Кеча иш билан кўп қаватли уйлар
жойлашган катта кўчанинг четида бир соатдан ошиқроқ вақт тўхтаб қолдим.
Шу вақт мобайнида бир холатни
кузатиб нимагадир гувох бўлдим.
Нексия машинасида ёшгина йигитча
мендан йигирма қадам нарироққа келиб тўхтади. Қулоғида телефон, менга аҳамият
ҳам бергани йўқ. Кўзи "дом" тамонда.
Машина хайдовчиси бўлган йигитча,
жуда ёш кўринди, тахминан 17-18 ёшда.
Кўп ўтмай, уйлар орасидан тез-тез
қадам босганча, у ёқ буёққа олазарак қараб, хали ўн етти баҳорни ҳам қарши
олмаган қизча машина тамон юриб келди ва олд ўриндиққа келиб ўтирди.
Йигитча машинани елдай учириб,
олдимдан ўтиб кетди.
Бир соатлар чамаси ўтиб-ўтмай ўша
машина қайтди ва қиз йигит билан хайрлашиб, машинадан тушиб, икки юзи
қизарганча яна атрофга олазарак қараб, уйлар тамон кетди.
Машина яна ўз ўрнидан қўзғалиб,
тез орада кўринмай кетди.
****
Ҳамма нарсани оддийлигича қабул
қиладиган, кўз ўнгида нимаики рўй бераётган бўлса уни борлигича хис қиладиган,
"замон ўзгаряптида" деб қўя қоладиган инсонлар бу холатни кузатиб
туриб, хеч нимадан хайратланмасдан эътибор бермаслиги бор гап. Нари борса,
"Икки севишган ёшларда" дейиши табий холдир.
Лекин, мен буни оддийгина
"севги" деб, билмадим.
Бундай холатни кўриб ўзимни ҳам
қизим борлигидан, қачондир вақти келиб манашундай холат юз бериши мумкинлигидан
қўрқиб кетдим.
Бу кузатганларим севги эмас, бу
ахмоқлик, ёшликдаги бебошлик. Нотўғри йўл, нотўғри танлов!
Нима учун нотўғри йўл эканлигини,
хаётий кузатувларим орқали тасвирлаб бераман, агар ошириб юборган бўлсам,
фикрларингизни комментда кутарман.
Ўзига бино қўйган, "дунё
менинг қўлимда" деб биладиган олифта йигитча хақида фикр юритсак.
Гапиришдан аввал, айни ўша ёшдаги шахсий хаётим хақида қисқача хикоя қилиб
бераман.
****
Мактаб давримизда бизда ҳам севги
бўлган, ўртоқларга қўшилиб ўзимизча синфдош қизларга ёки ўзимиздан қуйи синфда
ўқийдиган қизларга гап ташлаганмиз, хат ёзганмиз, учрашганмиз, лекин ўзимизнинг
шахсий машинамизда сайр саёхат қилмаганмиз. Машинани ўзи бўлмаган, хатто
"икки ғилдиракли велосипедим ҳам йўқ эди" десам адашмайман.
Ўқишга тайерланиш учун етти
саккиз километр узоқдаги қишлоқда яшайдиган математика ўқитувчисиникига пиёда
бориб келар эдим. Қиш келиб кунлар совиб қолганида, онамнинг раҳми келди.
Рўзғорга кунига уч тўртта тухум бериб турадиган олтита товуқни сотиб, менга
велосипед олиб беришликни дадамдан илтимос қилдилар. Дадам бўлса, "Ўғил
болага жин урармиди, қўй шу товуқларни сотиб нима қиласан, пиёда бориб
келаверадида" дедилар. Лекин, онам барибир сўзларида қаттиқ туриб олдилар.
Ва нихоят дадамни кўндирдилар.
- Мен бозорга тўртта товуқни
сотгани бормайман, она бола ўзларинг нима қилсаларинг қилинглар, - дедилар
аччиқланиб.
Якшанба куни, товуқларнинг
оёқларини боғлаб, укам билан бозорга отландим. Янги велосипед олишимдан хурсанд
бўлсамда, эрталаблари тухум қуймоқсиз мактабга боришимни ўйлаб бир куйинар
эдим.
Янги велосипедга товуқларнинг
пули етмайди. Минилгани эса ўша пайтда 18000 сўмларга берар эди. Демак, олтита
товуқни хар бирини 3000 дан сотишим керак. Тушликка қадар укам билан бозорда
товуқларни ушлаб ўтирдик. Деярли харидор йўқ, бўлгани ҳам арзон нархда сўрайди.
Қарасам укам совуқ қотди.
- Бор уйга сен кетавер, мен ўзим
сотиб бораман, -дедим.
Жонидан совуқ ўтиб кетган
шекилли, айтишим билан ўрнидан туриб уй тамон шошилди.
У орада, бозордаги одамлар ҳам сийраклашиб
қолган, харидор деярли йўқ хисоби, фақатгина олиб сотар бир иккита опа
ўтирибди. Улар ҳам кетиб қоларди, лекин бизга ўхшаб пул зарурларни кутиб
ўтирибди. "Зерикканидан арзонроқ нархга сотиб кетар" деган илинжда.
Лекин, "мен бўш келмайман" дедим ўзимга ўзим. Шундай дейишга дейману,
умуман харидор бозорда қолмаганидан нима қиларимни билмай қоламан. Велосипед
олишга бўлган иштиёқ ҳамон сўнмаган, шу товуқларни тезроқ сотсаму, орзу қилган
велосипедимни олсам.
Укам кетганига бир соат бўлиб
бўлмас, укам билан дадам қайтиб келди.
- Ҳа нима гап?- сўради дадам.
- Тинчлик, сота олмадим, - дедиму
кўзимдан бир томчи ёш сизиб чиқди. Билмадим орзуим амалга ошмайдиган бўлиб
турганлиги учун аламданми ёки оёқларимдан ўтиб кетган совуқнинг азобиданми
кўзим ёшланиб кетди.
- Ҳа ўғлим а, -дедилар дадам, -
пул топиш осон эканми? Шунинг учун ўқигин, одам бўлгин дейманда, ўқимишли
одамлар ўғлим, совуқда бозорда ўтирмайди, кўп қаватли биноларнинг иссиқ
хонасида, юмшоқ курсиларда ўтиради, - деди.
- Хўш харидорлар бўлдими? - яна
сўради дадам.
- Ҳа бўлди... фақат жуда паст
сўрадида, - деб жавоб қилдим.
Суҳбатимизни нарироқда кузариб
турган олиб сотар опаларнинг бири ёнимизга келдида дадамга сўз қотди.
- Келинг ака, бу йигитча сизнинг
ўғлингизми? Ёмон қаттиқ бола экан э, эрталабдан сўрайман бермади-я. Битта
нархни ушлаб олган, "ундан арзонига сотмайман" дейди.
- Хўш қанча бермоқчисиз синглим?
- деди дадам ўша аёлга юзланиб.
- Хар бирига икки мингдан 12000
бераман ака.
- Йўқ синглим, сизники ҳам эмас,
бизники ҳам майли 2500 дан беринг, олинг ҳаммасини, шу йигитчага битта
велосипед олиб берай, - деди дадам.
Олиб сотар аёл бироз ўйландида.
- Майли ака сиз айтгандек бўла
қолсин, шу йигитчага раҳмим келди тўғриси, эрталабдан бери совуқда ўтирди-я,
касал пасал бўлиб қолмасин яна, - деб кулиб қўйди.
Товуқларни пуллаб уйга қайтдик.
Интиқлик билан велосипед бозори
бўладиган кунни кутдим.
Дадам билан бирга бозорга чиқдик.
Дадам бозордаги велосопедларни
диққат билан кўриб чиқар, хар харда эгасини у ер бу ери тўғрисида сўроққа тутар
эди.
Мен эса, бозордаги энг чиройли
қилиб безатилган, рамалари рангли резина билан қопланган, списаларига хар хил
чиройли нарсалар ўрнатилган велосипед қаршисидан жилмасдан турибман.
Дадам айланиб чиқиб, ёнимга
келдида,
- Хўш ўғлим қайси бирини оламиз,
- деди.
- Манабунисини, -дедим,
шошилганча ерталабдан бери атрофида гирдикапалак бўлиб турган велосипедни
кўрсатиб.
- Э буни нима қиласан ўғлим, усти
чиройли қилиб безатилган билан темирлари пишиқ, пухтага ўхшамаяпти. Краскаси
ўчиб кетган бўлсада, хов нарироқда турганини оламиз, ўша бақувватга ўхшайди.
- Дада, - деганча оёғимни тираб
туриб олдим. Илтимос қилдим, хафа бўлгандек бўлдим, қисқаси дадамни кўндирдим.
Товуқнинг пулларига бироз
қўштириб, танлаган велосипедимни олдирдим.
- Агар бир нарса бўлгудек бўлса,
каллангни оламан а бола, эхтиёт қилиб мингин, - деб, бироз пўписа қилиб
қўйдилар дадам.
Ўша кундан буён велосипедни
учиртириб миниб дарсга қатнай бошладим.
Ора сирада яҳши кўрган қизимнинг
ҳам кўчасидан ўтиб қўяр эдим.
Махалласи тамон бурилиб,
мақтанганча ўзимча кибор билан гердайиб, гохида икки қўлимни рулдан қўйиб
юбориб худди цирк артистларидек велосипедни бошқариб кириб борар эдим.
Ховлисининг дарвозасига яқинлашганда эса, кибор ва гердайишдан асар ҳам қолмас
эди. Эндигина тўртинчида ўқийдиган ўғил бола укасини кўриб қолсам ҳам қўрқиб,
юрагим така пука бўлиб кетар эди. Битта битта педални босиб, секин миниб
келаетган бола, мингга қўйиб (тез юришни шундай дейиларди, хозир ҳам шундай
менимча) қочиб қолардим.
Бир куни ўша велосипедда дарсга
кетаётсам, мендан анча гавдали, оғир вазнли, курашчи, полвон бир ўртоғим
йўлимдан чиқиб тўхтатиб қолди.
- Ҳа ўртоқ қаёққа?
- Дарсга, - дедим мен.
- Йўл йўлакай, мени далага ташлаб
ўт, -деди тўсатдан.
Йўқ дейишни ҳам билмайман, ҳа
дейишни ҳам. Бирпас ўйланиб қолганимни сезган дўстим.
- Хохламасанг пиёда ҳам
кетавераман, янги велосипедда юриш қандай бўларкин дегандимда, - деди, бироз
норози ва пичинг охангда. "Янги велосипед" деганда, велосипедимни
янгилигига шубха қилиб гапиргандек бўлди назаримда. "Янгилигини, бақувватлигини
унга кўрсатиб қўяман" дедимда, олдимга чиқариб олдим.
Йўлда кетиб борар эканмиз, ичимда
қора қиринди ўта бошлади, "ишқилиб бир бало бўлмасинда, велосипедимга бир
нарса бўлса, аниқ дадамда ўламан" деган ўйлар миямда чарх ура бошлади.
Чунки, ўртоғим велосипедга сакраб минаётган вақтда рамаси сал эгилгандек
туйилдида назаримда. Йўқ худога шукр, ўртоғим тушадиган манзилга оз қолди.
Тириқ этгани йўқ, кўз тегмасин, бир текисда елиб бормоқдамиз. Энди етдим
деганда, бирдан йўлдан кичик бир бир чуқурча чиқиб қолса бўладими, рулни бура
олмадим, велосипедни олди ғилдираги чуқурчага тушиши билан ғарс этиб рамаси
узилиб велосипедим иккига ажраб кетса бўладими.
Иккиламиз ҳам асфалтда йиқилиб
ётибмизу, бир биримизга қараб на кулишни биламиз на йиғлашни.
Танамда қаттиқ оғриқ сезилиб
турсада, ичимдан "энди дадамдан ўламан деган фикр" қийнамоқда.
Дадамнинг бозордаги гаплари
қулоғим остида жаранглай бошлади, "Бунинг нозикка ўхшаяптида ўғлим....
Агар бир нима бўлса каллангни оламан а бола.... Эхтиёт қилиб мингин". Эҳ
аттанг а, мен бу касофатни чиройига учибман а. Дадамнинг гапига кирмаган
эканман, улар бир нарсани билмаса гапирмас эди. Энди нима қиламан?
- Сен айбдорсан, дедим шартта
ўртоғимга айбни оғдариб.
- Ие жиннимисан, нега мен айдор
бўламан? "Мени олиб кет" деб, мажбурламадимку!
- Йўқ барибир сен айбдорсан, агар
сени миндирмаганимда тинчгина дарсимга кетган бўлардим. Ўн ўн беш дақиқа
ўртоғим билан ёқалашдик ҳам. Сал ўзимизга келгандан кейин, бошимни чангаллаганча
сўз қотдим.
- Энди нима қиламиз ўртоқ?
- Қайдам, нима бўлса бўлди
уйингга олиб борамизда.
- Жинни пинни бўлганмисан, хозир
ши ахволда олиб борсам, дадам нақ калламни олади-ку, дадамни биласанку
жахлларини!
- Хўш нима қиламиз унда?
- Устага борамиз, узилган жойини
улаймизда устидан яна рангли резина қоплаб қўямиз.
- Йўқ мен бормайман, далада
қиладиган ишларим кўп, сен ўзинг боравер, - деди ўртоғим. Унинг бу гапидан
тумшуғига бир туширгим келди-ю, ундан қайтиши мумкин бўлган жавобдан қўрқдимда,
унинг билаклари жуда бақувват. Сал паст кетиб илтимос қилиб кўрдим.
- Жон ўртоқжон, мени бу ахволда
ташлаб кетмагин, бир ўзим эплай олмиманда ахир, ёрдамлашворгин, сени уста
танишларинг кўпку!
Бир нарса қилиб уни кўндирдим.
Икки ўртоқ бир велосипедни иккига бўлиб олиб, хар бир бўлагини ерда судраганча
уста тамон кетдик. Аксига олиб биз билган усталар эплай олишмади. Кейин бошқа
қишлоқлардаги усталарни сўраб суриштириб кетдик. Ўша куни тушлик ҳам қилмадик.
Катта кўчаларда велосипеднинг икки бўлагини судраганча кечга қадар қишлоқларни
кездик. Бахтга қарши мақсадимизга эриша олмадик. Кун ботиш арафасида ўзимизнинг
қишлоққа етиб келдик. Хамон ўша ахволда иккига бўлинган велосипед билан. Уйга
яқин жойдаги устахонага "эртага
олиб кетаман" деб велосипедни қўйиб уйга тарқалдик. Эрталабдан кечга қадар
пиёда юриб, чарчаб, холдан тойиб, йиқулгудек холатда уйга кириб бордим. Кечгача
йўқ бўлиб кетганимдан хавотир олиб ўтирган онам, ўша кунги холатимни кўрим,
"дод" деб юборгудек бўлдилар. Дадамнинг хали ишдан келмаганидан
фойдаланиб, бўлган воқеани рўй рост айтиб бердим. Онам бечора бир икки дакки
бергандек бўлдиларда, барибир она эканларда юраклари юмшади, қорнимни тўқлаб ўз
уйимга киргизиб юборди. Чарчаганимдан тезда ухлаб қолибман. Эрталаб дадамнинг
чақириғидан уйғониб кетдим.
- Иқбол.
Кўзларимни ишқалаб, "хозир
бошланади" деганча қўрқа писа, секин-секин қадам ташлаб, ховлига чиқдим.
- Ҳа дада, - дедиму, шоша пиша у
кишининг қўлига қарадим, "менга отгани бирор нарса олмаганмикинлар ишқилиб
деган ўй биланда" хозирча хеч нима йўқ ёки тез қараб яна бошимни пастга
эгиб олганим учун кўзим тушмади.
- Велосипедингни қайси устада
қолдирдинг?
- Алимардон аканинг устахонасида,
- дадамнинг оғир ва вазминлик билан сўраганидан хайронман.
- Хўп майли, сен бугунча
дарсингга пиёда бориб кела тур, мен унгача устахонадан велосипедингни олиб
таъмирлатиб қўяман...
Бу гапларга ишонишимни ҳам
билмайман, хурсанд бўлишимни ҳам. Нарироқда турган онамга юзландим. Улар менга
қараб кўзларини қисиб қўйдилар. Демак ҳаммаси яҳши. Дадам уришмайдилар. Шу пайт
онажонимни қанчалар яҳши кўриб кетганимни билсангиз эди. Укамдек эркатойроқ
бўлганимда югуриб бориб қучоқлаб олиб юзларидан ўпиб миннатдорчилик изхор
қилган бўлардим ўша он. Афсуски, ундай ҳам қила олмайман.
Дадам ишга чиқиб кетар эканлар,
ортларига бурилиб,
- Ҳа айтганча, "ўшанда
бошингни оламан" деб пўписа қилганимда,сени калтаклашни назарга олиб
айтмаган эдим ўғлим, "нарсанинг қадрига етгин, хеч нима ўзича пайдо
бўлмайди, уни асраб авайлагин" деган мақсадда айтган эдим, эрталабда бўлган
воқеани келиб тўғрисини айтганингда мен сени уришмаган бўлар эдим, бундан буён
ўзингча бир иш қилмагин, фақат тўғриси сўз бўлгин ўғлим, - деб чиқиб кетдилар.
*****
Хикоямни қисқароқ қиламан
дегандим, чўзилиб кетди. Бунинг учун узр сўрайман.
Энди юқорида келтирилган
йигитчага тўхталадиган бўлсак.
Машина олиш осон иш эмас.
Велосипед олгандек, тўртта товуқни олиб чиқиб сотса машина бериб юбормайди. Бу
ёшда эса "ўзи меҳнат қилиб, ишлаб топган пулига машина олган" деб ҳам
бўлмайди. Бу йигитчага ё дадаси олиб берган ёки дадасидан яшириб машинасини
олиб қочган. Бу болакай ушбу машинани на қадрини билади на қимматини.
Ўртоқларини ёнида ёки айрим "қизчаларига" ўзини кўз кўз қилишнигина
билади холос. Хатто машина бошқаришни тузук қуруқ бошқаришни билмай туриб, қулоғида
телефон билан машина бошқаради. Жуда кўп бор эшитяпмиз, кўряпмиз шундай ёшдаги
йигитларнинг бахтсиз ходисаларга рўпаро бўлишларини. Ўртоғига мақтаниб ёки
ёнида ўтирган қизига мақтаниб, тезликни меъёридан ошириб юборадида қарс этиб
бир жойга уради. Бир жойга урса майли, ўзига хеч нима қилмаса бас, лекин йўлда
кетаётган бир бегунохни хаётига зомин бўлаётганлар қанча?
Шундай йигитчаларнинг
ота-оналарига хайронман???
Фарзандларига "каллангни
оламан" деб пўписа ҳам қилиб турармикан?
Нарсанинг қадрига етишга
унашармикан?
*****
Энди уларнинг севгиларига назар
солайлик.
Мен ўзимни "яҳши одамман,
яҳши тарбия кўрган маънивиятли инсонман" деб хисоблайман.
Яшириб ўтирмайман, ўзимни фаришта
мисол ҳам кўрсатмоқчи эмасман, рўй рост айтаман, мана шундай маънавиятли
инсонда ҳам севган қизлари беш олтита бўлган. Замон, вақт, маконлар ўзгариши
билан севадиган қизлар ҳам ўзгариб борган. Уйланганимга тўққиз йил бўлди, икки
нафар фарзанднинг отасиман, лекин шу вақтга қадар бирорта инсондан "роса
қизлар билан севишиб севишиб охири битта севганига уйланган бу Ромео"
деган хақоратомуз, юзимни ерга қаратадиган гап эшитмадим, бундан кейин ҳам
эшитмасам керак, чунки хотинбоз эмасман, уйланмасимдан аввал севишганман,
уйланганимдан кейин эмас.
Бу билан нима демоқчиман? Ўғил
болага кўп қизлар билан севишиб юриш айб эмас, гунох бўлиши мумкин, лекин
одамлар наздида айб иш хисобланмайди. Йигитларнинг кўп қизлар билан севишиб
юриши ҳам ишонарсиз холат эмас, бу хар бир эркакнинг иллати. Ўша йигитча бугун
бу қизчани машинасига ўтқаздими, аниқ айтаман эртага бошқасини ҳам ўтқазади.
Қиз болага қийин, умуман олганда қиз болаларга қийин.
Биз европада яшамаймиз, биз
ўзбекмиз, биз мусулмонмиз.
Бизнинг қизларда ибо бор.
Бизнинг қизларда хаё бор.
Бизда орият бор.
Бизда номус бор.
"Биттаси билан роса юрган, хатто
машиналарида қаерларнидир сайр қилган деган гап чиқса", билингки яҳши
хонадондан эсли хушли ўғлига сўраб, совчи бўлиб келмайди.
Атиги икки уч йиллик чиройли
хаётни деб, бир умрлик умр йўлдош танлашдан адашиб қолманг қизларжон!
****
Яна кўп ва хўўп маслахатларим бор
эди-ю, чўзилиб кетяптида, "оххо жуда кўп экан" деб ўқимай ўтиб
кетмасин деган мақсадда шу ерда тўхтатиб қўя қолдим. Насиб бўлса кейингиларида
яна шу мавзуга тўхталарман.
Иқбол Юсуф.
02.05.2014 й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий