пятница, 3 июля 2015 г.

Ота ким ўзи?



Ота шундай зотки, у кишини оёқ кийимини кийиб кўрасан, сенга жуда катталик қилгани учун узоқроқ юра олмайсан, лекин барибир ўша оёқ кийимни кийишга, худди ўша инсондек бўлишга интиласан.

Уни уст-бошларини кийиб кўрасан, минаётган машинасини ҳам мингинг келади. Рулига ўтириб, худди ўша инсондек бошқариб кўрмоқчи бўласан.

Юрганда юришини, турганда туришини, ётганда ётганини ўхшатишга, унга тақлид қилишга уринасан.

Ота шундай зотки, кун бўйи меҳнат қиладиган, ишлаб пул топадиган, сени едириш учун, кийдириш учун, ўқитиш учун тинмай меҳнатда бўладиган захматкаш бир инсондир.

У кун бўйи меҳнат қилади. Кун-у тун рўзғор ташвишида бўлади. Иш давомида баъзи бир кўнгил хираликларга учрайди. Бошлиғидан сўкиш эшитиши мумкин, одамлар билан ўзаро келишмай қолиб таъбини хира қилиши мумкин, лекин уйга қайтаётиб хар қандай кўнгил хираликларни унутиб, сен учун дўкондан ширинликлар олиб кела оладиган инсон ҳам ота бўлади.
Хаёт ташвиши унинг юзидаги ажинлар билан бойитган бўлсада, сени кулгуингга, хурсандчилигингга шерик бўлиб, биргалашиб кула оладиган инсон ҳам ота бўлади.
Сени бағрига босиб, барча қийинчиликларни ташвишларни унутади.
Ота шундай инсонки, бирор кун ишдан қайтаётиб, ёнларини пайпаслаб, ширинликлар олмаганини билиб қолса, эшик остонасига келиб қолган бўлса ҳам яна қайтиб дўконга чиқиб сен учун ширинлик олиб кела оладиган ва бундан сира эринмайдиган, ҳеч қачон сен учун қилганларини миннат қилмайдиган зотдир.

Агар сен қўнғироқ қилиб қолсанг, хар қандай юмуш билан банд бўлмасин, уларни бир четга суриб сени тинглай олади, бирор нарса сўрасанг, қўлидан келганча харакат қилиб ўша илтимосингни бажаришга харакат қилади. Бажаради ҳам.

Бир жойинг шамоллаб қолса, бетоб бўлиб ётиб қолсанг, ўзини қўярга жой топа олмай қолади. Сен учун жонини ҳам беришга тайёр бўлиб қолади. Сен учун хар қандай иш қилишга ҳам қодир бўладиган ҳам отадир.

Ўртоқлари олдида сен билан мақтанади. Бу мени ўғлим дейди. Зурриётим, наслимни давомчиси деб атайди. Ўғли борлигидан фахрланади, қаддини ғоз тутади.
*****

Ўғил, сен ўша отани ўғлисан.

Вақти келиб катта бўласан, вояга етасан.

Қачондир дадангни оёқ кийимини кийишга бўлган иштиёқинг баланд бўлган бўлса, вояга етганинг сари, "ақлинг" киргани сари, ўша оёқ кийимни қўлинг билан ушлаб, пойини пойига қилиб тўғрилаб қўйишга ҳам хазар қила бошлайсан.
Эски, кераксиз буюм деб тасвирлайсан.
Уни кийими, миниб турган машинаси жудаям эски, ҳеч ким хавас қилмайдиган буюмлардек кўрина бошлайди кўзингга. Қараганинг сари бурнингни жийира бошлайсан.

Уни юриш туришидан, ўзини тутишидан уялгинг келади.
Ўртоқларинг билан  бирга турганингда олдингдан ўтиб қолишини, отанг эканлигини улар сезиб қолишини хечам хохламайсан.
Ие даданг шуми? - деган саволидан қўрқасан.

Эгнигга қимматбахо кийимларни кийиб олгансан, "ўртоқлари қаторидан қолмасин, улар олдида хижолатли бўлмасин" деб отанг ўзи эски чориқда қолган бўлсада, ўзи киймай сенга кийдирган. Сен қимматбахо кийимларни кийиб олиб, уларга мақтаниб қўйгансан, аслида ким эканлигингни отангни эгнидаги кийимлари орқали билиб қолишса, ўртоқларинг сендан нафратлана бошлайди, ўзларини "доираси"дан четлатиб ҳам юбориши мумкин. Шундан қўрқасан, "отанг шуми?" деб масхараомуз сўраганларида, сен "Бу амаки қўшнимиз бўлади, эркалаб ўғлим дейдида" дейишдан ҳам тоймайсан.

Улар телефон қилиб қолса, имкон қадар олмасликка харакат қиласан, "яна бир муаммо бор шекиллида ёки пул сўрасалар керакда" деб ўйлайсан. "Йиғилишдаман" ёки "иш билан бандман" деб, смс орқали ёзиб юборишинг ҳам мумкин.

Бирор жойи оғриб бетоб бўлиб қолса, ака-укаларингни излай бошлайсан, ўзингча хақиқатпарвар бўлиб, жигарларингга отангга қарашни тенг тақсимлай бошлайсан.
"Сен дори-дармонига ёрдан қил, мен озиқ-овқатига". "Сен бир кун бирга бўл, эртага мен бўламан".
Эртадан то кечга қадар у зотнинг бошида туришга сени вақтинг бўлмайди. "Дори-дармонини олиб бердимку, ўзим шарт эмасдир" деб ўйлайсан, аслида эса сени меҳрингга муштоқ бўлади. Сендан қувват олади.

Отанг ёшлигингда қилганларини, сен ўн бирини ҳам унга қила олмасанг ҳам бирор марта юзингга солмайди. Миннат қилмайди, ёмонликларингни унутиб, арзимас яҳшиликларингда кўнгли тоғдек кўтарилиб юбрадиган инсон бу -Отангдир!

Ота ана шундай, меҳрли-мурувватли инсондир!

Иқбол Юсуф.

четверг, 2 июля 2015 г.

Чўққи ва альпинист


Балоғатга етган қиз бола бир чўққи мисолки, уни кўрган йигитлар альпинист каби ўша чўққига интилаверади.
Чўққини забт этиш эса, ўша қиздан севги изхор қабул қилиш, яъни "Мен ҳам сизни севаман!" деган жавоб билан якунланади.
Йигитларнинг қизларга бўлган севгиси альпинист каби чўққини забт этиш билан белгилар эканман, билингки қизларжон, альпинист ҳеч қачон битта чўққи билан кифояланиб қолмайди. Ўз хаёти давомида камдан-кам альпинист биргина чўққи билан кифояланади. Бирини забт этиб улгурдими, бошқасини ҳам забт этгиси келаверади. Чўққини забт этиш қанчалик осон амалга ошса, янгисини забт этишга бўлгган қизиқиш тобора ортиб бораверади.
Айрим альпинистлар бор, бир йўла икки ёки учта чўққини бирваракайига забт этишни кўзлайди. Якунда эса, танлаган чўққиларнинг бирортасини забт эта олмай тоғу-тошлар орасида аросатда қолиб кетади, изсиз йўқ бўлиб кетади.
Яна бир альпинистлар борки, чўққини забт этиш уларнинг оддий эрмаги хисобланади. Улар ўзини қийнаб чўққига тирмашиб чиқишни лозим топмайди, улар бой, хар қандай техникадан фойдалана олади ва ўша техникаси орқали чўққининг устига юқоридан қўниб қўя қолади. Чўққига қўнгач,  турли туман чиқиндилар ташлаб ўзидан қора из қолдиришга уринади. Афсуски, кўплаб баланд тоғлар унинг макр хийласига алданиб, номсиз нишонсиз, изсиз дунёда қолиб кетади.    
Шу ўринда ўз эркини баланд тоғларга қиёс қилаётганим, қизларжонга маслахат.
Ўз чўққингизни забт этишига йўл қўйманг!
Чўққига интилаётган вақтда унинг йиқилишини, қояларга чирмашиб чиқаётган вақтда қўлларини қадоқ бўлишини кўриб унга рахмингиз келмасин.  Ўз иродангизни баланд тоғлардек мағрур, қоя тошлардек мустахкам, қаддингизни ғоз, қадрингизни устун қилиб тураверинг!
Ўша альпинист (йигит)нинг бутун хаёти давомида йиқилиб, туртиниб чиққани фақат сизнинг чўққингиз бўлсин!
Сизни забт этиш шунчалик мушкул иш бўлсинки, қайтиб бошқа чўққига кўз олайтирмасин!


"Топганим, чиқа олганим, куч-қувватимни етгани мана шу чўққи бўла қолсин!" деган тушинча пайдо қилинг, унинг наздида!
Охир-оқибат ўша чўққида бир умр қолиб кетсин!


Иқбол Юсуф.

вторник, 16 июня 2015 г.

Ижарачилар учун нимадур...


Хар ойнинг ўнинчиси яқинлашса халоватимни йўқотадиган бўлиб қолдим. Авваллари ундай эмасди, йил бошидан бери шундай вазият. Бунга сабаб, "шайтонқоғоз"нинг кескин ошиб кетганлиги бўлди. Дўкон ўзимники эмас. Ижарада туриб савдо қиламан. Хар ойда ўша "шайтонқоғоздан" тўртта нақд қилишим керак бўлади.
Бу йил ўтган йилгиларидан фарқли равишда савдо ҳам нисбатан пастроқ. Унинг камига шайтонқоғознинг қора бозордаги курси ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу масалада дўкон эгаси билан маслахатлашиб олмоқчи бўлиб юрган эдим. Бу кетишда инқирозга юз тутишим ҳам ҳеч гап эмас. Илтимос қилиб келаси ойдан ўзимизнинг сўмда тўлаш таклифини бераман деб дўкон эгасини кутдим.
Пулни олиш учун бу гал, дўкон эгасининг ўғли келди, белгиланган миқдордаги пулни санаб оларкан, мақсадимни айтиш учун эндигина оғиз жуфтлаганимда, ўзи гап бошлаб қўя қолди.
- Ака, дадам дўконни ишларини менга топширди, бундан буёғига мен билан хисоб китоб қилаверасиз.
- Яхши ука!
- Айтганча, дадамни биласиз, озгина кўнгли бўшроқ, олдин бу қийматга қандай келишгансиз билмайман-у, лекин мен уни ўзгартираман, хафа бўлмайсиз.
- Хўш, хўш, - базўр ўзимни тийиб турибман.
- Кўнглингиз кўтарса келаси ойдан 600 доллордан берасиз, бўлмаса бошқа ижарачи топишимга тўғри келади, яқинда тўй қилдик биласиз, харажатлар ҳам анча катта бўлди, шунга бироз оширмасак бўлмайди.
- Ўзи ука сизлар билан келишиб нархни пастлатмоқчи бўлиб тургандим, сиз умуман кўтариб юбордингиз, хозир сизга берган пулни топишни ўзи ҳам осон бўлмаётган эди. Сизлар билан келишиб, тез-тез ўзгарувчан доллорда эмас, ўзгармайдиган, қатъий бир қийматдаги сўмга ўтқизиб олмоқчи эдим.
- Ие, - оғзини бир томонга қийшайтириб, масхара қилгандек кулди йигитча, - ака доллор юз мингга тушиб кетганда бундай демасдингиз-ку!
- Балки деярдим, лекин сизчалик ноинсоф эмасман! -дедим, ўзимдан ўн ёш кичик боланинг кулишларига тоқат қилолмай.
- Бу нима деганиз?
.... шу тариқа дўкон эгасининг ўғли билан бироз даханаки жанжаллашдик, якунда эса бошқа арзонроқ ижарага дўкон топиб чиқиб кетишга қарор қилдим. У кетгач, дўконни беркитиб янги жой қидирдим. Кўп юрмай, ижарага жой топдим, эгаси яхши инсон экан, ҳамма айтганларимни тўғри тушиниб, ўзим кўзлаган қийматдаги пулга шартнома қилишга ҳам келишиб олдик. Эртасига тонг сахардаёқ юк машинаси гаплашиб, уч тўртта хизматчи ёллаб, дўконга келдим.
Эндигина уч тўртта маҳсулотни машинага ортаётганда, ёнимизга машина келди, машина тўхтаб улгурмай, унинг ойнасидан бошини чиқазган кўйи "тўхтанглар, тўхтанглар!" деганча,  кечаги йигит жар сола бошлади.
- Тинчликмикан? -деган ўй билан хизматчиларга тўхтаб туришни буюрдим.
Кела солиб, қўли кўксида ҳамма билан бирма-бир саломлашди, унинг холатига назар солар эканман, кечаги жахлдор йигитдан асорат ҳам қолмаганини пайқадим.
- Ака бир четга ўтайлик! - четроққа бошлади йигитча.
- Хўш, нима гап?
- Ака минг бор узр, мен кеча катта хато қилиб қўйдим.
- Хато қилганизни биламан, - дедим, мен ҳам мағрур туриб.
- Ака илтимос, бирга ишлайверайлик, чиқиб кетманглар, жон ака!
- Тинчликми ука, кеча ана катта кўча деётган эдиз, бугун бошқача гап ёки кечаги гап сўздан дадангизни хабари йўқмиди, ўзингизча қарор қилганмидиз?
- Шундай десам ҳам бўлади ака,  кеча айтгандим-ку, тўй қилдик, харажатлар  кўп бўлди, бир икки сўм қарз ҳам кўтаргандик, дадам бироз сиқилиб қолгандилар, шу йўсинда ёрдам бергим келгандида дадамга!
- Ижарани оширибми?
- Ҳа шундай қилиб.
- Хўш нега энди бир кечада ўзгариб қайтдингиз унда?
- Ака кеча ғалати иш бўлди, ўзи шуни айтмоқчи эдим сизга, сиз билан гаплашиб уйга қайтдим, йўл-йўлакай икки учта ўртоғимга телефон қилиб дўкон бўшаганлигини, ижарага оламан деб юрганларга эълон қилиб юборишларини айтдим.
- Хўш.
- Кейин уйга бордим, вазиятни тушинтириш мақсадида тўғри дадамнинг олдиларига кирдим.
Кайфиятлари йўқ, келганимни  кўришлари билан, "Кимнидир кўнглини оғритдингми?"  деб қолди.
Хаёлимга дарҳол сиз келдингиз, лекин дадамнинг важоҳатидан қўрқиб, "йўқ дада" дедим.
- Кийимларингни алиштириб, қўйхонага бор! - деди.
Овози ҳам қўрқинчли, бу қадар асабий холатда дадамни камдан-кам кўрганим учунми, хайрон бўлдим.
Хабариз бўлса керак, дадам "бекор ўтирмай" дея, доимий равишда беш олтита қўчқор боқади, бир йилча емлаб, қассобларга гўштини тортиб беради. Тўй арафасида бошқа қўйлар сотилиб, иккита энг зўрини олиб қолганди.
"Ем бериш керакмикан, хали вақтли-ку!" қайта сўрагани ҳам ўзимда куч топа олмадим. Кийимларни алиштириб, қўйхонага ўтдим, мендан аввалроқ борган дадам бир сўкиниб, бир тавба қилиб, катта қопга нимадир солаётган экан.
- Энг яхшилари эди-я, эссиз, эссиз, тўйда сотганимда ҳаммасини сотсам бўлмасмиди, қайсидир ишимиз Худога ёқмади-да! Бўлмаса ўз-ўзидан соппа-соғ қўйлар... Дадам бу сўзларни гапираётган вақтда мен яқинлашиб бўлган эдим. Не кўз билан кўрайки, хар иккала қўй ҳам харом ўлиб ётган эди.
Қўрқув ва хаёжондан дир-дир титраб кетдим. Тавба қилдим. Гунох иш қилиб қўйганимни тушиндим. Эртароқ сизга айтмоқчи эдим, лекин имкони бўлмади, кечга қадар дадам билан бирга ўша харом ўлган қўйларни шахар ташқарисига олиб чиқиб кўмиш билан овора бўлдик. Дадам тинмай сўкинмоқда.
Дадамнинг "Қайсидир гунохимиз учун Худо бизни шу тариқа жазолади" дейишларини эшитиб, уларга мен сизга қилган адолатсизлигимни айта олмадим. Билганларида менга жуда қаттиқ тегарди.
- Ака сиздан илтимос, кечаги гапларни унутинг! Дадам билмасинлар! Илтимос шу ерда қолиб ишланг, бошқатдан янги шартнома қиламиз, сиз айтган қийматда бўлади. Илтимос сиздан!


Воқеа хаётий! Шу кунларда бўлиб ўтган.
Оллох ризқни ўз бандаларига шундай тақсимлаб берганки, ҳеч қачон ошиғини ололмайсиз! Бунга яна бир бор амин бўлдим.

Иқбол Юсуф.
13.06.2015 йил.

понедельник, 8 июня 2015 г.

Йўл-йўлакай



— Ота-онам нима деса шу! —деганди.
Бугун истироҳат боғида кўрдим, бир бегона йигит билан қучоқлашиб ўтирибди.
****

Янги Ласетти олибди. Ҳеч қаерда ишламайди.
Кейин билдим, аёли икки йил деганда Россия сафаридан қайтибди.

***

(Аёл киши номидан)
Манзилга етиб қўлига пул тутсам олмади, таксист эмасмиш. Хурсанд бўлиб "раҳмат" десам, телефон рақамимни сўради.

***

Бир сафда туриб Жумъа намозини ўқиган йигит билан автобусда бирга қайтдик, у пиво сотадиган жойда тушиб қолди. Ўша ерда ишларкан.

***

Овқатландим.
— Тўққиз минг! — деди.
Атайдан ўн минг бердим. Икки марта санаб кўриб "тўғри" деди. Индамай кетдим.
"Инсон аввал ўзини ислох қилиш керак" деган тушунчанинг тагига етгандек бўлдим.
***

— Даданг дам олиш куни ҳам уйда ўтирмайди, — деб арз қилгандек бўлди аёлим, олти ёшли ўғлимга.
— Ахир дадам пул олиб келадилар-ку! — деб, жавоб қилди ўғлим.
Баъзида ёш боланинг фаҳми етган нарсаларга катталарники ожизлик қилиб қоларкан.

***

Тўртта одамдан ҳар ой 100 доллардан ижара ҳаққи олар эдим. Бозордаги бошқа нарсаларнинг олди-сотдисидан долларнинг курси катта фарқ билан ошиб кетаётганлигини ўйлаб, ижара нархини маълум қийматга эга "сўм"га алиштирдим. Ижарачилар мендан миннатдор бўлди.
Кўп вақт ўтмади. Бир йил аввал савдо ишларимни юргизиш учун долларда қарз берган қадрдоним қарзни ўша вақтда амалда бўлган сўмдаги қийматда қайтаришимни айтди.
Қайтар дунё! Шукр!

Иқбол Юсуф

08.06.2015 йил

Тушкунликнинг ажойиб ечими


Ишимдаги хафагарчилик!
Оиладаги тушунмовчилик!
Кундалик ташвишлар!
Қисқаси, хаёт синовларидан безиб, уларни ўйлаб ярим кечга қадар ухлай олмадим, тонгга яқин кўзим илинибди. Уйқу кам бўлганлиги сабаб, эрталаб базўр ўрнимдан турдим. Яна ўша ташвишлар, яна ўша муаммолар миямда чарх ура бошлади. Ойнага қарадим, юзимни синиқлигини кўрган одам "ухлаб дам олган киши" демайди. Ойнадаги ўз аксимга бир муддат тикилиб туриб, миямга келган фикрдан хурсанд бўлиб кетдим. Телефонимни ўчирдимда, ҳеч кимга ҳеч нима демасдан, (хатто аёлимга ҳам), тўғри қишлоққа жўнадим. Қишлоқ гузаридаги қассобхонадан бир кило қўй  гўштининг юмшоқ жойидан олиб, ёнига икки дона иссиқ нон ҳам олдим.  Шўрвани қозонга ташлаб, кечгача онажоним билан ёнбошлаганча мириқиб суҳбатлашдим. Чақалоқлик давримдан бошлаб то уйлангунимгача бўлган кунларни ёдга олдик. Уйга қайтиш олдидан ота-онамнинг узундан узун дуоларини олдим. Кеч тушгач яхши кайфият билан уйга қайтдим!
Эртасига  кўтаринки кайфият билан уйғондим. Кун бўйи йиғилиб ётган ишларимни ўзгача иштиёқ билан бажардим. Ҳамма муаммоларим бартараф қилингач, ичимда "доимо ота-оналаримиз соғ бўлишсин" деб ният қилдим.
Дунёдаги жамики ота-оналар, дунё тургунча туришсин!

Иқбол Юсуф.

среда, 3 июня 2015 г.

Рамазонга ҳам қолди

Бир жуфт сомса.

Бугун иш билан бўлиб, ҳар доим тушлик қилишга одатланган ошхона ёнидан ўтиб қолибман.
Рамазон ойи таъсир қилибди шекилли, хўрандалар сони анчагина камайган.
Аслида бу вактда ошхонанинг яқинига хам йўлаб булмайдиган даражада одам гавжум бўлар эди.
Сабаби бу ерда тайерланадиган  сомсани шахарнинг хеч қайси бир ошхонасидан топиб бўлмас эди, жуда ширин эдида, ҳам арзон ҳам жуда мазали...
"Қани энди ифторликка ҳам мана шундай бир жуфт сомса бўлса-ю"  деганча бир ютиниб, бир умид қилиб ўтиб кетдим.
****

Бугунги кун ўтган кунларга нисбатан кун анчайин иссиқроқ бўлди.
Вақт ифторликка яқин колди-ку, лекин қуёшнинг иссиқ тафти йўқолай демайди.
Одатда хаво жуда исиган махал, имкон қадар муздайроқ жой топиб бироз дам олиб олар эдим. Аксига олиб бугун кун бўйи ишдан ортмадим, дам ҳам ололмадим. Балки шунинг учунми, хар кунгиданда кўпроқ чанқадим. Уйга қайтиш олдидан хар доимгидек муздек сувлар ва музқаймоқлар сотиб оламан. Бугун ҳам шундай қилдим.
Ҳовлига кирдим-у, қўлимдаги нарсаларни музлатгичга қўйиш учун тўғри ошхона томонга юрдим.
Негадир ошхонада ҳар доим дастурҳон тузаб, келишимни кутиб турадиган аёлим куринмас эди.
У ёқ, бу ёққа разм солдим, йўк.
Ифтор яқинлашяпти, лекин ҳали дастурхон тузалмаган. 
"Қаерда юрибди экан?" дея, жахлим ҳам чиқди бироз.
Бир икки чакириб хам кўрдим...
- Онаси хой онаси қаердасан? - Жавоб йуқ - Қаеққа кетди экан-а?
- Шундай махалдаям бирор ёққа чиқадими? Тинчликмикан ишқилиб?

Бироздан сўнг, тандирхонадан овоз келди.
- Ассалому алайкум дадаси, яҳши ишлаб келдингизми? - бошида бир сават хозиргина тандирдан узилган сомсани кўтарганча, тандир иссиғидан юзлари қип-қизариб кетган аёлим чикиб келар эди.

Рўзадор ҳолатида, бунинг устига ёзнинг жазирама иссиғидан қўрқмасдан, қизиб турган тандирда сомса ёпган аёлимни кўриб "Субханоллоҳ" деб юбордим.
Қўлимга сочиқ олиб уни юзига теккан тандирнинг қорасини артаман, айни дамда қизариб турган юзларидаги шу қора доғ уни янада гўзал қилиб юборгандай эди гуё.
Хижолатдан юзини олиб қочади.
- Ифторликка сиз ёқтирадиган сомса қилгандим, шунга бироз кеч колдим узр, сиз ўтириб туринг хозир дастурҳон тузайман,- дея, атрофимда гирдикапалак бўлади.

Бечорагинам.
Худди бугун сомса егим келганини билгандай.
"Эркак кишини кўнглига йул ошқозони оркали бўлади" дейишарди.
Ҳак гап!!!
Қани айтингчи?
Аёлларимиз биз учун қирқ даража иссикда рўза оғзи билан қизиб турган тандирда нон ёпса ёки бошқа бир мазали таомлар пишириб турса, "дадаси, дадажониси" деб тилини ширин қилиб беминнат хизмат қилиб турса, қайси бир эркак зоти шундай баҳтига каноат қилмас экан???

«Ўзинга шукур» дейман жилмайиб.


Иқбол Юсуф.

27.07.2014 йил.

суббота, 30 мая 2015 г.

Оппоқ кўйлагимга "доғ" тегди..

Оппоқ кўйлагимга ёғ тегди. Бир зумда ўша жойда сариғ доғ пайдо бўлди.
Бу кўйлак билан одамлар орасида юриб бўлмайди, устимдан кулишади, уяламан. Янгисига алиштиришга мажбур бўламан.
Эскисини ювганим билан, озгина доғдан асорат қолган бўлади, уни қайта кийишга кўнглим тортмайди, ахлатга отиб юбораман ёки ёқиб юбораман.
****
Хар куни билиб ёки билмай катта кичик гунохга қўл ураман. Ўша гунохларим, қалбимда ўчмас из (доғ) қолдиради. Лекин, марҳаматли зот, яратган эгам, мени бошқасига алиштирмайди. Мендек, гумрох бандани бошқа бандалари орасида олиб юришга орланмайди.Ахлатга отиб юбормайди, ёқиб юборишга қарор қилмайди. Омонат қилиб берган танамдаги жонни қайтиб олишга шошилмайди. Менга вақт беради. Гунохларимни ювиш учун шароит ва имкон беради.

Фақат Оллохнинг бундай марҳаматини англай олган инсонгина яна покланади. Покланиб олгачгина хузурига қадам ранжида қилади.

Умрининг сўнгига қадар, фахми етмай, гунохлардан тийилмай хузурига борадиганлар қанча...

Иқбол Юсуф.
19.02.2015 йил.