четверг, 23 апреля 2015 г.

Уйга онам келганди...


Эслатма: Синглим ўз оиласи билан, мен ҳам ўз оилам билан бир шахарда яшаймиз, ота-онамиз эса биздан 100 чақирим узоқдаги туманда, туғилиб ўсган юртимда яшайдилар.

Синлимни бир ойлик чақалоғи хасаталаниб, касалхонага тушиб қолди. Катта қизи боғчага бормайди, куёвимиз тонг сахарлаб ишга чиқиб, жуда кеч қайтади. Онаси билан касалхонада ҳам қолдириб бўлмайди. Уйга олиб келдик, лекин бизнинг уйдагилар ҳам кундузи билан уйда бўлмайди-да. Онаси билан мен ишда, қизим мактабда, ўғлим эса боғчада бўлади. Синглимнинг катта қизига қараб турадиган одам йўқ, онамни чақирдим.
            Улар келадиган бўлишди. Аслида-ку, жиянимни қаровсиз қолаётганлиги у қадар муаммо эмасди, нари борса аёлим ишдан руҳсат олиб қараб туриши ҳам мумкин эди, онамни чақиришимиздан бирдан бир мақсад, синглимни кўнглини кўтариш, фақат у инсонгина тинчлантира олардилар.
            Синглим хомиладорлик вақтини жуда оғир ўтқизади.  Шуни билсада яна фарзандли бўлишга қарор қилди. “Қизимга шерик бўлсин” деди-да. Бу галгиси аввалгисидан-да, оғирроқ ўтди. Хомиладорлик нишонасини пайқаган вақтдан бошлаб то кўзи ёригунча бир жойда ётиб қолди. Катта қизига хомиладор бўлган махал ўн марта ўлиб ўн марта тирилган бўлса, бу гал юз марта ўлиб юз марта тирилди. Шунча азобу-ситамлар билан бир ойча аввал синглимни кўзи ёриди. Оллох унининг шунча чеккан дардига мукофат сифатида ўғил фарзанд инъом этди. Ўша кунларда синглимнинг қанчалар хурсанд бўлганлигини кўрганизда эди. Тўққиз ой давом этган жанггу жадалда ғалаба қозонган аскардек қувонарди. Ана шу фарзанди, чақалоғи дардга чалинди. Шифокорларнинг биринчи ташхиси “юрак ноқислиги” деб қўйилди. Бунга сабаб қилиб, хомиладорлик вақтида тинимсиз укол дорилардан фойдаланганлик билан изохлади. Бундай нохуш хабарни эшитган синглим, бир кунда ўн марталаб хушидан кетди.
            Онам келдилар. Машинадан тушишлари билан мен кўришиб, тўғри синглим чақалоғини олиб ётган касалхонага боришларини айтди. Олиб бордим. Касалхона томон борар эканмиз, у киши гапириб-гапириб, синглимнинг холатига ачиниб-ачиниб йиғлаб кетдилар. Уларни тушинишга харакат қилдим. Синглим чақалоғи учун жон куйдириб, унга ачиниб кўз ёш тўкаётган бўлса, онам ҳам чақалоққа, ҳам синглимнинг ўзига жони ачиб йиғлар эдилар. Синглимнинг хомиладорлик вақтида қанча дард чеккан бўлса, онам унданда ошиқроқ азобландилар, биргалашиб дард чекдилар. Орзиқиб, тилаб-тилаб олган фарзандига, жигаргўшасига бир гап бўлгудек бўлса, синглим кўтара олмас эди-да.
            Шифохонага етиб бордик. Чақалоқ тундан бери шифохонанинг жонлантириш бўлимида, синглимни ҳам у ерга қўймайди. Шифохона ташқарисига машинамни қўяр эканман. Ховлида телбанамо у ёқдан бу ёққа тинмай юраётган синглимга кўзим тушади. Онамга имлаб кўрсатдим.
-          Ана синглим!
Синглимни кўришлари билан онам у томон ошиқди. Синглимга яқинлашар эканлар, ўзларида қандай куч топа олди хайронман, машинада келаётган вақтда тўкилаётган кўз ёшлардан асорат ҳам йўқ эди, ҳеч нарса сезмагандек, дадил қадамлар билан олдига бормоқда. Дард, алам, умидсизлликка тушиб қолган синглимни бағриларига босиб, овозини бироз баландлатган кўйи қаттиқ-қаттиқ гапира бошладилар:
-          Сенга нима бўлди қизим? Бир кунда ўзингни шунча олдириб қўясанми? Шифокорларинг айтаверади, ҳаммаси Оллохдан, ундан кўра тинмай шифо сўраб дуо қил! Ҳаммаси яхши бўлади худо хохласа. Оддийгина шамоллаган бўлиб чиқсин илохим!
-          Нимага айнан мени болам шундай бўлади ая, ахир туққунимча қаначалар азобланмадимми? Энди хурсанд бўлдим деганда, шу дард ҳам бормиди бошимда?
-          Хато қиляпсан қизим, дард хохлаган вақтида келаверади. Ўзинг кўриб турибсан-ку, холангни ўғли туппа тузук юрганди, ўзи ҳам ўйламаган холатда касалликка чалинди (анкалогик). Бир жойда бир йилдан бери ётибди. Ўзидан бошқа ҳамма тақдирга тан бериб улгуришди.
Шу тариқа онам синглимни овутишга харакат қилди, синглим ҳам онамни кўргач, уларни гапларини эшитгач, анча таскин топди.

Синглимни бироз хотиржам бўлди.

Ахир уйга онам келганди-да.

****
У киши уйимизга меҳмон бўлиб келсалар, хонадоним файзга тўлади, хира нур таратиб турган чироқлар ҳам ёп-ёруғ нур таратаётгандек бўлади назаримда. Келишларидан аввал аёлим ҳам уйни обдон саранжом саришта қилади. Айниқса,  фарзандларим бувисини келишини эшитиши билан боши кўкка етади, кўзи қувнайди. Бувиси улар учун яхшигина химоячи ҳамларда. Мактабни-ку қолдириб бўлмайди, лекин ўғлимга худо беради, боғчага кириш таққа-тақ тўхтайди. Ўғлим боғчага кирмай қўйди. Бувиси ва синглимнинг қизи билан уйда қоладиган бўлди. Кечқурунлари бувисини ёнида ётишга талашишади. Охир оқибат синглимнинг қизи ўксиб қолмаслик учун, бирга ухлаш жиянимга насиб қилади. Лекин, шундай бўлсада барибир бувиси уч набирасини ўртасига жой қилиб беришларини айтади.  Болалигимда менга, укамга, синглимга айтиб берилган эртаклар бирин кетин айтилади. Ёрилтош, очил дастурхон, кенжа ботир. Болаларга бу эртаклар ёд бўлиб кетган бўлсада, бувисидан эшитиш улар учун мароқли. Ўғлим боғчага кирмай қўйди. Уч кун ўтиб ўртоғи Достон чақириб келди:
- Муҳаммадюсуфбек, нимага боғчага кирмаяпсан?
- Бувим келди, энди кирмайман.
- Бугун биздан қон олди, мана қара! – деб, Достон билагини очиб кўрсатиб мақтана кетди.
- Нима қон олди? – суҳбатларини тинглаб турган аёлим сўроққа тутди.
- Гурпамизда, сариқ касал чиқибди, шунга биздан ҳам олди.
Уларнинг суҳбатини эшитиб, “шукр” дейман. Агар ўғлим ҳам шу кунларда боғчага кирганда, балки ўша касаллик ўғлимга ҳам юққан бўларди. Онам келиб, боғчага киришдан қутилиб қолганди. “Нафақат боғчадан, балки юқумли касалликка чалиниб қолишдан ҳам қутилиб қолибди-да” дейман ўзимга ўзим.

Ахир уйга онам келганди...

****
Бир кунда бир қути сигарет чекардим, уч кунда бир қути чекяпман. Уйда онам бор...
Икки-уч кунда, кечки овқатни дўстларим билан бирга ўтириб овқатланишга одатланганман. Шу сабаб, ўртоқларим телефон қилишади:
-          Ўртоқ бугун ўтирамизми?
-          Уйга онам келганлар, чиқа олмайман.
Деярли хар куни тушликни кўчада қилар эдим. Хозирчи...
-          Иқболжон болам иссиққина мастава қилиб қўйдим, тезда келиб тушлик қилиб кетгин.
Ҳам ҳамёнимга фойда, ҳам соғлиғимга, вақти бемахал тушлик қилиш ҳам эсдан чиқиб қоларди-да.
Хафта ўртасида опасини кўриб кетиш учун, кечки махал уйга кичик қайноғам келиб қолди. Кундузи билан ноутбук қаршисида ўтирганим етмагандек, уйга кириб ҳам бўш қолдим дегунча телефонимни титкилаш одатимга айланиб қолибди. Қайноғам, онам ва оилам билан овқатланиб ўтирарканмиз, овқатни еб бўлишим билан телефонимни қўлимга олиб, интернет титкилай бошлайман. Бир марта биқинимга туртиб қўйдилар онам. Юзларига қарасам, кўзлари билан гаплашиб ўтир дегандек, имлаб қўйдилар. Сал туриб яна телефонимни қўлимга олдим. Бу сафар жим тура олмадилар:
-          Иқболжон телефонингни йиғиштиргин болам, ўрганиб қолибсан шунингга. Бу махал да қайноғам ошхонада идиш товоқ юваётган опасининг олдига кириб кетганди.
-          Бир пайтлар, битта танишим эрини зўрға кўндириб, акасининг уйига меҳмонга борадиган бўлибди, - деб гап бошладилар онам, - акам янги уйга кўчиб ўтгандан буён бирор марта йўқлаб бормадик дадаси, бир бориб келайлик. Бир амаллаб эрини кўндирибди. Эри-хотин акасининг уйига борибди. Дастурхон атрофида ўтиришса, ўша аёлнинг акаси, яъни мезбон синглисига ҳам, куёвига ҳам ахамият бермай, тинмай газета ўқирмиш. Бу холатдан ранжиган куёв, юзига фотиҳа тортиб кетадиган бўлибди. Кўчага чиқиши билан хотинига қараб, “акангни уйини елкамни чуқури кўрсин, иккинчи қадам босмайман” деб, акасининг аламини синглисидан олган экан. Буни айтишимдан мақсад ўғлим, олдинга одам келдими уни хурматини жойига қўйгин, телефонингга қараб ўтиришинг, ёнингда ўтирган одамга нисбатан хурматсизлик бўлади болам! – деб танбеҳ бердилар.
Ҳақиқатан эътибор бериб қарасам, анчайин титишга муккасидан кетиб қолибман ва бу орқали ёнимда ўтирганларга анчагина бехурматлик қилаётган эканман. Онам танбеҳ бермагунча, буни фахмлай ҳам олмасдим.
Уларни уйимизга меҳмон бўлиб келганларига ҳам бир хафтадан ошди. Бу орада чойхонага чиқмадим, кечки овқатларни кўчада ўртоқларим билан қилмадим. Лекин бир сафар чиқишга ҳам тўғри келиб қолди. Кўпчилик эркаклар қатори, мен ҳам футболга қизиқаман. Футболга алоқаси борлар билишса керак, айни дамларда европа чемпионлар лигасининг чорак финал ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Хар гал севимли жамоаларим футбол ўйнайдиган бўлса, ўртоқлар билан йиғилишиб, биргалашиб кўрамиз. У ердаги махаллий вақт, бизникидан беш олти соатга фарқ қилганлиги сабаб, ўйинлар уларнинг вақтга қараганда ярим тунда бўлиб ўтади. Шу сабаб, уйга жуда кеч қайтишга тўғри келади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Соат иккидан ўтганда уйга қайтдим. Уйдагиларни, айниқса онамни уйғотиб юбормаслик мақсадида, овоз чиқармай, секин асталик билан эшикни очдим. Эшикни очишим билан каридорда, полга эмаклаган кўйи ниманидир пайпаслаб қидираётган онамга кўзим тушди. Аввалига хайрон бўлдим.
Мени кўриб чўчиб кетдилар:
-          Келдингми болам?
-          Ҳа келдим ая, нима қиляпсиз бу ерда, чироқни ҳам ёқмай?
-          Чироқ ёқсам болаларнинг кўзига тушиб, уйғониб кетмасин дедимда.
-          Ўзи нима қилаётгандиз бу ерда?
-          Келдингми йўқми, билмоқчи бўлиб туфлингни қидираётгандим-да!

Уйқусида ҳам “фарзандим” деб, тинч ухламайдиган шундай онам борлигидан фахрланиб кетдим.
Уйга онам келганди-да.

