик ўртоқ, бунга аҳамият
берма, - деганча Азиз Жасурни етаклаб олиб кетди. Шу шу улар бир-бирларига
душман назари билан қарайдиган бўлиб қолишди.
Асал эса Жасурни атрофида гирди
капалак.
- Жасур дафтарингизни ёзиб
берайми?
- Жасур онам билан кеча кўк сомса
қилган эдик, шундан олиб келгандим берайми?
- Жасур математикани яҳши билар
экансиз, менга ҳам дарс тайёрлашда ёрдам қилмайсизми?
Жасур Асалнинг баъзи бир
гапларига жавоб қилар баъзиларига эса йўқ.
Унинг ўй хаёлида фақат ўзининг
Ферузаси. " Феруз хозир нима билан банд экан? Бир ўзи мактабга
қатнаётгандир, унга ҳеч ким гап отмаяптимикан?" Хар хил ўй хавотирлар
билан банд.
****
Азиз синфхонага югуриб кириб
келди.
- Эшитдиларингми? Келаси хафта
футбол бўйича мактаб биринчилиги бошланар экан.
- Зўрку, қаердан эшитдинг? -
сўради Дилшод.
- Хозиргина жисмоний тарбия
ўқитувчисидан эшитдим. Синф ўқувчиларидан команда ташкил қилиб тезда рўйхатни
домлага олиб кирарканмиз.
Дилшод команда туза бошлади.
Аввалига рўйхатга Жасурнинг фамилиясини киритмади. Ўртоқларининг фикри билан
уни ҳам қўшди. Лекин, уни захирада қолдиришни режа қилди.
Жасур Дилшоднинг қилган ишларидан
дили ранжиган бўлсада, лекин синфини обрўси учун қачондир керак бўлиб қолишини
ўйлаб хар бир ўйинни қолдирмай бир четда туриб кузатиб борди.
Битирувчи синф бўлганлиги учун
уларни синфни хар бир бахсда ғалаба қозона бошлади. Финал онлари яқин келгани
сари ўйинлар бир-биридан завқли, бир-биридан муросасиз ўтиб борар, стадион
атрофидаги томошабинлар сони ҳам ортиб борарди. Ўйнаётган синф болаларининг
синфдош қизларидан тортиб уларнинг синф рахбарларигача ўйинларни катта қизиқиш
билан кузата бошлади. Дилшод учун ҳам Асални кўнглини забт эта олишнинг қулай пайти
эди. У ўзини ўйинларда кўрсатиши лозим эди. Кўрсата олди ҳам, йиқилса ҳам
чарчаб толиқса ҳам ўйнайверди, голлар ураверди. Натижада уларнинг синфи чорак
финалга йўл олди. Синфдошлар ўзларида йўқ хурсанд, ғалаба сабаб хеч бирида
чарчоқ аломатлари сезилмас эди. Жасур ўзининг махоратига таяниб уларга
кўрсатмалар бериб борди. Табийки, бу Дилшодга хуш келмас эди.
Чорак финал ўйинига старт
берилди. Ўйин қизигандан қизиди, хали у томон хужум қилса, хали бу томон хужум
қилар эди. Икки рақиб команда ҳам ютқазгиси йўқ эди. Ўйиннинг саксонинчи
дақиқасига келганда рақиб команда химоясида ўйнаётган бир бола, Дилшоднинг
командасида хужумда ўйнаётган боланинг оёғига тепиб йиқитди. Зарб қаттиқ
бўлганлиги сабаб, у оёғидан лат еди ва бошқа ўйинни давом эттира олмаслиги маълум
бўлди.
- Дилшод Жасурни киритайлик, -
деди синфдошлардан бири.
Жасур бир муддат ўйланиб қолди,
кейин бир қарорга келди, хозир Асални ундан қизғонишдан кўра ўйин мухимроқ эди.
Мактаб биринчилигида ғолиб бўлиш, синфини номини мактабда улуғлаш орзуси эди уни.
- Майли ўйинга қўшилсин, - деди.
Жасур сафга қўшилиб, кетма-кет
хужумлар уюштира бошлади. Ўйиннинг 89 дақиқасига келганда Дилшод ва Жасур
бир-бирига кетма-кет қисқа пастларни бериб, рақиб ўйинчиларини алдаб ўтиб,
дарвозага яқин келди. Жасур ўзи ҳам уриши мумкин бўлган голни Дилшодга
қолдирди. Дилшод бир зарб билан тўпни дарвозага йўллади. Гол. Гол бўлиши билан
ўйин тугаганини билдирувчи хуштак чалинди. Ҳамма Дилшод томон отилди, уни
қучоқлаб, урган ғалаба голи билан қутлади. Уни кўтариб осмонга отди. Хатто Асал
ҳам келиб Дилшодни қутлади ва секингина унга учрашувга чиқишини айтиб кетди.
Буларнинг ҳаммасига Жасур сабабчи эди. У Жасурни излади. Жасур бир четда, кулиб
турар эди. Дилшод унинг ёнига югуриб бордида, хеч нима демасдан қучоқлаб олди.
Фақатгина бир сўзни такрорлар эди...
- Раҳмат ўртоқ, раҳмат сенга...
Икки ўртоқ, кечга қадар мириқиб
суҳбатлашишди. Яқиндан танишишди. Дилшод Асал масаласида қилган нохақликлари
учун кечирим сўради.
- Ўртоқ ростан Асални яҳши
кўрмасмидинг? - сўради Дилшод гап орасида бироз хадик билан.
- Қизиқсанда Дилшод, неча марта
айтаман ахир, мен Асални севмайман, мени ўзимни севган қизим бор.
- Нима нима? Севган қизинг бор,
вой айёр эй, хали севганим ҳам бор дегин, - Жасурнинг гапидан қувониб кетди
Дилшод, яна хайрон ҳам бўлди.
- Ҳа шунақа.
- Ким у Жасур? Мен танийманми?
- Йўқ сен танимийсан, у шахарда
яшайди.
- Ҳа шунақами? -кўнгли таскин
топди Дилшоднинг, - у қандай қиз, менга гапириб бер ўртоқ.
Жасур Феруза хақида гапира кетди.
Икки ўртоқ шу кўйи сухбатлашиб кунни кеч қилди.
- Жасур мен эртага шахарга бориб
келишим керак, бироз кеч қолиб келаман устозга ўзинг бир бахона қилиб турарсан.
- Хўп майли, тинчликми ишқилиб?
Финал ўйинига етиб келасанми?
- Ҳа етиб келаман.
- Эсингда бўлсин, эртага бизни
энг қийин ва масъулиятли ўйин кутиб турибди а!
- Ҳа биламан, мен бу кунларни
анчадан бери кутаман, ўтказиб юбормайман албатта.
*****
Эртаси куни финал ўйини улар
ўйлаганидан ҳам кўра қийинроқ ўтди. Икки ўртоқ бошқаларидан кўра кўпроқ елиб
югурди. Хар жабхада рақибларидан устун келди. Уларни шиддатини, ғалабага бўлган
иштиеқини кўрган томошабинлар бақириб чақириб қўллаб турди. Натижада финал
ўйинида рақиб командани йирик хисобда мағлуб этди.
Ҳамма хурсанд, уларни мактаб
директори ғалаба билан қутлади. Совға саломлар улашди. Хар бир команда аъзосини
ушлаб кўтариб отишди. Дилшод ва Асал ҳам бир-бирларини қутлашар, хурсанд
бўлишар эди. Жасур уларни кўриб хомуш тортди. Бир четга бориб ўтирди.
"Қани мен ҳам ўз мактабимда бўлсам, қани мени ҳам ғалаба билан Феруза
қутласа".
Шундай ўй хаеллар билан ўтирган
вақтда орқасидан кимдир,
- Ассалому алайкум Жасур ака, -
деб чақирди.
Жасурнинг қулоғига таниш овоз,
ёқимли овоз, хар кун хар дақиқа эшитишни хохлаган овоз эшитилди.
Сакраб ўрнидан туриб овоз томон
қайрилди. Қайрилди-ю, анчадан бери кўрмаган, кўришнида хохлаган Ферузаси турар
эди. У карахт эди.
- Тушимми ўнгимми? Сиз.... Сиз бу
ерни қаердан топдингиз?
- Хов анави бола билан ёнида
турган қиз олиб келди мени бу ёққа, - деб, Феруза қўли билан нарироқда турган
Дилшод билан Асални кўрсатди.
- Ҳа айёр эй, эрталаб шахарда
ишим бор деганда шуни назрда тутганмикан?- деб ичида дўсти Дилшоддан мамнун
бўлди.
****
Мактабда 25 май куни битирув
кечаси ташкил қилинди. Ўша куни Жасур синфдошларини 1 июн болалар кунини
шахарда нишонлашни таклиф қилди ва у ерда синфдошларни ҳаммасини меҳмон қилишга
ваъда берди.
Иқбол Юсуф.
21.05.2014 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий