среда, 23 декабря 2015 г.

Кондуктор, балиқ, арча


- Ўғлим хали ёшсан, Насибага она керак. Яҳшилаб ўйлаб кўр! Нодира энди қайтмайди! Бир умр ҳам ота ҳам она бўлиб яшай олмайсан! Мен қариб қолдим, хар доим иссиқ совуғингдан хабар ололмайман, уйланишинг керак болам!
Онаҳон сўққабош бўлиб қолган ўғлидан хавотир олиб, яна уйланиш масаласида сўз очди.
- Онажон яна шу гапни бошладизми? Сизга айтгандимку ҳали уйланишга тайёр эмасман деб, - Акбарали онасинидан бу гапни кунда кун ора эшитаверганидан бироз эриш туйилаётганди. Чойини апил-тапил ичди-ю, ишга кеч қолаётганини айтиб, кўчага ошиқди.

***
Акбарали ва Нодира бир институтда ўқиди, ўқиш давомида аҳду паймон қилишди. Ўқишни битириб Акбарали Нодираникига совчи юборди. Икки томондан рози-ризолик олиб, никоҳ ўқитишди. Уч-тўрт йил фарзандли бўла олмадилар ва ниҳоят тўйларига беш йил деганда Нодира бўйида бўлди. Бу хабарни эшитган барча қариндош-уруғ хурсанд бўлишди. Акбарали ва Насиба ҳаммадан ҳам кўпроқ суйинишди. Ҳомиладорлик вақти Нодирада жуда оғир кечди. Ҳомила олти етти ойлик бўлганида шифкорлар жарроҳлик йўли билан олиб ташлашни таклиф қилишди. На илож бу таклифга ҳамма рози бўлди, лекин биргина Нодира ҳаммадан устун келди. "Мен албатта туғаман!" деб, туриб олди. Шифокорлар, "Чақалоқ жарроҳлик йўли билан дунёга келади, жарроҳлик амалиётида эса онадан айрилиб қолиш хавфи бор!" деб қайта-қайта таъкидлашса ҳам Нодира кўнмади.
- Майли менга нима қилса ҳам розиман, чақалоқни жонини сақлаб қолсаларинг бас! - деб, аҳдида қатъий туриб олди.
Ой куни яқинлашди. Нодиранинг барча яқинлари, айниқса Акбарали катта бир ҳадик билан тўлғоқ вақтини кута бошлади. Вақт келди. Нодира жарроҳлик столига ётқизилди.
Ташқарида барча яқинлари тинмай дуода бўлди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, жарроҳлик хонасининг эшиги очилиб, эшик ортидан бош жарроҳ кўринди. Шифокорни кўриши билан Акбарали ёнига югуриб борди:
- Ака Нодира яҳшими? - биринчи сўзи шу бўлди унинг.
- Табриклайман қизалоқли бўлдингиз! - деди шифокор,  бироз чарчоқ ва хоғин овозда.
- Ака Нодира яҳшими? - қизли бўлганлик хабарини деярли эшитмади ҳам.
- Бардам бўлинг ука! Қўлимиздан ҳеч нима келмади, онасини сақлаб қола олмадик...
Акбаралининг кўз олди қоронғулашиб, қўлларида қалтироқ турди, шифокорнинг сўнгги сўзлари эшитилмай қолди.
- Э Ҳудо!

Нодиранинг туҳфаси деб қизалоққа Насиба деб исм қўйишди.

***
Акбарали автобусга чиқиб ойнага яқин бўлган ўриндиққа ўтирди, нигоҳларини ойна орқали кўчага қадаб бироз ҳаёлга чўмди. Нодирани ёдга олди. У билан ўтқизган кунларини хотирлади. Хар куни мана шу йўлдан институтга бир автобусда қатнар эди. Нодира кейинги  бекатдан чиқар ва биргалашиб институтгача суҳбатлашиб кетар эдилар. Қайтишда эса, суҳбатларини давомлатиб яёв қайтишни ҳуш кўрардилар.
Ўша кунларни ёдга олиб, Акбаралининг киприклари намланди. "Қани энди вақт саккиз йил ортга сурилса-ю, кейинги бекатдан яна Нодирани автобусга чиқаётганини кўрсам, у билан худди талабалик давримиздагидек хазил-хузул қилиб гаплашиб кетсак" деб ҳаёл сурди.

