Ота шундай зотки, у кишини оёқ кийимини кийиб кўрасан, сенга жуда катталик қилгани учун узоқроқ юра олмайсан, лекин барибир ўша оёқ кийимни кийишга, худди ўша инсондек бўлишга интиласан.
Уни уст-бошларини кийиб кўрасан, минаётган машинасини ҳам мингинг келади. Рулига ўтириб, худди ўша инсондек бошқариб кўрмоқчи бўласан.
Юрганда юришини, турганда туришини, ётганда ётганини ўхшатишга, унга тақлид қилишга уринасан.
Ота шундай зотки, кун бўйи меҳнат қиладиган, ишлаб пул топадиган, сени едириш учун, кийдириш учун, ўқитиш учун тинмай меҳнатда бўладиган захматкаш бир инсондир.
У кун бўйи меҳнат қилади. Кун-у тун рўзғор ташвишида бўлади. Иш давомида баъзи бир кўнгил хираликларга учрайди. Бошлиғидан сўкиш эшитиши мумкин, одамлар билан ўзаро келишмай қолиб таъбини хира қилиши мумкин, лекин уйга қайтаётиб хар қандай кўнгил хираликларни унутиб, сен учун дўкондан ширинликлар олиб кела оладиган инсон ҳам ота бўлади.
Хаёт ташвиши унинг юзидаги ажинлар билан бойитган бўлсада, сени кулгуингга, хурсандчилигингга шерик бўлиб, биргалашиб кула оладиган инсон ҳам ота бўлади.
Сени бағрига босиб, барча қийинчиликларни ташвишларни унутади.
Ота шундай инсонки, бирор кун ишдан қайтаётиб, ёнларини пайпаслаб, ширинликлар олмаганини билиб қолса, эшик остонасига келиб қолган бўлса ҳам яна қайтиб дўконга чиқиб сен учун ширинлик олиб кела оладиган ва бундан сира эринмайдиган, ҳеч қачон сен учун қилганларини миннат қилмайдиган зотдир.
Агар сен қўнғироқ қилиб қолсанг, хар қандай юмуш билан банд бўлмасин, уларни бир четга суриб сени тинглай олади, бирор нарса сўрасанг, қўлидан келганча харакат қилиб ўша илтимосингни бажаришга харакат қилади. Бажаради ҳам.
Бир жойинг шамоллаб қолса, бетоб бўлиб ётиб қолсанг, ўзини қўярга жой топа олмай қолади. Сен учун жонини ҳам беришга тайёр бўлиб қолади. Сен учун хар қандай иш қилишга ҳам қодир бўладиган ҳам отадир.
Ўртоқлари олдида сен билан мақтанади. Бу мени ўғлим дейди. Зурриётим, наслимни давомчиси деб атайди. Ўғли борлигидан фахрланади, қаддини ғоз тутади.
*****
Ўғил, сен ўша отани ўғлисан.
Вақти келиб катта бўласан, вояга етасан.
Қачондир дадангни оёқ кийимини кийишга бўлган иштиёқинг баланд бўлган бўлса, вояга етганинг сари, "ақлинг" киргани сари, ўша оёқ кийимни қўлинг билан ушлаб, пойини пойига қилиб тўғрилаб қўйишга ҳам хазар қила бошлайсан.
Эски, кераксиз буюм деб тасвирлайсан.
Уни кийими, миниб турган машинаси жудаям эски, ҳеч ким хавас қилмайдиган буюмлардек кўрина бошлайди кўзингга. Қараганинг сари бурнингни жийира бошлайсан.
Уни юриш туришидан, ўзини тутишидан уялгинг келади.
Ўртоқларинг билан бирга турганингда олдингдан ўтиб қолишини, отанг эканлигини улар сезиб қолишини хечам хохламайсан.
Ие даданг шуми? - деган саволидан қўрқасан.
Эгнигга қимматбахо кийимларни кийиб олгансан, "ўртоқлари қаторидан қолмасин, улар олдида хижолатли бўлмасин" деб отанг ўзи эски чориқда қолган бўлсада, ўзи киймай сенга кийдирган. Сен қимматбахо кийимларни кийиб олиб, уларга мақтаниб қўйгансан, аслида ким эканлигингни отангни эгнидаги кийимлари орқали билиб қолишса, ўртоқларинг сендан нафратлана бошлайди, ўзларини "доираси"дан четлатиб ҳам юбориши мумкин. Шундан қўрқасан, "отанг шуми?" деб масхараомуз сўраганларида, сен "Бу амаки қўшнимиз бўлади, эркалаб ўғлим дейдида" дейишдан ҳам тоймайсан.
Улар телефон қилиб қолса, имкон қадар олмасликка харакат қиласан, "яна бир муаммо бор шекиллида ёки пул сўрасалар керакда" деб ўйлайсан. "Йиғилишдаман" ёки "иш билан бандман" деб, смс орқали ёзиб юборишинг ҳам мумкин.
Бирор жойи оғриб бетоб бўлиб қолса, ака-укаларингни излай бошлайсан, ўзингча хақиқатпарвар бўлиб, жигарларингга отангга қарашни тенг тақсимлай бошлайсан.
"Сен дори-дармонига ёрдан қил, мен озиқ-овқатига". "Сен бир кун бирга бўл, эртага мен бўламан".
Эртадан то кечга қадар у зотнинг бошида туришга сени вақтинг бўлмайди. "Дори-дармонини олиб бердимку, ўзим шарт эмасдир" деб ўйлайсан, аслида эса сени меҳрингга муштоқ бўлади. Сендан қувват олади.
Отанг ёшлигингда қилганларини, сен ўн бирини ҳам унга қила олмасанг ҳам бирор марта юзингга солмайди. Миннат қилмайди, ёмонликларингни унутиб, арзимас яҳшиликларингда кўнгли тоғдек кўтарилиб юбрадиган инсон бу -Отангдир!
Ота ана шундай, меҳрли-мурувватли инсондир!
Иқбол Юсуф.
Комментариев нет:
Отправить комментарий