вторник, 16 июня 2015 г.

Ижарачилар учун нимадур...


Хар ойнинг ўнинчиси яқинлашса халоватимни йўқотадиган бўлиб қолдим. Авваллари ундай эмасди, йил бошидан бери шундай вазият. Бунга сабаб, "шайтонқоғоз"нинг кескин ошиб кетганлиги бўлди. Дўкон ўзимники эмас. Ижарада туриб савдо қиламан. Хар ойда ўша "шайтонқоғоздан" тўртта нақд қилишим керак бўлади.
Бу йил ўтган йилгиларидан фарқли равишда савдо ҳам нисбатан пастроқ. Унинг камига шайтонқоғознинг қора бозордаги курси ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу масалада дўкон эгаси билан маслахатлашиб олмоқчи бўлиб юрган эдим. Бу кетишда инқирозга юз тутишим ҳам ҳеч гап эмас. Илтимос қилиб келаси ойдан ўзимизнинг сўмда тўлаш таклифини бераман деб дўкон эгасини кутдим.
Пулни олиш учун бу гал, дўкон эгасининг ўғли келди, белгиланган миқдордаги пулни санаб оларкан, мақсадимни айтиш учун эндигина оғиз жуфтлаганимда, ўзи гап бошлаб қўя қолди.
- Ака, дадам дўконни ишларини менга топширди, бундан буёғига мен билан хисоб китоб қилаверасиз.
- Яхши ука!
- Айтганча, дадамни биласиз, озгина кўнгли бўшроқ, олдин бу қийматга қандай келишгансиз билмайман-у, лекин мен уни ўзгартираман, хафа бўлмайсиз.
- Хўш, хўш, - базўр ўзимни тийиб турибман.
- Кўнглингиз кўтарса келаси ойдан 600 доллордан берасиз, бўлмаса бошқа ижарачи топишимга тўғри келади, яқинда тўй қилдик биласиз, харажатлар ҳам анча катта бўлди, шунга бироз оширмасак бўлмайди.
- Ўзи ука сизлар билан келишиб нархни пастлатмоқчи бўлиб тургандим, сиз умуман кўтариб юбордингиз, хозир сизга берган пулни топишни ўзи ҳам осон бўлмаётган эди. Сизлар билан келишиб, тез-тез ўзгарувчан доллорда эмас, ўзгармайдиган, қатъий бир қийматдаги сўмга ўтқизиб олмоқчи эдим.
- Ие, - оғзини бир томонга қийшайтириб, масхара қилгандек кулди йигитча, - ака доллор юз мингга тушиб кетганда бундай демасдингиз-ку!
- Балки деярдим, лекин сизчалик ноинсоф эмасман! -дедим, ўзимдан ўн ёш кичик боланинг кулишларига тоқат қилолмай.
- Бу нима деганиз?
.... шу тариқа дўкон эгасининг ўғли билан бироз даханаки жанжаллашдик, якунда эса бошқа арзонроқ ижарага дўкон топиб чиқиб кетишга қарор қилдим. У кетгач, дўконни беркитиб янги жой қидирдим. Кўп юрмай, ижарага жой топдим, эгаси яхши инсон экан, ҳамма айтганларимни тўғри тушиниб, ўзим кўзлаган қийматдаги пулга шартнома қилишга ҳам келишиб олдик. Эртасига тонг сахардаёқ юк машинаси гаплашиб, уч тўртта хизматчи ёллаб, дўконга келдим.
Эндигина уч тўртта маҳсулотни машинага ортаётганда, ёнимизга машина келди, машина тўхтаб улгурмай, унинг ойнасидан бошини чиқазган кўйи "тўхтанглар, тўхтанглар!" деганча,  кечаги йигит жар сола бошлади.
- Тинчликмикан? -деган ўй билан хизматчиларга тўхтаб туришни буюрдим.
Кела солиб, қўли кўксида ҳамма билан бирма-бир саломлашди, унинг холатига назар солар эканман, кечаги жахлдор йигитдан асорат ҳам қолмаганини пайқадим.
- Ака бир четга ўтайлик! - четроққа бошлади йигитча.
- Хўш, нима гап?
- Ака минг бор узр, мен кеча катта хато қилиб қўйдим.
- Хато қилганизни биламан, - дедим, мен ҳам мағрур туриб.
- Ака илтимос, бирга ишлайверайлик, чиқиб кетманглар, жон ака!
- Тинчликми ука, кеча ана катта кўча деётган эдиз, бугун бошқача гап ёки кечаги гап сўздан дадангизни хабари йўқмиди, ўзингизча қарор қилганмидиз?
- Шундай десам ҳам бўлади ака,  кеча айтгандим-ку, тўй қилдик, харажатлар  кўп бўлди, бир икки сўм қарз ҳам кўтаргандик, дадам бироз сиқилиб қолгандилар, шу йўсинда ёрдам бергим келгандида дадамга!
- Ижарани оширибми?
- Ҳа шундай қилиб.
- Хўш нега энди бир кечада ўзгариб қайтдингиз унда?
- Ака кеча ғалати иш бўлди, ўзи шуни айтмоқчи эдим сизга, сиз билан гаплашиб уйга қайтдим, йўл-йўлакай икки учта ўртоғимга телефон қилиб дўкон бўшаганлигини, ижарага оламан деб юрганларга эълон қилиб юборишларини айтдим.
- Хўш.
- Кейин уйга бордим, вазиятни тушинтириш мақсадида тўғри дадамнинг олдиларига кирдим.
Кайфиятлари йўқ, келганимни  кўришлари билан, "Кимнидир кўнглини оғритдингми?"  деб қолди.
Хаёлимга дарҳол сиз келдингиз, лекин дадамнинг важоҳатидан қўрқиб, "йўқ дада" дедим.
- Кийимларингни алиштириб, қўйхонага бор! - деди.
Овози ҳам қўрқинчли, бу қадар асабий холатда дадамни камдан-кам кўрганим учунми, хайрон бўлдим.
Хабариз бўлса керак, дадам "бекор ўтирмай" дея, доимий равишда беш олтита қўчқор боқади, бир йилча емлаб, қассобларга гўштини тортиб беради. Тўй арафасида бошқа қўйлар сотилиб, иккита энг зўрини олиб қолганди.
"Ем бериш керакмикан, хали вақтли-ку!" қайта сўрагани ҳам ўзимда куч топа олмадим. Кийимларни алиштириб, қўйхонага ўтдим, мендан аввалроқ борган дадам бир сўкиниб, бир тавба қилиб, катта қопга нимадир солаётган экан.
- Энг яхшилари эди-я, эссиз, эссиз, тўйда сотганимда ҳаммасини сотсам бўлмасмиди, қайсидир ишимиз Худога ёқмади-да! Бўлмаса ўз-ўзидан соппа-соғ қўйлар... Дадам бу сўзларни гапираётган вақтда мен яқинлашиб бўлган эдим. Не кўз билан кўрайки, хар иккала қўй ҳам харом ўлиб ётган эди.
Қўрқув ва хаёжондан дир-дир титраб кетдим. Тавба қилдим. Гунох иш қилиб қўйганимни тушиндим. Эртароқ сизга айтмоқчи эдим, лекин имкони бўлмади, кечга қадар дадам билан бирга ўша харом ўлган қўйларни шахар ташқарисига олиб чиқиб кўмиш билан овора бўлдик. Дадам тинмай сўкинмоқда.
Дадамнинг "Қайсидир гунохимиз учун Худо бизни шу тариқа жазолади" дейишларини эшитиб, уларга мен сизга қилган адолатсизлигимни айта олмадим. Билганларида менга жуда қаттиқ тегарди.
- Ака сиздан илтимос, кечаги гапларни унутинг! Дадам билмасинлар! Илтимос шу ерда қолиб ишланг, бошқатдан янги шартнома қиламиз, сиз айтган қийматда бўлади. Илтимос сиздан!


Воқеа хаётий! Шу кунларда бўлиб ўтган.
Оллох ризқни ўз бандаларига шундай тақсимлаб берганки, ҳеч қачон ошиғини ололмайсиз! Бунга яна бир бор амин бўлдим.

Иқбол Юсуф.
13.06.2015 йил.

понедельник, 8 июня 2015 г.

Йўл-йўлакай



— Ота-онам нима деса шу! —деганди.
Бугун истироҳат боғида кўрдим, бир бегона йигит билан қучоқлашиб ўтирибди.
****

Янги Ласетти олибди. Ҳеч қаерда ишламайди.
Кейин билдим, аёли икки йил деганда Россия сафаридан қайтибди.

***

(Аёл киши номидан)
Манзилга етиб қўлига пул тутсам олмади, таксист эмасмиш. Хурсанд бўлиб "раҳмат" десам, телефон рақамимни сўради.

***

Бир сафда туриб Жумъа намозини ўқиган йигит билан автобусда бирга қайтдик, у пиво сотадиган жойда тушиб қолди. Ўша ерда ишларкан.

***

Овқатландим.
— Тўққиз минг! — деди.
Атайдан ўн минг бердим. Икки марта санаб кўриб "тўғри" деди. Индамай кетдим.
"Инсон аввал ўзини ислох қилиш керак" деган тушунчанинг тагига етгандек бўлдим.
***

— Даданг дам олиш куни ҳам уйда ўтирмайди, — деб арз қилгандек бўлди аёлим, олти ёшли ўғлимга.
— Ахир дадам пул олиб келадилар-ку! — деб, жавоб қилди ўғлим.
Баъзида ёш боланинг фаҳми етган нарсаларга катталарники ожизлик қилиб қоларкан.

***

Тўртта одамдан ҳар ой 100 доллардан ижара ҳаққи олар эдим. Бозордаги бошқа нарсаларнинг олди-сотдисидан долларнинг курси катта фарқ билан ошиб кетаётганлигини ўйлаб, ижара нархини маълум қийматга эга "сўм"га алиштирдим. Ижарачилар мендан миннатдор бўлди.
Кўп вақт ўтмади. Бир йил аввал савдо ишларимни юргизиш учун долларда қарз берган қадрдоним қарзни ўша вақтда амалда бўлган сўмдаги қийматда қайтаришимни айтди.
Қайтар дунё! Шукр!

Иқбол Юсуф

08.06.2015 йил

Тушкунликнинг ажойиб ечими


Ишимдаги хафагарчилик!
Оиладаги тушунмовчилик!
Кундалик ташвишлар!
Қисқаси, хаёт синовларидан безиб, уларни ўйлаб ярим кечга қадар ухлай олмадим, тонгга яқин кўзим илинибди. Уйқу кам бўлганлиги сабаб, эрталаб базўр ўрнимдан турдим. Яна ўша ташвишлар, яна ўша муаммолар миямда чарх ура бошлади. Ойнага қарадим, юзимни синиқлигини кўрган одам "ухлаб дам олган киши" демайди. Ойнадаги ўз аксимга бир муддат тикилиб туриб, миямга келган фикрдан хурсанд бўлиб кетдим. Телефонимни ўчирдимда, ҳеч кимга ҳеч нима демасдан, (хатто аёлимга ҳам), тўғри қишлоққа жўнадим. Қишлоқ гузаридаги қассобхонадан бир кило қўй  гўштининг юмшоқ жойидан олиб, ёнига икки дона иссиқ нон ҳам олдим.  Шўрвани қозонга ташлаб, кечгача онажоним билан ёнбошлаганча мириқиб суҳбатлашдим. Чақалоқлик давримдан бошлаб то уйлангунимгача бўлган кунларни ёдга олдик. Уйга қайтиш олдидан ота-онамнинг узундан узун дуоларини олдим. Кеч тушгач яхши кайфият билан уйга қайтдим!
Эртасига  кўтаринки кайфият билан уйғондим. Кун бўйи йиғилиб ётган ишларимни ўзгача иштиёқ билан бажардим. Ҳамма муаммоларим бартараф қилингач, ичимда "доимо ота-оналаримиз соғ бўлишсин" деб ният қилдим.
Дунёдаги жамики ота-оналар, дунё тургунча туришсин!

Иқбол Юсуф.

среда, 3 июня 2015 г.

Рамазонга ҳам қолди

Бир жуфт сомса.

Бугун иш билан бўлиб, ҳар доим тушлик қилишга одатланган ошхона ёнидан ўтиб қолибман.
Рамазон ойи таъсир қилибди шекилли, хўрандалар сони анчагина камайган.
Аслида бу вактда ошхонанинг яқинига хам йўлаб булмайдиган даражада одам гавжум бўлар эди.
Сабаби бу ерда тайерланадиган  сомсани шахарнинг хеч қайси бир ошхонасидан топиб бўлмас эди, жуда ширин эдида, ҳам арзон ҳам жуда мазали...
"Қани энди ифторликка ҳам мана шундай бир жуфт сомса бўлса-ю"  деганча бир ютиниб, бир умид қилиб ўтиб кетдим.
****

Бугунги кун ўтган кунларга нисбатан кун анчайин иссиқроқ бўлди.
Вақт ифторликка яқин колди-ку, лекин қуёшнинг иссиқ тафти йўқолай демайди.
Одатда хаво жуда исиган махал, имкон қадар муздайроқ жой топиб бироз дам олиб олар эдим. Аксига олиб бугун кун бўйи ишдан ортмадим, дам ҳам ололмадим. Балки шунинг учунми, хар кунгиданда кўпроқ чанқадим. Уйга қайтиш олдидан хар доимгидек муздек сувлар ва музқаймоқлар сотиб оламан. Бугун ҳам шундай қилдим.
Ҳовлига кирдим-у, қўлимдаги нарсаларни музлатгичга қўйиш учун тўғри ошхона томонга юрдим.
Негадир ошхонада ҳар доим дастурҳон тузаб, келишимни кутиб турадиган аёлим куринмас эди.
У ёқ, бу ёққа разм солдим, йўк.
Ифтор яқинлашяпти, лекин ҳали дастурхон тузалмаган. 
"Қаерда юрибди экан?" дея, жахлим ҳам чиқди бироз.
Бир икки чакириб хам кўрдим...
- Онаси хой онаси қаердасан? - Жавоб йуқ - Қаеққа кетди экан-а?
- Шундай махалдаям бирор ёққа чиқадими? Тинчликмикан ишқилиб?

Бироздан сўнг, тандирхонадан овоз келди.
- Ассалому алайкум дадаси, яҳши ишлаб келдингизми? - бошида бир сават хозиргина тандирдан узилган сомсани кўтарганча, тандир иссиғидан юзлари қип-қизариб кетган аёлим чикиб келар эди.

Рўзадор ҳолатида, бунинг устига ёзнинг жазирама иссиғидан қўрқмасдан, қизиб турган тандирда сомса ёпган аёлимни кўриб "Субханоллоҳ" деб юбордим.
Қўлимга сочиқ олиб уни юзига теккан тандирнинг қорасини артаман, айни дамда қизариб турган юзларидаги шу қора доғ уни янада гўзал қилиб юборгандай эди гуё.
Хижолатдан юзини олиб қочади.
- Ифторликка сиз ёқтирадиган сомса қилгандим, шунга бироз кеч колдим узр, сиз ўтириб туринг хозир дастурҳон тузайман,- дея, атрофимда гирдикапалак бўлади.

Бечорагинам.
Худди бугун сомса егим келганини билгандай.
"Эркак кишини кўнглига йул ошқозони оркали бўлади" дейишарди.
Ҳак гап!!!
Қани айтингчи?
Аёлларимиз биз учун қирқ даража иссикда рўза оғзи билан қизиб турган тандирда нон ёпса ёки бошқа бир мазали таомлар пишириб турса, "дадаси, дадажониси" деб тилини ширин қилиб беминнат хизмат қилиб турса, қайси бир эркак зоти шундай баҳтига каноат қилмас экан???

«Ўзинга шукур» дейман жилмайиб.


Иқбол Юсуф.

27.07.2014 йил.