- Кечирасиз! Ўғлимни ёнигизни олиб кета оласизми? Тиқилинчда одамларни оёғи остида қолиб кетяпти, - майин ва ширали бўлган бу овоз Акбаралини ҳаёлини бузди. Ойнадан кўзини олиб, чақирув бўлган томон юзланди. Қаршисида оппоқ юзли, кўзлари бироз синиққан, қўлида бир даста чек қоғоз кўтариб олган ёшгина жувон, болакайни елкасидан ушлаб олганча турарди.
- Хўп бемалол, қани келчи болакай!
- Раҳмат! - деб, ўғлига бироз жилмайган куйи, - Мен хозир-а ўғлим автобусни бир айланиб чиқай, келаман олдингга! – деганча, автобуснинг бошқа томонида кетаётган одамлар орасига сингиб кетди.
- Ассалому алайкум! - деди болакай. Жуда ҳам ёқимтойгина бўлгани учун Акбаралини эътиборини ўзига тортди ва  уни суҳбатга чорлади:
- Ваалайкум ассалом! Исминг нима ўғлим?
- Жаҳонгир, - деди болакай оғир вазминлик билан.
- Мактабга кетяпсанми? - деди Акбарали болакайнинг орқасига илиб олган сумкасига ишора қилиб.
- Ҳа, - деди болакай.
- Нечинчи синфда ўқийсан?
- 3- синфда.
- Баҳоларинг неччи? - қизиқиб яна саволга тутди Акбарали.
- 5 амаки.
- Ҳа яшавор! Ўғил бола дегани мана бундоқ бўлибди. Кондуктор аёл ойингмилар?
- Ҳа ойим, яқинда автобусга кондуктор бўлиб ишга кирдилар.
Бу вақтда автобус шахар марказидаги байромона усулда безатилган катта Арча ёнидан ўтаётган эди.
- Вой ана арча!- беҳосдан қичқириб юборди болакай.
- Амаки сизни ҳам болаларингиз борми? - энди савол бериш навбати болакайга етди.
- Ҳа бор! - деди Акбарали.
- Сиз ҳам уларни Янги йил арчасини айлантиришга олиб чиқасизми?
- Хозирча йўқ, чунки у ҳали жуда ҳам ёш.
- Ҳа шунақами, мени дадам хар йили олиб чиқардилар.
- Демак, даданг жуда яҳши эканларда!
- Ҳа улар, жуд-да ҳам яҳши! Ҳамманинг дадасидан ҳам яҳши!
Дадасини мақташидан қувониб, у хақида сўрамоқчи бўлди.
- Даданг ким бўлиб ишлайди?
- Дадам хозир ишламайди. У киши йўқ!
- Ие бу нима деганинг? Нега йўқ?
- Мен мактабга кирган йили бизларни ташлаб кетган. Мен уларни жуда соғинаман.  Ота-онаси ажрашиб кетган бўлса керакда деб ўйлаб, ноўрин савол бериб қўйганидан хижолат чекди. Болакайни кўнглини кўтариш учун, гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди.
- Кўп куйинма Жахонгир, даданг хали келади, яна сени Янги йил арчасига олиб чиқади.
- Йўқ энди улар келмайди, ойим айтганлар, дадангни соғинсанг осмонга қара улар ўша ерда сенга қараб турибди дейди.
Болакайни гапларини эшитиб, Акбаралини кўнгли бузилди. "Демак, дадаси худди менинг Нодирам сингари бу ёруғ оламни эрта тарк этган" деган таҳмин қила бошлади.



- Зерикмай ўтирибсизларми? Ўғлим сизга савол беравериб чарчатиб юбормадими? - боласини бегона одамга ташлаб кетганидан хижолат бўлиб, кела солиб узр сўрай кетди кондуктор аёл.
- Э йўқ аксинча, бу болакай жуда ақлли экан, мазза қилиб гаплашиб кетяпмиз.
Исмингиз нима?
- Зилола, - деди, уялибгина.
- Ҳа яҳши, мени исмим Акбарали  танишганимдан хурсандман, Зилола энди менга узр, бекатим яқинлашиб қолди, кейинги сафар Жаҳонгир билан суҳбатимизни яна давом эттирамиз, хозирча хайр ўғлим!- деди-да, ёқимтой болани бошидан силаб автобус эшиклари томон кетди.

