воскресенье, 26 апреля 2015 г.

"Муллажиринг" хақидаги мулохазаларим.

Блоггерлар танловида қўйилган “Муллажиринг” блогига билдирмоқчи бўлган комментим анчагина узун бўлиб кетганлиги учун ва бу узундан узоқ мулохазаларим билан айрим муштарийларни дилини ранжитиб қўймай деган мақсадда ўз блогимга жойлаб қўя қолдим.
Қуйидаги блогни ўқишдан аввал ушбу линк орқали “Муллажиринг” номли блогда қандай муаммо кўтарилганини билиб олишингиз мумкин: http://niyozov.blogspot.com/2015/04/blog-post_24.html
Аввало огохлантираман қуйида ёзганларимни, расмий маълумот тариқасида деб тушинилмасин! Булар шунчаки хаётий қарашларим холос.
   ****
Бир муддат божхона органларида ишлаганим ва хозирда савдо фаолияти билан шуғилланаётганим сабаб, айрим тажрибаларимга таяниб, блогни тўлдиришга харакат қилиб кўраман:
Яъни, "Нима учун бундай тафовут бўляпти? Унга барҳам бериш учун нима қилиш керак?" деган саволларга ўз ақлий доирамда маълумот бериб ўтаман.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг йиллик айланма маблағларини доимий равишда назорат қилиб туришлик учун давлат томонидан ўтган йилларда нақд пулсиз хисоб китобларни амалга оширишга катта урғу берилди. Пластик карталар фаолияти ҳам шулар жумласидандир. Бу хақида асосий блогда ҳам, мендан аълороқ қилиб айтиб ўтилган.
Пластик карталардан фойдаланиш ахоли учун бирмунча қийинчилик туғдираётган бўлсада, лекин давлатимиз манфаати учун ижобий натижалар кўрсатмоқда. Ўртадаги тафовут эса вақтинчалик, хозирда иқтисодиётимиз ривожланиш босқичида, буни
ҳаммамиз яхши биламиз, тез фурсатда бу тафовутлар ўз ўрнига келишга ҳам ишонамиз.
Шахсан мен ишонаман!

-          Хар бир чиқарилаётган қонун қоидалар ахоли манфаати учун хизмат қилиш керак эмасми, нима учун давлат манфаатдор бўлиши керак? - деган савол туғилиб қолиши мумкин.
Қилинаётган ишларнинг барчаси ахоли турмуш даражасини ошириш учун хизмат қилинмоқда.
Солиқлар ва давлат даромади натижасида шаклланган маълум маблағ эса, аниқ бир меъёрга асосланиб, бюджет ташкилотлар (боғча, мактаб, коллеж, ўқув юртлар, шифохона)га ва уларнинг қурилишларига, нафақахўрларга, шахар инфратузилмасини янгилашга ва яна кўплаб ахоли учун бепул хизмат кўрсатадиган жойларга сарфланади.
Содда қилиб айтганда, ўзимиздан олиб ўзимизга қайтарилади. Яъни, мендан олинган маблағ, онамга нафақа қилиб, ўқитувчи аёлимга маош сифатида қайтарилади.
Булар умимий тушинчалар эди.

Энди нақд пул билан нақд пулсиз хисоб китоб масаласига тўхталиб ўтсам. Буни ҳам жуда содда ва қулай бўлган, ўзим билган усулда тушинтириб ўтаман.

Савдо фаолитиятимдаги орттирган кичик тажрабамга таянган холда:
Мебел ишлаб чиқариш ва уни сотиш фаолияти билан шуғилланаман. Ўзим ишлаб чиқарган мебеллар билан бир қаторда бошқа ишлаб чиқарувчиларни маҳсулотларини ҳам шахардаги дўконлардан бирида сотаман. Хисоб рақам очиб фаолият юритадиган банким, менга маълум миқдорда хар ой истиқбол режа белгилаб беради. Масалан бир ойда  10 млн. Анашу белгилаб берилган миқдордаги сумманни банкка бир ой давомида топшириб боришим керак. Бу менинг бир ойлик айланма маблағимга асос бўлади. Ўша айланма маблағдан эса, хар ойда бешта хисоб рақамга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошираман. Солиқ турларини санаб ўтмайман.
Ўша маблағни қанча кам кўрсатсам, шунча солиқ кам ундирилади, қанча кўп бўлса шунча кўп солиқ ундирилади.
Ҳамма ҳам кўпроқ даромад олишни ўйлайди, кўпроқ даромад олиш учун имкон борича солиқлардан қочишга уринилади, бунинг жиноятлигини билиб турса ҳам. Нафс, виждондан жуда кўп холларда устун келади-да.
Бу холат имкон борича савдо пулини яшириш билан амалга оширилади.
Савдо пулини яширишнинг энг қулай усули нақд пул. Шунинг учун ҳам пластик карталар жорий қилинган. Харидор пластик карта билан савдо қилишлигини сотувчига билдирса, у имконсиз қолади, савдо терминалига уради ва натижада айланма маблағ сўзсиз хисоб рақамларда кўриниб қолади.
Нақд пулда эса, назорат касса аппаратига урмасдан, уни яшириш имкони мавжуд бўлади. Шунинг учун, тинимсиз равишда оммавий ахборот воситаларида таъкидланадики, “хар қандай савдо турини амалга ошираётганингизда, унинг чекини талаб қилинг!” деб. Сотувчи чек чиқариб қўлингизга тутқаздими, демак у маблағ айланма маблағга айланади. Махсус қопчага солиниб банкка равона бўлади. Яширишнинг имкони бўлмай қолади.
Харидор чек талаб қилмадими, уни бемалол бир четга олиб қўйса бўлади. 10 млн.лик айланма маблағни эса, имкон борича пластик карта билан таъминлайди.
Банкка нақд пул топширилмагандан кейин, улар қаердан нақд пул топиб берсин клентларига?

Божхоначи бўлган вақтимдаги билимимга таянган холда:

Савдо фаолияти билан шуғилланаётган жисмоний ва юридик шахсларга нақд пул нима учун керак?
Шуни биламизки,  асосий маблағ (даромаднинг, нафақанинг, маошнинг 70 фоиз)и харид учун сарфланади.

Вазирлар Маҳкамаси  “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида” 2002 йил 6 майда қарор қабул қилган.
Ҳа сизу-биз билган, омма орасида “54 товар” номи билан ўта машхур бўлиб кетган мазкур қарор чиқиши билан, ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, чет элда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликларни Ўзбекистон худудига олиб кириш қаттиқ назорат остига олинди. Навбатдаги яна бир қарор билан учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликлари қўшни давлатдан импорт қилинса жуда катта миқдорда божхона тўловлари амалга ошириш белгилаб қўйилди. (50 доллорлик қийматдан юқорисига албатта).
Соддароқ тушинтирадиган бўлсам, Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулот қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қўшни давлатлардан 50 доллорлик имтиёздан ошиғини олиб кириш қийматига икки баробар миқдорда тўлов ундирилиши талаб қилинди. Давлатимизнинг бу қарорларни чиқаришидан бирдан-бир мақсади, ички ишлаб чиқарувчини иқтисодий томондан химоя қилиш асносида тузилган дастлабки қадамлари бўлган. Ички ишлаб чиқарувчиларнинг қўллаб қувватлашдан мақсад эса, бошқа давлатларга иқтисодий қарам бўлиб қолишдан химоя қилиш бўлган.
Йиллар ўтиб, бу қарорлар ўз мевасини бера бошлади. Хозирги кунда бозорларимизда харид қилаётган маҳсулотларимизнинг деярли ярми ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Айрим товарлар эса, чет эл товаларлари билан бемалол рақобатлаша олади ҳам.
Масалан ўзимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, мебел, қурилиш материаллари, айрим трикотаж маҳсулотлари шулар жумласидандир.
Лекин, айрим қонунбузарлар, ўз нафсини ўйлайдиган нопок шахсар томонидан, кучли назорат ўрнатилишига қарамасдан, давлат божхона чегарасини ноқонуний равишда бузиб, турли хил яширин йўллар билан бозоримизни учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар бойликлари билан таъминлаб келаётганлиги ачинарли холатдир. Хар холда бу каби қонунбузилишлар аввалги йилларга нисбатан хозирги кунда давлат органларининг саъйи харакатлари билан борган сари камайиб бормоқда.
Энди яна асосий масалага ўтсак:
Нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китоб ўртасидаги тафовут масаласига.
Битта маҳсулотни мисол қилиб олсак, масалан эркаклар пойафзали.
Мен шу пойафзални сотиш билан шуғилланмоқчиман. Бозорга бораман, қонуний йўл билан давлатимиз худудига кирган, барча хужжатлари жойида, декларацияси бор, тўловлар тўланиб, давлат томонидан Ўзбекистон худудига сотишга руҳсат этилган пойафзал турибди. Нархи 100000 атрофида, нарироқда яширин равишда худди ўша пойафзални ноқонуний  йўл билан олиб ўтилгани турибди, унинг нархи бирмунча арзон. Нафсим устун келади, 100000 га олган туфлини 120000 сотишим мумкин, ундан 20000 даромад оламан, унисини эса 70000 га оламан ва уни 120000 сотаман, даромадим 50000. Мен ноқонуний олиб ўтилганини танлайман.
Хўп мен ундай йўл тутмадим дейлик, “йўқ мен қонуний ишлайман, менга ноқонуний йўл билан ўтгани эмас, қонунийси керак”, деб 100000 лигини олиб келдим дейлик, лекин мени шеригимчи, у ҳам шундай қилармикан? Йўқ қилмайди. Мени инқирозга йўл тутишим учун у 90000 сотади. Нима қилибди, шундоғам 20000 даромад кўряпти-ку! Мен инқирозга учрасам, мени харидорларим ҳам ундан оладиган бўлади. Бу холат мени қониқтирмайди, рақобатчимни қилаёттганини қилишим керак, акс холда инқирозга учрашим турган гап.
- Нақд пул билан нақд пулсиз хисоб китобнинг бу ишларга нима алоқаси бор? -деб савол берарсиз балки...
Шуни билингки, ноқонуний йўл билан олиб ўтилган товарлар фақат нақд пул савдоси билан амалга оширилади. Уларда на хисоб рақам бор ва на назорат касса машинаси.
Ана шунинг учун, дўкондаги сотувчи нақд пулни кирим қилмай, уни яширишга уринади.
Худди шу мисолни улгуржи савдо билан шуғилланаётган йирик тадбиркорлар мисолида ҳам келтирса бўлади. Бир марта декларация қилиб, ўша декларация билан ўн марта ноқонуний импортни амалга ошириб олади.
Шунинг учун ҳам нақд пул зарур. Зарур нарса ҳамиша ноёб саналади.

Шуни билингки, истеъмолчиларни импорт товарларга ва шунинг билан бирга давлатимизда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг бутловчи хом ашёлари чет элдан келтирилаверса, уларга талаб бўлаверса, нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китобда тафовут бўлаверади.
Савдогарларнинг юз фоизи қонуний йўл билан ишлашга ўтсагина, нақд пул ва нақд пулсиз хисоб китоб ўртасидаги тафовут йўқолади. Унинг учун яна озгина вақт керак.
Тадбиркорларнинг юз фоиз қонуний ишлаши учун, харид қилинаётган товар маҳсулотлари тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқаришга эришиш керак.
Ёки бўлмаса, четдан импорт қилиб кириладиган товарларга нисбатан тўловларни енгиллатиш керак. Буниси мантиққа тўғри келмайди. Божхона тўловларини оширилиши, аввал айтганимдек, ички ишлаб ичқарувчини химоя қилиш билан узвий боғланган. Айни дамда пластик ва нақд пул ўртасидаги тафовутдан кўра, ички ишлаб чиқарувчиларимизни ривожланиши муҳимроқ. 30 млн.лик Ўзбекистон ахлолисини фаровон турмуш тарзини шакллантириш учун, уларга етарлича иш ўринлари яратиб бериш зарур бўлади. Иш ўринларини яратиш эса, юртимиздаги тадбиркорларга кенгроқ имконият яратиб бериш билан амалга оширилади.

P/S: Қайсидир сотувчи сизга нақд пулга тушириб бераман деб айтса, агар сиз нақд пулга олмоқчи бўлсангиз, унда ўша сотувчидан харидингиз рўйхати туширилган чекни талаб қилинг! 

четверг, 23 апреля 2015 г.

Уйга онам келганди...


Эслатма: Синглим ўз оиласи билан, мен ҳам ўз оилам билан бир шахарда яшаймиз, ота-онамиз эса биздан 100 чақирим узоқдаги туманда, туғилиб ўсган юртимда яшайдилар.

Синлимни бир ойлик чақалоғи хасаталаниб, касалхонага тушиб қолди. Катта қизи боғчага бормайди, куёвимиз тонг сахарлаб ишга чиқиб, жуда кеч қайтади. Онаси билан касалхонада ҳам қолдириб бўлмайди. Уйга олиб келдик, лекин бизнинг уйдагилар ҳам кундузи билан уйда бўлмайди-да. Онаси билан мен ишда, қизим мактабда, ўғлим эса боғчада бўлади. Синглимнинг катта қизига қараб турадиган одам йўқ, онамни чақирдим.
            Улар келадиган бўлишди. Аслида-ку, жиянимни қаровсиз қолаётганлиги у қадар муаммо эмасди, нари борса аёлим ишдан руҳсат олиб қараб туриши ҳам мумкин эди, онамни чақиришимиздан бирдан бир мақсад, синглимни кўнглини кўтариш, фақат у инсонгина тинчлантира олардилар.
            Синглим хомиладорлик вақтини жуда оғир ўтқизади.  Шуни билсада яна фарзандли бўлишга қарор қилди. “Қизимга шерик бўлсин” деди-да. Бу галгиси аввалгисидан-да, оғирроқ ўтди. Хомиладорлик нишонасини пайқаган вақтдан бошлаб то кўзи ёригунча бир жойда ётиб қолди. Катта қизига хомиладор бўлган махал ўн марта ўлиб ўн марта тирилган бўлса, бу гал юз марта ўлиб юз марта тирилди. Шунча азобу-ситамлар билан бир ойча аввал синглимни кўзи ёриди. Оллох унининг шунча чеккан дардига мукофат сифатида ўғил фарзанд инъом этди. Ўша кунларда синглимнинг қанчалар хурсанд бўлганлигини кўрганизда эди. Тўққиз ой давом этган жанггу жадалда ғалаба қозонган аскардек қувонарди. Ана шу фарзанди, чақалоғи дардга чалинди. Шифокорларнинг биринчи ташхиси “юрак ноқислиги” деб қўйилди. Бунга сабаб қилиб, хомиладорлик вақтида тинимсиз укол дорилардан фойдаланганлик билан изохлади. Бундай нохуш хабарни эшитган синглим, бир кунда ўн марталаб хушидан кетди.
            Онам келдилар. Машинадан тушишлари билан мен кўришиб, тўғри синглим чақалоғини олиб ётган касалхонага боришларини айтди. Олиб бордим. Касалхона томон борар эканмиз, у киши гапириб-гапириб, синглимнинг холатига ачиниб-ачиниб йиғлаб кетдилар. Уларни тушинишга харакат қилдим. Синглим чақалоғи учун жон куйдириб, унга ачиниб кўз ёш тўкаётган бўлса, онам ҳам чақалоққа, ҳам синглимнинг ўзига жони ачиб йиғлар эдилар. Синглимнинг хомиладорлик вақтида қанча дард чеккан бўлса, онам унданда ошиқроқ азобландилар, биргалашиб дард чекдилар. Орзиқиб, тилаб-тилаб олган фарзандига, жигаргўшасига бир гап бўлгудек бўлса, синглим кўтара олмас эди-да.
            Шифохонага етиб бордик. Чақалоқ тундан бери шифохонанинг жонлантириш бўлимида, синглимни ҳам у ерга қўймайди. Шифохона ташқарисига машинамни қўяр эканман. Ховлида телбанамо у ёқдан бу ёққа тинмай юраётган синглимга кўзим тушади. Онамга имлаб кўрсатдим.
-          Ана синглим!
Синглимни кўришлари билан онам у томон ошиқди. Синглимга яқинлашар эканлар, ўзларида қандай куч топа олди хайронман, машинада келаётган вақтда тўкилаётган кўз ёшлардан асорат ҳам йўқ эди, ҳеч нарса сезмагандек, дадил қадамлар билан олдига бормоқда. Дард, алам, умидсизлликка тушиб қолган синглимни бағриларига босиб, овозини бироз баландлатган кўйи қаттиқ-қаттиқ гапира бошладилар:
-          Сенга нима бўлди қизим? Бир кунда ўзингни шунча олдириб қўясанми? Шифокорларинг айтаверади, ҳаммаси Оллохдан, ундан кўра тинмай шифо сўраб дуо қил! Ҳаммаси яхши бўлади худо хохласа. Оддийгина шамоллаган бўлиб чиқсин илохим!
-          Нимага айнан мени болам шундай бўлади ая, ахир туққунимча қаначалар азобланмадимми? Энди хурсанд бўлдим деганда, шу дард ҳам бормиди бошимда?
-          Хато қиляпсан қизим, дард хохлаган вақтида келаверади. Ўзинг кўриб турибсан-ку, холангни ўғли туппа тузук юрганди, ўзи ҳам ўйламаган холатда касалликка чалинди (анкалогик). Бир жойда бир йилдан бери ётибди. Ўзидан бошқа ҳамма тақдирга тан бериб улгуришди.
Шу тариқа онам синглимни овутишга харакат қилди, синглим ҳам онамни кўргач, уларни гапларини эшитгач, анча таскин топди.

Синглимни бироз хотиржам бўлди.

Ахир уйга онам келганди-да.

****
У киши уйимизга меҳмон бўлиб келсалар, хонадоним файзга тўлади, хира нур таратиб турган чироқлар ҳам ёп-ёруғ нур таратаётгандек бўлади назаримда. Келишларидан аввал аёлим ҳам уйни обдон саранжом саришта қилади. Айниқса,  фарзандларим бувисини келишини эшитиши билан боши кўкка етади, кўзи қувнайди. Бувиси улар учун яхшигина химоячи ҳамларда. Мактабни-ку қолдириб бўлмайди, лекин ўғлимга худо беради, боғчага кириш таққа-тақ тўхтайди. Ўғлим боғчага кирмай қўйди. Бувиси ва синглимнинг қизи билан уйда қоладиган бўлди. Кечқурунлари бувисини ёнида ётишга талашишади. Охир оқибат синглимнинг қизи ўксиб қолмаслик учун, бирга ухлаш жиянимга насиб қилади. Лекин, шундай бўлсада барибир бувиси уч набирасини ўртасига жой қилиб беришларини айтади.  Болалигимда менга, укамга, синглимга айтиб берилган эртаклар бирин кетин айтилади. Ёрилтош, очил дастурхон, кенжа ботир. Болаларга бу эртаклар ёд бўлиб кетган бўлсада, бувисидан эшитиш улар учун мароқли. Ўғлим боғчага кирмай қўйди. Уч кун ўтиб ўртоғи Достон чақириб келди:
- Муҳаммадюсуфбек, нимага боғчага кирмаяпсан?
- Бувим келди, энди кирмайман.
- Бугун биздан қон олди, мана қара! – деб, Достон билагини очиб кўрсатиб мақтана кетди.
- Нима қон олди? – суҳбатларини тинглаб турган аёлим сўроққа тутди.
- Гурпамизда, сариқ касал чиқибди, шунга биздан ҳам олди.
Уларнинг суҳбатини эшитиб, “шукр” дейман. Агар ўғлим ҳам шу кунларда боғчага кирганда, балки ўша касаллик ўғлимга ҳам юққан бўларди. Онам келиб, боғчага киришдан қутилиб қолганди. “Нафақат боғчадан, балки юқумли касалликка чалиниб қолишдан ҳам қутилиб қолибди-да” дейман ўзимга ўзим.

Ахир уйга онам келганди...

****
Бир кунда бир қути сигарет чекардим, уч кунда бир қути чекяпман. Уйда онам бор...
Икки-уч кунда, кечки овқатни дўстларим билан бирга ўтириб овқатланишга одатланганман. Шу сабаб, ўртоқларим телефон қилишади:
-          Ўртоқ бугун ўтирамизми?
-          Уйга онам келганлар, чиқа олмайман.
Деярли хар куни тушликни кўчада қилар эдим. Хозирчи...
-          Иқболжон болам иссиққина мастава қилиб қўйдим, тезда келиб тушлик қилиб кетгин.
Ҳам ҳамёнимга фойда, ҳам соғлиғимга, вақти бемахал тушлик қилиш ҳам эсдан чиқиб қоларди-да.
Хафта ўртасида опасини кўриб кетиш учун, кечки махал уйга кичик қайноғам келиб қолди. Кундузи билан ноутбук қаршисида ўтирганим етмагандек, уйга кириб ҳам бўш қолдим дегунча телефонимни титкилаш одатимга айланиб қолибди. Қайноғам, онам ва оилам билан овқатланиб ўтирарканмиз, овқатни еб бўлишим билан телефонимни қўлимга олиб, интернет титкилай бошлайман. Бир марта биқинимга туртиб қўйдилар онам. Юзларига қарасам, кўзлари билан гаплашиб ўтир дегандек, имлаб қўйдилар. Сал туриб яна телефонимни қўлимга олдим. Бу сафар жим тура олмадилар:
-          Иқболжон телефонингни йиғиштиргин болам, ўрганиб қолибсан шунингга. Бу махал да қайноғам ошхонада идиш товоқ юваётган опасининг олдига кириб кетганди.
-          Бир пайтлар, битта танишим эрини зўрға кўндириб, акасининг уйига меҳмонга борадиган бўлибди, - деб гап бошладилар онам, - акам янги уйга кўчиб ўтгандан буён бирор марта йўқлаб бормадик дадаси, бир бориб келайлик. Бир амаллаб эрини кўндирибди. Эри-хотин акасининг уйига борибди. Дастурхон атрофида ўтиришса, ўша аёлнинг акаси, яъни мезбон синглисига ҳам, куёвига ҳам ахамият бермай, тинмай газета ўқирмиш. Бу холатдан ранжиган куёв, юзига фотиҳа тортиб кетадиган бўлибди. Кўчага чиқиши билан хотинига қараб, “акангни уйини елкамни чуқури кўрсин, иккинчи қадам босмайман” деб, акасининг аламини синглисидан олган экан. Буни айтишимдан мақсад ўғлим, олдинга одам келдими уни хурматини жойига қўйгин, телефонингга қараб ўтиришинг, ёнингда ўтирган одамга нисбатан хурматсизлик бўлади болам! – деб танбеҳ бердилар.
Ҳақиқатан эътибор бериб қарасам, анчайин титишга муккасидан кетиб қолибман ва бу орқали ёнимда ўтирганларга анчагина бехурматлик қилаётган эканман. Онам танбеҳ бермагунча, буни фахмлай ҳам олмасдим.
Уларни уйимизга меҳмон бўлиб келганларига ҳам бир хафтадан ошди. Бу орада чойхонага чиқмадим, кечки овқатларни кўчада ўртоқларим билан қилмадим. Лекин бир сафар чиқишга ҳам тўғри келиб қолди. Кўпчилик эркаклар қатори, мен ҳам футболга қизиқаман. Футболга алоқаси борлар билишса керак, айни дамларда европа чемпионлар лигасининг чорак финал ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Хар гал севимли жамоаларим футбол ўйнайдиган бўлса, ўртоқлар билан йиғилишиб, биргалашиб кўрамиз. У ердаги махаллий вақт, бизникидан беш олти соатга фарқ қилганлиги сабаб, ўйинлар уларнинг вақтга қараганда ярим тунда бўлиб ўтади. Шу сабаб, уйга жуда кеч қайтишга тўғри келади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Соат иккидан ўтганда уйга қайтдим. Уйдагиларни, айниқса онамни уйғотиб юбормаслик мақсадида, овоз чиқармай, секин асталик билан эшикни очдим. Эшикни очишим билан каридорда, полга эмаклаган кўйи ниманидир пайпаслаб қидираётган онамга кўзим тушди. Аввалига хайрон бўлдим.
Мени кўриб чўчиб кетдилар:
-          Келдингми болам?
-          Ҳа келдим ая, нима қиляпсиз бу ерда, чироқни ҳам ёқмай?
-          Чироқ ёқсам болаларнинг кўзига тушиб, уйғониб кетмасин дедимда.
-          Ўзи нима қилаётгандиз бу ерда?
-          Келдингми йўқми, билмоқчи бўлиб туфлингни қидираётгандим-да!

Уйқусида ҳам “фарзандим” деб, тинч ухламайдиган шундай онам борлигидан фахрланиб кетдим.
Уйга онам келганди-да.

  
Хар гал меҳмон бўлиб келсалар, имкон борича бирор яхши жойга олиб боришга харакат қиламан. Боғга олиб чиқаман, оилавий борса бўладиган ресторанми ёки ошхонагами олиб бораман. Бу сафар аёлимни таклифи билан балиқхонага бордик.
-          Қўй болам, ўзингни кўп уринтирма, бир кунлик кўчанинг овқатига бир хафта қозонинг қайнайди, - деб, хархаша қиладилар. Турмуш ўртоғим ва болалар билан бир амаллаб кўндириб олиб кетдик.
Балиқхонада овқатланиб ўтирар эканмиз, онам ўзларинг ёнларига, балиқнинг яхши пишган бўлакларидан уч тўрттасини йиғиб қўймоқдалар. Кузатиб туриб хайрон бўлдим.
-          Ҳа ая, (биз томонда онани ая дейилади) ўзиз емасдан, олдизга тўплаяпсизми?
-          Йўқ едим, жуда мазали қиларкан, - бошқа жавоб қилмадилар. Индамадим. Балки олиб кетиб, кейин есалар керакда деб тушиндим.
Овқатланиб бўлдик, онам узундан узун дуо қилдилар: “Топганингга барака берсин, фарзандларингни менга ўхшаб хузур халоватини кўриб юргин...”.
Ёнига йиққан пишган балиқ бўлакларини аёлимга айтиб, нон бўлаклари билан елим халтага солдилар.
Балиқхонадан чиқиб уй томон кетарканмиз, онам “Бир йўла синглингни ҳам кўриб ўтайлик” деб қолдилар. 
“Хўп” дедим-у, машинани касалхона томонга бурдим. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди.
Аёлим ва онам синглимни кўриш учун шифохонага кириб кетдилар.
Бир муддат ўтиб, чиқдилар.
Қайнона келин ўзаро суҳбатлашишмоқда:
-          Анча ўзига келиб қолибди-а ая Давронжон(чақалоқнинг исми Давронжон)?
-          Ҳа, кўзлариям жойига келибди. Тузалиб кетади, - дедилар онам бамайлихотир.
-          Яҳши ҳам ўша балиқни олиб кирибмиз, бўлмаса оч қолиб кетаркан бечора, эрини иши кўпайиб кечки овқатини олиб кела олмаган экан. Бизга ҳам бир оғиз телефон қилмабди.
-          Уринтириб қўймай деганда, ўзи кўнглим сезганди-да, - деб жавоб қилдилар онам.
Қаранг а, мен бўлсам ўзлари учун йиғяпти деб юрибман, қизини ҳам ўйлаб, ўзи камроқ еб,  балиқнинг бир бўлагини олиб қўйган эканлар.
Оналарнинг юраги қандай бўлади ўзи?
У кишининг бу харакатларини кўриб, бутун вужудим титраб кетди.


Шифокорлар адашишди, онам хақ бўлиб чиқдилар. Чақалоқнинг касали юрагида бўлиб чиқмади. Юраги соппа соғ экан. Уч кун шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётиб, касали кундан кунга тузала бошлади ва бошқа хонага ўтқизилди. Қаттиқ шамоллатиб қўйган экан. Ўн кун деганда уйга жавоб беришди. “Юрак порог”и деб ташхис қўйилиб, бу дунёни эртагина тарк этиши мумкин деб гумон қилинаётган чақалоқ бугун менга кулиб қарамоқда.
Ҳаммамиз хурсандмиз! Хурсандчиликни нишонлаш мақсадида, синглим шифохонадан чиққан куни эртасига Андижонга олиб бордим. Кечгача шахар айлантириб, андижоннинг ўша машхур Боғи шамоли-ю, шахар ичидаги Пушкин боғларида фарзандларим билан жиянларимни ўйнатиб келдим.
Келган кунидан бери синглимга ва унинг чақалоғига куйиниб, бир сафар сездириб, бир сафар бизларга сездирмай кўз ёш тўкаётган онам бугун анча хурсандлар.
Андижондан илиқ таассуротлар билан қайтар эканлар, гапларини орасида қишлоқда қолган дадамни эслаб, “ўғлим бир сафар даданг келганда ҳам шунақа чиройли жойларга олиб келгин, у кишига ҳам шахарни кўрсатгин, ишидан бошқа жойларни билмайди-да даданг шўрлик” эндиям йиғламасам бўлмайди. Бу жумлаларни ёзар эканман. Онамнинг дадам хақида қайта-қайта айтган гапларини эсга олиб, кўзим намланмоқда, кўзимдан чиққан икки дона кўз ёши, бармоқларимга тўкилмоқда.
Аслида унча бунча нарсаларга эътибор бериб, хиссиётларга эрк бериб кўз ёш тўкавермайман. Бу сафар кўз ёшларимни бошқара олмадим.
Ахир уйга онам келгандиларда!!!
Ҳамманинг ҳам уйида ота-онаси бўлсин, улар сабаб уйлари нурга тўлсин!!!
Ота-онамизнинг умрлари узоқ бўлсин!!!





Ушбу, онам ҳақида ёзганларимни сайтдош дўстим, қадрдонимга айланиб улгурган Исмоилжон укамнинг оналарини ёрқин хотираларига бағишлайман!
Онахонни охиратлари обод бўлсин!
Исмоилжон ва унинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изхор қиламан!

Иқбол Юсуф.

23.04.2015 йил.

Нормат ва Қумрининг хаёти, ватсапдаги статуслар талқинида

Ватсапдаги статус сифатида берилган шаблонларни бирин кетин кўриб чиқиб, қизиқ холатга гувох бўлдим. Ушбу стс.лардан айрим одамлар фойдаланишса, қандай маъно англатишини хазиломус хақиқат тарзда изохлашга уриндим.
Масалан Эшматнинг ўғли Нормат ва уни севган қизи Қумри, ватсапдаги  ушбу шаблонлардан нима мақсадда фойдаланишаркан кўрамиз.

1. "В школе". Норматни номидан:
Хозир мактаб ховлисидаман, Катта синф ўқувчиларининг дарсини тугашини кутиб турибман. Дарс тугаши билан битта қизни "ўрайман".

2. "Доступен". Қумри номидан:
Мактабда мендан бошқа ҳамма қизларни йигити бор, менда эса йўқ, йигитлар мени йигитим йўқ, бемалол севги изхор қилишларинг мумкин, "Я доступен".

3. "В кино". Нормат номидан.
Дарс тугади, қизларга разм солдим, ҳаммасини йигити бор экан, лекин яхшилаб эътибор берсам Қумрининг йигити йўққа ўхшайди, тезда ёнига бориб, кинога таклиф қилдим. Зўрға турган шекилли, таклифимга дарров рози бўла қолди. Хозир кинодамиз.

4. "В кино". Қумри номидан.
Ва ниҳоят!!! Ўша кун келди. Биз кинодамиз...
Икки севишган турмуш қуришди, аввалига чиройли хаёт кечиришди, вақт ўтиши билан хаётидаги бир хиллик жонига тегди, Нормат Қумрига сездирмай бегона аёл билан танишди,  Қумри эса, интернетга муккасидан кетди.
Шу сабаб, яна ватсапдаги статуслар ўзгара бошлади.

5. "В работе". Нормат номидан:
Иккита аёлга бир хил шароит яратиб бериш қийин экан, уйдагисини амалласам, кўчадагиси тинч қўймайди, уларнинг дарди пул, тинимсиз ишлашимга тўғри келяпти, хозир ҳам ишдаман.

6. "Низкий уровень заряда". Қумри номидан:
Эрталабдан то кечгача, кечқурундан то тонггача нет.даман, ватсап, телеграмм, одно, ҳаммасига бирма-бир кираман, виртуал оламдаги дўстларим билан суҳбатлашаман, эримнинг менга нисбатан камситишларини, шу йўл билан енгишга, аламларимни унутишга харакат қиламан, шу сабабдан телефоним заряди чидаш бермайди, хозир ҳам тугай деб қолди.

7. "В спортзале". Яна Қумри номидан:
Эримнинг менга қилаётган нохақликлари, камситилишларимни, дугоналарим ўзимга боғлашди. Гўёки, мен айбдор эканман. Умуман ўзимга эътибор бермай қўйганмишман. Тўғри иккинчи фарзандимни туққанимдан сўнг, анча вазним ортиб кетди, бирор ташкилотда ишламагандан кейин, атир упа ҳам қилинмас экан, уларнинг гапида жон борга ўхшайди. Эримга сездирмай спортзалга қатнаяпман, ўзгармоқчиман. Хозир ҳам спортзалдаман.

8. "Не могу говорить, только Watsapp". Норматни номидан:
Холмат Қумри билан кечки дастурхон атрофида овқатланаётганда, телефонига қўнғироқ бўлиб қолди. Шошилганча қўлига олиб қараса, кўчадаги "ёр"ларидан бири экан. Қизилни босиб қўйди ва зудлик билан, статусни ўзгартирди.
Телефон қилма, ёнимда хотим бор, хозир уйдаман, бирор гапинг бўлса фақат ватсап орқали гаплашишимиз мумкин!

9. "На совещании". Қумри номидан:
Мажлисга кетяпман. Суд мажлисига, ажрашишга қарор қилдим. Бундай хўрликларга чидай олмайман!

10. "На совещании". Нормат номидан:
Суд мажлисига кетяпман. Хотиним сезиб қолди, ажрашамиз деб қўймаяпти, қисқаси иккита хотинни эплай олмадим. Хаётим барбод бўлди!

11. Сплю. Нормат номидан:
Ухлаяпман, тўғрироғи ухлашга харакат қиляпман. Ёлғизман. Ёлғизлик азоб эканлигини шу кунгача хис қилмагандим. Кўзимни юмсам, фарзандим, ширингина оилам кўзимга кўриняпти. Эссиз, эссиз, вақтида оиламни қадрига етмаган эканман.

12. "Только экстреные вызовы". Яна Нормат номидан.
Ватсапдаги сўнгги статус!
Ким бўлсангиз ҳам фақат зарур бўлсамгина қўнғироқ қилинг, сиз хақингизда ўйлашни ҳам истамайман, айни дамда ўз оиламни қайта тиклаш хақида бош қотирмоқдаман! Бўлар бўлмасга безовта қилманг!

 P/S: Келинг дўстим, интернетни йиғиштиринг, хақиқий хаёт аслида гўзал. Ундан бахра олинг, оилангизни қадрига етинг!


понедельник, 20 апреля 2015 г.

Марҳум қассоб

Мархум қассоб.
Бундан беш олти йилча аваал қишлоқда "Қўшни қишлоқдаги Ориф қассоб деган одам қазо қилибди" деган нохуш хабар бизнинг қишлоққа хам етиб келди. Дадамнинг айтишларича, раҳматли Ориф қассоб ўша қишлоқнинг обрўли одам бўлган экан.
Хабарни эшитиб, қассобнинг яқиндан таниган ёр биродарлари жанозага отланишди.
Жанозадан сўнг, Ориф қассобнинг майитини қабристонга қўйиб келишди.
Эртасига эса, жудаям қўрқинчли хабар бутун туманга тарқалиб кетди:
- Кеча қабристонга қўйилган майитнинг жасади ер юзасига чиқиб қолган эмиш. Бундай қўрқинчли ва нохуш  хабар яшин тезлигида ҳамма томонга тарқалиб кетди.
Кимдир, "ит олиб чиқиб қўйгандирда" деса, яна кимдир "Бунда бир гап бор" деб мулохаза қилишди. Ориф қассобнинг ўғли бир иккита жиянлари билан биргаликда ер юзасига чиқиб қолган дадасининг жасадини яна ўз жойига қўйиб келибди. Индинига эса яна қўрқинчли хабар болалади:
- Қассобнинг жасади яна ер юзасига чиқиб қолган эмиш.
Ушбу аянчли холат икки уч бор такрорланавергач,  мархумнинг ўғлига қишлоқнинг оқсақоллари туман марказидаги Жоъме масжиди имомидан маслахат олишни таъкидлашибди.
Қассобнинг ўғли махалла фаоллари билан биргаликда имомнинг хузурига борибди ва бўлаётган нохуш холатни айтиб, у кишидан маслахат сўрабди.
Шунда имом мархумнинг ўғлига савол берибди:
- Дадангиз қандай одам эди?
- Яхши одам эдилар домла, - дебди хайрон бўлиб ўғил.
- Хаётликларида нима иш билан шуғилланган эдилар?
- Эсимни таниганимдан бери қассобчилик билан шуғилланар эдилар.
- Бирорта ножўя харакатларини сезганмидингиз? - сўрабди яна имом.
Ўғил ерга қарабди, нима дейишини билмай коловланиб қолибди, бу холатини кузатиб турган имом яна сўз қотибди:
- Айтинг жияним, айтмасангиз, дадангизни жасади қўним топмайди.
- Майлими ўзингизга айтсам? - секингина ёнига яқинлашиб изн сўрабди ўғил, атрофидаги одамлардан яширадиган сири борлигини сездириб.
- Бу воқеа аянчлидир, одамлар мархумга нима сабабдан бундай бўлаётганликларини билиши керак, уларга хам бир ибрат бўлсин, очиқ ойдин яширмай айтаверинг жияним, кўпчиликнинг дуоси билан мархумнинг жасадини ўз жойига қўя оламиз, - дебди.
Ўғил бироз ўйланиб ўтириб, айтмасликнинг иложи йўқлигини пайқаб, сўз очибди:
- Дадамизнинг нафслари бироз устун эди, Оллохдан хайиқмасдилар, пул бирмунча кўзларини кўр қилиб қўйганди. У киши узоқ қишлоқлардан эшак харид қилиб, ўша ерни ўзида хеч ким билмайдиган пана жойда ўша эшакни сўйиб, гўштни олиб келиб, мол гўштига аралаштириб одамларга сотар эдилар.
Ўтирганлар бирданига "Астағфируллох" деб бақириб юборибди.
"Хайф сендек инсонга" дейишибди.
Имом хам кўзларини юмиб, инграб юборибди. Бир муддат жим туриб, ўтирганларни тинчлантирибди ва ўғилга шундай дебди:
- Жияним, дадангиз баднафс инсон бўлган эканлар, харом қилинган нарсани одамларга қўни қўшниларига инъом қилиб юрган экан, манашу сабаб уни ер ўз бағрига қабул қилмаётган экан, афсус, афсус, - деб надоматлар чекибди.
- Энди ука, одамлар кўз ўнгида катта бир новвосни сўйиб қон чиқаринг ва одамларга текинга тарқатинг! Улардан дадангиз учун кечирим сўранг, гунохларини авф этишини сўраб дуо қилсинлар! Зора Оллох дадангизни гунохларидан кечиб, жасадларини хузурига қабул қилсалар, - деб маслахат берибди.
Ўғил имомнинг айтганларини қилиб бўлгач дадасининг жасадини яна қабрга қўйибди ва ана ўшандан сўнггина унинг жасади тинч бўлибди .

Иқбол Юсуф
29.11.2014 йил

Минг йиллик чинор

- Дўстим Фарғона томонда бир чинор бор эмиш, унинг ёши бир неча юз йилга етган эмиш.
- Ростдан а?
- Ха рост яқинда дадамлар улфатлари билан зиёрат қилиб келибди.
- Унда бизлар хам бориб келсак бўларкан.
- Тўғри айтасан хафтанинг охирларига ўртоқлар билан йиғилишиб, бориб келайлик унда!
- Бўпти келишдик!
****
- Фарҳод ака қўшни вилоятда зиёратгох бор экан.
- Биласан-ку, хозир зиёратларга борадиган холатда эмаслигимни.
- Сиз эшитиб туринг, ўша ерда битта хосиятли дарахт бор эмиш, одамлар ўша ерга бориб, дарахтнинг новдаларига яхши ниятлар қилиб, латта боғлаб келармиш.
- Нима учун?
- Кўпчлик севишганлар, янги турмуш қурганлар фарзанд тилаб латта боғларкан. Савдогарлар савдоим юришсин деб, дарди борлар шифо тилаб албатта.
- Ростдан а?
- Ҳа рост!
- Унда биз ҳам борсак бўларканда Наргиз.
- Ха борайлик!
****
Эххх ... Одамлар а.
"Юз йилдан ошиқ дарахт бор экан" деса, юз чақирим масофа босиб, юз минглаб пул сарфлаб кўргани борасиз.
Тоғма - тоғ ошиб, вилоятма вилоят кезиб, ниятлар қилиб қандайдир дарахтнинг қуриб кетган шохларига латта боғлаб келасиз.
Лекин, махаллангизда, кўзингизни ўнгида яшаётган ёши юзга яқинлашиб қолган ёки ундан хам ошган отахон-у онахонларни икки дона иссиқ нон олиб зиёрат қилгани бормайсиз.
Инсон узоқ умр кўриб, умрларини сўнги кунларини ўткизаётган вақтларида бутунлай дунёвий ишларини унутиб, охират ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолар экан. Бутун умр давомида қилган яхши ва ёмон амалларини сархисоб қиларкан. Яхшисидан ёмони кўп бўлса, кечалари билан ухламай тавба таъзарру қилиб чиқар экан. Кун бўйи тилидан, дилидан Оллохни туширмай қўяр экан. Шу билан бирга Оллохга яқин бўлар экан.
Махалламизнинг ўзида яшамаяптими, фаришта мисол инсонлар?
Нега оғзидан Оллох сўзи тушмайдиган отаҳон-у, онаҳонларни зиёрат қилиш ўрнига, уларнинг бир ховуч фотиҳасини олиш ўрнига, оддий бир дарахтни зиёрат қиламиз, ундан нимадир умид қилиб, латта боғлаймиз.
Буюк ва марҳаматли бўлган зот, оламнинг яратувчиси Оллох, ердаги бутун мавждудот ва набодот оламидан инсонни улуғ қилиб яратиб қўймади-ми?
Нега инсонни улуғламаймиз?
Озгина харж қилиб, ўша мўйсафидни зиёрат қилиш бахонасида икки оғиз дуёларини олинса, ҳар қандай дарахт шохларидан афзал эмасми?
Кексаларни эъзозланг!
Уларни ардоқланг!
Улар учун қилаётган хар бир хайрли ишларингизда ҳамрохингиз фарзандингиз бўлсин!
Сиз нима қилаётганингизни у ҳам кўрсин, сиздан ибрат олсин!
Келгусида сизни ҳам ана сиз хозир қилгандек ардоқласин!

