суббота, 30 мая 2015 г.

Оппоқ кўйлагимга "доғ" тегди..

Оппоқ кўйлагимга ёғ тегди. Бир зумда ўша жойда сариғ доғ пайдо бўлди.
Бу кўйлак билан одамлар орасида юриб бўлмайди, устимдан кулишади, уяламан. Янгисига алиштиришга мажбур бўламан.
Эскисини ювганим билан, озгина доғдан асорат қолган бўлади, уни қайта кийишга кўнглим тортмайди, ахлатга отиб юбораман ёки ёқиб юбораман.
****
Хар куни билиб ёки билмай катта кичик гунохга қўл ураман. Ўша гунохларим, қалбимда ўчмас из (доғ) қолдиради. Лекин, марҳаматли зот, яратган эгам, мени бошқасига алиштирмайди. Мендек, гумрох бандани бошқа бандалари орасида олиб юришга орланмайди.Ахлатга отиб юбормайди, ёқиб юборишга қарор қилмайди. Омонат қилиб берган танамдаги жонни қайтиб олишга шошилмайди. Менга вақт беради. Гунохларимни ювиш учун шароит ва имкон беради.

Фақат Оллохнинг бундай марҳаматини англай олган инсонгина яна покланади. Покланиб олгачгина хузурига қадам ранжида қилади.

Умрининг сўнгига қадар, фахми етмай, гунохлардан тийилмай хузурига борадиганлар қанча...

Иқбол Юсуф.
19.02.2015 йил.

среда, 13 мая 2015 г.

“Кўникмадим”

“Кўникмадим” килипига очиғи кўникмадим. Кўникмайман ҳам.

Яқинда шоу бизнеснинг етакчи вакиллари Райхон ва Лола биргаликда янги қўшиқ куйлашибди. Қўшиқ номи “Кўникмадим”. Унга ажойиб клип ҳам ишлабди. Икки уч кундан буён турли ижтимоий тармоқларда ушбу клип тўхтовсиз мухокама қилинмоқда. Ўша шов-шувга сабаб бўлган клипни кўришга қизиқдим ва кўрдим.
Ростдан ҳам шов-шув қилса арзийдиган клип бўлибди. “Эркак” киши сифатида шахсан менга ёқди. Клипда Лола ҳам, Райхон ҳам жуда чиройли кўринишда тасвирланибди,  уларнинг саҳнадаги кўринишлари анчайин “жозибали” чиқибди. Тўғрисини айтаман клипни кўриб, “мазза” қилдим. Ҳар қандай эркак, қайта кўришга ошиқадиган клип бўлибди. Бу клипдан кейин уларнинг эркак мухлислари янада кўпайишига ишончим комил.
Менимча, “танқидчилар ошириб юборибди” деб ўйлайман. Замонавий клип, ажойиб декорация, чиройли ранглар уйғунлашуви ва икки “фаришта”. (Бўтақаранинг йўлидаги паришталар бундан мустасно).  Ҳа нима қилибди озгина очиқроқ кийинган бўлса, бир-бирларига қандайдир ишоралар қилишган бўлса. Бармоқларини лабларига тегкизаётган бўлишса. Нима шунга “ота кўри қозихона”ми? Қайсидир ижтимойи тармоқда “Қўлларини кўкрагига тегкизибди” деб, танқид қилинибди, унга жавобан “кўкракка эмас, қўллари билан юрагига ишора қилмоқда” дедим. Тўғрида танқидчини кўзи билан эмас, Лоланинг мухлиси сифатида кўринг! (Айтганча юрак қайси томонда эди?).
Очиғи, бу клип инсонни нозик хис туйғуларини уйғотиб, оз муддат бўлсада кўнгилга хузур бағишлар экан.
Танқидчиларнинг фикри ўлароқ, мен клипда ҳеч қандай “лезби”ликка ишора берувчи харакатларни кўрмадим. Танқид қилганларга нисбатан берилган фикрлар менимча тўғрироқ.
“Клипда “ақл” ва “юрак”нинг ўзаро муносабати акс эттирилган”. Шу фикрга қўшиламан. Лекин, клипмейкерларнинг озгина тажрибаси етишмай, клипнинг асл мақсадини очиб беролмай қолган бўлиши мумкин. Қандайдир компютер графикаси орқали ўша хонимларнинг клипдаги иштирокини ақл ва юракка монанд тасвирлаб берганда эди, балки омма орасида бу каби шов-шувга сабаб бўлмасмиди. Яна билмадим.
Клипдан олган таассуротим хозирча шундай, яъни ижобий.
*****
Хар куни эрталаб, машинамда, аёлимни коллежга, ўғлимни боғчага, қизимни эса мактабга олиб бораман. Ўғлим ёш онаси билан машинанинг орқа ўриндиғида кетади, тўққиз ёшга кирган, деярли ақлини таниб бўлган, хозирда мултфилмдан кўра, кино кўришни афзалроқ деб биладган қизим, олд ўриндиқда кетади.
Бугун ҳам хар доимгидек, уларни жой-жойларига тарқатиш учун шахар бўйлаб кетаётган эдим, йўл-йўлакай 8-,9-синф оралиғидаги икки қизнинг мактаб томон пиёда кетаётганига кўзим тушиб қолди. Рулдаман, аслида рулда эканлигимда хар ёққа аланглаб кетадиган одатим йўқ. Лекин, негадир мактабга кетаётган ўша қизларга бир муддат тикилиб қолдим. Қанчадир сония уларга тикилишимнинг бирдан бир сабаби, улар кийган мактаб формасида эди. Формани шу қадар бежирим қилиб тиктиришган-ки, худди икки уч йилдан буён шу кийимда юргандек туйилди менга. Жудаям тор, торлиги майлику-я, унинг юбкаси нақ, .......  ҳа майли тизза томондан тасвирлай қолай, тиззасидан бир қарич баландда! Ўзингиз, 9-синф ёшидаги қизларнинг белидан то тиззасигача бўлган масофани хаёлан тасвирлаб, ундан бир қарич материални олиб ташлаб, кўз олдингизга келтираверинг. Бу ерда ёзсам тўғри келмайди)))
Мен уларга “нафрат” кўзи билан қарадим. Кўнглимда аллақандай ғазабнинг пайдо бўлишини асосий сабаби, аслида у қизлар эмасди. Нафратимнинг сабаби, мен билан биргаликда кетаётган қизимнинг уларга нисбатан хавас кўзи билан боқаётганлигида эди. Ана шундай мактаб формасини кийишни орзу қилаётганлиги қизимнинг кўзларидан пайқаш қийин эмасди.
Беихтиёр овозимни баландлатиб, “уятсиз”лар деб юбордим. Овозимдан сесканиб кетди қизим ҳам.
-                           Ҳа дадаси тинчликми? – дабдурустдан бундай деб юборганимга хайрон бўлган аёлим сўради.
-                           Анави қизларнинг кийимини кўриб айтдим.
-                           Ҳа бунақалар коллежда ҳам жуда кўп, қанча айтмайлик, барибир шундай тор кийим кийишади.
“Қизим сенга гапиряпман, келиним сен эшит!” қабилида, аёлимга бундай кийим билан кўчага чиқиш, беандишалик белгиси эканлиги ҳақида оз-моз насиҳат қилгандек, бўлдим, атай қаттиқ-қаттиқ, баланд-баланд овоз билан албатта. Аёлим бу нарса хақида яхши тушинчага эга бўлсада, қизимга сабоқ бўлсин деган мақсадда айтдим.
Ҳаммани жой-жойларига тарқатиб, ўз иш жойимга келиб ўтирарканман, кечаги клип ва бугунги холат кўз олдимда қайта гавдаланди.
Қовун қовундан ранг олгани каби, фақат бизнинг миллатимизгина эмас, бутун инсоният олами борки, бир-биридан ўрнак олади, юриш туришни, кийинишини ўрганади. Буни эса, “оммавий маданият” деб атаймиз.
Одамларнинг ўрнак олишида, бугунги кундаги ибора билан айтганда, ана ўша шоу бизнес юлдузларининг хиссаси жуда катта!
Бир пайтлар машхур “Титаник” филмида суратга тушган актёр Леонарда Ди Каприонинг соч турмагидан ўрнак олиб, унга хавас қилиб, сочини ўртасидан фарқ очиб юрганлар талайгина бўлган эди. Соч турмаклари борасида хозирда, “Криштиано” бўлиб кетишди кўпчилик. Чоки тиззадан келадиган шимларни-ку, гапирмай қўя қоламан.
Яна бир мисол, яқинда Тошкентдан келган меҳмонларни Марғилондаги атлас, атдрас ишлаб чиқарадиган хунармандларни ишларини кўрсатиш мақсадида, ишлаб чиқараётган жойига олиб борган эдик. У ернинг раҳбари, ўзлари ишлаб чиқараётган турфа хилдаги атлас ва адрасларни кўрсатар экан, газламалар омборининг кираверишида турган адраснинг олдига келиб, “Манашу янги дизайнимиздаги адрас бўлади, бу адрас бозорда энг харидоргир, чунки буни Гулсанам Мамазотиова ўзининг концерт дастуриида кийиб чиққан”  деб айтди. Унинг гапларини эшитиб, меҳмонлардан кимдир хазил қилиб, кимдир чин маънода “Қани ўша Гулсанам кийган адрасдан бир кийимлик ўраб берингчи, бир аёлларимиз хурсанд бўлишсин” деганча харид қилишди.
Бу мисолларни келтиришимдан мақсад, инсонлар айнан ўша шоу бизнес вакилларидан кўп жиҳатларда ўрнак олишаётгани ёдга солишдир. Демак, бизнинг оммавий маданиятимизни шакллантирилишида шоу бизнес вакилларининг қисман бўлсада хиссаси бор экан, унда улар ўзларининг фақат яхши томонларини кўрсатишсин.
Бугун Райхон ва Лола ярим яланғоч кийимда клипга суратга тушган бўлса, биз уни кўриб, юқорида айтганларим каби “Яхши. Нимаси ёмон? Бу аёлларнинг эркинлиги, уларнинг хуқуқларини эркакларники билан бир хил бахолаш керак эмасми, ахир хар бир сохада янгидан янги ихтиролар қилинаётган бир вақтда оддий бир клип учун шунча тортишиб, майдалашиб ўтириш яхши эмас-ку!”  деб, индамай яхшими ёмонми янгиликлардан завқ олиб яшайверсак, эртага (тахминан бир йил ўтиб), “Наво” каналидан эфирга узатилаётган клиплар, Россиянинг “Ру ТВ”, “Муз ТВ” сида қўйилаётган клиплари орасида ҳеч қандай фарқ қолмайди-ку! Фарқи улар бошқа миллат, бошқа дин вакллари, бу ердагиси ўзимизникилар. Кўриниш, кийиниш, клипдаги хатти-харакатлар эса, деярли бир хил.
Шоу бизнес ўз номи билан бизнес, хар бир сохада бўлгани каби уларда ҳам яхшигина рақобат бор. Ярим ялонғоч холатдаги клипларга эхтиёж кучлими, Зиёда минг чиройли куйласин, уни қўшиқлари МР3 форматида тингланаверилади, клип кўришга келганда Райхон ва Лола ёки бошқаси кўрилаверади.
Бугун бу клип, эртага яна бошқаси, секин-секин манашундай сахна кўринишдаги клиплар кўпаявераркан, бу маданият хаётга кўчади. Бугун экранда кўрган аёлнинг ярим яланғоч кийими урф бўлиб, эртага худди шу кийимдаги таниш аёлимни кўчада кўришимга тўғри келади. Кўчада кўрсам ҳам балки, ичимда унга нисбатан “Хаёсиз” деб ўтиб кетарман, лекин қачонлардир уйимга кўчса нима қиламан? Мана шундан қўрқаман.
Тўғри, бугун улар ярим яланғоч кийимда экранга чиқишган бўлса, уйимдагилар уни кўриб “Менга ҳам шунақасидан олиб беринг!” деб, хархаша қилмайди. Инсон табиати,  феъл-атвори қизиқ, улардан бири “мослашувчанлик”. Хар қандай янгиликка секин-секинлик билан мослашаверади. Мослашишга яхши оилаларнинг аёлларини назарда тутиб мисол келтираман: авваллари этаги тўпиғидан келадиган кўйлаклар, хозирга келиб тиззадан сал пастроққа келиб тўхтади. “Тўхтади” деб айта олмайман. Балки тўхтамагандир. Кенглиги қонар қопдек келадиган кўйлаклар, тобора торайиб, ёпишиб бораётганлиги бор гап. Онаҳонлардан биламан, ёқали кўйлак бўлиб, у томоққача қадалган бўларди, хозир эса, ёқалар бутунлай йўқ бўлиб, ундан қолгани кўкраккача етиб келди. (Лолани клипда кийган кўйлаги бундан мустасно, уники ўтиб ҳам кетибди).
Қисқаси шундай, аёлларимизнинг манашундай замонавий кўринишга келишида, вақт ўтгани сайин  бизнинг мослашиб бораётганлигимиз, “кўникаётган”лигимиз сабаб.
Умид қилардимки, “мослашувчанлик”ни бошқа янгиликларга қаратсакда, аёллармизнинг ибо хаёси масаласида жиддий ўйлаб, бир тўхтамга келсак. Мен бу гапим билан, яна аёллармизни бир аср аввалгидек, паранжига киргизиб қўйиш тарафдори эмасман, шунчаки юриш туришимизда, харакатларимизда, кийимларимизда миллийлигимизни, ўзбек миллатидан эканлигимизни унутиб қўймасак бас демоқчиман.

P/S: Эслатиб ўтишни ўзимга жоиз топдим, юқорида тилга олинган Лола ва Райҳонга нисбатан ҳеч қандай шахсий адоватим йўқ, уларнинг шахсиятига нисбатан умуман эътирозим ҳам йўқ, ашаддий бўлмасада, қайсидир маънода уларнинг мухлиси ҳамман, юқоридаги фикрлар “Кўникмадим” клипидан тушинча олиб, умумий равишда барча шоу бизнес юлдузларига нисбатан, шу миллатнинг бир аъзоси сифатида ўз хулосаларим билан мурожаат қилдим холос.

Иқбол Юсуф.
12.05.2015 йил

Ёлғончи

Ёлғончи...

1.
Куз охирлаб қолди. Хазон фасли бошланди.Ҳаммаёқ сарғиш рангга бўялгандек. Турналар ҳар йилгидан эртароқ қайтди. Қиш вақтлироқ келадиганга ўхшайди.
Айвонда ўтирган Соли отанинг аёли Ойниса хола билан суҳбати қовушмайди. Соли ота кўрган тушини мушохада қилиб, хаёли олислаб кетган. Кўрган тушини ҳам, ўйлаган ўйини ҳам аёлига айтишининг йўлини билмайди.
Отанинг тушига Афғондаги ўғли кирибди. Елкасида қопча кўтарганча кириб келаётган эмиш. Бу яхшиликка албатта. Аммо ўғли ўзларининг уйи қолиб, бошқа тарафга қараб кетаётган эмиш. Соли ота ана ўшани ўйлаб хаёли паришон. Ана шуни яхшиликка йўя олмай, кўнгли хуфтон.
- Бирон нима деб ўтиринг, - дейди чой узатаётган аёли, - Оғзингизга талқон солиб ўтиришни кимдан ўргандингиз?
- Хўш, хўш,- дейди Соли ота, - талқон солганим йўқ.
Барибир Соли ота бирон нима демайди. Яна тасбех ўгиради. Пичирлаб дуо ўқийди:
- Илоё, ўзинг сақлагин!
Соли отанинг кўнгли бекорга ғаш эмасди. Афғондаги уруш авжига чиққан кўринади. Афғон тарафлардан нохуш хабарлар келаётган эди. Нортўхтанинг ўғли бир қўлидан айрилиб келди, Қиличнинг ўғли оёқсиз. Амирқулнинг ўғлини темир тобутда олиб келишди. Юқори гузардан бирданига иккита йигитнинг ўлиги келди.
Баҳодир Соли ота билан Ойниса холанинг ёшлари қирқдан ошганда тилаб тилаб олган ўғли. Отанинг икки йилдирки, еганлари ичига тушмайди. Устига Баҳодиржондан ҳам хадеганда хат келавермайди. Икки йилда бор йўғи тўрттагина хат олишди. Охирги хати келганига ҳам беш ойдан ошди. Ота-она кундузлари тиконзор оралаб юришса, кечалари игнанинг устида ётгандек ухлашади. Соли ота ҳам, Оайниса хола ҳам ким Афғондан келса, энг аввал бориб, зиёрат қилади. Сўрайдиган саволлари ҳам бир хил:
- Мободо, Баҳодиржонимизни кўрмадингми?
Солижон ота ҳам, Ойниса хола ҳам фарзанди тобутда келганлар билан баб-баровар азадор бўлишади. Ногирон бўлиб қайтганлардан Соли ота тез-тез хабар олиб турарди. Айниқса, Боймирзанинг иккала кўзидан ҳам айрилиб келган ўғлини кўрганда, кўз ёшларини тия олмайди, урушни лаънатлайди.
Соли ота яна тасбеҳ ўгирди:
- Илоё боламнинг тўрт муччасини соғ қайтар!

2.
Соли отанинг хаёлларини почтачи йигит Нодирнинг овози бўлди:
- Соли ота, хов ота уйдамисизлар?
- Кел, Нодиржон, - ўрнидан қўзғалди Соли ота.
- Уйда бўлмай, қаерда бўлар эдик, ўғлим?
- Қўзғалманг, ўтираверинг! - Нодир велосипедини деворга суяб қўйиб, Соли ота билан қўл олишди.
- Ассалому алайкум ота, яхши ўтирибсизларми, соғ-омонмисизлар? Ойниса хола сиз ҳам яхшимисиз?
- Келинг, болам, - саломлашди Ойниса хола, - келинг тўрга ўтинг!
Нодир чиқиб Соли отанинг ёнига ўтиргач, Ойниса хола узатган чойни олиб, бир хўплаганча, пиёлани дастурхонга қўйди.
- Соли ота топингчи сизларга нима олиб келдим?
- Нимаям олиб келардинг, пенсиямизни олиб келгандирсан-да?
- Умуман топа олмадингиз, бу гал бошқа нарса олиб келдим, - сумкасидан битта хат чиқариб, худди ёш болалардек уни юқорилатиб ўйнатди.
- Ўғилларингдан хат олиб келдим. Фақат суюнчи берсаларинг, кейин бераман.
- Баходиржондан?  -Соли отанинг ишонгиси келмади.
- Суюнчи сиздан айлансин а, боламдан хат келибдими? Баходиржонимдан а?- ўрнидан туриб кетди Ойниса хола. Ичкаридан битта атлас белбоғ олиб чиқди.
- Мана Нодиржон болам, Баходиржонни сепига солган эдим. Суюнчига манашу қийиқни олинг! Яҳши кунларга буюрсин, болам!
Нодир қийиқни олиб, хатни Ойниса холанинг қўлига тутқазди.
- Болажонимдан келибди-я, Баходиримжонимдан келибди-я, - кўз ёшлари юваётган Ойниса хола хатни ўпиб юзларига суртди.
- Э бўлди е! - Соли отанинг сабри тугади, - хатнинг ҳам ҳамма ёғини хўл қилиб юбординг-ку! Нодиржон холангнинг қўлидан хатни ол, ўғлим, ўзинг ўқиб бер!
Нодир хатни олиб, ўқитувчисига жавоб бераётган ўқувчидек дона-дона қилиб ўқишни бошлади:
"Салом хат. Ассалому алайкум дадажон! Ассалому алайкум онажон!“
- Ваалайкум ассалом болам, - алик олди Ойниса хола. Хатни бўлгани учун аёлига бир хўмрайиб қўйди, Соли ота.
"Яҳши ўтирибсизларми? Соғлиқларингиз яхшими? Қишлоғимиз тинчми? Эгамқул амакиникидагилар ҳам яхши юришибдими? Мен яҳшиман. Мендан хавотир олманглар. Ҳа айтганча, сизларга бир янгилигим бор. Хизматимиз якунлаб қолди. Декабрнинг бошларида қайтаман. Худо хоҳласа. Доим соғ омон бўлинглар. Тез орада уйда бўламан деб ўғлингиз Баходиржон".
Бундай пайтда аёллар нима қилса, Ойниса хола ҳам шундай қилди. Соли отанинг ҳам юзидан севинч ёшлари думалади.
Соли ота узундан узоқ дуо қилди ва Нодир почтачини кўчагача кузатиб қўйиб, ховлига қайтди.
- Отаси, Худойимга  шукур, ўғлимиз қайтяпти экан, энди тўй қиламиз. Эртагаёқ оғилдаги новвосни бозорга олиб чиқинг! Назиранинг бошини боғлаб қўйганимизга ҳам икки йилдан ошди. Баходиржон келиши билан тўйни бошлаб юборамиз.
- Хўп, онаси, хўп, сен айтгандек қиламиз, - деди Солижон ота, аммо ўғлидан хат олиб ҳам негадир кўнглидаги ғашлик тарқамади....

3.
Назира Эгамқул амакининг қизи. Баҳодир армияга чақирилмасдан олдин фотиҳа қилиб қўйишганди. Дарров тушириб олишмоқчи эди-ку, лекин Баҳодирни кутилмаганда харбийга чақириб қолишди. Афғонга кетишини ҳам олдиндан яширмай айтишди.
- Сизни ёмон кўраман, - деди Назира у билан хайрлашгани борган Баҳодирга, - Сиз ёлғончисиз!
- Вой жинни қиз нега ёмон кўрасан а?
- Нима? Қани айт-чи, сени нима деб алдадим?
- Хеч қачон сени ташлаб кетмайман дегандиз-ку!
- Ҳа, ҳозир ҳам айтаман, сени хеч қачон ташлаб кетмайман!
- Ана, яна ёлғон гапиряпсиз, ташлаб кетяпсиз-ку!
- Хизматга бориш йигит кишининг бурчи, "Ватаним чорлади, мен "Лаббай!" деб жавоб бердим. Икки йил тез ўтиб кетади. Келишим билан тўй қиламиз.
- Сиз оддий хизматга эмас, урушга кетяпсиз-ку!
- Сен қўрқма, "қирқ йил қирғин келса ажали етган ўлади" дейишади. Азизам, мен сени дея ўлмайман, урушдан ҳам соғ омон қайтаман. Хали сен билан узоқ ва бахтли хаёт кечирамиз...

4.
Соли ота новвосни яҳши пулга сотиб, бозордан қайтди.
- Келдингизми отаси? - ўғлини келишини эшитгандан бери, кўчанинг бошида йўл пойлаб ўтирадиган одат чиқарган Ойниса хола эрини гузар бошида кутиб олди.
- Халиям кўчадамисан онаси? Юр уйга, тўй харажатларининг  маслахатини қиламиз!
Чол кампир айвонда ўтирганча, тўй харажатларининг маслахатини қила бошлашди.
Ташқаридан эса юк машинасининг овози эшитилди. У Соли отанинг дарвозаси олдига келиб тўхтади. Дарвозадан бегона одамнинг чақирган овози эшитилди:
- Уйда ким бор?
- Хозир, хозир, - Соли ота дарвоза томон шошилди. Ташқарида икки нафар зобит хомуш қиёфада турар эди.
- Соли отанинг хонадоними бу?
- Ха шундай, - ичи шувиллаб кетди Соли отанинг, - Менман Соли ота. Келинглар уйга киринглар!
- Баҳодир Сулаймоновнинг отасиз-а, шундайми?- деди, зобитларнинг каттаси.
- Шундай, - деди ичида, "Ишқилиб ўйлаган нарсам бўлмасин-да" деб хаёл қилди Соли ота.
- Ёшингиз улуғ инсон экансиз, ҳамма нарсани тушинасиз деган умиддаман, - деди халиги зобит.
- Ишқилиб тинчликми? - овози титради Соли отанинг.
- Ота бардам бўлинг, ўғлингиз Баҳодир Сулаймонов душманлар билан бўлган аёвсиз жангда қахрамонларча халок бўлди.
- Нима? Эй Оллох! - "оҳ" тортиб юборди Соли ота.
- Ота сизларга сабр берсин, машинада тобутини олиб келдик. Мана бу пулни қўмондонлик берди, маъракаларига ишлатарсизлар.
Соли ота, пулларга эътибор ҳам бермади. Бир хил сўзни такрорлаб фарёд ураверди:
- Онасига нима дейман энди? У бечора бу хабарни кўтара олмайди. Ўғлим! Бола-а-ам!
Ойниса хола эрининг ташқаридаги фарёдини эшитибоқ, хушидан кетди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилди. Йиғи сиғи овози осмонга ёйилди.
Тез ёрдам машинаси келиб, шифокор Ойниса холани ўзига келтирди.
- Вой бола-а-ам! Сен ўлгинча мен ўлсам бўлмасмиди? Болажоним! Энди нима қила-а-ман!
Она тинмай йиғларди. Хўнграб хўнграб, гапириб гапириб йиғлар эди. Хеч кимнинг гапига қулоқ солмас, хеч кимнилг гапига кирмас эди. Соли ота эса, бир четда мук тушиб жимгина ўтирар, на бировга гапирар на йиғлар эди.
- Эй, Худо, бу қандай фожеа? Бундан кўра жонимни олгин художон!
Бирдан Ойниса хола ўрнидан сапчиб турди ва ўзини ховлида турган темир тобутга отди:
- Йўқ бу менинг болам эмас, бу менинг Баходирим эмас одамлар! Менинг ўғлим ўлган эмас! Баҳодорим ўлмайди!
Қўни қўшнилар Ойниса холани тинчлантирмоқчи бўлиб, уни нарироққа олиб кетмоқчи бўлдилар, лекин она тобутни қучоқлаганча қўйиб юбормас эди.
- Қани, очиб кўрсатинглар ўғлимни, бу лаънати темир тобутларингни!
- Мумкин эмас! Бунга ҳеч кимнинг хаққи йўқ! Тобут очилса, биз қамалиб кетамиз!
Ойниса хола хар қанча уринмасин, тобутни олиб келган зобитлар уни очишмади.
Тўй учун сотилган молнинг пуллари Баходирнинг маъракаларига сарфланди. Ойниса хола аввал оёқдан қолди. Йиғлайвериб кейин тилдан қолди.
Соли ота одам ови бўлиб қолган, хеч ким билан гаплашмас эди.
Эгамқул амакиникидагилар ҳам аза тутишди. Назира ҳам кўк кийди. У ҳам айтиб айтиб йиғлади:
- "Хеч қачон ташлаб кетмайман" дегандингиз, "хали сен билан узоқ ва бахтли яшаймиз" дегандингиз, мен билан бир кун ҳам яшай олмадингиз-ку?

5.

Қирқ кун қишлоқ мотам тутди. Қирқ кун қишлоқда тўй, ўйин кулгу бўлмади. Ёш яланг бемаврид кўчага чиқмади. Болалар кўчада копток тепмади. Маҳалладаги аёлларнинг бари кўк кийди.
Эртага маъракаларининг сўнгиси, қирқ.
Соли ота айвонда ўй суриб ўтирар, тун ярмидан ўтган бўлса-да, унинг уйқуси келмас эди. Асли ҳам кам уйқу бўлган Соли ота, бошига тушган кулфатдан умуман ухламай, тунни ўтказа олмай, қийналар эди.
Тун сокин осмонда юлдузлар жимирлайди. Кечалари хаво совиб қолган, аммо Соли ота ичкарига кирмайди, ичкарига кирса хаво етмаётгандек, биров уни буғаётгандек бўлаверади. Шунинг учун айвонда ўтираверади. Аллақаерда бойўғлининг хунук сайрагани эшитилди. Соли ота бойўғлининг сайрашини ёқтирмайди. Яхшиликка сайрамайди дейди.
- Овозинг ўчсин!
Шу пайт очиқ турган дарвозадан махалла оқсоқоли Абдухолиқ аканинг ўғли Рустамжон кириб келди.
- Ассалому алайкум Соли ота.
- Ваалайкум ассалом, кел ўғлим, - савол назари билан қаради Соли ота.
- Ота, сизни дадам йўқлаётган эди.
- Нега дадангни ўзи чиқиб қўя қолмади болам? - кўчага чиқишни хохламайгина сўради Соли ота, -Менда нима иши бор экан?
- Билмасам, эртанги маъраканинг маслахати бўлса керак-да, майли, ота мен кетдим.
- Хўп бир пас туриб кираман, -деб, кузатди Соли ота хушламай.
Соли ота "Маҳаллақўм нега чақирди экан?" деб, бироз ўйланиб турди-ю, уникига қараб йўлга тушди.
Оқсақолнинг дарвозаси очиқ экан, томоқ қириб ичкарига кирди.
- Раис уйдамисан?
- Келинг Соли ака, кираверинг, -пешвоз чиқди оқсақол,- Ассалому алайкум, ака, бардаммисиз?
- Шукур юрибмиз, тирикларнинг ичида ўликка ўхшаб, - қўл узатди Соли ота.
- Манабу ёққа ўтинг!- оқсоқол Соли отани тўрга ўтқазди, - Қани, дуо қилинг!
- Тинчлик бўлсин! Юрт урушни кўрмасин! Урушнинг оти ўчсин!
Оқсақол Соли отага бир пиёла чой узатди.
- Мени овора қилмай ўзинг уйга чиқсанг бўлмасмиди, раис? -ўпкаланди Соли ота, - Катталигингни кўрсатгинг келдими?
- Уйга чақиришимнинг бир боиси борда, Соли ака, - деди оқсақол, - Шунга яраша иш бор.
- Хўш, нима экан?
- Соли ака, узр аввало, сиздан бир нарса сўраб олсам майлими?
- Майли, сўра, ука.
- Соли ака, биласиз, ўғлингиз Баходиржонни мен ҳам ўз укамдек яхши кўрар эдим. Ўзи ажойиб бола эди. Агар мўжиза рўй бериб, мабодода урушда ўлмаган бўлса, тушиняпсизми, Баҳодиржон тирик бўлса, нима қилган бўлар эдингиз?
- Астағфируллоҳ, тавба қилдим, бу нима деганинг Абдухолиқ,- этагини қоқиб ўрнидан туриб кетди Соли ота, -Устимдан кулгани чақирганмидинг?
Оқсақол, Соли отани зўрға жойига қайтариб ўтқизди.
- Йўқ ундай эмас, шундай ўзим сўрадим-да, Соли ака айтинг-чи, нима қилган бўлар эдингиз?
- Ўлган одам қайтиб келмайди, Абдухолиқ, бу гапларни қўй энди. Бўладиган гапдан гапир!
- Мен ўлган одам қайтиб келса демадим, Соли ака, мен мабодо тирик бўлса дедим.
- Агар шундай бўлса, - Соли ота бир нафас тўхтаб қолди. Хаёлидан "Қанийди. Қани, ростдан шундай бўлсайди", деган фикр ўтди. "Нима қилар эдим", бирданига Абдухолиқнинг қўлларини маҳкам чангаллади:
- "Нима қилар эдингиз?" дейсанми, Абдухолиқ? Эртанги берадиган қирқ ошини тўй ошига айлантирган бўлар эдим, пойингга тиз чўкиб қуллуқ қилган бўлар эдим.
- Ака, менга тиз чўкиб, қуллуқ қилишингиз шарт эмас, битта тўн кийсам бўлди.
- Битта тўннинг зўри сендан айлансин, оқсақол!
- Баходиржон ўлмаган экан, Соли ака! Баходиржон тирик! Харбийлар адашган экан. Баҳодиржон ўлмаган экан, эшитяпсизми, у тирик!
Соли ота бирданига бундай хабарни эшитганидан, мияси ғувиллаб қолди:
- Нималар деяпсан? Ўғлим тирик! Сал тушинтириброқ гапир, Абдухолиқ! Юрагимнинг мазаси йўқ, ука!
- Ҳа ака, ўғлингиз тирик!!! Баходиржон чиқа қол, отангга ўзинг тушинтирмасанг, мен тушинтира олмадим, укам!
Ичкаридан десантчилар харбий кийимини кийим олган Баходир жилмайиб чиқиб келди.
Ота бола қучоқлашиб анча вақт унсиз туришди. Соли отанинг иссиқ кўз ёшлари Баҳодирнинг кўксини куйдирди.
Ойниса хола бу хушхабарни эшитиб, яна хушидан кетди. Аммо бу гал, "Тез ёрдами"сиз ўзига келди.

6.
Баходир хизматни тўлиқ адо этиб, уйга қайтди. Йўл узоқлик қилиб, қишлоғига ярим кечада етиб борди. Бу махалда қишлоқ одамлари уйқуга кетган бўлади. Бир-икки тункезар ўспирин болаларни айтмаганда, кўчада ҳеч ким юрмайди бу пайтда.Баҳодир киракаш хайдовчига хизмат хаққини бериб, гузар бошида машинадан тушди. Ўз уйи томон кетиб борар экан, шу тарафдан келаётган Абдухолиқ аканинг ўғли Рустамга кўзи тушди.
- Рустамжон сенмисан?
- Ҳа менман, ўзингиз кимсиз?- сўради уни бирданига танимаган Рустам қўрқа писа.
- И-е ука катта йигит бўлиб кетибсан-ку! Баҳодир акангман танимадингми? - деди Рустамга яқин келиб қолган Баҳодир.
Рустам ой шуласида Баҳодорнинг юзига қаради, бирдан рангги ўзгарди.
- Эй худо, арвоҳ!
- Рустам вахимада уйларига қараб қочди.
- И-е нега арвоҳ дейсан, мен Баходир акангман ука! Хой тўхта, нега менда қочасан?, - елкасидаги халтасини ерга қўйиб, Рустамнинг ортидан чопди Баҳодир.
- Яқинлашма, йўқол, қоч! - баттар тез югурди Рустам, аксига олиб дарвоза ичкаридан беркитилган экан.
- Дада эшикни очинг, - бақирди Рустам. Мени арвоҳ қувди!
Баҳодир бу вақтда етиб келиб, Рустамнинг қўлидан тутди.
- Ахир мен Баходир акангман-ку, танимаяпсанми? Нега хадеб арвоҳ дейсан?
- Яқинлашманг, - Рустам ўзини боса олмасди. - Сиз ўлгансиз, эртага қирқ ошингиз берилади. Тегманг менга!
- Нима дединг? Яна қайтар-чи! Сиз, ўлгансиз дедингми? Соғмисан, ука, мана, мен тирикман-ку? Кўрмаяпсанми?
- Ака, жон ака, мени қўрқитманг, сиз ростдан ўлгансиз, - юлқинди Рустам, - Мени қўйиб юборинг!
- Қани, дадангнинг олдига кирайлик-чи, уйларингда гаплашамиз, - деб, Баҳодир дарвозани тақиллатди.
- Даданг уйдами ишқилиб?

7.

Соли ота хурсандчилигидан махалладаги хар бир болага биттадан копток олиб берди. Уларга истаганча хохлаган ёққа тепишни буюрди.
Ота ўзи айтганидек эл-юртга тўй берди. Хушхабардан бехабар бўлган, қирқ оши учун узоқдан келган, қариндош уруғ тўй ошини еб кетишди.
Тўй тўйга уланди.
Келин билан куевни гўшангага кузатиб қўйишди.
- Назира, ҳали ҳам мени севасанми?- сўради Баҳодир чимилдиқ ичида ичидаги келинчакдан.
Назиранинг йиғи аралаш сўзлари эшитилди:
- Севмайман, сиз ёлғончисиз.


Иқбол Юсуф.