***
Шу-шу улар тез-тез анашу автобусда учрашадиган, Жаҳонгирни ўз ўғли сингари кўриб, онасига ҳалал бермаслик учун уни ўзи билан тушадиган бекатигача олиб кетадиган бўлди.
Зилола ҳам чекларини янги чиққанларга тарқатиб бўлгач, Акбарали билан кетаётган ўғлини олдига борар, ўғли сабаб иккиси бироз суҳбатлашадиган бўлишди.
Акбаралини бир савол қийнар эди, турмуш ўртоғи нима сабабдан бу дунёни тарк этган бўлиши мумкин? Касалликми, автохалокатми ёки бошқа бир сабаб биланми? Жаҳонгирдан сўрамоқчи бўлди-ю, лекин ботина олмади, яна ярасини янгилаб, дадасини ёдига солиб қўйишни ўзига лозим топмади.
Зилолани ўзидан сўраб оламан деган фикрга келди.
Бу орада Зилолани бева эканлигини, ўғли билан қизлик уйида акаси ва унинг оиласи қаторида уч хонали квартирада бирга яшашлигини, акасининг топиш тутиши ҳам ўзига яраша эканлигини ва шу сабаб рўзғорга ёрдами тегиши учун кондукторлик қилаётганини Зилоланинг ўзидан сўраб билган эди.
- Зилола кўнгилга олимасангиз, бир саволим бор эди.
- Эримдан кейин "оғзини этак билан ёпиб бўлмайлиган айрим одамлардан" жуда кўп ситам кўрдим-ки, хозирда унча бунча гап сўзларга эътибор ҳам қилмайман, кўнглимга ҳам олмайман.
- Унда яҳши! Турмуш ўртоғингиз нима сабаб оламдан ўтганлар?
- У киши жуда кўп ишлар эдилар, бўш вақтлари жуда кам эди. Ўртоқлари билан ҳам чойхонага вақт топа олмасдилар. Байрам арафаси ишидан икки кунга жавоб бўлди, Акбаралини байрамга олиб чиқаман деб ваъда қилганди, ўртоқлари дам олишини қаердан эшитишди-ки, дарҳол у кишига телефон қилиб, анҳорга балиқ тутишга бориб, биргалашиб дам олиб келишни айтишди. Бу ёқда ўғлига ваъда бериб қўйган, у ёқда анчадан буён бирга хордиқ чиқара олмай юрган қадрдон ўртоқлари. Иккиланиб қолди. Ўшанда биргина сўз билан, "Ўғлингизга ваъда бергансиз дадаси" деб, олиб қолсам бўларди мен аҳмоқ, лекин индамадим, қаршилик кўрсатмадим ҳам, "бормасам бўлмайди, дам ҳам олиб келаман" деди-да, ўртоқлари билан шахар ташқарисига чиқиб кетишди.
- Хўш балиқ овида бирор кўнгилсизлик бўлдими?
- Афсус ўша куни икки оёқда хонадонимиздан чиқиб кетган инсонни кечга бориб шум хабари келди. Балиқ овига бориб, қармоқда балиқ тутишга тоқати етмай, қайсидир ўртоғининг гапи билан анҳор ёқаси бўйлаб ўтган кучланиши катта бўлган токдан сим улаб бир учини анҳорга ташлабдилар. Оз-моз кайфи ҳам бўлган экан. Кучли ток сабаб, анҳордаги балиқлар карахт ахволда сув юзасига чиқа бошлаган. Қайси ҳаёл билан бўлиб, бу киши ўзини сувга отган, натижада ток уриб, ўша жойнинг ўзида юраклари уришдан тўхтаган.
- Жуда ҳам аянчли воқеа, афсус, сизга сабр берсин синглим! - деб, Акбарали Зилолага ҳамдардлик билдирди.


***

Акбаралани онаси бу гал ўғлини уйлантиришга кўндиришнинг янгича усулини топди. Хар доимгидек, ишдан келиб овқатланиш учун ўтирган ўғлига сўз қотди:
- Акбарали ўғлим, сенга ҳушхабарим бор!
- Хўш онажон, айтингчи қандай хушхабар экан?
- Насибаҳон гапира бошлади, - деди, тиззасида олиб ўтирган чақалоқни эркалатиб.
- Жуда яҳши бўлибди-да, қани гапирингчи қизим! Битта "дада" деб қўйингчи  асал қизим! - қизининг тили чиққанидан қувониб кетиб, кетма-кет гапиртиришга урина кетди Акбарали.
- Қани жон қизим, битта "дада" денгчи!
- А-я, а-я!
Онаҳон ҳам неварасини гапиришини ўзи эшитмаган эди, шунчаки ўғлининг кўнглини юмшатиб, уйланишга кўндирмоқчи эди.
Насибанинг тили "она" деб чиқди, у тўхтамай "ая" дея бошлади.
Акбаралидан ҳам кўра, унинг онасининг кўз ёшлари селдек оқа бошлади.
Онаҳон ёноқларига оқаётган кўз ёшларини артиб:
- Энди онасини қаердан топиб бераман ўғлим?- бу гал жиддий сўроққа тутди онахон Акбаралини.
Акбарали бир муддат жим бўлди, бир дақиқада минг хил хаёл ўта бошлади. Хар қанча уринмайлик болага ота, онани ўрнини, она эса отани ўрнини боса олмас экан-да!”
Ва ниҳоят Акбарали тилга кирди:
- Она, мен розиман!
- Шукр! Хайрият! Бўлмаса мен харакатимни бошлай а, айниб қолмасингдан бурун, бир иккита кўз остимга олиб қўйган қизлар бор.
- Шошманг онажон, кўз остингизга олганларингизни қўя туринг, қаерга совчиликка боришингизни мен биламан, - бироз онасидан хижолат тортганча.
- Биласан, вой ўғлим эй, айтчи қани ким экан у қиз?
- Яшайдиган манзилини билмайман-у, лекин қаерда ишлашини биламан! Хохласангиз, эртага мен билан бирга автобусга чиқинг, ўша ерда таништириб қўяман.
- Автобусда?!
- Ҳа шундай онажон!

****



Шундай қилиб, дўстимиз Кама Ноирнинг ажойиб танлови сабаб Жахонгир Янги йил куни дадаси билан Арча атрофида мазза қилиб айланадиган бўлди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий