“Кўникмадим” килипига очиғи кўникмадим.
Кўникмайман ҳам.
Яқинда шоу бизнеснинг етакчи
вакиллари Райхон ва Лола биргаликда янги қўшиқ куйлашибди. Қўшиқ номи
“Кўникмадим”. Унга ажойиб клип ҳам ишлабди. Икки уч кундан буён турли ижтимоий
тармоқларда ушбу клип тўхтовсиз мухокама қилинмоқда. Ўша шов-шувга сабаб бўлган
клипни кўришга қизиқдим ва кўрдим.
Ростдан ҳам шов-шув қилса арзийдиган
клип бўлибди. “Эркак” киши сифатида шахсан менга ёқди. Клипда Лола ҳам, Райхон
ҳам жуда чиройли кўринишда тасвирланибди, уларнинг саҳнадаги кўринишлари анчайин
“жозибали” чиқибди. Тўғрисини айтаман клипни кўриб, “мазза” қилдим. Ҳар қандай
эркак, қайта кўришга ошиқадиган клип бўлибди. Бу клипдан кейин уларнинг эркак
мухлислари янада кўпайишига ишончим комил.
Менимча, “танқидчилар ошириб
юборибди” деб ўйлайман. Замонавий клип, ажойиб декорация, чиройли ранглар
уйғунлашуви ва икки “фаришта”. (Бўтақаранинг йўлидаги паришталар бундан
мустасно). Ҳа нима қилибди озгина
очиқроқ кийинган бўлса, бир-бирларига қандайдир ишоралар қилишган бўлса. Бармоқларини
лабларига тегкизаётган бўлишса. Нима шунга “ота кўри қозихона”ми? Қайсидир
ижтимойи тармоқда “Қўлларини кўкрагига тегкизибди” деб, танқид қилинибди, унга
жавобан “кўкракка эмас, қўллари билан юрагига ишора қилмоқда” дедим. Тўғрида
танқидчини кўзи билан эмас, Лоланинг мухлиси сифатида кўринг! (Айтганча юрак
қайси томонда эди?).
Очиғи, бу клип инсонни нозик хис
туйғуларини уйғотиб, оз муддат бўлсада кўнгилга хузур бағишлар экан.
Танқидчиларнинг фикри ўлароқ, мен
клипда ҳеч қандай “лезби”ликка ишора берувчи харакатларни кўрмадим. Танқид
қилганларга нисбатан берилган фикрлар менимча тўғрироқ.
“Клипда “ақл” ва “юрак”нинг ўзаро
муносабати акс эттирилган”. Шу фикрга қўшиламан. Лекин, клипмейкерларнинг
озгина тажрибаси етишмай, клипнинг асл мақсадини очиб беролмай қолган бўлиши
мумкин. Қандайдир компютер графикаси орқали ўша хонимларнинг клипдаги
иштирокини ақл ва юракка монанд тасвирлаб берганда эди, балки омма орасида бу
каби шов-шувга сабаб бўлмасмиди. Яна билмадим.
Клипдан олган таассуротим хозирча
шундай, яъни ижобий.
*****
Хар куни эрталаб, машинамда,
аёлимни коллежга, ўғлимни боғчага, қизимни эса мактабга олиб бораман. Ўғлим ёш
онаси билан машинанинг орқа ўриндиғида кетади, тўққиз ёшга кирган, деярли
ақлини таниб бўлган, хозирда мултфилмдан кўра, кино кўришни афзалроқ деб
биладган қизим, олд ўриндиқда кетади.
Бугун ҳам хар доимгидек, уларни
жой-жойларига тарқатиш учун шахар бўйлаб кетаётган эдим, йўл-йўлакай 8-,9-синф
оралиғидаги икки қизнинг мактаб томон пиёда кетаётганига кўзим тушиб қолди.
Рулдаман, аслида рулда эканлигимда хар ёққа аланглаб кетадиган одатим йўқ.
Лекин, негадир мактабга кетаётган ўша қизларга бир муддат тикилиб қолдим.
Қанчадир сония уларга тикилишимнинг бирдан бир сабаби, улар кийган мактаб
формасида эди. Формани шу қадар бежирим қилиб тиктиришган-ки, худди икки уч
йилдан буён шу кийимда юргандек туйилди менга. Жудаям тор, торлиги майлику-я,
унинг юбкаси нақ, ....... ҳа майли тизза
томондан тасвирлай қолай, тиззасидан бир қарич баландда! Ўзингиз, 9-синф ёшидаги
қизларнинг белидан то тиззасигача бўлган масофани хаёлан тасвирлаб, ундан бир
қарич материални олиб ташлаб, кўз олдингизга келтираверинг. Бу ерда ёзсам тўғри
келмайди)))
Мен уларга “нафрат” кўзи билан
қарадим. Кўнглимда аллақандай ғазабнинг пайдо бўлишини асосий сабаби, аслида у
қизлар эмасди. Нафратимнинг сабаби, мен билан биргаликда кетаётган қизимнинг
уларга нисбатан хавас кўзи билан боқаётганлигида эди. Ана шундай мактаб
формасини кийишни орзу қилаётганлиги қизимнинг кўзларидан пайқаш қийин эмасди.
Беихтиёр овозимни баландлатиб,
“уятсиз”лар деб юбордим. Овозимдан сесканиб кетди қизим ҳам.
-
Ҳа
дадаси тинчликми? – дабдурустдан бундай деб юборганимга хайрон бўлган аёлим
сўради.
-
Анави
қизларнинг кийимини кўриб айтдим.
-
Ҳа
бунақалар коллежда ҳам жуда кўп, қанча айтмайлик, барибир шундай тор кийим
кийишади.
“Қизим сенга гапиряпман, келиним
сен эшит!” қабилида, аёлимга бундай кийим билан кўчага чиқиш, беандишалик
белгиси эканлиги ҳақида оз-моз насиҳат қилгандек, бўлдим, атай қаттиқ-қаттиқ,
баланд-баланд овоз билан албатта. Аёлим бу нарса хақида яхши тушинчага эга
бўлсада, қизимга сабоқ бўлсин деган мақсадда айтдим.
Ҳаммани жой-жойларига тарқатиб, ўз
иш жойимга келиб ўтирарканман, кечаги клип ва бугунги холат кўз олдимда қайта
гавдаланди.
Қовун қовундан ранг олгани каби,
фақат бизнинг миллатимизгина эмас, бутун инсоният олами борки, бир-биридан
ўрнак олади, юриш туришни, кийинишини ўрганади. Буни эса, “оммавий маданият”
деб атаймиз.
Одамларнинг ўрнак олишида, бугунги
кундаги ибора билан айтганда, ана ўша шоу бизнес юлдузларининг хиссаси жуда
катта!
Бир пайтлар машхур “Титаник”
филмида суратга тушган актёр Леонарда Ди Каприонинг соч турмагидан ўрнак олиб,
унга хавас қилиб, сочини ўртасидан фарқ очиб юрганлар талайгина бўлган эди. Соч
турмаклари борасида хозирда, “Криштиано” бўлиб кетишди кўпчилик. Чоки тиззадан
келадиган шимларни-ку, гапирмай қўя қоламан.
Яна бир мисол, яқинда Тошкентдан
келган меҳмонларни Марғилондаги атлас, атдрас ишлаб чиқарадиган хунармандларни
ишларини кўрсатиш мақсадида, ишлаб чиқараётган жойига олиб борган эдик. У
ернинг раҳбари, ўзлари ишлаб чиқараётган турфа хилдаги атлас ва адрасларни
кўрсатар экан, газламалар омборининг кираверишида турган адраснинг олдига
келиб, “Манашу янги дизайнимиздаги адрас бўлади, бу адрас бозорда энг
харидоргир, чунки буни Гулсанам Мамазотиова ўзининг концерт дастуриида кийиб
чиққан” деб айтди. Унинг гапларини
эшитиб, меҳмонлардан кимдир хазил қилиб, кимдир чин маънода “Қани ўша Гулсанам
кийган адрасдан бир кийимлик ўраб берингчи, бир аёлларимиз хурсанд бўлишсин”
деганча харид қилишди.
Бу мисолларни келтиришимдан
мақсад, инсонлар айнан ўша шоу бизнес вакилларидан кўп жиҳатларда ўрнак
олишаётгани ёдга солишдир. Демак, бизнинг оммавий маданиятимизни шакллантирилишида
шоу бизнес вакилларининг қисман бўлсада хиссаси бор экан, унда улар ўзларининг фақат
яхши томонларини кўрсатишсин.
Бугун Райхон ва Лола ярим яланғоч
кийимда клипга суратга тушган бўлса, биз уни кўриб, юқорида айтганларим каби “Яхши.
Нимаси ёмон? Бу аёлларнинг эркинлиги, уларнинг хуқуқларини эркакларники билан
бир хил бахолаш керак эмасми, ахир хар бир сохада янгидан янги ихтиролар
қилинаётган бир вақтда оддий бир клип учун шунча тортишиб, майдалашиб ўтириш
яхши эмас-ку!” деб, индамай яхшими
ёмонми янгиликлардан завқ олиб яшайверсак, эртага (тахминан бир йил ўтиб),
“Наво” каналидан эфирга узатилаётган клиплар, Россиянинг “Ру ТВ”, “Муз ТВ” сида
қўйилаётган клиплари орасида ҳеч қандай фарқ қолмайди-ку! Фарқи улар бошқа
миллат, бошқа дин вакллари, бу ердагиси ўзимизникилар. Кўриниш, кийиниш,
клипдаги хатти-харакатлар эса, деярли бир хил.
Шоу бизнес ўз номи билан бизнес,
хар бир сохада бўлгани каби уларда ҳам яхшигина рақобат бор. Ярим ялонғоч
холатдаги клипларга эхтиёж кучлими, Зиёда минг чиройли куйласин, уни қўшиқлари
МР3 форматида тингланаверилади, клип кўришга келганда Райхон ва Лола ёки
бошқаси кўрилаверади.
Бугун бу клип, эртага яна бошқаси,
секин-секин манашундай сахна кўринишдаги клиплар кўпаявераркан, бу маданият
хаётга кўчади. Бугун экранда кўрган аёлнинг ярим яланғоч кийими урф бўлиб,
эртага худди шу кийимдаги таниш аёлимни кўчада кўришимга тўғри келади. Кўчада
кўрсам ҳам балки, ичимда унга нисбатан “Хаёсиз” деб ўтиб кетарман, лекин қачонлардир
уйимга кўчса нима қиламан? Мана шундан қўрқаман.
Тўғри, бугун улар ярим яланғоч
кийимда экранга чиқишган бўлса, уйимдагилар уни кўриб “Менга ҳам шунақасидан
олиб беринг!” деб, хархаша қилмайди. Инсон табиати, феъл-атвори қизиқ, улардан бири
“мослашувчанлик”. Хар қандай янгиликка секин-секинлик билан мослашаверади. Мослашишга
яхши оилаларнинг аёлларини назарда тутиб мисол келтираман: авваллари этаги
тўпиғидан келадиган кўйлаклар, хозирга келиб тиззадан сал пастроққа келиб
тўхтади. “Тўхтади” деб айта олмайман. Балки тўхтамагандир. Кенглиги қонар
қопдек келадиган кўйлаклар, тобора торайиб, ёпишиб бораётганлиги бор гап. Онаҳонлардан
биламан, ёқали кўйлак бўлиб, у томоққача қадалган бўларди, хозир эса, ёқалар
бутунлай йўқ бўлиб, ундан қолгани кўкраккача етиб келди. (Лолани клипда кийган
кўйлаги бундан мустасно, уники ўтиб ҳам кетибди).
Қисқаси шундай, аёлларимизнинг
манашундай замонавий кўринишга келишида, вақт ўтгани сайин бизнинг мослашиб бораётганлигимиз,
“кўникаётган”лигимиз сабаб.
Умид қилардимки, “мослашувчанлик”ни
бошқа янгиликларга қаратсакда, аёллармизнинг ибо хаёси масаласида жиддий ўйлаб,
бир тўхтамга келсак. Мен бу гапим билан, яна аёллармизни бир аср аввалгидек,
паранжига киргизиб қўйиш тарафдори эмасман, шунчаки юриш туришимизда,
харакатларимизда, кийимларимизда миллийлигимизни, ўзбек миллатидан эканлигимизни
унутиб қўймасак бас демоқчиман.
P/S: Эслатиб ўтишни ўзимга жоиз
топдим, юқорида тилга олинган Лола ва Райҳонга нисбатан ҳеч қандай шахсий
адоватим йўқ, уларнинг шахсиятига нисбатан умуман эътирозим ҳам йўқ, ашаддий
бўлмасада, қайсидир маънода уларнинг мухлиси ҳамман, юқоридаги фикрлар
“Кўникмадим” клипидан тушинча олиб, умумий равишда барча шоу бизнес юлдузларига
нисбатан, шу миллатнинг бир аъзоси сифатида ўз хулосаларим билан мурожаат
қилдим холос.
Иқбол Юсуф.
12.05.2015 йил
Комментариев нет:
Отправить комментарий