среда, 13 мая 2015 г.

Ёлғончи

Ёлғончи...

1.
Куз охирлаб қолди. Хазон фасли бошланди.Ҳаммаёқ сарғиш рангга бўялгандек. Турналар ҳар йилгидан эртароқ қайтди. Қиш вақтлироқ келадиганга ўхшайди.
Айвонда ўтирган Соли отанинг аёли Ойниса хола билан суҳбати қовушмайди. Соли ота кўрган тушини мушохада қилиб, хаёли олислаб кетган. Кўрган тушини ҳам, ўйлаган ўйини ҳам аёлига айтишининг йўлини билмайди.
Отанинг тушига Афғондаги ўғли кирибди. Елкасида қопча кўтарганча кириб келаётган эмиш. Бу яхшиликка албатта. Аммо ўғли ўзларининг уйи қолиб, бошқа тарафга қараб кетаётган эмиш. Соли ота ана ўшани ўйлаб хаёли паришон. Ана шуни яхшиликка йўя олмай, кўнгли хуфтон.
- Бирон нима деб ўтиринг, - дейди чой узатаётган аёли, - Оғзингизга талқон солиб ўтиришни кимдан ўргандингиз?
- Хўш, хўш,- дейди Соли ота, - талқон солганим йўқ.
Барибир Соли ота бирон нима демайди. Яна тасбех ўгиради. Пичирлаб дуо ўқийди:
- Илоё, ўзинг сақлагин!
Соли отанинг кўнгли бекорга ғаш эмасди. Афғондаги уруш авжига чиққан кўринади. Афғон тарафлардан нохуш хабарлар келаётган эди. Нортўхтанинг ўғли бир қўлидан айрилиб келди, Қиличнинг ўғли оёқсиз. Амирқулнинг ўғлини темир тобутда олиб келишди. Юқори гузардан бирданига иккита йигитнинг ўлиги келди.
Баҳодир Соли ота билан Ойниса холанинг ёшлари қирқдан ошганда тилаб тилаб олган ўғли. Отанинг икки йилдирки, еганлари ичига тушмайди. Устига Баҳодиржондан ҳам хадеганда хат келавермайди. Икки йилда бор йўғи тўрттагина хат олишди. Охирги хати келганига ҳам беш ойдан ошди. Ота-она кундузлари тиконзор оралаб юришса, кечалари игнанинг устида ётгандек ухлашади. Соли ота ҳам, Оайниса хола ҳам ким Афғондан келса, энг аввал бориб, зиёрат қилади. Сўрайдиган саволлари ҳам бир хил:
- Мободо, Баҳодиржонимизни кўрмадингми?
Солижон ота ҳам, Ойниса хола ҳам фарзанди тобутда келганлар билан баб-баровар азадор бўлишади. Ногирон бўлиб қайтганлардан Соли ота тез-тез хабар олиб турарди. Айниқса, Боймирзанинг иккала кўзидан ҳам айрилиб келган ўғлини кўрганда, кўз ёшларини тия олмайди, урушни лаънатлайди.
Соли ота яна тасбеҳ ўгирди:
- Илоё боламнинг тўрт муччасини соғ қайтар!