  
Хар гал меҳмон бўлиб келсалар, имкон борича бирор яхши жойга олиб боришга харакат қиламан. Боғга олиб чиқаман, оилавий борса бўладиган ресторанми ёки ошхонагами олиб бораман. Бу сафар аёлимни таклифи билан балиқхонага бордик.
-          Қўй болам, ўзингни кўп уринтирма, бир кунлик кўчанинг овқатига бир хафта қозонинг қайнайди, - деб, хархаша қиладилар. Турмуш ўртоғим ва болалар билан бир амаллаб кўндириб олиб кетдик.
Балиқхонада овқатланиб ўтирар эканмиз, онам ўзларинг ёнларига, балиқнинг яхши пишган бўлакларидан уч тўрттасини йиғиб қўймоқдалар. Кузатиб туриб хайрон бўлдим.
-          Ҳа ая, (биз томонда онани ая дейилади) ўзиз емасдан, олдизга тўплаяпсизми?
-          Йўқ едим, жуда мазали қиларкан, - бошқа жавоб қилмадилар. Индамадим. Балки олиб кетиб, кейин есалар керакда деб тушиндим.
Овқатланиб бўлдик, онам узундан узун дуо қилдилар: “Топганингга барака берсин, фарзандларингни менга ўхшаб хузур халоватини кўриб юргин...”.
Ёнига йиққан пишган балиқ бўлакларини аёлимга айтиб, нон бўлаклари билан елим халтага солдилар.
Балиқхонадан чиқиб уй томон кетарканмиз, онам “Бир йўла синглингни ҳам кўриб ўтайлик” деб қолдилар. 
“Хўп” дедим-у, машинани касалхона томонга бурдим. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди.
Аёлим ва онам синглимни кўриш учун шифохонага кириб кетдилар.
Бир муддат ўтиб, чиқдилар.
Қайнона келин ўзаро суҳбатлашишмоқда:
-          Анча ўзига келиб қолибди-а ая Давронжон(чақалоқнинг исми Давронжон)?
-          Ҳа, кўзлариям жойига келибди. Тузалиб кетади, - дедилар онам бамайлихотир.
-          Яҳши ҳам ўша балиқни олиб кирибмиз, бўлмаса оч қолиб кетаркан бечора, эрини иши кўпайиб кечки овқатини олиб кела олмаган экан. Бизга ҳам бир оғиз телефон қилмабди.
-          Уринтириб қўймай деганда, ўзи кўнглим сезганди-да, - деб жавоб қилдилар онам.
Қаранг а, мен бўлсам ўзлари учун йиғяпти деб юрибман, қизини ҳам ўйлаб, ўзи камроқ еб,  балиқнинг бир бўлагини олиб қўйган эканлар.
Оналарнинг юраги қандай бўлади ўзи?
У кишининг бу харакатларини кўриб, бутун вужудим титраб кетди.


Шифокорлар адашишди, онам хақ бўлиб чиқдилар. Чақалоқнинг касали юрагида бўлиб чиқмади. Юраги соппа соғ экан. Уч кун шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётиб, касали кундан кунга тузала бошлади ва бошқа хонага ўтқизилди. Қаттиқ шамоллатиб қўйган экан. Ўн кун деганда уйга жавоб беришди. “Юрак порог”и деб ташхис қўйилиб, бу дунёни эртагина тарк этиши мумкин деб гумон қилинаётган чақалоқ бугун менга кулиб қарамоқда.
Ҳаммамиз хурсандмиз! Хурсандчиликни нишонлаш мақсадида, синглим шифохонадан чиққан куни эртасига Андижонга олиб бордим. Кечгача шахар айлантириб, андижоннинг ўша машхур Боғи шамоли-ю, шахар ичидаги Пушкин боғларида фарзандларим билан жиянларимни ўйнатиб келдим.
Келган кунидан бери синглимга ва унинг чақалоғига куйиниб, бир сафар сездириб, бир сафар бизларга сездирмай кўз ёш тўкаётган онам бугун анча хурсандлар.
Андижондан илиқ таассуротлар билан қайтар эканлар, гапларини орасида қишлоқда қолган дадамни эслаб, “ўғлим бир сафар даданг келганда ҳам шунақа чиройли жойларга олиб келгин, у кишига ҳам шахарни кўрсатгин, ишидан бошқа жойларни билмайди-да даданг шўрлик” эндиям йиғламасам бўлмайди. Бу жумлаларни ёзар эканман. Онамнинг дадам хақида қайта-қайта айтган гапларини эсга олиб, кўзим намланмоқда, кўзимдан чиққан икки дона кўз ёши, бармоқларимга тўкилмоқда.
Аслида унча бунча нарсаларга эътибор бериб, хиссиётларга эрк бериб кўз ёш тўкавермайман. Бу сафар кўз ёшларимни бошқара олмадим.
Ахир уйга онам келгандиларда!!!
Ҳамманинг ҳам уйида ота-онаси бўлсин, улар сабаб уйлари нурга тўлсин!!!
Ота-онамизнинг умрлари узоқ бўлсин!!!





Ушбу, онам ҳақида ёзганларимни сайтдош дўстим, қадрдонимга айланиб улгурган Исмоилжон укамнинг оналарини ёрқин хотираларига бағишлайман!
Онахонни охиратлари обод бўлсин!
Исмоилжон ва унинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изхор қиламан!

Иқбол Юсуф.

23.04.2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий