пятница, 20 апреля 2018 г.

Ўзимизда чиққани ўзимизга зиёнми?

       Яқинда харбий қисмда ишлайдиган танишим қўнғироқ қилиб, ўзининг вақти бўлмаётганини, бирор электр жихозлари сотадиган дўкондан микротўлқинли печ сотиб олиб беришимни илтимос қилиб қолди. 
"Тахминан нархи 750-800 минг атрофида"лигини ҳам айтиб ўтди. Ўша куни дўконларни айландим. Ўзимизда чиқадиган "Артел" печлари дўстим айтгандек, 750-800 минг атрофида экан. Ёнимда пулим камроқ экан олмадим. 
Ўша куни кечки маҳал, уйда аёлим сўз очиб қолди:
- Дадаси қўшни Қирғизистон Республикасига ўтиш учун йўллар очилиб, дугоналарим Халмиён (Қирғизистон Республикасининг Фарғона вилояти билан чегарадош бўлган Баткен вилояти ҳудудидаги бозор) га ўтиб, ўзимиздагидан кўра арзон нархда кийим бош олиб келиб, ишхонада пуллаяптида. Мана мен ҳам ойлик чиққанда бериш шарти билан ўзимга, сизга ва болаларга пайпоқ сотиб олдим. Яхши қилибманми? - деб, - ўзимизда ҳудди шу пайпоқларни икки баробар қимматига оласиз-да, - деб, қўшиб қўйди. 
Аввалига унча эътибор қилмадим. Оғзидан бол томиб мақташга ўтиб кетганди, ўзим ҳам қизиқиб қолдим. Айтишича, биздан одамлар "оқиб" боряпти экан. Туркия ва Хитойда ишлаб чиқарилган трикотаж махсулотлари, электр жихозлар ва Россиянинг манаман деган шоколадлари деярли икки баробарга арзон эмиш. Постларда ҳам на ўзбек назоратчилари ва на Қирғиз назоратчилари муаммо қилаётган эмиш. Аёлим ҳам ўқитувчида, дугоналари ҳам ўқитувчи, ўқитувчилар одатда олғирроқ бўлади. Дарси озроқ бўлган, ўша чегарадош худуддан келиб ишлайдиган дугоналари бир зумда тадбиркорликни йўлга қўйиб юборибди. Аёлимни тинглаб туриб, дўстимнинг кундузги илтимоси ёдимга тушди. Бирдан:
- “Как, раз!” - деб, юбордим, - онаси дугоналаринг билан гаплашиб кўрчи, эртага ўша бозордан бизга ҳам “микроволновка” олиб келиб берармикан, - дедим, - ҳа кейин билгинчи уёқда неча пулдан сотиляпти экан?
Аёлим зумда дугоналарига қўнғироқ қилиб, суриштирув ишларини бошлаб юборди. Аниқланишича, биздаги "Артел" га ўхшаб кетадиган печлар уларда 400 мингдан сотилаётган эмиш. "Зўрку!" деб, юбордим.
- Унда озгина ёнимдан қўшсам, бир эмас иккита сотиб олсак бўларкан-да, - дея хулоса қилдим. 
Анчадан бери орзу бўлиб келаётган, биздаги дўконлардаги нархини кўриб, ер чизиб қоладиган аёлим, бу гапимни эшитиб кўзлари қувнаб кетди. 
- Тўппа тўғри дадаси, шундай қилайлик!
- Хўп шунақа қиламиз, сен дугоналаринг билан гаплашиб кўрчи, эртага бизга иккита печ олиб келиб берармикан, - дедим. 
Дугоналари, ўзларининг юклари кўплигини, чегарада муаммо бўлишини, битта бўлганда амаллашини айтиб, агар рухсат берсам аёлимни ўзи уларга шерик бўлса, бирга бориб келишини, - айтибди.
Озгина ўйланиб қолдим. Кейин "кўпчилик бориб келяпти. Эшитишимча аввалгидек ур-сур, тўполон, олиб қочиш, қувлаш деган холат бўлгани йўқ экан, биттани пулига иккита келяптику, қайтанга аёлимни ўзи ҳам хурсанд бўлиб қолади", - дедимда, эртасига дугоналари билан боришига рухсат бердим. 
Фарғона шахридан, Халмиён бозоригача бўлган масофа ҳам тахминан 20-25 км атрофида холос, узоқ ҳам эмас. Эрталаб чиқиб кетиб, тушликкача етиб келибди. 
Кечга ишдан қайтсам уйда иккита бир хилда микротўлқинли печ турибди. Болалар ҳам хурсанд, бир зумда онаси уларга “Хот Дог” тайёрлаб ҳам берибди. 
Улардан бирини олдим-у, дўстимни ишдан қайтишини пойлаб уйига элтиб бердим. Дўстим ҳам хурсанд:
- Ҳарбийман, биласан ижарада тураман, оилам ота-онам билан яшайди. Бир ўзимга овқат қилганда бира тўла кўпроқ қиламан, ярмини кечки овқатда есам, қолганини музлатгичга қўйиб эртасига ейман. Ейишдан аввал газда иситишга тўғри келади. Эркакчилик, қозон осиш, уни яна ювишга эриниб баъзида қозон ювилмасдан қолиб ҳам кетади, - дейди. Мана бу печ энди яхши бўлди, ичига музлатгичдаги овқатимни тиқаман 5 дақиқада янгидек бўлади қолади. Рахмат сенга! - дейди.
Ҳа айтганча, дўстимга печни олишда тадбиркорлик қилганимни, устига озгина қўшиб бир йўла иккита қилиб Қирғиздан олганимни ҳам айтдим. "Ҳалолинг бўлсин!" деб айтди. Мактабнинг 2-синфида ўқийдиган ўғлим бор, дарси соат 11 да бошланади. Эрталаб уйда ўзи ёлғиз қолади, қолганлар вақтли ишга чиқиб кетамиз. 
Авваллари, кечки овқатдан атай олиб қўйилган овқатнинг бир қисмини музлатгичдан олиб, муздек холатида тановвул қилиб, кейин мактабга кетарди. Мана печ олингандан бери ўзи иситиб, тушлик қилиб, кейин кетяпти. Аёлим ҳам бир кун аввал қилинган сомса ёки бошқа пишириқларни печга қўйиб янгидек қилиб дастурхонга қўйяпти. Буларни кузатарканман:
- Дархақиқат. Ҳар бир мосламанинг, жихознинг ўз вазифаси, ўз ўрни борда, ўрни бўлмаса ихтиро қилинармиди? Буларнинг ҳаммаси одамзотнинг яхши яшашлиги учун хизмат қилади, - дейман ўзимга-ўзим. 

       Нега шу вақтгача шу оддий, лекин фойдали матохни олиб бермадим?
Сабаби оддий, ўзимизда анча қиммат. Сотиб олиш учун нималардандир ўзимизни тийиб, тежаб-тергаб олишимиз керак бўлган.
       Энди нега қимматлигига тўхталиб ўтсак.
Бир пайтлар, аниқроғи 2002 йил 6 майда Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарори чиққанди. (Кейинчалик бекор бўлиб кетди.) Халқ орасида "54 товар" номи билан машхур бўлиб кетганди. Қарорнинг моҳияти, қўшни давлатлардан учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликларини олиб кирилишини кескин чеклаб, (50$ гача имтиёз қўлланилиб), худди ўша товарларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги ишчи ўринларини яратиш бўлганди. Бир томондан олиб қаралганда жуда яхши қарор эди. Ўзингники бўлгани яхшида, фойда ўзимизда қолади.
       Лекин, шу нарса ўзини оқладими? 
Балки қайсидир жиҳатдан ўзини оқлагандир! Лекин, мен оддий халқ мисолида "оқламади" дейган бўлардим.
Қайтанга "ўзингда ишлаб чиқариладиган маҳсулот бу сенга зарар келтиради, яхшисини ололмайсан, ўзингники арзон ҳам бўлмайди" деган, тушинча шаклланиб қолди.
Биргина "Артел" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган махсулотларни айтмаганда, шу вақтга қадар бошқа ҳеч ким ёки ҳеч қайси тадбиркор халққа турли-туман электр жихозларини тақдим этмади. Чет элдан олиб келаверди. Белгиланган бож ва солиқларни тўлаб, нархини осмон баравар қилиб сотаверди. Олган олди, олмаган хали ҳам эски чориғида. Ҳа, ҳа шундай!
Ишонасизми, холодильник ёки кондиционерни қўя турайлик хатто хали ҳам уйида телевизори йўқ одамлар бор. Бир пайтлар "Жинлипи" номли хитойнинг оқ-қора тасвирли телевизорлари бўлар эди. Айрим хонадонлар ҳали хануз ўша телевозордан фойдаланади. Микротўлқинли печ, чангютгич, электр гўшт қиймалагич ва ҳакозолар орзу бўлиб қолмоқда. Ўзимизда ишлаб чиқарилган айрим мебелларни сотиб олсангиз, уч ойда бир жойи узилиб тушади. Пайпоқ олсангиз бир хафтада оёқнинг бош бармоғи тешиб чиқади. Рақобат йўқ, чет элдан турдош махсулотлар келмайди, ўзига хон кўланкаси майдон. Натижада сифатсиз маҳсулотлар кўпайгандан кўпайди.
Мана яқиндан сиёсатимиз ўзгарди. Қўшниларимиз билан алоқаларимиз тикланди. Чегаралар очилди. Товар айрбошлаш енгиллашди. Эшитишимча, чегарадош худудлардаги қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги Россияга ҳам бормай қўйибди. Биздан уларда йўқ маҳсулотни олиб чиқиб, улардан бизда йўғини олиб кириб яхшигина фойда кўраётган эмиш. Бу яхшику! Бу ҳам иш ўрни-да! Бир томондан бозорларимиз арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлмоқда, бошқа томондан шу фаолият билан шуғилланаётган бир қанча оилаларнинг қора қозони қайнамоқда.
Ана энди ўзимизда ишлаб чиқараётган маҳсулот эгалари ҳам рақобатда ютқазиб қўймаслик учун чиқараётган маҳсулотларини арзонлаштиради. Сифатига кўпроқ эътибор қарата бошлайди. Бундан ким ютади? Албатта истеъмолчи, бу халқимиз дегани - яъни биз.

     Лекин, шу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш керак. Айни дамда чегаралар очилиб, улардан кириб келаётган товар моддий бойликларининг асосий қисми учинчи давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардир. Яъни Қирғизистонда ишлаб чиқарилган холодилник ёки Тожикистонда ишлаб чиқарилган жинси шим эмас, асосан Туркия, Хитой ва Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келмоқда. Фойдани қўшниларимиз кўрмоқда холос, сабаби уларда импорт божлари ва солиқ ставкалари бизникидан бир мунча паст миқдорда.
Бу борада ҳам юқори ташкилотларимиз қадам ташлаб бўлишган. Яқинда ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим, 500 га яқин товарларга белгиланган бож ставкалари пасайтирилиб ёки айримларидан бутунлай олиб ташланиб ҳамда айримлари солиқлардан ҳам озод бўлаётганмиш.
Ўша кунларга ҳам оз қолди.
Янги қарорлар чиқадиган бўлса, тадбиркорларимизни ўзлари чет элга чиқиб, халқимизга арзон ва сифатли маҳсулотларини олиб келиб таъминлашларига умид қилиб қоламиз.
Ана шунда хозирда чегараларда бўлаётган тирбандликларга ҳам барҳам берилади деб ўйлайман.



Эътиборларинг учун ташаккур!

Иқбол Юсуф

пятница, 13 апреля 2018 г.

Машина бозор

Оз-моз қалам тебратишдан хабари бор одам, қаерга борса, қайтиб келгач борган жойидаги таассуротларини қайд қилиб қўймаса кўнгли тинчмайди. Бошқаларда балки ундаймасдир, лекин менда шундай, қизиқ холатга дуч келсам, имкон бўлди дегунча ўтмасроқ қаламимни, мажбурлаб босиб бўлса ҳам, оқ қоғозни амаллаб қорайтириб қўяман.
Бу галги, қоғоз қорайтириш машқи, машина бозорига тааллуқли.
Бугун Қўқон машина бозорига бордим. Мақсад, машинамни оз-моз рандалаб, ўзини ихчамлаштириб, ундан чиққан қириндисини дўкон айланма маблағига йўналтирмоқчи эдим. Одатда машина бозорига боравермайман. Охирги марта қачон борганимни ҳам эслолмайман. Оладиган машинамни таниш машинафурушдан олиб, сотадиганимни ҳам унинг ўзига бера қоламан. Бу гал бир янгилик қилай дедимда. 
Хар бир машина сотадиган, бозорга кираверишда 22000 сўмлик довондан ошиб ўтиши керак экан. Балки, нарх-навони машина турига қараб белгилашар, очиғи қизиқмадим, лекин шунча пул тўлаганимга ачиндим. Бомдоддан кейин йўлга чиқиб, хали тонг отмасидан бурун Бозорга кириб борган бўлсамда, машина қўйиш учун жой топиш бир мунча муаммо бўлди. Биринчи қаторлар машинафурушлардан ортса бошқаларга тегаркан. Уларни машиналари ё шу ерда қоларкан ёки бир икки кун аввалдан олиб келиб қўйиларкан. Қисқаси, биринчи қатор лиқ тўла, иккинчи қатордан жой қидирдим. Иккинчи қаторда машина русумлари аралаш бўлиб кетибди. Эскиси, янгиси, Нексия ҳам, Кобалт ҳам, янги чиққан Нексия 3 ми, Жентрами фарқи йўқ, жой топилганига шукр қилиб жойлаяпти.  Бир амаллаб, мен ҳам жой топдим ва ўша ерга жойладим. 
Оқ шим, оқ дўппи, оқ яктак кийган, бежирим соқолли амаки келди. Хозиргина бомдод намозини ўқиб, тўғри келгандек, туйилди менга.
- Ўғлим, машина нечинчи йил, қанча юрган, краскаси борми, ўзингизни номингиздами? - бир зумда саволларни қалаштириб ташлади.
Бирин-кетин жавоб бериб чиқдим. Нархини сўради. Айтдим.
- Қиммат-у! - деди, қошларини чимириб.
- Ўн мингларга (10000$) юрадими? - деди, кейин паст овозда. 
- Бўлмайди амаки, -дедим мен.
- Ҳа майли, унда - деб, бошқа машиналар томон равона бўлдилар. 
Тонг ёришди, бирин-кетин харидорлар кела бошлади. Лекин, бизникини сўрайдиган йўқ. Харидорлар асосан, эр-хотин, ака-ука, тоға-жиян, кўпчиликлашиб келаркан. Энг асосийси, ёнида ой болтаси билан, узр устаси билан келаркан. Устадан ташқари, машина олди-сотдиси билан шуғилланадиган таниш машинафурушиям бўларкан. Машина олувчилар бирор машинани маъқул қилишгач, кейин устага навбат тегаркан, уста машинани авра-астарини оғдариб текшириб чиқаркан. Эҳҳе, заводда қайси уста қайси гайкани қотирганини сўрашмасакан холос. Кейин машинафуруш танишига навбат. Машинафуруш ҳам обдон текшириб бўлиб, Ласеттини Нексияни нархида, Нексияни Матизни нархида сўраб қўяркан. "Бўлса беш, бўлмаса ўн беш"  дейди шекиллида. Сотувчи кўнмагач, харидорни қулоғига бир нималарни пичирлаб бошқасига ўтиб кетаркан. Аслида ҳамма гап машинафурушда экан. Бошқаларникини кўрсатиб-кўрсатиб, барибир ўзига алоқадор бўлган танишини машинаси томон етакларкан. 
Бозордаги жараёнга қизиқиб, ўзимникини ҳам эсдан чиқардим. Харидор ҳам йўқда барибир. Катталарни таъбири билан айтганда, "Бахор айни ичак узилди вақт" эканлигиданми бозорда харидорни ўзи йўқ хисоби. Тонг саҳарда мулла амаки сўраганча, бошқаси ёпишиб қизиқмади ҳам. Бекорчилик. Яна бозорни кузатишда давом этдим. Ёнгинамда, олинганига хали кўп бўлмаган Равон бренди билан чиқаётан Жентра машинаси турганди. Эгаси ҳам ёшгина йигит. Олифтагина. Машинасига қадаб олган давлат рақамидан, кўп ҳам машинани пешона тери қилиб олмагани сезилиб турибди. Давлат рақами учта 7 ликда ахир. Бир пайт, оқ дўппи, оқ яктакли, бояги мулла амаки пайдо бўлдилар-у. Машинани айланиб кўрдилар, миридан-сиригача текшириб чиқдилар. Ёнгинамда бўлгани учун кузатиб турибман.
- Ўғлим машинага қанча сўраяпсан?
- 12000$ амаки.
- Ҳа яхши болам. Мени ҳам сенга ўхшаган бир неварам бор, қачондан бери опоқи шунақа машина олиб беринг дейди, шунга сеники маъқул келиб турибди-да. Хўш мошинанг менга маъқул, 10500 берсам, берасанми?
- Э йўғ э амаки, ўзи салондан олганимга эндигина уч ой бўлди, 104 млн тўлаганман, бундан ташқари яна 3-4 млн.лик чиқим хам қилганман, 15000 км.га яқин юрган бўлса, сиз 80 млн сўраяпсизку амаки.
- Ҳа энди, сўрадимда ўғлим. 
Бир маҳал нарироқда олифта кийинган, кўзда қора очки, қўлида қуёшдан пана қилувчи соябон ушлаб олган йигит кўринди. Ҳамма танир экан уни, кўргани саломлашяпти. Бозорни хўжайиними десам, хали ёш, ўғли бўлса керак деган тахмин қилдим. Мулла амакини кўриб қолди шекилли, биз томон яқинлашди.
- Ие, хожи дада ассалом алайкум!
- Ваалайкум Шунқоржон қалайсан, даданг яхшими?
- Яхши рахмат, нима гап опоқи?
- Шу машинани маъқул қилиб турибман, пулига сал келишмай турибмизда.
- Шунақами, қани бу ёққа ўтирингларчи, келиштирамизда, - деди-да, мулла амаки билан машина эгасини машина ичига таклиф қилди. Машина ичида нима гап бўлди билмайман-у, лекин мулла амаки машинадан хурсанд бўлиб тушдилар.
Ташқарида мен каби қизиқиб кузатиб турганлардан бири:
- Амаки нима бўлди? - сўраб қолди.
- Бўлди олдик.
- Қанчага ўтди?
- Озгина ошиб қолдида, 11100 га барака қилдик.
- Ҳа яхши буюрсин!
- Рахмат, рахмат!
Тўғриси хавас қилдим амакига, жуда яхши нархга олдилар. Сўмга бичса 90 млн атрофида бўларканда ахир. Сотувчи машинага тегишли бўлган қимматбахо давлат рақамини ечиб олдида, 100$ заколат пулини олиб бозордан чиқиб кетди. Ортидан амаки ҳам чиқиб кетсалар деб тургандим, машинани балонларини нарироқда юрган болаларга арттиришга тушди-ю.
Кўп ўтмай уч-тўртта мулла амакига таниш кишилар келди. Пичир шувур қилиб, униси у ёғини, буниси бу ёғини кўриб, машинани савдолашиб қолди. Хайронман, ахир боя мулла амаки "неварамга олиб бермоқчиман" дегандиларда. Соддалик қурсинда, мен ишониб ўтирибман. Кейин билсам мулла амаки машинафуруш эканлар, тонг саҳарда келиб, машиналарни ов қилиб юраркан, арзони чиқса шартта оларканда, худди ўзиникидек ювиб тараб яна сотувга қўярканлар. Мана олганига ярим соат ҳам бўлмади, бошқа машинафуруш ўша машинани 11400$ сотиб олди-ку! Бир зумда 300$ фойда қилдилар, ана махорат, ана иш. На солиқ тўланади ва на бошқа чиқим. Хатто кираверишдаги 22000 сўмлик чек ҳам олмади. Қойил қолмай илож йўқ. "Иккинчи машинафуруш ютқаздиёв, қиммат олди-да" деб, қўйдим ичимда. Бу орада яна бояги қора очки оқ кепка, қўлида зонтик кўтарган йигит келди. 
- Хожи дада, бизникини берворинг! - деди келиши билан.
Мулла амаки ҳам бояги 300$ фойдадан, 100$ини секингина хамёнидан чиқариб унга тутди. Энди бунисига нима дейсиз? Мулла амакининг махоратига тан бериб тургандим, буниси унданам ошиб тушдику! Кейин билдим, қиммат машиналар олди-сотдисида ўртада туриб икки томонни келиштириб қўядиган даллол экан бу йигит. Озгина савдоси пишмай турганлар олдига яқинлашарканда, сўзга усталиги билан чиройли гаплар гапириб харидорни ҳам сотувчини ҳам кўндириб қўяркан. Хизмати эса 100$, мен кўрганим харидордан олгани, балки сотувчидан ҳам олар. Бир бозорда камида учта тўртта савдони келиштириб берса керак. Мана хақиқий даромад, на пешона тери қилади ва на бошқа.
Юрибмизаканда, "шпаклевкани бир қопидан 500 сўм қолади, 1000 қоп сотсам 500000 фойда қиламанда" деб, қўйдим ичимда. Лекин, бу иш ҳам осон эмасда, эплаган қила олади, эплолмаса анча пулга куйиб ҳам қолиши мумкин.
Иккинчи воқеа: рўпарамда таниш машинафуруш Нексия олиб чиқибди бозорга. Ёнида иккита ўртоғи ҳам бор. "Ўртоқлар шерик бўлиб чиқибди-да" деб қўйдим аввалига. Кейин билсам уларни ҳам "иши" боракан-у. Наманганлик амаки келдилар, машинани обдон текширди. Оз-моз кўнглига ўтирди шекилли, нарх қилди. Танишим "бўлмайди" деди. 10 дақиқача савдолашишди. Келиша олмади. Аксига олиб уларни келиштириб қўядиган даллол йўқда. Харидор нари кетди. Ярим соатча ўтиб, яна қайтиб келди, яна текширди. Охири сотувчини чақириб:
- Ука хали сўраган нархимга беринг! - яна илтимос қилди, устига қўшмади ҳам, қаттиқ экан харидор ҳам.
Бир маҳал бояги икки ўртоқ нарироқдан келиб, халиги машинани савдолашиб кетти-ю, ана томошада. Қолганлар уларни танимаганига балки қизиқ туйилмаётгандир, лекин менга жуда қизиқ бўлди-да.
Сотувчи танишимни қўлини ушлавоган, "Беринг ака шу нархга ёмон бўлмади-ку!" дейди, сотувчи йўқ дейди. Сўраётган нархи хақиқий харидор қилган нарх билан тенг. Хақиқий харидор ҳам хайрон, "охири нима бўларкан?" деб,  кутиб турибди у ҳам. Аввал 50 қўшди, кейин 100, сотувчи бермади. 
- Ҳа майли, ундан ошиғини биз қўша олмаймиз энди, - деганча, сотувчидан қўлини олиб, нари кетди. Яна сотувчи танишим хақиқий харидор билан қолди. Бир пас жим турди-да, харидор тилга кириб:
- Ука ўшалар қилган нархга 50 қўшсам берворасми? - деди.
Сотувчиям атайдан бироз ўйланиб турди-да. Харидорни қўлини ушлаб:
- Бор барака! - қилиб юборди.
Вах мана савдо! Харидорни лаққа тушириш манабунақа бўлибди. Ясама харидорларни нақд 150$ доллорга фойдаси тегиб кетти-я!
Бунақа томошаларни кузатиб вақтни ҳам тушликка яқинлаштириб қўйибман. 
Бозорларингни берсин! - дедимда, ортга қайтдим.
Бир кун аввал, кўчада таниш машинафурушни учратиб қолиб, машинамни нархини сўрагандим, нархи маъқул келса сотиб ҳам юборишимни айтгандим. У эса, бугунги бозордаги нархдан 2-3 миллион сўм баланд нархга олишини айтганди. "Қўй қўтанда пул" дегани рост эканда.
Ҳа айтганча, мулла амакидан 11400$ га сотиб олган машинафуруш, бир соат ўтмай хақиқий харидорга 11800$ сотиб юборди.
Бир машина хақиқий сотувчидан, хақиқий сотиб олиб минувчига ўтгунича бир бозорда 700$ қўшилиб қолди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда хозиру-нозир машинафурушу, даллоллар орада 700$ ли бўлиб қолишди. 
Машина бозордан анашундай таассуротлар билан қайтдимда, ўзимга таниш ўтган кунги машинафурушга қўнғироқ қилдим...