2.
Соли отанинг хаёлларини почтачи йигит Нодирнинг овози бўлди:
- Соли ота, хов ота уйдамисизлар?
- Кел, Нодиржон, - ўрнидан қўзғалди Соли ота.
- Уйда бўлмай, қаерда бўлар эдик, ўғлим?
- Қўзғалманг, ўтираверинг! - Нодир велосипедини деворга суяб қўйиб, Соли ота билан қўл олишди.
- Ассалому алайкум ота, яхши ўтирибсизларми, соғ-омонмисизлар? Ойниса хола сиз ҳам яхшимисиз?
- Келинг, болам, - саломлашди Ойниса хола, - келинг тўрга ўтинг!
Нодир чиқиб Соли отанинг ёнига ўтиргач, Ойниса хола узатган чойни олиб, бир хўплаганча, пиёлани дастурхонга қўйди.
- Соли ота топингчи сизларга нима олиб келдим?
- Нимаям олиб келардинг, пенсиямизни олиб келгандирсан-да?
- Умуман топа олмадингиз, бу гал бошқа нарса олиб келдим, - сумкасидан битта хат чиқариб, худди ёш болалардек уни юқорилатиб ўйнатди.
- Ўғилларингдан хат олиб келдим. Фақат суюнчи берсаларинг, кейин бераман.
- Баходиржондан?  -Соли отанинг ишонгиси келмади.
- Суюнчи сиздан айлансин а, боламдан хат келибдими? Баходиржонимдан а?- ўрнидан туриб кетди Ойниса хола. Ичкаридан битта атлас белбоғ олиб чиқди.
- Мана Нодиржон болам, Баходиржонни сепига солган эдим. Суюнчига манашу қийиқни олинг! Яҳши кунларга буюрсин, болам!
Нодир қийиқни олиб, хатни Ойниса холанинг қўлига тутқазди.
- Болажонимдан келибди-я, Баходиримжонимдан келибди-я, - кўз ёшлари юваётган Ойниса хола хатни ўпиб юзларига суртди.
- Э бўлди е! - Соли отанинг сабри тугади, - хатнинг ҳам ҳамма ёғини хўл қилиб юбординг-ку! Нодиржон холангнинг қўлидан хатни ол, ўғлим, ўзинг ўқиб бер!
Нодир хатни олиб, ўқитувчисига жавоб бераётган ўқувчидек дона-дона қилиб ўқишни бошлади:
"Салом хат. Ассалому алайкум дадажон! Ассалому алайкум онажон!“
- Ваалайкум ассалом болам, - алик олди Ойниса хола. Хатни бўлгани учун аёлига бир хўмрайиб қўйди, Соли ота.
"Яҳши ўтирибсизларми? Соғлиқларингиз яхшими? Қишлоғимиз тинчми? Эгамқул амакиникидагилар ҳам яхши юришибдими? Мен яҳшиман. Мендан хавотир олманглар. Ҳа айтганча, сизларга бир янгилигим бор. Хизматимиз якунлаб қолди. Декабрнинг бошларида қайтаман. Худо хоҳласа. Доим соғ омон бўлинглар. Тез орада уйда бўламан деб ўғлингиз Баходиржон".
Бундай пайтда аёллар нима қилса, Ойниса хола ҳам шундай қилди. Соли отанинг ҳам юзидан севинч ёшлари думалади.
Соли ота узундан узоқ дуо қилди ва Нодир почтачини кўчагача кузатиб қўйиб, ховлига қайтди.
- Отаси, Худойимга  шукур, ўғлимиз қайтяпти экан, энди тўй қиламиз. Эртагаёқ оғилдаги новвосни бозорга олиб чиқинг! Назиранинг бошини боғлаб қўйганимизга ҳам икки йилдан ошди. Баходиржон келиши билан тўйни бошлаб юборамиз.
- Хўп, онаси, хўп, сен айтгандек қиламиз, - деди Солижон ота, аммо ўғлидан хат олиб ҳам негадир кўнглидаги ғашлик тарқамади....

3.
Назира Эгамқул амакининг қизи. Баҳодир армияга чақирилмасдан олдин фотиҳа қилиб қўйишганди. Дарров тушириб олишмоқчи эди-ку, лекин Баҳодирни кутилмаганда харбийга чақириб қолишди. Афғонга кетишини ҳам олдиндан яширмай айтишди.
- Сизни ёмон кўраман, - деди Назира у билан хайрлашгани борган Баҳодирга, - Сиз ёлғончисиз!
- Вой жинни қиз нега ёмон кўрасан а?
- Нима? Қани айт-чи, сени нима деб алдадим?
- Хеч қачон сени ташлаб кетмайман дегандиз-ку!
- Ҳа, ҳозир ҳам айтаман, сени хеч қачон ташлаб кетмайман!
- Ана, яна ёлғон гапиряпсиз, ташлаб кетяпсиз-ку!
- Хизматга бориш йигит кишининг бурчи, "Ватаним чорлади, мен "Лаббай!" деб жавоб бердим. Икки йил тез ўтиб кетади. Келишим билан тўй қиламиз.
- Сиз оддий хизматга эмас, урушга кетяпсиз-ку!
- Сен қўрқма, "қирқ йил қирғин келса ажали етган ўлади" дейишади. Азизам, мен сени дея ўлмайман, урушдан ҳам соғ омон қайтаман. Хали сен билан узоқ ва бахтли хаёт кечирамиз...

4.
Соли ота новвосни яҳши пулга сотиб, бозордан қайтди.
- Келдингизми отаси? - ўғлини келишини эшитгандан бери, кўчанинг бошида йўл пойлаб ўтирадиган одат чиқарган Ойниса хола эрини гузар бошида кутиб олди.
- Халиям кўчадамисан онаси? Юр уйга, тўй харажатларининг  маслахатини қиламиз!
Чол кампир айвонда ўтирганча, тўй харажатларининг маслахатини қила бошлашди.
Ташқаридан эса юк машинасининг овози эшитилди. У Соли отанинг дарвозаси олдига келиб тўхтади. Дарвозадан бегона одамнинг чақирган овози эшитилди:
- Уйда ким бор?
- Хозир, хозир, - Соли ота дарвоза томон шошилди. Ташқарида икки нафар зобит хомуш қиёфада турар эди.
- Соли отанинг хонадоними бу?
- Ха шундай, - ичи шувиллаб кетди Соли отанинг, - Менман Соли ота. Келинглар уйга киринглар!
- Баҳодир Сулаймоновнинг отасиз-а, шундайми?- деди, зобитларнинг каттаси.
- Шундай, - деди ичида, "Ишқилиб ўйлаган нарсам бўлмасин-да" деб хаёл қилди Соли ота.
- Ёшингиз улуғ инсон экансиз, ҳамма нарсани тушинасиз деган умиддаман, - деди халиги зобит.
- Ишқилиб тинчликми? - овози титради Соли отанинг.
- Ота бардам бўлинг, ўғлингиз Баҳодир Сулаймонов душманлар билан бўлган аёвсиз жангда қахрамонларча халок бўлди.
- Нима? Эй Оллох! - "оҳ" тортиб юборди Соли ота.
- Ота сизларга сабр берсин, машинада тобутини олиб келдик. Мана бу пулни қўмондонлик берди, маъракаларига ишлатарсизлар.
Соли ота, пулларга эътибор ҳам бермади. Бир хил сўзни такрорлаб фарёд ураверди:
- Онасига нима дейман энди? У бечора бу хабарни кўтара олмайди. Ўғлим! Бола-а-ам!
Ойниса хола эрининг ташқаридаги фарёдини эшитибоқ, хушидан кетди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилди. Йиғи сиғи овози осмонга ёйилди.
Тез ёрдам машинаси келиб, шифокор Ойниса холани ўзига келтирди.
- Вой бола-а-ам! Сен ўлгинча мен ўлсам бўлмасмиди? Болажоним! Энди нима қила-а-ман!
Она тинмай йиғларди. Хўнграб хўнграб, гапириб гапириб йиғлар эди. Хеч кимнинг гапига қулоқ солмас, хеч кимнилг гапига кирмас эди. Соли ота эса, бир четда мук тушиб жимгина ўтирар, на бировга гапирар на йиғлар эди.
- Эй, Худо, бу қандай фожеа? Бундан кўра жонимни олгин художон!
Бирдан Ойниса хола ўрнидан сапчиб турди ва ўзини ховлида турган темир тобутга отди:
- Йўқ бу менинг болам эмас, бу менинг Баходирим эмас одамлар! Менинг ўғлим ўлган эмас! Баҳодорим ўлмайди!
Қўни қўшнилар Ойниса холани тинчлантирмоқчи бўлиб, уни нарироққа олиб кетмоқчи бўлдилар, лекин она тобутни қучоқлаганча қўйиб юбормас эди.
- Қани, очиб кўрсатинглар ўғлимни, бу лаънати темир тобутларингни!
- Мумкин эмас! Бунга ҳеч кимнинг хаққи йўқ! Тобут очилса, биз қамалиб кетамиз!
Ойниса хола хар қанча уринмасин, тобутни олиб келган зобитлар уни очишмади.
Тўй учун сотилган молнинг пуллари Баходирнинг маъракаларига сарфланди. Ойниса хола аввал оёқдан қолди. Йиғлайвериб кейин тилдан қолди.
Соли ота одам ови бўлиб қолган, хеч ким билан гаплашмас эди.
Эгамқул амакиникидагилар ҳам аза тутишди. Назира ҳам кўк кийди. У ҳам айтиб айтиб йиғлади:
- "Хеч қачон ташлаб кетмайман" дегандингиз, "хали сен билан узоқ ва бахтли яшаймиз" дегандингиз, мен билан бир кун ҳам яшай олмадингиз-ку?

5.

Қирқ кун қишлоқ мотам тутди. Қирқ кун қишлоқда тўй, ўйин кулгу бўлмади. Ёш яланг бемаврид кўчага чиқмади. Болалар кўчада копток тепмади. Маҳалладаги аёлларнинг бари кўк кийди.
Эртага маъракаларининг сўнгиси, қирқ.
Соли ота айвонда ўй суриб ўтирар, тун ярмидан ўтган бўлса-да, унинг уйқуси келмас эди. Асли ҳам кам уйқу бўлган Соли ота, бошига тушган кулфатдан умуман ухламай, тунни ўтказа олмай, қийналар эди.
Тун сокин осмонда юлдузлар жимирлайди. Кечалари хаво совиб қолган, аммо Соли ота ичкарига кирмайди, ичкарига кирса хаво етмаётгандек, биров уни буғаётгандек бўлаверади. Шунинг учун айвонда ўтираверади. Аллақаерда бойўғлининг хунук сайрагани эшитилди. Соли ота бойўғлининг сайрашини ёқтирмайди. Яхшиликка сайрамайди дейди.
- Овозинг ўчсин!
Шу пайт очиқ турган дарвозадан махалла оқсоқоли Абдухолиқ аканинг ўғли Рустамжон кириб келди.
- Ассалому алайкум Соли ота.
- Ваалайкум ассалом, кел ўғлим, - савол назари билан қаради Соли ота.
- Ота, сизни дадам йўқлаётган эди.
- Нега дадангни ўзи чиқиб қўя қолмади болам? - кўчага чиқишни хохламайгина сўради Соли ота, -Менда нима иши бор экан?
- Билмасам, эртанги маъраканинг маслахати бўлса керак-да, майли, ота мен кетдим.
- Хўп бир пас туриб кираман, -деб, кузатди Соли ота хушламай.
Соли ота "Маҳаллақўм нега чақирди экан?" деб, бироз ўйланиб турди-ю, уникига қараб йўлга тушди.
Оқсақолнинг дарвозаси очиқ экан, томоқ қириб ичкарига кирди.
- Раис уйдамисан?
- Келинг Соли ака, кираверинг, -пешвоз чиқди оқсақол,- Ассалому алайкум, ака, бардаммисиз?
- Шукур юрибмиз, тирикларнинг ичида ўликка ўхшаб, - қўл узатди Соли ота.
- Манабу ёққа ўтинг!- оқсоқол Соли отани тўрга ўтқазди, - Қани, дуо қилинг!
- Тинчлик бўлсин! Юрт урушни кўрмасин! Урушнинг оти ўчсин!
Оқсақол Соли отага бир пиёла чой узатди.
- Мени овора қилмай ўзинг уйга чиқсанг бўлмасмиди, раис? -ўпкаланди Соли ота, - Катталигингни кўрсатгинг келдими?
- Уйга чақиришимнинг бир боиси борда, Соли ака, - деди оқсақол, - Шунга яраша иш бор.
- Хўш, нима экан?
- Соли ака, узр аввало, сиздан бир нарса сўраб олсам майлими?
- Майли, сўра, ука.
- Соли ака, биласиз, ўғлингиз Баходиржонни мен ҳам ўз укамдек яхши кўрар эдим. Ўзи ажойиб бола эди. Агар мўжиза рўй бериб, мабодода урушда ўлмаган бўлса, тушиняпсизми, Баҳодиржон тирик бўлса, нима қилган бўлар эдингиз?
- Астағфируллоҳ, тавба қилдим, бу нима деганинг Абдухолиқ,- этагини қоқиб ўрнидан туриб кетди Соли ота, -Устимдан кулгани чақирганмидинг?
Оқсақол, Соли отани зўрға жойига қайтариб ўтқизди.
- Йўқ ундай эмас, шундай ўзим сўрадим-да, Соли ака айтинг-чи, нима қилган бўлар эдингиз?
- Ўлган одам қайтиб келмайди, Абдухолиқ, бу гапларни қўй энди. Бўладиган гапдан гапир!
- Мен ўлган одам қайтиб келса демадим, Соли ака, мен мабодо тирик бўлса дедим.
- Агар шундай бўлса, - Соли ота бир нафас тўхтаб қолди. Хаёлидан "Қанийди. Қани, ростдан шундай бўлсайди", деган фикр ўтди. "Нима қилар эдим", бирданига Абдухолиқнинг қўлларини маҳкам чангаллади:
- "Нима қилар эдингиз?" дейсанми, Абдухолиқ? Эртанги берадиган қирқ ошини тўй ошига айлантирган бўлар эдим, пойингга тиз чўкиб қуллуқ қилган бўлар эдим.
- Ака, менга тиз чўкиб, қуллуқ қилишингиз шарт эмас, битта тўн кийсам бўлди.
- Битта тўннинг зўри сендан айлансин, оқсақол!
- Баходиржон ўлмаган экан, Соли ака! Баходиржон тирик! Харбийлар адашган экан. Баҳодиржон ўлмаган экан, эшитяпсизми, у тирик!
Соли ота бирданига бундай хабарни эшитганидан, мияси ғувиллаб қолди:
- Нималар деяпсан? Ўғлим тирик! Сал тушинтириброқ гапир, Абдухолиқ! Юрагимнинг мазаси йўқ, ука!
- Ҳа ака, ўғлингиз тирик!!! Баходиржон чиқа қол, отангга ўзинг тушинтирмасанг, мен тушинтира олмадим, укам!
Ичкаридан десантчилар харбий кийимини кийим олган Баходир жилмайиб чиқиб келди.
Ота бола қучоқлашиб анча вақт унсиз туришди. Соли отанинг иссиқ кўз ёшлари Баҳодирнинг кўксини куйдирди.
Ойниса хола бу хушхабарни эшитиб, яна хушидан кетди. Аммо бу гал, "Тез ёрдами"сиз ўзига келди.

6.
Баходир хизматни тўлиқ адо этиб, уйга қайтди. Йўл узоқлик қилиб, қишлоғига ярим кечада етиб борди. Бу махалда қишлоқ одамлари уйқуга кетган бўлади. Бир-икки тункезар ўспирин болаларни айтмаганда, кўчада ҳеч ким юрмайди бу пайтда.Баҳодир киракаш хайдовчига хизмат хаққини бериб, гузар бошида машинадан тушди. Ўз уйи томон кетиб борар экан, шу тарафдан келаётган Абдухолиқ аканинг ўғли Рустамга кўзи тушди.
- Рустамжон сенмисан?
- Ҳа менман, ўзингиз кимсиз?- сўради уни бирданига танимаган Рустам қўрқа писа.
- И-е ука катта йигит бўлиб кетибсан-ку! Баҳодир акангман танимадингми? - деди Рустамга яқин келиб қолган Баҳодир.
Рустам ой шуласида Баҳодорнинг юзига қаради, бирдан рангги ўзгарди.
- Эй худо, арвоҳ!
- Рустам вахимада уйларига қараб қочди.
- И-е нега арвоҳ дейсан, мен Баходир акангман ука! Хой тўхта, нега менда қочасан?, - елкасидаги халтасини ерга қўйиб, Рустамнинг ортидан чопди Баҳодир.
- Яқинлашма, йўқол, қоч! - баттар тез югурди Рустам, аксига олиб дарвоза ичкаридан беркитилган экан.
- Дада эшикни очинг, - бақирди Рустам. Мени арвоҳ қувди!
Баҳодир бу вақтда етиб келиб, Рустамнинг қўлидан тутди.
- Ахир мен Баходир акангман-ку, танимаяпсанми? Нега хадеб арвоҳ дейсан?
- Яқинлашманг, - Рустам ўзини боса олмасди. - Сиз ўлгансиз, эртага қирқ ошингиз берилади. Тегманг менга!
- Нима дединг? Яна қайтар-чи! Сиз, ўлгансиз дедингми? Соғмисан, ука, мана, мен тирикман-ку? Кўрмаяпсанми?
- Ака, жон ака, мени қўрқитманг, сиз ростдан ўлгансиз, - юлқинди Рустам, - Мени қўйиб юборинг!
- Қани, дадангнинг олдига кирайлик-чи, уйларингда гаплашамиз, - деб, Баҳодир дарвозани тақиллатди.
- Даданг уйдами ишқилиб?

7.

Соли ота хурсандчилигидан махалладаги хар бир болага биттадан копток олиб берди. Уларга истаганча хохлаган ёққа тепишни буюрди.
Ота ўзи айтганидек эл-юртга тўй берди. Хушхабардан бехабар бўлган, қирқ оши учун узоқдан келган, қариндош уруғ тўй ошини еб кетишди.
Тўй тўйга уланди.
Келин билан куевни гўшангага кузатиб қўйишди.
- Назира, ҳали ҳам мени севасанми?- сўради Баҳодир чимилдиқ ичида ичидаги келинчакдан.
Назиранинг йиғи аралаш сўзлари эшитилди:
- Севмайман, сиз ёлғончисиз.


Иқбол Юсуф.

Комментариев нет:

Отправить комментарий