Иқбол Юсуф.
16.12.2014 йил

Жанозага чақиргунча, ёдга олмаймиз

Байрам кунидан индинига қишлоқда яшайдиган яқин акамизнинг опаси оламдан ўтиб қолганини  хабарини эшитдик. Жаноза намози Жумъадан аввал ўқилар экан. Фарғонадан ўша аканинг таниш билишлари билан маслахатлашиб Қўқонга йўл олдик. Ҳамрохларим ҳам худди мен каби қишлоқдан шахарга кўчиб келиб яшайдиган инсонлар.
Жанозага улгурдик. Ҳамма қатори биз ҳам хонадон эгаларини, шу жумладан опаси қазо қилган акамизни бир муддат кўнглини олдик.
- Ўзим билан ўзим бўлиб, опамдан хабар ололмадим, қон босимлари бирдан тушиб кетиб, манашундай бўлди-да, - деб, ўзини йиғидан тўхтата олмаяпти ака.
Ўша вақтда орамизда биз билан бирга келган ёши каттароқ ака, азадор акамизни бироз кўнгилларини кўтариш мақсадида:
- Ука бардам бўлинг! Ҳаммамиз ҳам Оллох яратган бандалармиз. У бизларни қачон хузурига чорласа, "лаббай" деб, борамиз. Биримиз аввалроқ, биримиз кейинроқ. Опангиз рахматли 62 йил яшабдилар, фарзандларини уйлаб жойлабдилар, қон босими бир бахонаи сабаб, ўзингизни кўп куйинтирманг, хеч ким абадий яшаб қолмайди, қачондир ҳаммамиз ҳам бу ерни тарк этамиз, онахонни яқинларига сабр қаноат берсин! - деб, кўнглини кўтардилар.
Тинмай опасига аза тутиб, йиғлашдан ўзини тўхтата олмайдиган акамиз, бу гапларни эшитиб бир муддат тин олдилар.
Шахарга қайтмоқчи бўлиб турганимизда ҳамрохларимиздан бири, ярим соат сабр қилиб туришимизни, озгина иши чиқиб қолганини айтиб қолди. Машинада бўлганим учун менга,
- Юринг ука бир жойга ўтиб келайлик, -деб илтимос қилди. У киши билан биргалашиб қўшни қишлоққа йўл олдик. Қишлоққа қираверишдаги дўкондан иссиқ нон, мева-чева ва қассобдан гўшт олди.
Қаерга кетаётганимиздан халигача хабар топмаганимдан, юзимдан хайронлик аломатини сезди шекилли ўзи гап бошлади:
- Ука, шу қишлоқда опам яшайдилар, иш билан бўлиб анчадан буён хабар ололмаган эдим, биласиз шахардан келиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Бугунги холат менга бир ибрат бўлди. Бояги ака айтганларидек, иссиқ жонмиз ҳаммамиз, менинг ҳам опам анча кексайиб қолганлар, аввало Оллох у кишини умрларини узоқ қилсин-у, лекин бугунгидек тўсатдан бу дунёдан кўз юмгудек бўлсалар, қаттиқ армон қилиб қолар эдим. Онамдан кейин онамдек бўлиб қолган опамни сўнгги бор дийдорига тўя олмаганим учун, у кишини кўнглини ололмаганим учун ўзимни сира кечира олмайман, -деб, опаси яшайдиган хонадонга шошилганча кириб кетдилар.

Танишим опаси яшайдиган хонадонга кириб кетганларидан сўнг ўйланиб қолдим:
Мен ҳам кимларнидир яқинлариман, менинг ҳам барча яқинларим, қариндош уруғларим  манашу туманда яшайдилар.
Худди улар каби хафтада бир ота-онам олдиларига келаолсам келаман, бўлмаса йўқ. Қолганларичи?
Кўтариб катта қилган, катта болалардан доимо мени химоя қилиб келган аммамчи, у киши қандай ўтирган эканлар?
Таътилда уйларида хафталаб ётиб қоладиган, "Иқболжоним келди" деб, иссиқ кулча-ю, янги қаймоқларни олдимга қўядиган холажонимчи? У киши қандай ўтирган эканлар?
Ёшлигимизда далаларда молларини боқиб, қўшниларни олма дарахти борми, ўрик дарахти борми устига чиқиб, мевасидан узиб, этагимизга солиб, эгаси чиқиб қолса ушлаб олмасин деган мақсадда хар томонга тумтарақай қочганча, қочиб-қочиб, халлослаб бир жойга йиғилганимизда, бир-биримизга қараб ажойиб иш қилган одамдек, хурсанд бўлиб, қах-қахлаб кулиб, ўйнаб тўймайдиган, холамнинг ўғиллари, холаваччаларим қандай экан?
Яқинда онамдан эшитгандим, ўша холамнинг иккинчи ўғли, уйларига борганимда доим менга спортдан машғулотлар ўтқазиб чарчамайдиган, билаги бақувват, футболчи акам тўсатдан оғир касалликка чалиниб, бир жойда ётиб қолган эмиш.
Мен улардан хабар олдимми?
Бирма-бир холидан хабар олишим керак бўлган яқинларимни бир вароққа ёзиб чиқдим. Бир бетлик рўйхат бўлди.
Эртасига атайдан яна туманимга қайтдим ва рўйхат бўйича аввал аммамдан кейин холамдан хабар олишни бошладим. Хатто ўғлим туғилганда бир муддат ерга қўймай кўтариб юрган жияним, ўтган йил уйланиб, яқинда чақалоқлик бўлганди, уни ҳам янги чақалоқ билан қутлаб қайтдим.
Хонадонларига кирганимда, мени кўриб қувониб кетганларини кўриб, ўзим ҳам қилган ишимдан хурсанд бўлиб кетдим.
Айниқса, тасодифан бетоб бўлиб, анчадан бери тўшакка михланиб ётган холамни ўғлини кўргани борганимда, холажоним бағриларига босганча  анчагина кўз ёш ҳам қилдилар.
Уларни холидан хабар олиб қайтар эканман, "аввалроқ шу ишни қилсам бўлмасмиди?" деб, ўзимни ўзим койиб бердим.

"Иш" деб, "тирикчилик" деб яқинларимизни унутиб юраверарканмиз. Қачондир, қўнғироқ қилиб "яқинингиз оламдан ўтибди, тазияга келинг" деган чақирувни эшитмагунимизгача.
Эҳ одамлар, одамлар а!

Иқбол Юсуф.
07.01.2015 йил.

Она муқаддас!

Дам олиш куни, иш билан бўлиб  эрта азонда шахар четига боргандим. Қайтишимда эрта билан чой ичмаганим сабаб, йўлим устидаги ошхоналардан бирига озгина тамадди қилиб олиш учун тўхтадим. Ошхона шахарнинг четида бўлгани учун анчагина одмироқ экан.Каттагина бир хонада ёши катта онахон ўғли билан ёлғиз ўзлари овқатланиб ўтирибди, вақт тушликка яқин қолгани билан, улардан бошқа хеч ким кўринмади. У ерга киришим билан димоғимга сигарет ва  ароқнинг бадбўй хиди урилди. Ошхона бурчагида кичкина бар бўлиб  у ерда спиртли ичимликлар сотилар экан. Бу ер бар ёки ресторан эмас, демак бу ернинг асосий хўрандалари кечки пайт тўпланадиган, топган пулига ичадиган, дунёбехабар инсонлар. Адашиб кириб қолдим шекилли деб ўйлаб чиқиб кетмоқчи ҳам бўлдим, лекин хонага кирмасимдан бурун овқатга буюртма бериб қўйганлигим учун, уни рад қилгим келмади. Хижолатчилик юзасидан қолишга мажбур бўлдим. Бир четдаги столга бориб жойлашдим. Официант опа буюртмаларимни олиб келгунигача беш дақиқа кўпроқ вақт кетди. Она бола менга ахамият бермай, ўз сухбатларини давом эттирмоқдалар. Улар ва мендан бошқа инсон хонада йўқлиги сабаб, уларнинг ўзаро сухбати қулоғимга чалиниб турарди.
Сухбатларидан шуни билдимки, онахон худди мен каби, оиласи билан шахарда яшайдиган ўғлини, кўриш учун қайсидир қишлоқдан меҳмон бўлиб келган экан. Она овқатланиш баробарида, мен тенги ўғлига тинмай тарбия берардилар:
— Даданг Оллох раҳмат қилсин, жуда яхши инсон эдилар, сизлар бирин кетин туғилганларингда хурсанд бўлиб дуо қилардилар, "Хали кўрасан онаси, фарзандларим шундай инсонлар бўлсинки, мен улардан фахрланиб маҳаллада, дўсти биродарларим олдида кўкрагимни кериб юрай, мен уларни шундай тарбий қилайки, эл юрт бундан хурсанд бўлсин!“ дер эдилар. Оллохга шукур, даданг ўз сўзларидан чиқдилар, сизларга яхши тарбия бердик, ўқитдик, уйлантирдик, ишли жойли қилдик, тарбияли бўлдиларинг, бизни юзимизни ерга қаратиб қўймадиларинг, яхши хулқларинг билан элни назарига тушдиларинг, манашундай ютуқларга эришганларингни, умри қисқа экан даданг кўрмай ўтиб кетдиларда, сизлардан илтимос болам, шахарга келдим, ота-онамдан узоқда юрибман деб айниб кетмагин, аввал қандай бўлсанг, кейин ҳам шундай қолгин, дадангни рухи ҳам хотиржам ётсин!“
Онаҳон ўғлига насиҳат қилар экан, ўғли онасига жавобан икки қўли кўксида, "Хўп бўлади онажон, хўп, сизлар айтгандек қиламиз" деб бош чайқаб тасдиқлаб қўймоқда.
Бир вақт онага қўнғироқ бўлди. Телефон экранига кўз ойнак орқали термулиб қараркан, ўғлига "келинойинг, хавотир олиб қўнғироқ қиляпти шекилли“ деб қўйди ва телефонни қулоғига тутиб, жавоб бера бошлади.
Онаҳонни ёшлари анчага бориб, қулоқлари ҳам бироз заифлашиб қолган кўринади, телефон овозини баландлатиб олдилар.
— Ало, ассалому алайкум онажон! - у томондан аёл кишининг жаранглаган овози эшитилди.
— Во алайкум ассалом қизим!
— Онажон яҳшимисиз, Азизжон, келин болажонлар яҳши эканми?
— Раҳмат қизим яҳши ўтирибди экан, ўзларинг яхшимисизлар Анваржон болам ишига бориб келяптими, набираларим қандай ҳаммалари соғ омонмилар? Мол холларга вақтида қараб турибсизми қизим?
— Биз яхшимиз онажон, мол холларга ҳам вақтида қараб турибмиз, қачон қайтмоқчисиз энди?
— Худо хохласа эртага жўнайман қизим, бугун кетмоқчи эдим овсинингиз хечам йўл бермаяпти, қўйиб юборгиси йўқ, болалар ҳам оёғимга ёпишиб олиб, хеч қаёққа кетмайсиз бувижон деб холи жонимга қўйишмаяпти.
— Ие унақа эмасда, кетганингизга бир хафтадан ошди-ку, биз ҳам соғиндик, набирангиз бувимсиз уйимиз хувиллаб қолди дейди, тезроқ кела қолинг, қўшнимиз Иноят хола ҳам хар куни уч тўрт махал сўрайди, "дугоним келмадими?" деб, у киши ҳам сизсиз зерикиб қолди, кўчада йўлингизни пойлаб ўтиргани ўтирган, росдан тезроқ келинг онажон!
— Хўп қизим, тезроқ бораман, яхши ўтиринглар! - деб, онаҳон келини билан хайрлашди.
Она ва ўғилнинг, қайнона ва келиннинг ўзаро суҳбатларини эшитиб кўнглимда уларга нисбатан хавас уйғонди.
Қандай чиройли тарбия? Оиладаги бундай чиройли мухитни яратиб қўйган онаҳонга тасаннолар айтгим келди. Ёши ўттиздан ошган ўғилни онасини кўзига тик боқмай "хўп бўлади онажон" дейиши ва келиннинг қайнонага нисбатан меҳр ва хурмат билан "онажон сизни соғиндик" дейиши хамон қулоғим остида жаранглайди. Бироз аввал нотўғри жойга кириб қолганимдан афсусланиб ўтирган эдим, лекин  сухбатни тинглаб, қандай жойда овқатланаётганимни ҳам унута ёзибман. Ошхонага янги хўранда кирмагунгача албатта!
Ҳа хонага янги хўранда ташриф буюрди. Ёши ўттизга яқин, юзи тўла соқол, сочи тўзғиган, кийимлари ғижим, юраётиб оёқлари чалкашиб тўғри бар томон борарди.
Шу жойда она ва ўғил суҳбати ҳам тўхтади. Улар ҳам жимиб қолишди. Бояги маст йигит, барменни чақира бошлади.
- Эй қаттасан?
Ичкаридан ўспирин йигит югуруб чиқди.
- Юзта қуй!
Пиёлага қуйилган ароқни олиб, нарироқда турган столга бориб жойлашди.
Тушинишимча, у ҳам ошхонага киришдан аввал овқат буюртма қилган. Овқатини келишини кутмоқда.
- Хой Зокирмиди отинг? - овозини баландлатиб барменни сўроққа тутди.
- Ҳа Зокирман, тинчликми ака?
- Бугун қайси кун?
Ичаверганидан, хафтанинг қайси куни эканлигидан ҳам бехабар, шунинг учун бундайларни дунё бехабар деб атайманда.
Худди ўйларимни эшитгандек, бармен ҳам мен ўйлаган гапни гапирди:
- Ие ака, ичавериб, бугун қайси кунлигиниям эсиздан чиқардизми дийман? - деб мазахга олди.
Бу жавобни кутмаган шекилли, ароқхўр ғазабланиб, муштини столга тарақлатиб урганча, "Мени мазах қиляпсанми патсан? Э сани оненгни...".
- Онадан келманг! - жавоб қилди бармен йигит унга жавобан.
Ароқхўр ва бармен ўртасида низо бўлишини сезган она ва ўғил, юзларига фотиҳа тортиб, чиқиб кетишди. Овқатлари чала қолиб кетганлигидан, булар ҳам бу ерга адашиб кириб қолганини пайқаш қийин эмасди.
Уларни овқатини ҳам тўлиқ емасдан туриб кетганлигини кўриб, жим ўтиргим келмади. Ароқхўр билан азалдан тортишмайман, бари "бефойда, "сеники тўғри" деб индамай кетадиганлар тоифасиданман тўғриси. Лекин, бу гал хазм қилаолмадим. Жуда ҳам чиройли суҳбатни гувохи бўлаётгандим, шу ароқхўр келиб бузганига аламим келди.
Ароқхўр томонга юзланиб,
- Оғайни, сал у ёқ бу ёққа қараб сўкинадида, бу ерда сиздан бошқалар ҳам бор, - дедим.
Гапимни эшитиб, менга диққат билан ярим дақиқа кўпроқ термулиб туриб, "узр ака" деб жавоб қилди. Менга ҳам сўкиниб юборадими деб тургандим, йўқ инсоф кирди шекилли, узр сўраб қўя қолди, мен уни паст кетганидан фойдаланиб яна танбех бера бошладим:
- Бизку майли, онангиз тенги аёл ҳам ўтирганди, шу аёлни хурмат қилиш керак эди, сизни ҳам онангиз бордир ахир! Онасини борлигини эслатиб қўйгим келиб  шу сўзни ҳам қўшиб қўйдим.
- Мени онам йўқ!
Бошимга гурзи билан урилгандек бўлди. Бошқа хеч гап гапира олмасдим. Юзимга фотиха тортиб ўрнимдан туриб чиқиб кетдим. Манзилим томон кетар эканман йўл йўлакай, оилада онанинг ўрни қанчалик катта эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Агар ўша маст йигитни ҳам онаси бўлганда эди, уни хар куни тергаган, бир фойдали иш билан шуғилланишга ундаган, бетайин бўлиб юришини олдини олган бўлармиди.

Дунёдаги барча фарзандларнинг онаси ёнида бўлсин!

Иқбол Юсуф.
10.02.2015 йил.